Одам фарзандини илм ва амал билан фазилатли қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Энг яхши муаллим бўлиб юборилган саййидимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Илм ўчоғи ва маърифат булоғи бўлган пайғамбаримизнинг оила аъзолари, саҳобаи киромлари ва уларга эргашганлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Устозлар фазилати ва уларни ҳурмат қилиш ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, суҳбатимизни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис билан бошлаймиз. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло мени муаллим қилиб юборди”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифлари билан инсон зоти қўлга киритиши мумкин бўлган касбларнинг энг буюги, шарафлиси, савоби улуғи ҳамда қиёмат кунигача ажри бардавом бориб турадигани муаллимлик эканига ишора қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Оламни қуёшсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек жамиятни ҳам бу улуғ зотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади.
Устоз, мураббийсиз қолганда замон,
Зулумотдан қора бўларди жаҳон.
Чунки устозлар, муаллимлар ва мураббийлар жамиятни маънавият, маърифат, илму фан, одобу ахлоқ ва бошқа барча эзгуликлардан хабардор қилиб турадилар.
Шунинг учун биз шогирдлар бу улуғ зотларнинг қадрларини билиб, хизматларида доимо камарбаста бўлишимиз лозимдир. Аждодларимиз устозларини қай даражада ҳурмат ва эҳтиром қилиб, хизматларида ихлос билан камарбаста бўлганларини қуйидаги воқеалардан билишимиз мумкин.
Имомлар раиси деган унвонга сазовор бўлган, ўз замонаси қозиси Фахриддин Арсабандийдан сиз бу қадар обрў ва эътиборга қандай эришгансиз, деб сўралганда, мен устозим Абу Зайд ад-Дабусийга 30 йил таом ҳозирлаб ундан ўзим ҳеч истеъмол қилмаганман. Сабаби агар тановул қилсам ўзимни ҳам ўйлаб таом тайёрлаган бўлиб қоламан, бунда эса хизмат мукаммал бўлмай қолиши эҳтимоли бор, деб жавоб берганлар.
Ҳақиқатан биз толиби илмлар устозларимизга бунданда юксакроқ хизмат қилишни ўз вазифамиз деб билишимиз керак.
Халифа Ҳорун ар-Рашид ўғилларини имом Асмаийга илм ва одоб ўргатиш учун шогирд қилиб бердилар. Кунлардан бир куни Ҳорун ар-Рашид ўғилларидан хабар олай деб борсалар имом Асмаий таҳорат қилиб оёғларини ювяптилар, ўғиллари эса оёғларига сув қуйиб турибди. Шунда халифа бир оз маломат қилгандек бўлиб: “Мен ўғлимни шунинг учун юборганмидим,” – дедилар. Имом Асмаий бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлиб турганларида, халифа сўзини давом эттириб: “Нимага ўғлимга бир қўлингда сув қуйиб, бошқа қўлингда оёғимни юв демадингиз? Ахир мен сизга илм билан биргаликда одоб ҳам ўргатинг деган эдимку?!” – дедилар.
Эътибор берайлик, юқоридаги икки воқеада биз шогирдларга нақадар гўзал ибратлар бор. Баъзи шогирдлар устозларини бир-икки хизматини бажариб, гўё ўзини устозга хизмат қилаётган шогирддек ҳис қилади ва устоздан илм олиш асносида арзимаган хизмати билан устозни ҳаққини адо қилаётгандек ўзини тутади. Баъзилари эса устоз бир ишдан кейин мабодо иккинчи ишни буюрса малолланиб пешонасини буруштиради, гўё устози кўп хизмат буюриб юборятгандек.
Биз бу шогирдларга ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг сўзларини ҳам эслатмоқчимиз: ”Менга илмдан бир ҳарф ўргатган зотнинг қулиман, хоҳласа сотиб юборсин”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуда устозларга нисбатан шу қадар ихлос ва ҳурмат борлиги учун пайғамбаримиз томонларидан ҳам “илмлар дарвозаси” деган унвонни олдилар ва саҳобаи киромлар ораларида энг кўзга кўринганлардан бўлдилар.
Биз шогирдларчи? Келажакда буюк зотлар, шайхлар, унвон соҳиблари ва ҳоказо мартабаларни ният қиламиз. Ҳўп, мазкур мартабага ҳақиқатан етган зотлардаги ихлос, ҳурмат, эҳтиром, устозни улуғлаш, хизматларни чин кўнгилдан қилиш ва ҳоказо яхши хислатлар бизда ҳам бормикин?! Агар бўлса айни муддаодир. Акс ҳолда ўзимизга этибор берайлик.
Яна Аллоҳ барча шогирдларнинг оталарини Хорун ар-Рашидга ўхшаган оталардан қилсин. Хорин ар-Рашид ўғиллари устозининг оёғига сув қуйиб бераётганига қониқмадилар, балки ўғилларини устознинг оёғини ювишини талаб қилдилар. Чунки бу зот устозларнинг мартабалари нақадар буюклигини билар эдиларда. Агар фарзандларини устозга берган ота-оналарда Хорун ар-Рашиддек ихлос бўлганда, фарзандлари ўзлари кўзлаганданда зиёда мартаба ва мақомларга кўтарилар эди. Баъзи вақтларда устозлар мактабда, коллежда ва бошқа ўқув даргоҳларида шогирдларига озгина қаттиқроқ танбеҳ берсалар, афсуски, ота-оналар устозларни олдига бориб ўз фарзандларида айб йўқдек устозларга қаттиқ гаплар гапирадилар. Бу ота-оналарнинг фарзанларидан келажакда нимани кутиш мумкин?!
Хулоса ўрнида шуни айтаманки, устозлар бизни икки дунёда саодатли бўлишимиз қайғусини қилиб, бу борада кўп тер тўкадилар. Биз шогирлар эса устозлар нақадар буюк ва юксак зотлар эканликларини қалбдан ҳис қилишимиз керак. Умримизни охиригача уларнинг оёғларига йиқилиб, қулдек хизмат қилсак ҳам зиммамиздаги қарзимизни адо қилолмаймиз. Ва яна бу зотларнинг дуолари, назарлари ва буларга қилинган хизматлар бизни етук шахслар бўлиб етишимизга сабаб бўлишини унутмаслигимиз даркор. Агар юқоридаги воқеалардан ва улуғларнинг сўзларидан етарли хулоса чиқармас эканмиз, жамиятда ўзимизга муносиб ўрнимизни топа олмаймиз. Аллоҳ таоло барчамизга аввало ўзининг розилиги ва барча устозларимизнинг розиликларини насиб этсин. Яратган эгам устозларимизни ўз паноҳида асраб, уларни икки дунё саодати ва битмас- туганмас ажр мукофотлар билан мукофотласин. Омин.
Жаҳон ичра меҳру мунаввар мударрисдир,
Мадори дин, чароғи масжиду минбар мударрисдир,
Шариат баҳридан чиққан улуғ гавҳар мударрисдир,
Ғуборин сурма қил фарзанди пайғамбар мударрисдир.
(Мисра муаллифи Мухлис Намангоний)
Мониторинг ва ички назорат бўлими ходими
Холбоев Ғуломиддин