islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тафсир фанига таянч ноёб манба

Самарқанд азал-азалдан илм-маърифат ўчоғи саналиб, “Самарқандий” таҳаллуси остида ижод этган минглаб олимлар, шоир ва адибларни ўз бағрида тарбиялаган муқаддас замин ҳисобланади. Мовароуннаҳр диёрига ислом дини кириб келгач, бу ўлкадан етук алломалар авлоди етишиб чиқиб, илм-маърифатда бутун дунёга пешқадам бўлдива Она замин шаънини кўкларга кўтарди. Уларни номма-ном санаб ниҳоясига етиб бўлмайди. Шундай олимлардан бири бўлган Абу Наср Ҳаддодий Самарқандийнинг илмий фаолиятива уни “Ал-мадхал фий илмит тафсир” асари ҳақида тўхталамиз.

Бу аллома ҳақида маълумотлар асосан араб тили манбаларида учрайди. Имом Жазарий[1]ни “Ғоятун ниҳая фий тобақотил қурро”, Софван Аднон Довудий[2]ни таҳқиқи остида чоп этилган Ҳаддодийни “Ал-муваддиҳ лиъилмил Қуръан” ва “Ал-мадхал фий илмит тафсир”, Валид Аҳмад Ҳусайн[3]ни “Ал-мавсуатул муяссара фиё тарожими аимматит тафсир” асарлари ва яна бир неча манбаларни келтириш мумкин.Тилимизга доир адабиётларда эса бу борада жуда кам маълумотлар учрайди, фақат Шовосил Зиёдов, Қодирхон Маҳмудовлврнинг “Самарқанд алломалари” китоби ва Даврон Мақсудовни “Тафсир илмига кириш”[4]номли ўқув қўлланмасини бунга мисол қилиб келтириш мумкин, лекин бу муаллифлар ҳам аллома ҳақидаги маълумотларни юқоридаги манбаларнинг айримларига таяниб келтирганлар.

Олимнинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад абу Наср ас Самарқандий бўлиб, Ҳаддодий таҳаллуси билан танилган. Уни бу ном билан аталиши темирчи бўлганлиги, ёки Ҳаддода қишлоғида туғилганлиги эътиборидандир[5]. Тарихчи олим Ёқут Ҳамавийнинг келтиришича, Ҳаддода –  ҳозиргиЭроннинг Рай вилоятидаги Домғон ва Бастом оралиғидаги катта бир қишлоқ номи бўлиб, ўша даврдаҳожилар шу ерга тўхтаб ўтганлар[6]. Яна бу ном билан машҳур бўлган олимлардан – Муҳаммад ибн Зиёд ал-Қумсий ал-Ҳаддодий, Муҳаммад ибн Халаф ал-Ҳаддодий ал- муқрийбўлиб, ундан  Доруқутний ривоят келтирган. Шу ўринда алоҳида яна бир Ҳаддодий олим ҳақида тўхталиб ўтиш лозим. У ҳам бўлса Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Меҳрон ал-Ҳаддодий ал-Марвазий бўлиб, Бухоро ва бошқа шаҳарларда қози бўлган. У ҳанафий фақиҳларидан бўлиб, 388-ҳижрий сана Муҳаррам ойида вафот этган. Баъзи қарашларга кўра бир юз етти йил умр кўрган[7].

У ҳам биз ҳаётини ўрганаётган ҳаддодий билан ҳамаср бўлган ва ундан бир неча йиллар аввал вафот этган . Биз тўплаган манбалар ичида у иккиси учрашганлиги ҳақида маълумотлар берилмаган.У Аллома ўз даврида Самарқанднинг кўзга кўринган қориларидан бири бўлган[8].

Абу Наср Ҳаддодий таваллуд санаси борасида манбаларда аниқ маълумот йўқ, шундай бўлсада, имом Жазарий Ҳаддодийни360/971йиллардан кейин Самарқанд қорилари шайхи Абу Саъид Жаъфар ибн Муҳаммад Сухтиёнийга Қуръон ўқиб берганини келтириб ўтган[9]. Бундан у Х аср ўрталарида таваллуд топганини ва биринчи Шарқ ренессанси олимлари даврида яшаб, ижод этганини тахмин қилиш мумкин.

Устозлариҳақида сўз кетгандашуни таъкидлаш керакки, у илмни фақат бир шайхдан олишга чегараланмай, бир неча шайхлардан олади. Бу эса кўзга кўринган олимларни йўли бўлиб, улар асалари каби лаззатли шароб ва тоза асал ижод этиш учун жуда кўп гулларга қўнадилар. Шунга кўра у ҳам ўз даврини кўзга кўринган олим ва мутафаккирларидан илм олган.

Шуларда Абу Саъид ас Сирофий ал- Ҳасан ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳафс Умар ибн Иброҳим Каттоний Бағдодий (ваф 390/1000), Абу Бакр ибн Маҳрон Аҳмад ибн Ҳусайн Исфаҳоний Нишопурий (ваф 381/991), Абу Бакр Аҳмад ибн Наср ибн Мансур Шазоий (ваф 373/984), Абу Яҳё Муҳаммад ибн Сулаймон Хайёт,Абу Саъид Жаъфар ибн Муҳаммад Сухтиёний, Абулқосим Зарийр Ҳибатуллоҳ ибн Салома Бағдодий(ваф 401/1020)ваМуҳаммад ибн Аббос Хаззоз Бағдодийларин келтириш мумкин[10].

Ҳаддодий шу қадар буюк ва машҳур бўлишига қарамай,унинг шогирдлари ҳақида мавжуд манбаларда деярли ҳеч қандай маълумот учрамайди. Бу унинг шогирди йўқ эканини билдирмайди, балки улар “унинг шогирди” номи остида машҳур бўлмаган бўлиши мумкин. Шунга қарамай имом Жазарий унинг катта ўғли Наср ва кичик ўғли Муҳаммад Неъматуллоҳ унга Қуръони каримни ўтказишганини, ҳамда Ҳузали номи билан машҳур бўлган катта устоз Юсуф ибн Алий ибн Жаббора олимнинг тўнғич ўғли Насрга шогирд бўлганини зикр қилиб ўтади[11].

Манбаларда алломанинг вафоти ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган. Ибн Жазарий ўзининг “Ғоятунниҳоя” асарида алломанинг 400/1010 йилдан кейин вафот қилганлиги ҳақида маълумот келтирган. Аллома 60 йил атрофида умр кўрган деб фараз қилсак бўлади, чунки юқорида келтирилганидек, у 360/971 йилда Самарқандда Сухтиёнийдан қироат илмидан таҳсил олган. Шунга кўра, уни ўша вақтда 15 ёшда бўлган деб фараз қилсак, 400/1010 йилгача яшаган бўлса 55 га кирган бўлади. Ундан кейин ҳам озроқ умр кечирган бўлса, 405-410/1015-1020 йиллар атрофида вафот қилган[12].

Алломанинг асосан уч асари зикр этилади:

  1. “Ал- муваддиҳ фий илмит тафсири китабиллаҳи таъала” (Аллоҳ таолони китобини тафсирини равшанлаштириш);
  2. “Ал-ғуня фил қироат” (Қироатдаги беҳожатлик), афсуски, бу китоб бизгача етиб келмаган. Ибн Жазарий бу асарнинг жуда қимматли асар бўлганлигига ишора қилган;
  3. “Ал-мадхал лиилми тафсири китабиллаҳи таала” (Аллоҳ таолонинг китобини тафсир қилишга киришиш) асари бўлиб, биз қуйида мана шу асар қўлёзмаси ва мазмуни бораси тўхталиб ўтамиз.

Китобни нусхаси: Дарҳақиқат бу китобни ўрганиш жараёнида ёзилган хатни эскириб кетиши сабабли бир неча қийинчиликларга дуч келдик. Бунга қўшимча қилиб калима ва шеърлардаги ўзгартиришларни келтириш мумкин ва ўзаро қиёсий таҳлил учун бу китобни бошқа нусхасини топа олмадик.Бу китобни  Ер юзида ёлғиз нусхаси бор холос. Биз умумий кутубхоналардан ва қўлёзма фондларидан қидириб бундан бошқа нусхсини топа олмадик. У ҳам бўлса Ирландия миллий кутубхонасидаги қўлёзма нусхаси бўлиб, ундан иккита фото нусха амалга оширилган. Биринчиси Мадинаи мунаввара ислом университети кутубхонаси қўлёзмалар  ва микрофильм бўлимида, иккинчиси эса Маккаи мукаррама уммул қуро университети кутубхонаси қўлёзмалар ва микрофильм бўлимида сақланмоқда. Бу икки нусха ҳам Ирландиядаги аслий нусхадан микрофильм орқали суратга олинган. Нусха ўрта ҳажмда 123 вароқдан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифада 19 қатор бор. Уни ёзиб олган котиб номи баён этилмаган. Тадқиқотлар қўлёзма  саккизинчи ҳижрий асрга тегишли эканини билдиради[13].

Бу китоб Қуръон илмлари ва тафсири борасида таълиф этилган қимматли асар ҳисобланади. Муаллиф уни Аллоҳ таолони китоби бўлмиш “катта қаср”га киришни ҳохлаган киши учун калит ўлароқ таълиф этган, зеро калитсиз эшик очилмайди.

Муаллифнинг ўзи уни ёзишга ундаган сабабни қуйидагича келтиради:

  1. Кичик ўғли Муҳаммадга ва барча мусулмонларга совға ва туҳфа бўлсин учун;
  2. Мулҳидлар (атеистлар) ва шуларга ўхшаганлардан бўлган Қуръони каримга таъна тошини отадиганларга раддия бўлсин учун.

Мазкур китоб мавзуси ва муаллифни бу китоб бўйича йўналишига тўхталадиган бўлсак, асарнинг мавзуси уни номидан шундай маълумдир, яъни тафсир илми ва араб тили қоидаларидан унга боғлиқ жиҳатлар ҳақида эканлиги. Муаллиф китобни бир неча бобларга, бобларни эса фаслларга бўлади. Масалан “Фотиҳа” сурасидан бошлаб, унда саккизта боб бор, дейди:

  1. Мубтадо ва уни хабари (эга кесим);
  2. Исмни масдарликка кўра насб бўлиши;
  3. Мухотаб сийғадан ғоиб сийғага ўтилиши;
  4. Ғоиб сийғадан мухотабга ўтилиш;
  5. Музофни ҳазф қилиб, ўрнига музофун илайҳни ўрнатилиши;
  6. “Ла” калимасини сила бўлиб келиши;
  7. Бадал ва ундан бадал қилинганлар;
  8. “Қовлун” калимасидан кейин келувчилар.

Муаллиф бу боблардан ҳар бири ҳақида тўхталиб, шу қоидаларга дохил бўлган Қуръон оятларига ҳам бирдан киришиб кетади, “Фотиҳа” сурасида келгани билан чегараланиб қолмай, бошқа суралардаги унга боғлиқ ўринларни ҳам келтириб, кейин бу мавзуга иккинчи бор қайтмайди. Кейин “Бақара” сурасига киришиб, “Фотиҳа” сурасида келмаган қоидаларни бобларга бўлиб, юқоридаги каби баён қилиб кетаверади ва ҳоказо.

Ҳаддодийни бу асари хусусиятлари борасидада қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. Тушинтириш мақсадида мавзудан четга чиқиш;
  2. Қоидаларга Қуръони каримдан кўплаб далил келтириш;
  3. Муаллифнинг шеъриятдан яхши воқиф эканлиги, айниқса жоҳилия давридаги шеърларни яхши ўзлаштиргани;
  4. Ҳадиси шарифлардан грамматик қоидалар учун камроқ далил келтириши;
  5. Оз ўринларда бўлса ҳам китоб гўзаллигини зийнатлайдиган араб зарби масалларидан фойдаланиши.

Хулоса сифатидашуни айтиш мумкинки, Ҳаддодийнинг ҳаёт йўли ва ижодиниҳоятда кам ўрганилган, ҳатто баъзи тадқиқотчилар унинг бу асарини унга тегишли эмас, деган фикрни олға сурадилар. Шунга кўра бу борада кўпилмий изланишлар олиб бориш, хусусан у яшаган давр олимлари ижодидан унга тааллуқли янги маълумотлар ахтариш, бизгача етиб келган бу асарини эса ҳар жиҳатдан пухта ўрганиш,ўзбек тилига изоҳли таржима қилиш, Қуръоншунослик ва тафсир фанларига таянч манба сифатида фойдаланиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Чунки бу манба Аллоҳни китоби Қуръони каримни биринчи навбатда тўғри тушиниш, тўғри тафсир қилиш ва етказишда муҳим аҳамиятга эга асарлардан ҳисобланади. Нафақат муфассирлар, тажимонлар ва илм аҳллари учун, балки Қуръони каримдан бирор оят борасида гапирмоқчи бўлган ҳар бир киши учун ўрганиш лозим бўлган бебаҳо хазинадир.

Тошкент ислом и нститути Таҳфизул Қуръон кафедраси

ўқитувчиси Қурбонов Содиқжон

 Фойдаланилган адабиётлар 

  1. Шовосил Зиёдов, Қодирхон Маҳмудов. Самарқанд алломалари.-Самарқанд-2017.-Б.315.
  2. Даврон Мақсудов. Тафсир илмига кириш.-Тошкент-2020.-Б.352.
  3. Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳҳмад Ҳаддодий Самарқандий. Ал-мадхол лиъилмит тафсир. Софван Аднон Довудий таҳқиқи.-Дамашқ: Дорул қалам, 1988.-Б.777.
  4. Валид Аҳмад Ҳусайн. Ал-мавсуатул муяссара фий тарожими аимматит тафсир. 3138-б.
  5. Шиҳобиддин абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжамул булдон.-Байрут: Дар Содир, 1977.-Ж.2.-Б.549.
  6. Муҳйиддин абу Муҳаммад абдул Қодир ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Насруллоҳ ибн Солим ал-Ҳанафий. Ал-жаваҳирул мудийя фий табақотил ҳанафийя. Доктор Абдул фаттоҳ Муҳаммад ал-ҳалу таҳқиқи.-Риёд: Дар иҳя кутуб ал-арбийя, 1978-1988.-Ж.3. Б.688.
  7. Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Юсуф Жазарий. Ғоятун ниҳоя фий тобақотил қурро.-Байрут: Дар кутуб илмийя, 2006.-Ж.1.-Б.1633.
  8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б110.
  9. Муҳаммад Юсупов, Юнусхон Раҳматуллаев. Ан-найм ул-кабир. Наманган: “Наманган” нашриёти, 2014.-Б.774.

 

[1]Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибнЮсуф Жазарий бўлиб, (751-833/ 1350-1429м) яшаб ўтган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф уни Самарқанднинг сара уламолари қаторида зикр қилган.

[2]Унинг тўлиқ исми Савон ибн Аднон ибн Ҳошим ибн Муҳаммад Алий Довудий бўлиб, 1960- йил Дамашқда туғилган, ҳозирда Мадинаи мунавварада истиқомат қилади, йигирмадан ортиқ китоб ва таҳқиқотлар муаллифи.

[3] Унинг тўлиқ исми Валид ибн Аҳмад ибн солиҳ ибн Муҳаммад Ҳусайн абу Абдуллоҳ Тамимий бўлиб, 1964-йил Ироқнинг Зубайр шаҳрида таваллуд топган, йигирмадан ортиқ китоб муаллифи.

[4] Даврон Мақсудов. Тафсир илмига кириш.-Тошкент-2020.-Б.154-155.

[5]Валид Аҳмад Ҳусайн. Ал-мавсуатул муяссара фий тарожими аимматит тафсир. 298-б.

[6]Шиҳобиддин абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжамул булдон.-Байрут: Дар Содир.-Ж.2.-Б.226.

[7]Муҳйиддин абу Муҳаммад абдул Қодир ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Насруллоҳ ибн Солим ал-Ҳанафий. Ал-жаваҳирул мудийя фий табақотил ҳанафийя. Доктор Абдул фаттоҳ Муҳаммад ал-ҳалу таҳқиқи.-Риёд: Дар иҳя кутуб ал-арбийя, 1978-1988.-Ж.3. Б. 144.

[8] Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳаддодий Самарқандий. Ал-мадхол лиъилмит тафсир. Софван Аднон Довудий таҳқиқи.-Дамашқ: Дорул қалам, 1988.-Б.17-18.

[9]Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Юсуф Жазарий. Ғоятун ниҳоя фий тобақотил қурро.-Байрут: Дар кутуб илмийя, 2006.-Ж.1.-Б.180.

[10]Шовосил Зиёдов, Қодирхон Маҳмудов. Самарқанд алломалари.-Самарқанд-2017.-Б.90-95.

[11]Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳҳмад Ҳаддодий Самарқандий. Ал-мадхол лиъилмит тафсир. Софван Аднон Довудий таҳқиқи.-Дамашқ: Дорул қалам, 1988.-Б.22.

[12]Шовосил Зиёдов, Қодирхон Маҳмудов. Самарқанд алломалари.-Самарқанд-2017.-Б.95.

[13] Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳҳмад Ҳаддодий Самарқандий. Ал-мадхол лиъилмит тафсир. Софван Аднон Довудий таҳқиқи.-Дамашқ: Дорул қалам, 1988.-Б.45.

215690cookie-checkТафсир фанига таянч ноёб манба

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: