Қуръон каримда Пайғамбарлар(Уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин!)га нисбатан зикр қилинган иккинчи атама – иттибоъ (اتباع), яъни Пайғамбарга эргашишдир:
۞ قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ
وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ ۞
“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладур ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладур”, деб айт”
۞ الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ
فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ ۞
“Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган уммий Набий, Пайғамбарга эргашурлар”
۞ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ
لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ ۞
“Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий Набийсига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки, ҳидоят топсангиз”
۞لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ۞
“Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, қийинчилик вақтида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди”
۞ يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ حَسْبُكَ اللَّهُ وَمَنِ اتَّبَعَكَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ ۞
“Эй Набий, сенга ва сенга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир”
۞ رَبَّنَا آمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ ۞
“Эй Роббимиз! Сен туширган нарсага иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторида ёзгин”
۞ قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ
وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ ۞
“Сен: “Бу – менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб – ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман”, деб айт”
۞ إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ ۞
“Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар”
۞ وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً ۞
“Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳимдилликни солдик”
۞ وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ ۞
“Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир. Ўшанда зулм қилганлар: “Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, Сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайҳамбарларга эргашамиз”, дерлар”
۞ وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ
مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ ۞
“Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз”
۞ قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ ۞
“Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг”, деди”
۞ وَإِنَّ رَبَّكُمُ الرَّحْمَنُ فَاتَّبِعُونِي وَأَطِيعُوا أَمْرِي ۞
“Шубҳасиз, Роббингиз Роҳмандир. Бас, менга эргашинг. Менинг амримга итоат қилинг”
۞ فَقَالُوا أَبَشَرًا مِنَّا وَاحِدًا نَتَّبِعُهُ إِنَّا إِذًا لَفِي ضَلَالٍ وَسُعُرٍ ۞
“Улар: “Биз Ўзимиздан бўлган бир одамга эргашамизми? Агар шундай бўлса, албатта, адашувда ва ва жинниликда бўламиз”
Юқорида тиловат қилинган турли услуб ва мазмунга эга ушбу оятлар Пайғамбарлар (Уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин)га эргашиш уларга иймон келтирган ҳар бир кишига фарзлигини англатади ва бунга катта урғу беради. Бунинг сабаби очиқ-ойдин. Пайғамбарлар одамларга улар етказадиган ва таълим берадиган нарсаларнинг амалий намунаси кўрсатиб бериш учун юборилгандирлар. Уларнинг рисолати фақатгина оғзаки таълимотлари билан чегараланмайди. Инсоният ўзининг тўғри турмуш тарзини билиб олиши, ўрганиши ва ва унга амал қилиши учун Пайғамбарларнинг феъллари бирдай зарур ва муҳим ҳисобланади. “Аҳзоб” сурасида айтилганидек, Қуръон каримда бу ҳақда аниқ ва равшан маълумот берилган:
۞ لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا ۞
“Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”
Инсониятни ислоҳ қилиш учун назарий таълимнинг ўзи етарли бўлмаслиги аниқланган ҳақиқат. Одамлар амал қилиши мумкин бўлган амалий намунани кўрсатиб бериш ислоҳотнинг табиий усули ҳисобланади. Сўзимнинг тасдиғи учун бир неча ҳаётий мисоллар келтираман:
Агар инсон бир вақтнинг ўзида бирор соҳа бўйича ҳам китоб ўқиб, ҳам ўша соҳада етук олимга шогирд тушмаса, фақатгина китоб ўқиш уни илм-фанда мукаммал қила олмайди. Агар кимдир тиббиёт фанларига оид китобларни ўқиб-ўрганиб чиқса-ю, аммо тажрибали шифокор назорати остида ишламаса, у ҳар томонлама ўрганганига қарамай, шифокор сифатида хизмат қилишини даъво қилолмайди ва бундай кимсага беморларнинг ҳаёти билан ўйнашга йўл қўйилмайди.
Агар кимдир конунга оид китобларни ўқиб, ўрганса-ю, лекин шу соҳада катта адвокатдан амалий машғулотлар ўрганмаса ҳамда кўп йиллар давомида устози назорати остида иш юритмаса, ундай одам ўзини адвокатман деб даъво қилишига ҳаққи бўлмайди.
Ҳатто мазали овқат пиширишни истаган оддий ҳаваскор ҳам буни шунчаки шу мавзуда ёзилган китобларни ўрганиш билан юқори даражада бажара олмайди, гарчи ўша китобда овқат пишириш учун зарур бўлган барча маҳсулотлар рўйхати келтирилган ва ҳатто жараённинг дақиқали тафсилотлари тўлиқ тасвирланган бўлса ҳам. Бироқ, илгари бу таомни пиширмаган киши, агар у деярли бирор мутахассис ошпазга шогирд тушмаган бўлса, фақат йўриқнома ёрдамида ўша таомни тўғри ва мукаммал даражада тайёрлай олмайди. Ушбу мутахассис унга амалий кўрсатмалар кўрсатади ва ҳаваскор ундан ўрнак олиб, аста-секин бу тотли овқатни қандай тайёрлашни ўрганади.
Инсоният бирор муҳим соҳани ўрганиш учун амалий кўрсатмаларга доимо муҳтожлиги юқоридаги мисолларда яққол кўриниб турибди. Диний таълим ва тарбия масаласида ҳам худди шундай.
Шунинг учун, Аллоҳ таоло одамларга фақат илоҳий китобларнинг ўзини юбормади. Балки У зот ҳар доим китоб билан бирга Пайғамбар ҳам юборди. Ўзидан олдинги биродарларида бўлмаган янги илоҳий китобсиз юборилган Пайғамбарлар кўп. Аммо Пайғамбарсиз юборилган бирор илоҳий китоб йўқ. Макка кофирлари ҳам бир неча бор Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламсиз нозил қилинишини талаб қилишганди. Аммо уларнинг бу бемаъни талаби рад этилди ва Қуръон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали умматга нозил қилинди.
Бунинг ҳикмати аниқ ва равшан. Инсониятга илоҳий китобнинг ўзигина эмас, балки, уларга китоб мазмунини ўргатадиган муаллим ҳам керак эди. Шунингдек, уларни ўқитадиган ва уларга амалий ўрнак бўладиган устоз керак эдики, уларсиз инсоният ўзининг амалий ҳаётида илоҳий китобдан фойдалана олиши имкони йўқ эди. Айнан шу сабабли Пайғамбарлар барча инсониятга аниқ кўрсатма билан юборилган бўлиб, одамлар Уларга итоат қилишлари ва эргашишлари ҳамда Пайғамбарлардан қандай қилиб Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлларини уларга кўрсатиб беришган амалий мисоллар орқали билиб олишлари лозим эди. Қуръон каримнинг юқорида тиловат қилинган оятларидан шуниси аниқ бўлдики, Пайғамбарга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш демакдир. Иккинчи иш биринчисиз амалга ошмайди. Чунки, Пайғамбар умматига нимаки деса ёки бирор амал қилса, албатта ўша сўз ва амал Аллоҳ таоло томонидан унга юборилган ваҳй асосида бўлади. Хулоса шуки, Пайғамбарнинг ҳар иккала иши: сўзи ва феъли, гарчи Қуръон каримда зикр қилинмаган бўлсада, илоҳий ваҳй орқали қўллаб-қувватланган ёки тасдиқланган бўлади.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийниг
“Ислом шариатида суннатнинг ҳужжатлиги” китоби,
Инглиз тилидан Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Халилуллоҳ Юсуф таржимаси