Баъзилар дорул ислом, дорул ҳарб ёки дорул куфр деган мураккаб тушунчаларнинг моҳиятига етмасдан дарҳол, фалон юрт дорул куфр, пистон юрт дорул ҳарб дея мазкур давлатларга бориб яшашни ёқламаслик балки, бутунлай ман этиш каби ҳолатларининг содир бўлишидир.
Уларнинг бу борада таянадиган далил-ҳужжатлари эса мусулмон мамлакатлари сиёсий жиҳатдан барқарорлик даврини яшаган замонларда яшаб ўтган айрим фуқаҳоларнинг сўзларидан иборат. Ҳолбуки, мазкур қавлларнинг бугунги воқеълигимизга нечоғли мос келиш-келмаслиги эътибордан қочирилган.
Ахир, ҳар бир замоннинг ўз воқеълиги ва мазкур воқеъликка биноан чиқарилган фиқҳий терминлари, фиқҳий тавсифлари бўлади. Ва мазкур истилоҳ ва тушунчалар замон ва макон ҳамда воқеъликка қараб, мудом таҳрирга муҳтож бўлади. Агар бундай қилинмаса, кўп ноқулайликлар, машаққатлар ва балою мусибатлар юзага келади.
Фиқҳий китобларимиздаги шаръий сиёсат масалаларини бугунги кунимизга тўғридан-тўғри татбиқ этиш мумкин эмас. Чунки, мазкур масалалар сиёсий Ислом мавжуд бўлган бир муҳитда ёзилган. Бинобарин, ўша муҳитда мазкур ҳукмлар ўз мевасини берган. Энди қачонки, бундай муҳит бўлмаган ҳолатда мазкур масалаларни бугунги воқеълигимизга татбиқ қилишга уринсак, у ҳолда уруғни ўз ерига экмаган бўламиз. Ўз заминига экилмаган мева эса ё бемаза бўлади ёки умуман қуриб қолади.
Дорул ислом, дорул ҳарб ёки дорул куфр тушунчалари ҳам Ислом оламининг маълум марҳаласида фуқаҳолар ижтиҳоди билан пайдо бўлган атамалар бўлиб, уларнинг таърифи ва моҳияти аниқ-тиниқ чегараланмаган. Бу тушунчалар борасидаги уламоларнинг сўзлари ҳам кўп ҳолатда бир-биридан фарқли бўлиб келган.
Хўш, бу истилоҳ ва тушунчалар нима учун пайдо бўлган?.. Улар мусулмонларнинг ўзгалар яъни ғайридинлар билан бўлган муносабатларини тартибга солиш учун пайдо бўлган эди.
Шунинг учун ҳам мазкур атама ва тушунчалар кўп ҳолатларда Ҳанафий мазҳабининг асл китобларидан ўрин олган сияр-сийрат китобларида тилга олинади.
Сийрат бу юриш-туриш, муомала ва тутум маъносини англатади. “Сияр” эса мана шу сўзнинг кўплигидир. Айнан шу боис ҳам қадимдан фақиҳларимиз мусулмонларнинг ўзгалар билан бўладиган муносабат ва сийратларини баён қилиш учун китоблар таълиф қилганларида уларни “Кутуб ас-сияр” деб номлаганлар. Баъзи тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, сияр терминини биринчи бўлиб ишлатган киши бу имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бўладилар.
Қадимда мусулмон уламоларнинг мамлакатларни “Ислом диёри”, “куфр диёри”, “ҳарб диёри” ёхуд “аҳд диёри” каби атамалар билан тақсимлашлари бу асло-асло, “дорул куфр” ёки “дорул ҳарб” деб аталувчи жойларда бузғунчилик, қўпорувчилик, талончилик каби манфур ишларни мубоҳ қилиш мақсадида пайдо бўлмаган. Балки, мазкур истилоҳлар мамлакатларни идорий жиҳатдан, у ёки бу юртни бошқарув тизимига кўра тақсимлаш нуқтаи назаридан келиб чиққан. Ўша даврнинг табиати ва ҳолатининг тақозоси эди бу.
Демак, мазкур тақсимотлар бирор ҳукмни англатмаган балки, мамлакатларнинг идорий тизимини тавсифлаш учун шунингдек, шундай жойларда яшайдиган мусулмонларнинг юриш-туришларини баён қилиш учун чиқарилган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра бирор ерда Ислом аҳкомлари бекор қилиниши билан у ер дорул куфрга айланиб қолмайди. Балки, бундай ҳисобланиши учун ўша ердаги мусулмонлар учун хотиржамлик ва омонликнинг йўқолиши лозим. У кишига кўра, бир юрт дорул исломдан дорул куфрга айланиши учун у ерда бирорта ҳам ўз жонига хотиржам бўлган мусулмон ёки зиммий қолмаслиги керак.
Имом Косоний айтади: “Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ) сўзининг важҳи шундан иборатки, бирор юртнинг Ислом ёки куфрга нисбат берилишидан қасд қилинган нарса айнан ислом ёки куфр эмас балки, бундан мақсад (мусулмонларга нисбатан бўладиган) омонлик ёки хавфдир (“Бадоиъус саноиъ”: 5-жилд, 4375-саҳифа;)”.
Дорул Ислом ёки дорул куфр атамалари ҳақида айтилган қавллар жуда ҳам ранг-баранг ва кўп бўлиб, уларнинг ҳаммасига тўхтала олмаймиз. Билишимиз керак бўлган нарса, мазкур атамалар борасида ҳаяжонга тушмаслик, улар ҳақида бирор фақиҳ томонидан айтилган қаттиқроқ сўзга қаттиқ ёпишиб олмаслик ва бугунги кунда мазкур истилоҳларни бирор-бир давлатга нисбатан қўллашга уринмаслик. Ва бу атамалар шунчаки, ўз вақтида турли мамлакатларнинг идорий жиҳатдан тақсимлаш ва уларнинг ислом оламига нисбатан тутган ўрнини белгилаш учун чиқарилган истилоҳлар эканлигини эсдан чиқармаслик.
Зеро, юқорида айтилганидек, ҳамма нарсанинг ўз ўрни ва муҳити бўлади. Қадимдаги мамлакатларнинг ҳолатига кўра чиқарилган мазкур истилоҳ ва тушунчалар бугуннинг воқеълигига юз фоиз тўғри кела олмайди. Шундай экан, мазкур тушунчаларни исталган жойга татбиқ қилиш ҳам тўғри бўлмайди.
Буни нима учун айтяпмиз?.. Чунки, имом Абу Ҳанифанинг икки издошлари Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийга кўра, дорул ислом деганда ислом аҳкомлари зоҳир бўлган жойлар, дорул куфр деганда эса куфр аҳкомлари ҳукмрон бўлган жойлар тушунилади. Ваҳоланки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, бирор ерни Ислом ёки куфр диёри деб аташ учун айнан у ерда Ислом ёки куфр ҳукмларининг амалда бўлиши эмас балки, мусулмонларнинг омонда ёки хавфда бўлишлари асосдир.
Масала асл-таги ихтилофли экан, бу ўринда бирини қўйиб, иккинчисига қаттиқ ёпишиб олиш нотўғридир. Иккинчидан, соҳибайннинг масаладаги мазҳаби Ибн Обидийн айтганларидек, қиёсга мувофиқ, холос. Яъни, луғат ва мантиқ жиҳатидан ҳам бирор ерни Исломга нисбат бериш учун у ерда Ислом ҳукми ошкора бўлиши лозим эди. Аммо, бу бирламчи қиёс ва зеҳнга мутабодир бўлиб, илло-да, асл воқеъликни акс эттирмаслиги мумкин.
Бу масалада имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари кўп олимлар томонидан эътироф ва қабул этилган.
Ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан имом Исбийжобийдан мўғул-татарлар босиб олган Ислом ўлкалари ҳақида “улар энди дорул куфрга айланганми ёки ҳали ҳам дорул Исломми?”, дея савол беришганда у киши “бирор ҳукмдаги иллатнинг бирор қисми боқий қолиши ҳукмни ҳам боқий қилади. Гарчи, у диёрлар мўғуллар қўлига ўтган бўлсада уларнинг яшовчилари мусулмонлардир. Шундай экан, бу диёрлар ҳали ҳам ислом диёрларидир”, деб жавоб берган эканлар.
Шофеий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан аллома Бужейрамий (Бужайрамий)га кўра, бирор ерда мусулмонлар яшаб, сўнг у ерни ғайридинлар босиб олиб, у ердаги мусулмонларни кўчириб юборган бўлса ҳам мазкур жой дорул Исломлигича қолади (қаранг: “Ҳошиятул Бужейрамий”: 4-жилд, 220-бет. Дорул фикр матбааси;).
Шунинг учун ҳам замонамизнинг баъзи олимлари Фаластин, Андалус каби номусулмонлар қўлига ўтган жойларни ҳам дорул куфр деб эмас балки, дорул истирдод (қайтариб олинадиган диёр) деб атайдилар.
Дорул ҳарб ва дорул аҳд тушунчалари ҳақида
Бу икки истилоҳ ҳам юқорида баён қилинган дорул Ислом ва дорул куфр тушунчаларидан тармоқланиб чиқадиган тушунчалар бўлиб, биринчиси уруш диёри, иккинчиси эса аҳдлашув диёри деб таржима қилинади.
Дорул аҳд деганда мусулмонлар юрти эмас балки, мусулмонлар билан ўзаро тинчлик ва сулҳда бўлган юртлар тушунилади.
Имом Мовардий “Ал-аҳком ас-султонийя”да имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан нақл қилиб келтиришича, ҳар қандай уруш мақомида бўлган номусулмон давлат мусулмонлар юрти билан ўзаро сулҳга келиши билан дорул ҳарбликдан чиқиб, дорул Исломга айланади (Мовардий. “ал-аҳком ас-султонийя”: 138-бет;).
Бу эса имом Абу Ҳанифанинг у ёки бу ернинг Ислом диёри бўлиши учун у ерда мусулмонлар эмин-эркин яшашлари ва хавф-хатардан холи бўлишлари борасидаги қоидаларига ҳам ҳамоҳанг келади.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бугун ҳар қандай давлат бир-бири билан ўзаро маълум келишув ва сулҳ ҳолатида бўлганлиги учун бирор-бир давлатни дорул ҳарб ёки дорул куфр деб аташ қийин бўлиб қолади.
Зотан, Муҳаммад Абу Заҳра раҳимаҳуллоҳ, Юсуф Қаразовий ҳафизаҳуллоҳ каби забардаст олимлар, бугун барча давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти деган ягона ташкилотга бирлашиб, унинг хартиясини имзолаганларидан сўнг ортиқ мусулмонлар учун бирор бир давлат дорул куфр ёки дорул ҳарб эмаслиги балки, ҳар қандай номусулмонлар давлати ҳам дорул аҳд ва доруд даъва мақомида эканлигини айтганлар.
Зотан, ҳар қандай давлатга виза билан ёки визасиз кирар экансиз, улар билан аҳдлашган ҳисобланасиз. Агар мазкур давлат ичида қонун-қоидани бузмасдан юрсангиз, жиноят қилмасангиз, улар сизнинг хавфсизлигингизни таъминлайди.
Баъзи саёз фикрлайдиганлар ғарб мамлакатларида бемалол қонунларни бузиш, давлатдан катта пулни кредитга олиб, қочиб кетиш ёки улар билан рибо савдосини амалга ошириш ва ҳоказолар жоиз, зеро, улар дорул куфр ва дорул ҳарбдир, деб даъво қиладилар.
Бу – ақлсизлик ва Исломга унинг эгалари томонидан етказиладиган катта бир зарба ва зарардир. Биринчидан, юқоридаги сўзлардан бугун бирорта ҳам давлат мусулмонлар учун дорул куфр ёки дорул ҳарб ҳисобланмаслигини билиб олдик. Чунки, барча давлатлар ўзаро тинчлик ва дўстлик мақомидадирлар. Жуда кўп ғарб давлатларида мусулмонлар эмин-эркин яшамоқдалар. Бемалол ибодатларини қилиб, юрибдилар.
Иккинчидан, Ғарб давлатларида яшайдиган мусулмонлар албатта, у ернинг дину диёнати бошқа бўлган туб аҳолисига ўзларининг гўзал хулқлари ва олийжанобликлари билан ўрнак бўлиб, кўпларнинг Исломга қизиқишларига ва ниҳоят уни қабул қилишларига ҳам сабабчи бўлмоқдалар.
Учинчидан, дорул ҳарб дегани бориб, уруш қилиш ва зарар етказиш керак бўлган давлат дегани эмас. Балки, ўрталарида тинчлик аҳди бўлмаган давлат дегани, холос. Қадимда дунё бугундагидек, маданийлашмаган эди. Давлатлар тинмай бир-бирлари билан урушган, ўзаро қирғин-баротлар уюштириб турган. Ўрталарида сулҳ ва тинчлик битими бўлмаган давлатларни дорул ҳарб яъни уруш мақомидаги давлат деб атаганлар.
Бугун эса аҳвол ундай эмас. Давлатлар ўртасида ўзаро келишувлар, тинчлик ва дўстлик аҳдлари мавжуд.
Алишер Султонхўжаев