islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шахсий гигиена тарихига бир назар

“Қойил-мақом француз атирлари”… Бу реклама кўпчиликка таниш. Бугунги кунда атир саноатининг ютуқлари ҳақида гап кетганда асосан, Франция ёки Европа инсоннинг кўз олдига келади. Аммо Европа маданияти ва гигиенаси деб бонг ураётганларнинг гапи тарихчиларнинг фикрига тескари келмоқда.

Поклик ислом шиорларидан биридир. Тарихга қарасак, ҳеч бир тузум, гуруҳ ёки дин уни иймон даражасига кўтармаган. Исломда эса поклик иймондан ҳисобланиб, инсонларни маънан ва жисмонан озодаликка чақиради.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Муддассир сурасида “Ва кийимингни покла!” деб буюради.

Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли!

Шунингдек, Фурқон сурасининг 48-оятида покланишда сувнинг ўрнини келтириб “У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик”, дейди.

Мусулмон киши кунлик ибодатини бажариши учун ҳам пок бўлиши керак.

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 6-оятида таҳорат олиб, сув билан баданни тозалашга буюради:

“Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар”.

Ушбу оятлар синчиклаб ўқиб-ўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини эканлиги яққол намоён бўлади. Моида сурасининг аввалги беш оятида пок нарсаларнинг ҳалол қилингани, мусулмонларга пок таомлар, покиза аёллар ҳалол қилингани ҳақида сўз борган бўлса, бу оятда бадан поклиги ҳамда, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки намоз қалбни покловчи амалдир. Ҳамма нарса покликка таянади, покликка қаратилгандир. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур.

Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларида соғлиқ меёрлари акс этган. Қуръонда маълум бир ишларни тақиқлаб, қолганларига рухсат беришида инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати аҳамият касб этади. Ушбу буйруқлар орқали инсоннинг ўзи ва атрофидагилар учун фойда бордир.

Ислом инсонларни тозаликка риоя қилишга чақиради. Шу сабабдан ҳам мусулмон кимёгарлари биринчи бўлиб совунни ихтиро қилганлар. Совун кашф қилинмасидан олдин одамлар турли хил ёғлардан фойдаланишган. Айнан улар янги гигиеник воситага асос бўлган. Унинг асосий таркибий қисми зайтун мойи бўлиб, унга “ал-қали” дейилган махсус туз аралаштирганлар. Сўнг уни қайнатиб, қолипларга солишган ва қотиши учун қўйиб қўйганлар. XIII асрга келиб совуннинг ҳар хил рецептлари ўйлаб топилган. Масалан, мусулмон олими Ар-Розийнинг қўлёзмаларида совуннинг рецепти ёзилган: “Озгина кунжут мойини олиб унга калий, ишқор ва оҳак солиб аралаштиринг ва қайнатишга қўйинг. Тайёр бўлган маҳсулотни қолипга қуйиб, қаттиқ ҳолга келгунча ўз ҳолида қолдиринг”.

Бу соҳанинг отаси Қуртубалик ислом олими X асрда яшаган Абу ал-Қосим Халаф ибн ал-Аббос аз-Заҳровий (мил. 936-1013) бўлиб, ғарбда Абулқосис номи билан танилган. Олим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тозалик, поклик, гўзал кийиниш, соч ва танага аҳамият бериш ҳақидаги ҳадисларидан илҳомланган ва ўзининг 30 жилдли тиббиётга бағишланган “Ат-Тасриф” номли асарини ёзиб қолдирган. Китоб ўша даврдаги жарроҳлик асбоблари ва усуллари ҳақида ёритилган бўлиб, амалиётда кенг қўлланилган. Аз-Заҳровий фақат тиббиёт ҳақида ёзмаган. Китобнинг 19-жузи тўлиқ косметикага бағишланганди. Аслида бу косметологияга қўйилган буюк ҳисса эди. Тиббиётга бағишланган асарда шахсий гигиенага бир бўлим ажратиш бу тасодифан юз берган иш эмас. Аз-Заҳровий шахсий гигиена, хусусан, косметологияни тиббиётнинг бир бўлаги ҳисоблаган. Соғлом турмуш тарзи эса шубҳасиз гигиена ва гўзалликни ўз ичига олган. Мазкур китоб мусулмонларнинг косметологияга қўйган тамал тоши деса муболаға бўлмайди, чунки бу асар 1000 йил олдин ёзиб қолдирилган! Аз-Заҳровий ислом асосларида белгиланганидек, соч, тери, тиш ва бошқа тана аъзоларига аҳамият беришни таъкидлаган. Милкни мустаҳкамлаш ва тишларни оқартириш устида тажриба ўтказиб, амалиётда кенг қўллаган. Атир-упа ҳақида изланишлар олиб борган ва ўзининг прессланган махсус қолипдаги хушбўй шарчалари ҳақида ёзган. Бу эса замонавий юмалоқ атирларни эсга солади. Бежизга ҳам Аз-Заҳровийнинг асарлари ўтган юз йилларда турли Европа тилларига таржима қилиниб, олимлар томонидан чуқур ўрганилмаган. Айнан унинг меҳнати туфайли тиббиётнинг жарроҳлик ва косметология соҳасида кўп ютуқларга эришилган. Унинг пойдеворида эса буюк олимнинг меҳнати жой олган.

“Қойил-мақом француз атирлари”… Бу реклама кўпчиликка таниш. Бугунги кунда атир саноатининг ютуқлари ҳақида гап кетганда асосан, Франция ёки Европа инсоннинг кўз олдига келади. Аммо Европа маданияти ва гигиенаси деб бонг ураётганларнинг гапи тарихчиларнинг фикрига тескари келмоқда. Мусулмон ёзувчиси Аҳмад ибн Фазлон X асрда Европага қилган саёҳати давомида маҳаллий аҳолининг одатлари ҳақида ўзининг китобида ёзиб қолдиради: “Улар Аллоҳнинг яратганлари ичидаги энг нопоклари, нажосатдан тозаланмайдилар, таомдан кейин қўлларини ювмайдилар. Юзлари ва бошларига энг ифлос сувларни ишлатадилар”. Ибн Фазлоннинг сўзлари муболаға ва бўрттиришдан холи. Чунки у ўз саёҳатини умумий ҳаммомлари етарлича бўлган Бағдоддан бошлаган. Табиийки, европаликларнинг нопоклигидан ҳайратда қолган. Ибн Фазлоннинг сўзлари ягона тарихий далил эмас. Жозеф Макейбнинг “Мусулмон цивилизацияси Испанияда” номли китобида ҳам юқоридаги мавзу борасида сўз юритилган.

Бир вақтлар Европада масиҳий дини ҳукмронлик қилган пайтда поклик гуноҳ ҳисобланган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмаганлари билан фахрланганлар. Ҳозирда ҳам кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланади.

Ювиниш воситалари XIX асрнинг ўрталаригача Европада бўлмаган. XV аср тиббиётга оид асарларида “Сув ҳаммомлари танани қиздиради, лекин организмни заифлаштириб, теридаги майда тешикларни кенгайтиради. Шу сабабли улар касалликларни келтириб чиқариши, ҳаттоки ўлимга ҳам олиб келиши мумкин”, деб ёзилган. Ҳаводаги инфекциялар тоза тери тешикчларига кириб инсонни касал қилади, деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам қонун кучига эга бўлган қарор чиқарилиб, умумий ҳаммомлар бекор қилинган. Гигиенага амал қилиш фақатгина қўл ва оғизни енгилгина чайиб қўйиш билан чекланилган. Аммо қандай ҳолат бўлмасин юз ювилмаган: “ҳеч қандай ҳолатда юзни ювиш мумкин эмас – деб ёзади XIX аср шифокорлари, – ювилса, кўз шиллиқ пардаси яллиғланиши ёки кўриш қобилияти пасайиши мумкин”. Диний руҳонийлар йиртиқ-ямоқ ва кир кийимларда юришга чақирганлар чунки бу диндорлик ва худога яқинликни ифодалаган. Шундай қилиб одамлар йиллаб ювинмаган, баъзилар эса “муқаддас” сувдан бошқа сувни кўрмаган. Бит эса “худонинг марваридлари” ҳисобланиб, “улуғлик” белгиси бўлган. Соғлом ва тоза тишлар насаби пастликни билдирган. Атоқли хонимлар ўзларининг нопок тишлари билан фахрланганлар. XVIII асрнинг охирларида ҳукумат томонидан расман ювиниш учун сув ишлатиш тақиқланган. Одамлар сувга қўл теккизишни шунчалик унутиб юборишдики, ХIХ аср охирида (бу рақамга эътибор қилинг) доктор Ф. Е. Бильц машҳур тиббиёт дарслигида халқни ювинишга чақиришга мажбур бўлди. «Шундай одамлар борки, очиғини айтганда, болаликдан буён сувга тушмагани учун дарё ёки ваннада чўмилишга журъат қила олишмайди», деб ёзган эди доктор ўзининг «Янгича табиий даволаниш» китобида. Беш-олти марта ваннага тушгандан кейин бунга кўникса бўлади…» Лекин шифокорга кўпчилик ишонмади.

Европалик ёзувчи Шандор Мараи ўзининг мемуарида: “Европаликлар чўмилишни худосизликнинг изҳори ҳисоблашган” деб ёзади. XIX асрнинг иккинчи ярмигача ҳатто совуннинг борлиги ҳақида билишмаган. У фақат бадавлат қатлам эгаларида мавжуд бўлган. Кетрин Эшенберг “Тозаликдаги нажосат: гигиенага қарши бўлган тарих” китобида XVII аср Ғарб мамлакатлари тарихидаги энг нопок аср бўлганини айтади. Европаликлар атир-упадан таналаридаги ёқимсиз ҳидни беркитиш учунгина ишлатишган, уни бутунлай кетказиш эса хаёлларига ҳам келмаган. Уларнинг атир-упа саноатида етакчиликни қўлга киритишлари ана шундай бошланган дейилади.

Шарқда вазият юқоридаги ҳолатнинг акси бўлган. Мусулмонлар хушбўйликлардан Пайгамбаримиз Муҳаммад соллаллалоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва турмуш-тарзларини яхшилаш учун ишлатишган бўлса, Ғарбда ювилмаган танадаги ёқимсиз ҳидларни яшириш учун фойдаланилган. Бунинг учун Людовик IV нинг ёқимсиз ҳидларни кетказиш учун саройга кирган пайтида ўткир атирларни аямай ишлатишга буйруқ берганини эслаш кифоя. Ғарбда атирдан фақат бой-бадавлатларгина ишлата олган. Ҳамманинг ҳам олиб ишлатишга қурби етмаган.

Айни шу пайт ислом оламида ҳар бир хонадонда чиқинди ва ёғин сувлари оқизиладиган қувурлар системаси ва тозаликка амал қилишга етарли даражада сувлари бўлган. Бу исломнинг асосий устунларидан бўлганки, Европа бу йўлни орадан анча вақт ўтиб соғлом турмуш тарзи учун танлади.

XIV асрга келиб Англия қироли Георг IV даврида мусулмонлар Британияга шампунни олиб келдилар. Муҳаммад исмли ҳинд мусулмони 1759-йилда қирғоқ бўйидаги Брайтонда биринчи умумий ҳаммомни очади. Мазкур ҳаммом 175 йил хизмат қилган.

Атир-упа саноатига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган мусулмон олимларидан яна бири куфалик Ал-Киндийдир (мил. 801-873). Файласуфлиги билан танилган бўлса-да айни дамда табиб, доришунос, кўз шифокори, физик, математик, географ, астроном ва кимёгар бўлган. Замондошлари каби мусиқага қизиққан. Бундан ташқари қилич ясаган ва яна таом тайёрлаш борасида ҳам рецептлари топилган. Хушбўй мойларни, малҳамлар ва қиммат дори-дармонларнинг ўрнини босувчи дорилар тайёрлаш ҳақида 100 дан ортиқ рецептлари китобига киритилган. Дастлаб булардан бой-бадавлатлар фойдаланган бўлса, кейинроқ оддий аҳоли ҳам ишлатишга қурби етган.

Шунингдек, атир олишнинг 107 хил усуллари ва рецептлари ва уларни ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуналар ҳам ёзилган. Шундай асбоблардан бири алембик бўлиб, ҳозиргача қадимги арабча номида қолган. Мусулмон олимлари ва кимёгарларининг беқиёс меҳнатлари туфайли хушбўй атирлардан фойдаланиш оммалашди. Улар турли гул ва ўсимлик сувларини қайта ишлаб, эктрактларини атир-упа ва табобат учун ажратиб олдилар. Ушбу жараён ва ғоялар турли хил усул билан сайёҳ ва савдогарлар томонидан Европа мамлакатларига олиб келинган.

Анъанавий мусулмонларнинг косметикаларидан яна бири хинадир. У қўлга ҳар хил нақшлар солиш учун ишлатилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари соч-соқолларини бўяшда, аёллари эса қўлларини ва сочларини бўяшда ишлатишган. Ҳозирда ҳам хина ўзига хос бўёқ вазифасини бажаради. Бугунги кунда олимлар хинанинг бактериялар, замбуруғларни йўқотиш хусусиятини аниқладилар. У “мойхўрак”, замбуруғли тери инфекциялари ва теридаги яллиғланишларни кетказишда фойдалидир. Хина соч парваришида зарур бўлган табиий бирикмаларга бой.

Оғиз бўшлиғидаги овқат қолдиқлари ноқулайлик келтириши билан бирга гигиена қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Мусулмонлар бунда ҳам бошқалардан ўзиб кетганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам XIV аср олдин мисвок таёқчасида ҳар намоздан олдин тишларини тозалаганлар.

Ҳофиз ибн Ҳожар ҳамда Ибн Қайюм мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойда ва хусусиятларини санаб ўтишган. Булар қуйидагилар: Пайғамбаримиз (с.а.в.) асло тарк этмаган суннатлари – мисвок Аллоҳнинг розилигига эриштиради, оғиздаги ёқимсиз ҳидларни кетказади, тишларнинг чириши ва дарз кетишининг олдини олади, милкларни мустаҳкамлаб, қонаши ва йиринглашини йўқотади, балғамни кўчириб, овозни, талаффузни яхшилайди, юрак, меъда, кўз асабларини мустаҳкамлаб, кўзни равшан қилади, уйқуни қочириб, юзни гўзаллаштиради, фаришталарни мамнун, шайтонни маҳзун қилади, хотирани кучайтириб, зеҳнни очади, ҳасанотларни кўпайтиради ва ҳоказо.

Қирол Сауд Университетида олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мисвок таркибида 19 та табиий модда мавжуд экан.

Замонавий тиб илми хулосаларига кўра, мисвок тишларнинг емирилиши (кариес)нинг олдини олади, хлор моддаси бўлгани учун тишлардаги турли ранг, кир-доғларни кетказади, фосфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоялайди ва тишлар соғломлигини таъминлайди.

Мисвокдан фойдаланиш Пайғмабаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифларидан. Демак, покликка амал қилишга ҳаммадан кўра мусулмонлар масъулмиз. Тозаликка риоя қилишда ўзгаларга ўрнак бўлишда бардавом бўлайлик. Мусулмон умматига балки инсониятга беқиёс хазина қолдириб кетган улуғ зотлардан Аллоҳ рози бўлсин.

Манбалар асосида 4 курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар тайёрлади. 

178760cookie-checkШахсий гигиена тарихига бир назар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: