islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бемор одамни зиёрат қилишнинг қандай одоблари бор?

Бемор кишини зиёрат қилиш Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Ҳатто Ибн Ҳамадон раҳматуллоҳи алайҳи беморларни зиёрат қилиш фарзи кифоя, деганлар. Ҳазрат Шайх Тақийиддин: «Касални зиёрат қилиш борасида келган далиллар касални зиёрат қилиш вожиблигини тақозо этади», деганлар[1].

«Ширъатул ислом» китобида айтилган: «Ҳар киши беморни сўрамоққа борса, беморнинг икки тиззасига яқинроқ ўтиради. Беморнинг Бош тарафида ўтирмайди. Касал ҳузурига борган киши чап ва ўнг тарафга қарамай, бемор тарафига қараб туради. Яна беморнинг юзига қарамайди. Янги либос кийиб кирмайди.

Аччиқ назар бирла қарамайди. Ва яна «Иншоаллоҳ, тезроқ сиҳат топасиз. Умрингиз узун бўлур», дейди. Бу сўзлар билан унинг кўнгли хурсанд бўлади. Беморнинг олдида узоқ ўтирилмайди. Қўлини беморнинг пешонасига ё қўлига қўйиб, меҳрибонлик билан аҳволи қан­дайлиги сўралади. Беморнинг олдида ўзга сўз айтилмайди. Ва ундан дуо қилиш сўралади». «Ширъатул ислом» китобида яна айтилади: «Ҳар вақт бемор сидқу ихлос бирла дуо қилса, фаришталар дуосидекдур». Сўрагучи «шифо бергай», деб дуо қилади. Зероки, Расули Худонинг суннатларидир. (Бемор) яна гуноҳларига тавба қилса дуруст. Худодан паноҳ тиланади. Ва яна молининг учдан бирига васият қилади. Худонинг фарзини, Расули Худонинг суннатларини адо этмоққа саъй қилади. Душманларини рози қилсин». Ўлимни ҳар соат ёдига олади. Зероки, ҳар соғ одам ҳам ўлимни ҳар кун йигирма тўрт маротаба ёдига олса, Худойи таоло (қалбини) зинда (тирик) қилгай. Китобларда айтилишича, ҳар киши ўлимни дўст тутса, жони танасидан жудо бўлганда дийдорига восил қилишига умид бор. Худонинг ёдидан ўзгани ёд этмайди. Агар мўмин ўлимга яқин бўлса, бир яхши ерни хушбўй қилсинки, то фаришталар келгай. Мўмин агар қаттиғлиқ бирла жон берса, таъна қилмасин, шоядки, гуноҳини шу сабаб ярлақаса.

«Шарҳи Аврод»да айтилишича: «Ўнг ёнидан ётқизиб, юзи қиблага қилинади. Бизнинг вилоятда ҳалқа (чал­қанча) ётқузмоқни ихтиёр қилишган, токи жон чиқмоқ осон бўлади. Аммо аввалиси суннатдур. Яна у ҳолда Калимаи шаҳодат талқин қилинади. У одамга эшиттириб айтсин, лекин «айт» демасин”.

Китобларда келишича, бошида Ёсин сурасини ўқимоқ суннатдир. Агар жон чиқар бўлса, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дейилади. Унинг кўзи юмдирилади ва энгаги боғланади. Аъзолари совимай рост қилинади (ўтқазилади).

Алҳамдулиллоҳ, юртимиз тинч, турмушимиз осуда, беморларимизга клиника ва шифохоналарда даволаниш учун барча жиҳоз ва шароитлар муҳайё, лекин бемордан ҳол-аҳвол сўрашнинг ўзига хос аҳамияти борки, у хал­қимизнинг ўзаро меҳр-оқибати нишонасидир.

Беморни зиёрат қилишга ушбу келтириладиган ҳадислар ажойиб далилдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: حقُّ الْمُسْلِمِ علَي الْمُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ، وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ، وَاتِّبَاعُ الْجَنَائِزِ، وَإجَابَةُ الدَّعْوَةِ، وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: «Мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳақи бешта:

– кўришиб қолса, салом бериш;

– агар бирор касалликка чалинса, бориб кўриш;

– вафот этса, унинг орқасидан эргашиш (яъни жанозасида қатнашиш);

– (бирор маросимга ё йиғинга) чақирса, ижобат қилиш;

– аксириб, «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга «Ярҳаму­каллоҳ» дейиш» (Имом Бухорий ривояти)[2].

