Усулий фақиҳлар манҳажида ҳадисни саҳиҳга чиқаришнинг бошқача йўли
Фақиҳлар ва усулий олимлар ҳадисни бошқа бир йўл билан ҳам саҳиҳга чиқарадилар. Бу йўл юқорида айтиб ўтилган иснод ва матнга асосланган йўлдан бошқачадир. Муҳаддислар ҳам ҳадисни саҳиҳ, дейишда мана шу йўл билан далилланганлар. Бунда фақиҳлар билан бир фикрдалар. У йўл қуйидагича:
Уммат хабарни розилик ила қабул қилиши орқали уни саҳиҳга чиқариши. Агар уммат заиф ҳадисни розилик ила қабул қилсалар унга амал қилинади. Бу қабул қилиш ўша ҳадисни саҳиҳ, дегани бўлади. Чунки бу иш ҳадис кўпчиликнинг кўпчиликдан нақл қилиши ила ривоят қилинишига далолат қилиб, саҳиҳ лиғойриҳи туридан ҳисобланади.
Муҳаддислар, фақиҳлар ва усул уламолари уммат розилик ила қабул қилган хабарни саҳиҳ дейишга иттифоқ қилганлар. Лекин бу саҳиҳ ҳадис қатъийликни ифода этиши борасида икки хил мазҳабдалар:
А) Баъзи уламолар уммат розилик ила қабул қилган оҳод хабар ростлиги бўйича назарий илмни ифода этади, деганлар. Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилишича аксар фақиҳлар ва аксар мутакаллимлар мазҳаби мана шудир. Бу гап Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари, Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайлардан иборат усули фиқҳ бўйича китоб ёзган уламоларнинг айтган гапларидир .
Б) Яна бошқа бир гуруҳ уламолар оҳод хабарни уммат розилик ила қабул қилган вақтда ростлиги бўйича зонний илмни ифода этади, дейишган. Бу гап бир гуруҳ мутакаллимларнинг мазҳабидир .
Уммат оҳод хабарни қабул қилишининг турлари. Уммат оҳод хабарни роизилик ила қабул қилиши икки хил кўринишда бўлади:
1. Қавл билан қабул қилиш.
2. Оҳод хабарнинг маъносига амал қилиш билан қабул қилиш .
Уммат тарафидан хабарни розилик ила қабул қилишга ижмо боғланганлиги ҳадис илмининг аҳллари шунга ижмо қилгани орқали билинади. Бу борадаги эътиборли гап мана шудир. Демак, ҳадис илми аҳллари бу хабар ростлигига ижмо қилган бўлсалар қолган уммат ҳам уларга эргашувчидирлар. Шунингдек, фақиҳлар, муҳаддислар ва аҳком илми эгаларининг муайян ҳукмга ижмо қилишлари қолган уммат ҳам уларга тобеъ эканининг белгисидир.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳадисни Мадинада машҳур бўлиб кетиши уни саҳиҳ дейишдан беҳожат қилади” .
Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳадисни саҳиҳга чиқарадиган ишлардан бири уламолар шунга мувофиқ амал қилишидир” .
Хатиб Боғдодий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оҳод хабарларни кўпчилик кўпчиликдан қабул қилиб олган вақтда иснод талаб қилмасдан наздларида ўша ҳадисларнинг саҳиҳлиги билан қаноатланадилар” .
Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мужтаҳид бир ҳадис билан далилланса, у ўша ҳадисни саҳиҳ, дегани бўлади” .
Жассос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оҳод хабарлардан одамлар розилик ила қабул қилганлари у бизнинг наздимизда мутавотир маъносидадир” .
Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Гоҳида фақиҳ санадда каззоб бўлмаган чоғда ҳадис бирор оят ёки шариат қоидасига мувофиқ келишидан унинг саҳиҳлигини билиб олади. Натижада уни қабул қилиб амал қилишга ундайди.” .
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ “Ат-Таҳқиқ”да айтади: “Агар муҳаддис бир ҳадисни келтириб, ҳофиз у билан ҳужжатланса, қалбларда унинг саҳиҳ эканлиги ўрнашади” .
Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ибн Қаттон раҳматуллоҳи алайҳ заиф ҳадисга ижмо боғланганда, яъни уммат уни розилик ила қабул қилганда саҳиҳга айланиш-айланмаслиги борасида баҳс юритган. Ҳозирги кундаги муҳаддислар наздидаги машҳур гап у ўз ҳолича, яъни санадига қараб баҳолаш бўйича қолган. Уларнинг наздидаги бу бобда асос исноднинг ҳолатини ўрганишдир. Улар иснодида заифлик бор бўлган ҳадисни саҳиҳ дея ҳукм қилмайдилар. Баъзилари эса ҳадис амал билан қувватланганда заифлик ҳолатидан мақбуллик даражасига кўтарилишини айтганлар. Менинг наздимда тўғрироғи мана шудир. Бу гап иснод билан банд бўлганларга оғир ботиши мумкин. Лекин воқеъликни ҳисобга олиш қоидалар асосида юришдан кўра афзал, яхшироқдир. Чунки қоидалар ҳадис ҳолати маълум бўлмаган ўринда уларни ўртасини ажратиб бериш учун қўлланилади” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов