Ваҳйнинг икки тури: Тиловат қилинган ва тиловат қилинмаган ваҳий
Юқоридаги хулосалардан шу нарса аниқ бўлмоқдаки, Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси икки хил бўлади:
- Қуръон карим. Қуръон илмлари истилоҳида ваҳийнинг бу тури الوحي المتلوّ) ( – “тиловат қилинадиган ваҳий” деб аталади. Яъни, ибодатларда ўқилиши мумкин бўлган ваҳий маъносида. Ваҳийнинг бу тури Қуръон карим оятлари билан чегараланган бўлиб, Китобнинг икки буклами орасида оғзаки ёзилгандир.
- Уммат ҳаётининг ҳар бир жабҳасида ва амалида Аллоҳнинг розилигини топиши ва Қуръонда баён қилинган буйруқ ва қайтариқларнинг батафсил шарҳланиши ва тушунарли бўлиши учун вақти-вақти билан ҳамда вазият тақозосига кўра Пайғамбарга юбориладиган ваҳий. Ваҳийнинг бу тури الوحي غير المتلوّ) ( – “тиловат қилинмамйдиган ваҳий” деб аталади. Бундай ваҳий одамларга оғзаки равишда етказилмайди. Бу Пайғамбарнинг сўзлари ва феъллари орқали намоён бўлади.
Вайҳнинг иккинчи тури Қуръон билан асосланган.
Ушбу ваҳий Қуръон каримда мавжуд эмас. Шундай бўлса ҳам, Қуръон каримнинг ўзи унга нафақат тез-тез мурожаат қилади, балки унинг мазмун-моҳиятини Аллоҳ таолога ҳавола қилади. Қуръоннинг баъзи оятларида Ваҳий фақат Қуръонга чекланмаганлиги, балки ваҳийнинг бошқа бир тури бўлиб, у Қуръоннинг бир қисми бўлмасада, Аллоҳ таолонинг ваҳийси эканлиги очиқ-ойдин зикр қилинган. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириб ўтаман:
Аллоҳ таоло айтади:
۞ وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ
مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ ۞
“Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз”
Ушбу оятни тушуниш учун, олдин оятнинг нозил бўлиши сабабини билиш керак бўлади:
Мадина даврининг дастлабки кунларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, мусулмонларга намозларида юзларини уларга қибла этиб берилган Байтул мақдис томон йўналтириш буйирилган эди. Ҳижратдан сўнг ўн етти давомида мусулмонлар Байтул мақдисга юзланиб намоз ўқишдилар. Ўн етти ойдан сўнг, Қуръон карим қибла борасида аввалги буйруқни бекор қилди ва мусулмонлардан Каъбани ўзларининг қиблалари сифатида тутишлари ҳамда намоз ўқиётганда юзларини шу томон буришлари талаб қилинди. Қуйидаги оят янги қиблани тайинлаш учун нозил қилинди:
۞ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ ۞
“Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур”
Ушбу янги буйруқ баъзи кофирлар томонидан танқид қилинди. Улар нима учун илгари Байтул мақдисни қибла қилиб тайинланганлигига қарши чиқишди. Юқорида тиловат қилинган оят ушбу эътирозга жавоб бериш учун нозил қилинди. Яъни, аввалги қибланинг тайинланиши одамларнинг Пайғамбарга эргашадими ёки йўқми?, шуни синаш учун эди.
۞ وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ
مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ ۞
“Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз”
Бу ерда Байтул мақдисни биринчи қибла этиб тайинлаш худди янгиси каби Аллоҳ таолонинг Ўзининг буйруғи билан амалга оширилгани аниқ-равшан кўриниб турибди. Бироқ, бу буйруқ Қуръон каримнинг ҳеч бир ерида йўқ. Бирор оятда намозда Байтул мақдисга қараб юзланиш ҳақида зикр келмаган. Ушбу буйруқ мусулмонларга Қуръон каримнинг бирон оятига ишора қилмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидн буйирилган. Шунга қарамай, намозда Байтул мақдисга қараб юзланиш ҳақидаги буйруқ юқоридаги оятда Аллоҳ таолонинг амри сифатида зикр қилинмоқда:
“Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз”
Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло “қилганмиз” деяпти. “Пайғамбар қилди” деб айтмаяпти.
Қибла борасида Қуръоннинг ушбу кўрсатмаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан илгари берилган буйруқ, гарчи Қуръонда зикр қилинган бўлмасада, айни пайтда шубҳасиз ваҳийга асосланганини тасдиқлайди. Ҳамда ваҳийнинг бу кўриниши айнан “тиловат қилинмайдиган ваҳий” ҳисобланади.
Юқорида тиловат қилинган оят қуйидаги далилларни исботлайди:
а) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан бўлмаган баъзи ваҳийларни қабул қилардилар;
б) Бу ваҳийлар Аллоҳ таоло томонидан бўлганлиги сабабли, бундай ваҳийларга асосланган буйруқлар ҳам аслида Аллоҳ таоло томонидан бўлади;
с) “Тиловат қилинмайдиган ваҳий”га асосланган буйруқлар мўминлар учун Қуръон карим оятлари каби мажбурий эди;
д) Бу буйруқлар баъзида мусулмонларни синаш учун берилар эдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ва қайтариқлари Қуръонда келган ёки келмаганлигидан қатъий назар, улар У зот алайҳиссолату васалламга эргашадими ёки йўқми? Ёки кимлар эргашади-ю, кайсилари шубҳа назари билан қараб эргашмайди? Шуни текшириш учун ҳам бериларди.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
“Ислом шариатида суннатнинг ҳужжатлиги” китоби.
Инглиз тилидан ТИИ ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф таржимаси