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْمُسْلِمَ إِذَا عَادَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ لَمْ يَزَلْ فِي خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّي يَرْجِعَ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

  1. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай мар­ҳамат қиладилар: «Бемор биродарининг зиёратига борган мусулмон киши то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади» (Имом Муслим ривояти)[3].

عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: عُودُوا الْمَرْضَي وَشَيِّعُوا الْجَنَائِزَ فَإِنَّهُ يُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ.

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Беморларни кўргани боринг­лар, жанозани кузатинглар (яъни, унда иштирок этинглар). Чунки бу сизларга охиратни эслатади»[4].

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَا ابْنَ آدَمَ، مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي، قَالَ: يَا رَبِّ كَيْفَ أَعُودُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ عَبْدِي فُلاَنًا مَرِضَفَلَمْ تَعُدْهُ، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ؟… رَوَاهُ مُسْلِم.

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла қиёмат кунида бундай дейди: «Эй одам боласимен касал бўлдиммени кўргани келмадинг!» Банда: «Ё Рабб, Сени қандай қилиб кўргани бораман, ахир Сен оламларнинг Раббисан-ку?» – дейди. Аллоҳ: «Билмас­мидинг, фалончи бандам касал эди, уни кўргани борма­динг? Билмасмидинг, агар сен уни кўргани борганингда унинг ҳузурида Мени топардинг?» (Имом Муслим ривояти) [5].
  2. Ривоят қилинишича, бир киши Умму Дардо ро­зияллоҳу анҳунинг олдига келиб, қалбининг қаттиқ­лигидан шикоят қилди. У киши овутдилар: «Унинг энг катта давоси касалларни бориб кўриш, жанозага қатна­шиш ва қабристонни зиёрат қилиш». У киши бир муддат шундай қилдилар ва қалби юмша­га­нини сезиб, ичида бир хурсандчилик тўйди, сўнг У­мму Дар­донинг олдига келиб: «Сизни Аллоҳ таоло мукофатласин», деди.

Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ عَادَ مَرِيضًا نَادَي مُنَاد مِنَ السَّمَاءِ: طِبْتَ وَطَابَ مَمْشَاكَ وَتَبَوَّأْتَ مِنَ الْجَنَّةِ مَنْزِلاً. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Бир одам бемор кишини фақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда бундай дейди: «Жуда яхши қилдинг. Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзингга бир манзил тайёрладинг» (Имом Ибн Можа ривояти)[6].

Бормаслик хижолатли иш деб маломатдан қўрқ­қанидан хасталар зиёратига боришда савоб йўқ. Чунки у атрофдагилардан уялганидан борди. Аллоҳ таоло ризосини топишни ният қилгани йўқ. Бундай зиёратга киши ҳеч қандай савоб олмайди. Балки гуноҳкор ҳам бўлиши мумкин.

Агар касал бошқа дин вакили бўлса ҳам, зиёрат қилиб, ҳолидан хабар олиш динимизда мақталган.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ غُلاَمٌ يَهُودِيٌّ يَخْدُمُ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ، فَقَعَدَ عِنْدَ رَأْسِهِ فَقَالَ لَهُ: أَسْلِمْ. فَنَظَرَ إِلَي أَبِيهِ وَهُوَ عِنْدَهُ فَقَالَ لَهُ أَطِعْ أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَسْلَمَ، فَخَرَجَ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَنْقَذَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яҳудий хизматкорлари бор

 эди(Бир куни) у касал бўлиб қолдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳолидан хабар олгани бордиларУнинг боши тарафига ўтириб: «Ис

ломни қабул қил», десалар, у олдида турган отасига қаради. Отаси: «Абул Қосимга (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кунялари) итоат қил», деди. У йигит Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб кетаётиб: «Уни (йигитни) дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилганлар)[7].


[1]
Муҳаммад ибн Исо Термизий. “Ал Жомеъ ус-Саҳиҳ Сунани Термизий”. Байрут: “Дару иҳя туросил арабий” матбааси. 4-жуз, 300-бет

[2] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. «Саҳиҳул-Бухорий». Риёз: «Дорус-салом». 1999,199-бет.

[3] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Риёзус-солиҳийн». Тошкент: «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2015, 417– бет.

[4] Абдулқодир Жийлоний. «Фатҳур Раббоний». «Дорул-маъориф». 151-бет.

[5] Анас Исмоил. «Далилус-саилийн». Жидда: «Мактабатул-мулк». 1416-ҳ.й, 562-бет.

[6] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Мирқотул мафотиҳ». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 268-бет.

[7] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980, 2-жуз, 450-бет.

ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан олинди

209560cookie-checkБемор одамни зиёрат қилишнинг қандай одоблари бор?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: