islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ

Ҳанафий мазҳабида сермаҳсул ижод қилган уламолардан бири ва илмий салоҳияти билан бутун Мағриб ва Машриқ олимларини ҳайратга солган Ибн Обидин 54 йил мобайнида нодир китоблар ва рисолаларни ўз мухлисларига тақдим этди. Ёзган асарлари илм соҳиблари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлган. У зоти шарифнинг даргоҳи уламоларнинг қайта-қайта борадиган жойи, илм ва дин маркази айланди.

Ибн Обидинноми билан танилган олимнинг асл исми Муҳаммад Амин ибн Амр ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Абдураҳмон ибн Нажмиддин ибн Муҳаммад Салоҳиддин бўлиб, у зот милодий 1776 (ҳижрий 1197) йили Дамашқ шаҳрида Усмонийлар ҳукмронлиги даврида туғилди. Ёшлигиданоқ яхши таълим-тарбия кўрган Муҳаммад Амин Қуръони каримни ёд олди. Отаси тижорат билан шуғулланарди. Ўғил дўконда савдо қиларкан, Қуръон қироатини тилдан қўймасди. Бир куни дўкон олдидан ўтган солиҳ бир киши унга: “Аввало Қуръонни тартил билан (тажвидга биноан) ўқимадинг. Чунки Аллоҳ таоло Муззаммил сурасининг тўртинчи оятида айтади:

وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلاً

Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!

Бу оятдан билинадики Қуръонни тажвид қоидалари асосида ўқиш фарздир. Қуръонни тажвид қоидаси асосида ўқимаган одам гуноҳкор бўлади. Қолаверса, уни муносиб бўлмаган жойда ўқияпсан. Одамлар тижорат билан машғул бўлишгани учун, уни тинглашмайди”, деб танбеҳ беради.

Чунки  Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 204 оятида айтади:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз”. Шайх Саид Ҳамавийнинг сўзлари Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳга қаттиқ таъсир қилади. Шу масалани аниқлаш учун шу заҳотиёқ туриб, ўз замонасининг энг машҳур қориларидан бу ҳақда сўрайди. Шунда унга: “Сенга танбеҳ берган одам машҳур қори ва олим Шайх Саид Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳдир”, -дейилади. Ибн Обидин Шайх Саид Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурига бориб, Қуръон илмлари ва тажвиддан сабоқ беришини илтимос қилади. Шайх Саид Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Обидинга Имом Шотибий ва Жазарийнинг китобларидан тажвид қоидаларини ёдлашни буюрди.

Шогирд у китобларни тўла ёд олганидан кейин устозидан сарф, наҳв ва Имом Шофеъий фиқҳини ўрганишга киришади. Шайх Муҳаммад Солимий раҳматуллоҳи алайҳ Муҳаммад Аминга тафсир, ҳадис, мантиқ илмларидан ўргатади ва шогирдини Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаби фиқҳига қизиқтириб: “Сен Имоми Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни масалаларини ҳам ўргансанг, кўп ажойиб ва ғаройиб кашфиётларини кўрасан. У тўрт мазҳаб ичида танланган мукаммал мазҳабдир”, дейди.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ устозининг бўйруғига сўзсиз итоат қилиб, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига доир усул ва фиқҳ китобларининг ҳаммасини ўқиб чиқди ва тез орада даврининг атоқли олимлари даражасига етди.

Кейин Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ янада илмини зиёда қилиш мақсадида Амр Шайх раҳматуллоҳи алайҳ билан учрашиб, илм ўргатишини сўрайди. Амр Шайх раҳматуллоҳи алайҳ ўзи билган барча илмларни унга ўргатади.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ илм чанқоғини қондириш ва илм косасини тўлдириш мақсадида таниқли Муҳаддиси Шайх Муҳаммад Казбарий раҳматуллоҳи алайҳ билан учрашиб, ундан кўпгина илмларни ўрганди.

Муҳаммад Казбарий раҳматуллоҳи алайҳ шогирдига ўзи таълим берган илмларни бошқаларга ҳам ўргатишига ижозат беради.

У илм тарқатиш, дарс бериш ва китоб ёзишда катта муваффақиятларга эришди. Ҳатто у бармоқ билан санарли даражадаги буюк олимлардан бирига айланди.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳдан ўз замонасининг буюк уламолари Шайх Абдулғаний Мийданий, Шайх Ҳасан Байторий ҳамда Аҳмад Афанди Исломбулийлар ва яна кўплаб олимлар таълим олишган. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ намоз ўқиганларида Расулуллоҳни кўз қирлари билан кўриб турар эканлар. Агар намозларида расулуллоҳни кўрмасалар бирор- бир суннатни тарк қилганларидан деб, биларканлар. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳайбатлари ва виқорлари шу даражада эдики, ҳатто барча олимлар ҳайбатидан қўрқиб турарди.

Ибн Обидин тақвоси, иффати, салоҳияти ва қаноатининг гўзаллиги билан бутун дунёга танилди.

Бутун Мағриб ва Машриқ Шайх олимлари унинг илмий салоҳиятини кўриб, у кишини тенги йўқ олим эканлигига тан беришди.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ёзган ва тасниф этган китоблари билан ислом мамлакати кутубхоналарини тўлдириб ташлади. Асарлари эса чуқур билим асосида ёзилгани, дақиқ баҳслари, балоғат ва фасоҳатли тили, юксак маърифати билан ажралиб турди. Хатто мужтаҳидлик даражалари мақомидан ўз ўрнини эгаллашга ўлгурди.

Бизга етиб келган китобларидан энг машҳурлари:

  1. 1. Фиқҳ соҳасида тасниф қилган китобларининг энг машҳури “Раддул Мухтор ала Дуррул Мухтор” (Адашганларни танланган дурларга йўлловчи) Ибни Обидин Дуррул Мухторга ҳошия ёзган.

Бошқа ёзган китоблари турли илмларга бағишланган:

  1. 2. “Рафъул Анзор амма авродаҳу ал-Ҳалавий ала Дуррул Мухтор” (Ҳалабий Дуррул Мухторга қўшган нарсаларга назарларни қаратиш);
  2. 3. “Нассаматул ал-Асхор ала шарҳи Минор” (Минор шарҳига тонг шабадалари);
  3. 4. “Ҳошия алал Мутул” (Мутулга ҳошия) бу балоғат тўғрисида ёзилган китоб;
  4. 5. “Ар-Роҳийқул Махтум” (Муҳрланган шинни) бу фароиз (мерос) ҳақида ёзилган китоб;
  5. 6. “Ҳавоши ала тафсирил Байзовий” (Байзовийнинг тафсирига ёзилган ҳошия). Тафсиру Байзовийнинг ҳошиясида у киши муфассирларнинг сўзларидан бирор бир сўзни келтирмади. Балки, ҳамма хошияни ўзлари ёздилар.
  6. 7. “Мажмаъатур росоил”. У 32 рисола бўлиб, ўз ичига бир нечта фанларни қамраб олади;
  7. 8. “Уқувдул Илаҳи фил Асанийдил Авомий” каби ва ундан ташқари бир нечта китобларнинг муаллифидир.

Мaшҳур  oлим Ибни Oбидин Aбу Юсуфнинг “Амoлий”  китoблaри  ҳақида шундай дейди. “Aмoлий” имлoнинг жaмъидир. Бундa, Мужтaҳид ўтиргaндa унинг aтрoфидa шoгирдлaри қoғoз-қaлaмлaрини oлиб ўтирaди. Сўнг, oлим илмдa Aллoҳ таоло унгa билдиргaн нaрсaни ёддaн гaпирaди. Шoгирдлaр уни ёзиб бoрaди. Кейин, ёзгaн нaрсaлaрини жaмлaб китoб қилaдилaр. Aнa ўшaни “имлo” ёки “aмoлий” деб aтaйдилaр. Ўтгaн фуқaҳo, муҳaддис вa aрaб тили oлимлaрининг шундoқ oдaти бoр эди”.

Жалолиддин Румий ҳазратлари айтади: барча маҳлуқотлар сув ичиши билан тўяди. Аммо балиқ сув ичида юрса ҳам тўймайди;

Эй илм толиблари гуё сизлар ҳам сувдаги балиққа ўхшаб, илмга тўйманглар;

Жалолиддин Румий ҳазратлари айтади: Қанча-қанча йиллар керак олим бўлиш учун ва қанча-қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун.

Илм аҳллари ҳам илм талаб қилишда ўзларини гўё бу зотга қиёс қилсалар, фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир”, деган. Аллоҳнинг маҳбуб қўлларидан Робия Адабия раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Ким ўзини Пайғамбарларга ўхшатса унинг асари унга албатта юқади, дедилар. Демак бизлар ҳам Аллоҳнинг фазлидан умидвор бўлишга ҳаққимиз бор. Динни мукаммал етказиб берадиган олимлар то қиёматгача чиқиши аниқ. Бизни ҳам Аллоҳ ўша олимлар мақомидан қилишини сўрайлик.

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳига доир машҳур асарлар муаллифи Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1252 йили 54 ёшида Дамашқда вафот этди. “Бобус сағир” қабристонига дафн этилди. Аллоҳим у зоти шарифни руҳларини шод айлагин. Аллоҳим у зоти шарифнинг илм косаларини тўлдирганинг каби бизларнинг ҳам илм косаларимизни тўлдиргин. Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

Манбалар:

  1. “Равзул Башар”, 220- бет.
  2. “Азҳария”, 2- жуз, 254- бет.
  3. “Ал-Фатҳул мубин”, 3- жуз, 147 – 148- бетлар.

Тошкент ислом институти “Диний фанлар”кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Мустофо Термизий тайёрлади.

 

18690cookie-checkИбн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: