islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аёлларга ибрат бўлган ҳаёт қиссаси | 1-қисм

Ҳар соҳада ибрат ва намуна чўққисини эгаллаган саҳобалар ва саҳобия аёллар бу умматга то даври қиёматгача ўрнакдир. Чунки уларнинг барчалари илм ва ҳикматлар хазинаси бўлган Муҳаммадия мадрасасининг энг фаол толиб ва толибалари бўлиб, Аллоҳ йўлида жиддият камарини маҳкам боғлаган зотлар эди.

Аллоҳнинг каломини олий қилиш ва қиёматга қадар қоим туриши учун гўёки, пишқириб оқаётган ажал дарёсига ғоввос каби шўнғиган саҳобаларнинг ўрни қанчалик муҳим бўлса, саҳобия аёлларнинг ҳам хизмати уларникидан кам эмас. Уммат уларнинг ҳам ҳаётини доимо ўзларига ибрат сифатида ўрганадилар. Ана шундай саҳобия аёллардан бири Умму Сулайм бинти Милҳон ал-Хазражия розиёллоҳу анҳо эди. Келинг сиз билан мана шу жаннат оёғининг остида бўлиб, уни фақат ўлимигина тўсиб турган онанинг ибратли ҳаётига назар солиб, сабр ва эзгу амаллар борасида ўзимизга илҳом олайлик.

Умму Сулайм бинти Милҳон Ал-Хазражий ансория аёллардан бўлиб, Хазраж қабиласининг Бани Нажжор уруғидан эди. Асл исми тўғрисида кўпгина ривоятлар келган. Бирида асл исми “Саҳла” бўлган деса, бошқасида “Рамла” бўлган дейди. Яна бирида “Унайса” бўлган деса, бошқасида эса “Мулайка” бўлган дейдилар. Аммо лақаблари “Румайсо” бўлгани аниқ.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталарида диндош биродарликдан ташқари қариндошлик томонларилари ҳам бор. Яъни, Бани Нажжор уруғи Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳга тоға бўлган.

Оталари Милҳон ибн Холид ва акаси Харром ибн Милҳон “Биъру Моуна” жангида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида жанг қилиб шаҳид бўлган етмиш қорининг бири эди. Ўзи эса машҳур саҳобий Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳунинг волидаи мукаррамасидир.

Умму Сулайм дастлаб, Молик ибн Назир билан турмуш қурди. Фарзанди, Анас розиёллоҳу анҳу туғилгандан кейин, Мадинага ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етди. Умму Сулайм Мадиналик аёллар орасида биринчилардан бўлиб исломни қабул қилар экан, эри Моликни ҳам исломга чақирди. Аммо Молик ибн Назирнинг жоҳиллиги тутиб, хотинидан қаттиқ ғазабланди. Оиласини ташлаб, Шомга кетди ва кўп ўтмай ўша ерда ҳалок бўлди.

Шунда Умму Сулайм: “Ўғлим Анас улғайиб, мажлисларда ўтирадиган бўлмагунча турмушга чиқмайман” деб ўзига ўзи сўз берди. Бунга сабаб, агар турмушга чиқса, эри ўғлига бегонасираб тарбиясига эътиборсиз бўлиши уни андишага солган эди.  Умму Сулайм ягона фарзандини чиройли одоб билан тарбиялади.

Йиллар ўтди. Анас шундай гўзал одобда улғайдики, ҳатто ёшлигидан бошлаб, онасининг ҳаққига дуо қиларди: “Эй Аллоҳим! Онам тарбиямни чиройли қилди, ажрини ўзинг зиёда эт!»

  Умму Сулайм ўғли Анаснинг тарбияси учун кўп қайғурди. Ислом дини таълимотларини мурғак қалбига қуйиб борди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида эса,  ўғлини у зотга батамом топширди. Анас учун нубувват хонадони мадраса, Сарвари коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳақда Анас розиёллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мен ўн ёшда эдим. Онам қўлимдан тутди-да, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб: “Ё Расулаллоҳ! Шаҳримизга  ташрифингизни қутлаб, совға-салом билан келмаган бирор эркак ёки аёл қолмади. Фақат мен қолдим. Сизга ўзгача совға қилмоқчиман. Ўғлим Анас сизга туҳфа бўлсин. Сизга маъқул келганича хизматингизни қилсин” деди. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўн йил хизматларини қилдим. У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар, ҳатто қовоқларини солиб қарамадилар ҳам” деган эди.

Умму Сулайм қачон ўғли Анас билан кўришса, албатта, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга чиройли хизмат қилишини тайинларди. Бир сафар она-бола йўлда учрашиб қолишди.

  • Эй ўғлим! Қаерга кетаяпсан? – деб сўради Умму Сулайм.
  • Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳожатларини адо этгани. Лекин бу сир – деди жиддий оҳангда.

Ўғлининг бу қатъиятлигидан хурсанд бўлган она:

“Болам! Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини доим шундай сақлагин” – деб уқтирди.

Қайси она фарзандига яхшилик тиламайди, дейсиз. Ҳамма оналаримиз қатори Умму Сулайм ҳам ўғлига баракотлар ёғилишини жуда-жуда истар эди. Ва бу борада у бошқалардан кўра яхшироқ йўл тутди.

Бир куни у Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан: “Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг” деб илтимос қилди. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Парвадигоро! Анаснинг молига, авлодига ва яна ўзинг ато этган бошқа нарсаларига барака бер” деб дуо қилдилар. Шу дуо ижобатидан Анас розиёллоҳу анҳу узоқ ва баракали умр кечирди, юздан ортиқ ўғил-қиз ва неваралар кўрди.

Анас улғайгач, Умму Сулаймга Абу Талҳа исмли бой-бадавлат, аммо исломга кирмаган бир киши совчи юборди. “Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган, сўз айтидиган бўлди” – деб ниятини билдирди. Умму Сулайм унга қарата: “Эй Абу Талҳа! Мен сен билан турмуш қуришим мумкин, аммо афсус сен мушриксан, мен муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас” – деб рад жавобини берди.

Абу Талҳа: “Бу қандайин сафсата эй Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёқдаю сенинг таклифинг қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр!» – деди. Ва қатъият билан айтилган жавобни эшитди: “Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этмайдиган тошга ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа! фалон қабиланинг қора қул дурадгори ишлаб берган ёғочга ибодат қилишдан уялсанг-чи! Агар сен исломни қабул қилсанг, сенинг исломинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлсин. Менга бошқа нарса керак эмас!»

Умму Сулайм ўзининг келинлиги учун оладиган бойликларини ўзга бир инсоннинг иймони дея “Қурбон қилиши” Абу Талҳани эсанкиратиб қўйди. Бундай таклифни рад этишга жавоб тополмади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло давлати ва ҳеч кимга сўз бермаган бир жоҳил бандасини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Жаннатда кўрдим” дея башорат берган заифа аёл сабабидан ҳидоятга бошлади.

  • Менинг исломимга ким гувоҳ бўлади? – деб сўради Абу Талҳа.
  • Расулуллоҳнинг ўзлари! У зотга бориб айт – деди Умму Сулайм.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирган эдилар. Ўзлари томон келаётган Абу Талҳага кўзлари тушиб: “Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида қашқадай кўриниб турган исломий нури билан келмоқда” деб қарши олдилар. Шундай қилиб Абу Талҳа Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида мусулмон бўлди. Кейин Умму Сулаймнинг гапларини айтди. У зот Умму Сулайм  билан Абу Талҳани ўша шартга мувофиқ никоҳлаб қўйдилар. Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сепларга, маҳрига бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эътибор беришар эди. Аммо буюк саҳобия Умму Сулайм бу борада аёл зотига қиёматга қадар бир хайрли ибрат қолдирди. Собит Баноний бу  ҳақда: “Умму Сулайм олган маҳрдан каттароқ маҳр олингани маълум эмас” деган эди.

Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

катта ўқитувчиси Абдурасул Тошпўлатов

214320cookie-checkАёлларга ибрат бўлган ҳаёт қиссаси | 1-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: