islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тўқима образлардан омад сўраш ширк бўлиб қолмайдими?

❓Cавол: Яқинда бир видеолавҳани кўриб қолдим. Унда баъзи кишилар қорбобога ишонишларини, ундан деҳқончиликни яхши бўлишини сўрашлари, яхши келин сўрашлари, омад сўрашларини айтишган. Бунга динимизнинг муносабати қандай? Мана шундай эътиқоддаги киши ширк келтирган бўлиб қолмайдими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳар қандай истак, тилаклар фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Айниқса, динимизда асли йўқ бўлган хурофий нарсадан ҳожатларимни ҳал қилади, ғам ташвишларни кетказади деб, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраб эътиқод қилиш қаттиқ адашишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ (سورة الأحقاف/5)

яъни: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).
Қорбобо ёки Аёзбобо тимсоли тўқима-хурофот экани маълум ва машҳур. У илк марта славянларнинг миллий динлари таъсирида шаклланган. Қорбобо қадимда қиш ва аёз худоси саналган. Руслар насронийликни қабул қилгач, кўпхудолик элементи сифатида таъқиқланиб, ундан воз кечилган. Аммо 18-асрга келиб славянлар онгида муҳрланиб қолган “илоҳ”, янги йил байрами баҳонасида мўжизавий ишларга қодир, меҳрибон ва сахий қаҳрамон сифатида қайта гавдаланган.
Ислом шариатига кўра қорбобони чин маънода ризқ берувчи деб, билиш мутлақо жоиз эмас. Аксинча, мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Ризқни ҳам, деҳқончиликнинг ҳосилини ҳам, фарзандни ҳам ёлғиз Аллоҳ таоло беради. Тилаклар, дуолар ва истаклар ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

وَلَا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُكَ وَلَا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ

яъни: “Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз” (Юнус сураси, 106-оят).
Мусулмон инсон ҳаётда доимо ёлғиз Аллоҳ таолога таваккул қилади ва суянади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган: “Агар Унинг пайғамбари келтирган нарсаларга ишонувчи ва Унинг шариатига амал қилувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига таваккул қилинглар!” (Моида сураси, 23-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра ва ёрдам тиласанг ҳам, Аллоҳдан тила”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Бугунги кунда динимизни ўқиб-ўрганиш учун ҳамма шароитлар мавжуд. Озгина ҳаракат қилса, инсон эътиқоди, ибодати тўғри бўладиган даражада билимга эга бўлиши мумкин. Минг йиллардан бери Ислом динига амал қилиб келаётган халқнинг бугунги авлоди асли йўқ хурофотларга ишониши, тўқима сохта “илоҳ”лардан ризқ, келин сўраши катта айбдир. Эрта Қиёматда “мен билмаган эканман”, деган баҳона узр бўла олмайди. Мусулмон киши Аллоҳ таолога қорбобони тенг қилиши ширкдир. Бундай эътиқодда бўлган кишилар тезда ўзларини ўнглаб, тавба қилишлари ўзлари учун яхшидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

204660cookie-checkТўқима образлардан омад сўраш ширк бўлиб қолмайдими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: