Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, миллат дарду-қувончига шерик бўлиб келаётган, Ватан янглиғ бепоён ва муқаддас, она каби мўътабар ва азиз ўзбек тилимизнинг мақому мартабаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида“ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори билан яна бир карра юксалди, эъзоз топди.
Дарҳақиқат, ўзбек тили бугунги кунгача кўп минг йиллик тарихий тараққиёт йўлини мардонавор босиб келмоқда. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда она тилимиз равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, юксак эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбек тилимиз “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир“, дея улуғланади.
Она тили – бу миллатнинг руҳидир. Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Инсон қалбига барча фазилатлар, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Она тилимизнинг, асрлар давомида сайқалланиб, бугунги давргача маданиятимизнинг, маънавиятимизнинг ривожланиб, яна ҳам юксак даражага эришишидаги ўрни ва аҳамияти жуда катта. Шарқнинг улуғ алломаси Кайковуснинг “Қобуснома“ асарида “Сўзни бағоят улуғ билгил“ деб айтган ҳикмати учрайди. Сўз, тил бениҳоя буюк қудратдир. Ўзбек тилининг шону-шавкати, туганмас, куч-қудрати башариятнинг ақлий ва бадиий хазинасидан жой олган жуда кўплаб асарларда мужассамдир. Бу тил шаънини аждодларимиз ҳамма замонларда сарбаланд этиб келганлар. Амир Темур мағлубият нелигини билмас қўшинига шу тилда қўмондонлик қилган. Соҳибқирон тиғи етмаган жойларни Навоий шу тилда забт этган.
Тил одамлар ўртасида ўзаро муомала, алоқа воситаси ҳисобланади. Инсонни бутун мавжудот оламининг сарварига айлантирган бу ноёб ҳодиса кейинчалик тафаккур қуроли тарзида намоён бўлди. Бошқача қилиб айтганда, тил инсониятнинг бебаҳо бойлиги, буюк имкониятидир. Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали юз беради. Инсонга инсонлик шарафидан далолат берадиган тўрт қадрият бор: Биринчидан, ҳар бир инсон ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмоғи лозим. Иккинчидан, шаръий ёки қонуний касб-кор орқали топган молу-дунёси ҳалол меҳнатининг маҳсули ўлароқ ўз ҳаққи, ўз мулки бўлмоғи лозим. Учинчидан, ҳар бир миллат ўз ҳақиқий онаси бўлмиш Ватанига, туғилиб ўсган юрти, ота-бобосидан мерос қолган диёрига эга бўлиши лозим. Она Ватанини бегона қўллар тасарруфига бериб қўйиш инсонларнинг кечирилмас оғир жинояти ва хиёнати ҳисобланади. Тўртинчидан, ҳар бир мамлакат халқи асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас динига соҳиб бўлмоғи лозим. Алихон тўра Соғуний.
Тил халқнинг ягона бир миллат сифатида миллийлигини, ўзлигини, маданиятини кўрсатувчи кўзгудир. Миллатнинг борлиги ва бирлигининг бош белгиси тил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам биз ўзбек тилини она тилимиз сифатида улуғлаймиз, эътироф этамиз.
ЮНЕСКО берган маълумотга кўра, бугун дунёда 6 минг 909 тил мавжуд бўлиб, улардан атиги 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Улар қаторида она тилимиз – ўзбек тилининг борлиги ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Маҳлиё Парпиева