islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳадда “Ўзбек тили байрами” муносабати билан тадбир ўтказилди

Она тили миллат кўзгусидир. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.

Бундан  29 йил  муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Она тилимиз – Ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди.

Шу муносабат билан 21 октябрь куни Тошкент ислом институтида “Она тили миллат кўзгуси” номли тадбир ўтказилди. ZOOM видеоконференция иловаси орқали ўтказилган давра суҳбатида институт ходими Аброр Мухтор Али маърузачи сафатида иштирок этиб, 1-2 курс талабаларига тилнинг жамият ва инсоният учун қанчалик муҳимлиги ҳамда унинг аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди.

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элатлар қилиб яратган. Миллатлик белгисининг энг асосий унсури бу тилдир, ўша халқнинг она тилидир. Холиқ Зот бандаларига ато қилиб, ўргатган ушбу тиллар орқали инсонлар ўзаро мулоқат қилади, умумий муштарак тиллар орқали бошқа миллат ва халқлар билан танишади ҳамкорлик қилади, ҳаётий заруратларини шу йўл билан таъминлайди.

Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ   (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13).

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Дунёда кўплаб тиллар тез суратда йўқолиб бормоқда

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ.

ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади.

Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

ЮНЕСКО хомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим тахлилчилар, тилларнинг йўқолишига  глобализациядан ташқари айрим хукуматлар олиб бораётган сиёсат хам айбдор эканини эслатиб ўтишди.

Мумтоз адабиётимиз намуналари, 80 000 дан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” Ўзбек тилини сақлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Ўзбек тилининг шаклланиши

Ер юзида яшаётган барча халқлар тўсатдан ёки тасодифан пайдо бўлган эмас, улар турли ном-нишонлар билан ҳаёт сўқмоқларини босиб ўтишган. Бир гуруҳ халқлар ўзларининг этник номларини асрлар оша сақлаб келишган, бошқалари эса, ўзга бир тоифалар таркибида ҳаёт кечирган.

Худди шунингдек, Ўзбек қавмлари ҳам ўз номига эга бўлгунча турли этник номлар остида бошқа қавм гуруҳлари билан бирга яшаган. Ўзбек халқи асрлар оша скиф, хун, қадимги туркий даврларда тарихан шаклланган бир гуруҳ туркий қабилалар асосида ташкил топган. Гарчанд, ўзбек халқи номи мавжуд бўлмаса ҳам, биринчи қатлами IX—XI асрларда қорахонийлар даврида қарлуқ, чигил, ёғмо қабилалари иттифоқи заминида шаклланган.

XI асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёда ташкил топган салжуқийлар ҳамда XII асрда сиёсий майдонга чиққан хоразмшозлар даврида Уғузлар гуруҳининг Қорахонийлар давридаги қарлуқ, чигил, ёғмо қабилаларига қўшилиши орқали Ўзбек халқининг иккинчи қатлами пайдо бўлди. XIII—XIV асрлар Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг ташаббуси билан бутун Дашти Қипчоқда яшаган туркий 26 (қипчоқ) қавмлар юртини Жўжи улуси эмас, Ўзбек улуси деб аталиши фармон қилинди. Шундан сўнг Дашти Қипчоқда яшаган қипчоқ қабиласига мансуб туркий қавмлар ўзларини ўзбек элати деб атади.

XV асрнинг охири —XVI аср бошида шу ўзбек элатининг кўпчилик қисми Шайбонийхон билан Ўрта Осиё ўлкаларига кўчиб келдилар, бу эса ўз навбатида ўзбек халқининг учинчи қатламини ташкил қилди. XVIII аср бошида қалмоқлар тазйиқи остида Мовароуннаҳрга кўчиб келган, қипчоқ номини сақлаб қолган туркий қавмлар асосида ўзбек халқининг этник таркиби кенгайди. Ўзбек халқи ўзининг узоқ тарихига эга бўлишига қарамай, XX асрнинг бошларигача турк, сарт, чиғатой, ўзбек атамалари билан юритилиб келган.

Турк атамасининг уруғ, элат, кўчманчилар мамлакати, баҳодир, кучли, қудратли, алоҳида жангчилар, қуролсизлар, дубулға, содда маъноларида ишлатилгани қайд этилади (Кононов А. Н. Опыт анализа термина турк.— СЭ. 1. 1949.— с. 42). Турк номи ўтмишда ўзбек халқи ва унинг тилига нисбатан қўлланилган. Бундан ташқари, Ўрта Осиё, Қозоғистон, Сибирь, Кавказ, Волгабўйи халқлари ҳам турк деб аталган. Уларнинг тили турк тили ёки туркий тил деб юритилган. Ленин ўтмишда ўзбек тилини бошқа туркий тиллардан фарқ қилиш учун у туркча, туркистонча, Ўрта Осиё туркчаси, ўзбек туркийси каби ҳар хил номланган. Алишер Навоий «Муҳокаматул луғатайн» асарида Ўзбек халқини турк ва унинг тилини турк тили деб атайди. Амалда турк, туркий, турк улуси, турк тили, турк ибораси, туркча, туркий тил, туркий алфоз каби ифодаларни кенг ишлатади.

179370cookie-checkОлий маъҳадда “Ўзбек тили байрами” муносабати билан тадбир ўтказилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: