islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

СОХТА ЗАРГАР АЙБИНИ СОФ ОЛТИНГА ТЎНКАМАНГ!

Бугунги кунда дунёда ислом дини тўғрисидаги тасаввурлар одамни хурсанд қиладиган даражада эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ислом таълимотларидан умуман узоқ бўлган Европа халқларинику гапирмаса ҳам бўлади. Қўйингки, кўпчилик одамларнинг Ислом ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, муносабатлари қандай экани шу ҳақда ишланган баъзи “фильмлар” дан ҳам маълум. Уларга кўра – ўзлари Исломнинг моҳияти, унинг тенгсиз маданияти қай даражада эканини билмасликлариданми(?) – Ислом деганда терроризм, ур-сур, тўполон, мусулмон деганда эса камида ҳаётдан ўн аср ортда қолиб кетган, қўлида қурол кўтарган, жанжалкаш, радикалист, фақат ўзининг қолоқ фикрини олға сурадиган, уни қабул қилмаганларни йўқ қилишдан ҳам тоймайдиган, маданият нима эканини билмайдиган террорист гавдаланмоқда кўпчиликнинг кўз ўнгида.

Нега жаҳон оммасининг Ислом ҳақидаги тушунчалари шунчалик даражага бориб етди?! Ислом ҳақиқатда дунёга уруш, қурол билан тарқалганми ё…?!

Бу каби дилни ларзага солувчи саволларни исталганча давом эттириш мумкин. Жавобчи? Бу саволларга ҳали ўз динининг тарихи, мақсад-ғоясини англаб улгурмаган соддадил мусулмон киши бошини қуйи солиб, хижолатдан юзи қизариб, “Афсуски, ҳа”, деган оҳангдаги сукути билан жавоб берадими? Ёки гавдасини ғоз тутиб, жарангдор овозлари ила баралла,  қуйидагича жавоб берадими?:

“Йўқ! Бу саволларни сўраш тугул, ўйлашнинг ўзи Исломга нисбатан туҳматдир. Исломни англамаган одамнинг саволи-ку бу савол! Зеро, У қон тўкиш орқали эмас, балки бошқа шахсга қўл билан озор бериш у ёқда турсин,  ҳатто тил билан озор беришни ҳам қаттиқ таъқиқлагани ва бунга зид амал  қилган  одамни “ҳали сен комил мусулмон бўлмабсан” деб танбеҳ бериб, адолатда, меҳр-мурувват ва инсонийликда ўрнак бўла олгани учун тарқалган!

Ислом ўзининг тенгсиз маданияти, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойилларига тўла амал қилиб, бошқа дин ва миллат вакилларига озор бериш у ёқда турсин, дилига озор бериши эҳтимоли бўлган ишлардан ҳам қайтаргани сабаб оламга тарқаган! Ҳаммани ўз ахлоқи ва маданиятига шайдо қила олганидан бошқа халқлар ўз ихтиёри билан Исломни танлаганлар!

Тинчликпарварлиги, Қуръони каримда ҳамма мусулмонларни тинчлик йўлига тўлиқ киришга буюргани учун барча юртларга манзур бўлган У!

Инсонпарварлиги, ҳатто Ватан ҳимояси йўлида уруш қилишга тўғри келиб қолганда ҳам ёш болалар, аёллар ва қарияларга қўл теккизмасликка буюриб, ёшу қарига, эркагу аёлга бирдек манзур бўлиб тарқалгандир У.

Инсоният у ёқда турсин, ҳайвонот оламига ҳам эътибор бериб, ҳатто қуш ёки мушукни қамаб олиб, вақтида қарамаган одамга: “Бу жонзотларнинг  ҳақини поймол қилсанг, Дўзахга тушасан, боқаман десанг, нон-сувини вақтида бер, бўлмаса қўйиб юбор”, дегани ҳамда наботот оламига, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам катта эътибор бериб: “Ҳатто Қиёмат қоим бошланган бўлсаю, сени қўлингда кўчат турган бўлса, қандай қилиб бўлса ҳам уни ўтқазиб қўйишга ҳаракат қил”, деб буюргани учундир балки!

