Сизнинг қўлингизда у киши тўғрисида бирор-бир ҳужжат борми? Лекин тарих у кишини Маккаи Мукаррамада таваллуд топганлигини ўз дафтарига зархал ҳарфлар билан ёзиб қўйган. Бир куни у зотнинг онаcи ҳомиладор ҳолатда бир гуруҳ тенгдош аёллар билан Каъбанинг ичига тамоша қилиш учун кирди. Каъба ўша куни қандайдир сабаб билан очиқ эди. Тўсатдан Каъбанинг ичида у аёлни тўлғоқ тутди ва чиқишга улгурмасдан, ранглари оқариб ўша жойда кўзи ёриди. Туғилган бола мўъминларнинг онаси Хадича розияллоҳу анҳонинг жиянидир.
Бу фарзанд ҳурматли, аслзода оилада туғилгани сабабли ақлли, шарафли ва фазилат эгаси бўлиб улғайди. У зот улғайгач, ўз қавмига бошлиқ этиб тайинланди. Жоҳилият даврида ўз молидан Байтуллоҳ зиёратчиларига мукофатлар ажратарди.
Ислом келиб инсонлар залолат ботқоғидан ҳидоят нури томон ошиқаётган бир пайтда, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончли дўстларидан бирига айланишига қарамай иймон неъматидан бебаҳра эди. Бу саҳоба Расулуллоҳдан беш ёш катта бўлишларига қарамасдан Сарвари коинотни дўст тутиб, у кишининг суҳбатлари-ю мажлисларидан роҳатланарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муҳаббат соҳибининг севгисига севги ва садоқатига садоқат билан жавоб қайтарарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг аммалари Хадижа розияллоҳу анҳога уйланганларидан кейин қариндошлик ришталари янада мустаҳкамланди. Аллоҳ таоло шундай заковатли ақл ато этган ва Расулуллоҳ билан қариндош бўлган, Расулуллоҳ ҳидояти билан ҳидоятланган, у кишининг даъватини тасдиқ қилган аввалги мўъминлардан бўлиши керак эди. Лекин бу Аллоҳнинг иродасидир. Шунинг учун ҳам у киши нубувватга йигирма йил бўлганидан кейин иймон неъмати билан сийланди. Биз у зотнинг исломга киришидан ажабланганимиз каби, у кишининг ўзлари ҳам бу ишдан ажабланар эди. Исломга кирибоқ иймон ҳаловатидан роҳатланарди ва Аллоҳга ширк келтириб, Набийсини ёлғонга чиқариб ўтказган умрининг ҳар лаҳзасига қаттиқ афсусланадиган содиқ саҳоба Ҳаким ибн Ҳизомдир.
Исломга кирганидан кейин, бир куни ўғли у кишини йиғлаётган ҳолатда кўриб: “Нима сизни йиғлатди?!”, деди. У киши: “Эй болам кўп нарсалар мени йиғлатмоқда. Биринчиси исломимнинг кечикишидир. Ана ўша нарса мени кўплаб яхши нарсаларда кечикишимга сабабчи бўлган. Мен ерни тўлдиргудек олтинни садақа қилсам ҳам мендан олдин исломга кирганлар эришган нарсаларнинг бирортасига ҳам эриша олмайман. Сўнг Аллоҳ таоло менга Бадр ва Уҳуд жангларида нажот берди. Ўша куни ўзимга ўзим: “Бундан кейин Расулуллоҳга қарши турган ҳолда Қурайшга ёрдам бермайман. Маккадан чиқмайман. Қурайшга ёрдам бериш учун арава минмайман”, деб ваъда бердим. Шундан сўнг қачон исломга киришни қасд қилсам, Қурайшнинг обрўли, ёши катта мушрик бўлиб қолган кишиларига қарардим. Улар жоҳилият ишларини маҳкам тутгандилар. Шу сабабли уларга эргашардим ва улар билан бирга юрардим. Қанийди шуларни қилмаганимда. Мени аждодларимиз-у катталаримизга эргашиш ҳалок қилди. Шунда экан, эй болам нима сабабдан йиғламай”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом каби ақл ва фаросатли кишилардан ажабланиб: “Унга қандай Ислом махфий бўлади”, дердилар. Расулуллоҳ уни ва унинг йўлидаги кишиларни тезроқ исломга киришларини умид қилардилар.
Маккаи Мукаррама фатҳ қилинган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Маккада тўрт киши борки, мен уларни ширкдан холи бўлишини ва исломга киришини хоҳлайман”, дедилар. Шунда У Зотга: “Улар ким эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У киши: “Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр”, дедилар. Аллоҳ таолонинг фазли билан буларнинг барчалари исломга киришди.
Расулуллоҳ Маккани фатҳ қилиб кирган пайтда, Ҳаким ибн Ҳизомни ҳурматлашдан бошқа барча нарсадан юз ўгириб, жарчига:
“- Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули, элчиси эканига иймон келтирса, у омондадир;
– Ким Каъбанинг олдида қуролини ташлаб ўтирса у омондадир;
– Ким Каъбанинг эшигига осилиб олса у омондадир;
– Ким Абу Суфённинг ховлисига кириб олса у омондадир;
– Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг ховлисига кириб олса у омондадир”, дейишга буюрдилар.
Ҳаким ибн Ҳизомнинг ховлиси Каъбанинг паст тарафида, Абу Суфённинг ховлиси эса Каъбанинг тепа тарафида эди.
Ҳаким ибн Ҳизомнинг исломи унинг қон-қонига сингиб кетди. Ўзига-ўзи жоилият даврида қилган ҳар садақа қаршисига бир садақа қилишни аҳд қилиб, шу ишни қилди.
Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳдан шу сўзларни эшитгач, шундоқ деди: “Эй Аллоҳнинг Расули сизни ҳақ билан юборган Аллоҳга қасамки, сиздан кейин бирор кишидан бирор нарса сўрамайман ва бирор кишидан бирор нарса олмайман ҳам”, деди. Ҳаким ибн Ҳизом ўз сўзида турди ва умрининг охиригача ҳеч кимдан бирор нарса олмади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик даврида кўп бора Ҳаким ибн Ҳизомни байтулмолдан ўз улушини олишини сўраган ва у киши ҳар гал бош тортганлар. Халифалик ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларига келганда ҳам Ҳаким ибн Ҳизом байтулмолдан ўз улушини олишдан бош тортди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни инсонларга: “Эй мусулмонлар жамоаси гувоҳлик бериб айтаманки, мен Ҳаким ибн Ҳизомни ўз молини олишга чақирдим ва у бош тортди”, деганлар.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу мана шундай намунали ва баракали ҳаёт кечириб, фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Ҳомидов Фарҳод