Яхшилик қилишда ҳамкорлик ва мусобақа қилишда, илм-маърифатга тарғиб қилишда намунали биринчи даражада тургани, Унинг биринчи даъвати “Ўқи, ўқи!” бўлгани, илмни диний ва дунёвийга ажратмай, балки жамиятнинг бугуни ва келажагига фойдали илмларни кимдан ва қаердан ўрганишни чекламасдан ҳатто Хитойданми, Парижданми, ғайридиндан бўлса ҳам ўрганишга тарғиб қилиб, илм-фан ва техниканинг ҳар бир соҳасида юртга керакли мутахассис кадрларни тайёрлашни ҳар ернинг мутасадди шахслари зиммасига фарз ибодатлар қаторида юклаб, агар халқ эҳтиёжига яраша ўқитувчи-мураббийми, табибми, посбонми, машинасозми, сантехникми, дурадгорми, қассобми, сартарошмиди ёки бошқаси етишиб чиқмаса, шу жамиятдаги барча аҳоли гуноҳкор бўлишини уқтиргани, юрт тараққиётдан ортда қолмаслиги учун келажак авлодларга қулай шароит яратиб беришни фарз даражасига олиб чиққани, боласига дафтар-китоб, ручка-қалам олиб берган отага икки дунёда мукофот ваъда қилиб, боласи Қуръони каримни ёдлаган ота-онагага Жаннатда тож кийдирилишини ваъда қилгани учун,  хулласи калом, Ислом икки дунёнинг бахт-у саодат йўлини тўла кўрсата олгани учун одамлар Уни ўзлари ихтиёр қилганлар!

Ислом келган вақтдан бир кун илгари ҳам бутун ер юзида “ўрмон маданияти” ҳукмрон эди. Кучи ва моли кўпнинг гапи гап, сўзи сўз эди. У келгач, у маданиятга аёвсиз курашди ва Ўзининг умумбашарий манфаатларга асосланган маданиятини ўрнатди: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; аёлларга эҳтиром (исломдан илгари аёлларни одам ўрнида кўрилмас эди. Аёлларга мерос бериш у ёқда турсин, уларнинг ўзи мол каби меросга қўшиб тақсимланар эди); ота-онага ҳурмат (бу қоида айрим мамлакатларда ҳалигача йўқ); фарзанд тарбиясини фарз даражасига қўйиш ва ва ва … .

Сўзимиз қуруқ даъво бўлиб қолмасин деб, Европа университетларидан бирида таҳсил оладиган икки мусулмон йигит билан европалик бир талаба қиз ўртасида бўлиб ўтган ибратли бир воқеани ҳикоя тарзида ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

“Йигитлар одатда талабалар орасида инглиз тилида, ёлғиз қолганларида ўз тилларида гаплашар эдилар. Бир қиз икки бор улар ўз тилларида гаплашиб ўтирганларида синф хонага кириб қолди ва ҳар сафар йигитлар уни кўргач, суҳбатни ўз тилларидан инглиз тилига ўтказиб, келган еридан давом эттиравердилар. Қиз ҳайрон бўлар ва бунинг сабабига қизиқар. Нега эканига ҳеч тушунолмагач, бу сафар йигитларнинг ўзидан сўрашга қарор қилиб, йигитларга бундай деди:

– Кечирасиз, анчадан буён сизнинг бир одатингизни англай олмайман.

– Қайси одатимизни?

– Ўз тилингизда гаплашиб ўтирганингизда бир-икки сафар хонага кириб келдим. Сиз эса мени кўришингиз билан инглиз тилига ўтиб олмоқдасиз. Бунинг сабаби нимада?

– Бу табиий ҳол-ку! Нимасига тушунмайсиз?

– Қандай қилиб? Нега ўз тилингизда бемалол гаплашавермай, қийналиб инглизча гаплашасиз?

– Чунки бизнинг динимизда шундай буюрилган.

– Ие, бунинг динга нима алоқаси бор?

– Бизнинг динимиз ҳаётнинг барча жабҳаларида инсон ўзини қандай тутиши маданиятини тўлиқ ўргатган! Бу ҳам суҳбатдошга нисбатан ҳурмат эканини таъкидлайди!

– Ҳурмат?

– Ҳа, ҳурмат. Зеро, Пайғамбаримиз: “Агар уч киши бўлсангиз, учинчи(нгиз эшитмай бир четда) қолиб, икки киши (алоҳида) бўлиб олиб, пичирлаб гаплашмасин. Чунки бу у(учинчи киши)ни ҳафа қилади”, деганлар (Имом Бухорий, Муслим ва Мардвайҳ ривоят қилган). Чунки учинчи одамнинг кўнглида “бу иккаласи пичирлаб, нима ҳақида гапиряпти экан, нимани режалаштиряпти экан?”, деган хавф уйғонади. Бир одам тушунмайдиган тилда икки киши гаплашиб ўтирса ҳам тушунмаётган одамнинг кўнгли оғриб, ҳадиксираши ва қалбида қўрқинч пайдо бўлиши мумкин. Бирор  кимсанинг кўнглига ҳадик-қўрқув солиш бизнинг динимизда қатъий таъқиқланган.

– Кишининг кўнглига қўрқув солиш ҳам таъқиқланган?

– Ҳа, шундай.

Қиз узоқ ўйга чўмди ва йигитларга қараб: “Бас, ундай бўлса, мен мусулмон бўламан. Инсоннинг танаси ва дилига қўл ёки тил билан озор бериш у ёқда турсин, дилига озор бериш эҳтимолини ҳам олдини оладиган Ислом динини қабул қиламан. Мен шу ёшгача бунингдек, умуминсоний, бағрикенг маданиятли таълимотни кўрган эмасман! Агар Ислом ва ҳақиқий  мусулмон шунчалик маданиятли бўлса, менга мусулмон бўлиш йўлини ўргатинг!”, деди ва ҳеч ўйланмай мусулмон бўлди. Исломнинг инсонга қилган биринчи мурожаати, биринчи айтган сўзи “Ўқи, ўқи!”, буйруғи эканини ўргангач, аввалгиданда яхши ўқиб, олийгоҳни имтиёзли шаҳодатномага тамомлади.

Ҳа азизлар, Ислом шунақа маданият дини. Инсонийлик дини. Ҳаёт билан ҳамнафас бўлиш, ҳар соҳада тараққиётга интилишга тарғиб қилувчи таълимот у. Ўзининг одоб-ахлоқига ҳаммани ром этган Маданият у.

Ислом душманларининг ноғорасига ўйнайдиган ИШИД каби “раққосалар”нинг хунрезлигини кўриб, Исломнинг ҳақиқий санъат ва маданиятига баҳо берманг!

У маданиятсизликларни Исломга тўнкаманг! Зеро, сохтани кўриб, аслни баҳоланмайди. Улар Исломни қора кўрсатмоқчи бўлган, нафақат Ислом, балки инсониятнинг душмани бўлмиш шахсларнинг қўлидаги қўғирчоқдан бошқа нарса эмас! Ислом улардан безор!

Уларнинг ким экани ва асл мақсадлари қуйидаги шеърда баён қилинган:

Эй, ўз қозонин ўйлаб шеър ёзаётган шоир!

Ҳақдан ўзгани десанг, сен несан, недир кофир?

Халқим, деб ёна олсанг, сен бўласан қаҳрамон!

“Ҳалқум” да этсанг давом, бил, қўймас қаҳр омон!

                                                        (Баҳромжон Аъзам)

Ҳа, улар ҳалқуми, яъни нафси дардида халқ, Ватан, дину диёнат, ота-она, фарзанду оила каби муқаддас тушунчаларни унутган манқуртлардир!

Исломнинг, бутун инсониятнинг қаҳрига дучор бўлган кимсалардир улар!

Шунинг учун, сохта заргарлар (динни ниқоб қилганлар) айбини соф олтинга (муқаддас ислом дини таълимоти) тўнкаманг!

Мусулмонлик ниқоби остидаги кишиларнинг Ислом маданиятига зид   қилмишларини кўриб, Исломни айбламанг! Йўқ, йўқ, мусулмонлар шунақа террорчи бўларкан деманг!

Майли, Исломни мақтаманг, лекин унинг маданиятини, асл моҳиятини англамай туриб, кўзингизга кўринган баъзи сохтакорларнинг қилиқларини Ислом деб ўйлаб, Уни ёмонламанг ҳам!

Камида етук ислом уламоларимизнинг “Ислом ҳазораси”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ижтимоий одоблар” каби Ислом маданияти ҳақидаги адабиётларни мутолаа қилиб, сўнг хулоса қилинг!

Динни деб дунёни, дунёни деб динни унутмай, ҳар иккисини ҳам бирдек тутиб, дунёю охиратни ободлигига ҳаракат қилишга буюрадиган таълимот – бу Ислом динидир! Фақат, мусулмонлар Унинг маданиятига садоқат билан яшаб, оғишмай ҳаёт кечирсалар бас. То Қиёмат бутун дунё халқларига намуна бўлиб, уларни ўзига маҳлиё қила оладиган маданият – ислом маданияти бўлишида шак-шубҳа йўқ!

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Баҳодиржон Аъзамов

18830cookie-checkСОХТА ЗАРГАР АЙБИНИ СОФ ОЛТИНГА ТЎНКАМАНГ!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: