Садоқат ва сабр намунаси
Умму Сулайм Абу Талҳа билан саодатли ҳаёт кечирди. Аллоҳ таоло уларга ширин ва ёқимтой бир ўғил фарзанд берди. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини шу фарзандисиз тасаввур этолмас эди.
Аллоҳ таоло маҳр масаласида Умму Сулаймнинг саховатини зоҳир қилганидек, сабр бобида ҳам у зотни барча муслима оналарга ибрат бўлишини ирода қилди.
Тўсатдан унинг суюкли фарзанди касалга чалинди. Бу ҳол Абу Талҳанинг фикру хаёлини машғул этди. У Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб-келиб турар ва келган заҳоти ўғлининг аҳволини сўрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида ўлим бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан юлиб олди. Фарзанди охиратга сафар қилган вақтда, Абу Талҳа Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эди.
Шўрлик она не қилсин? Кўзининг оқу қораси, жигарининг бир парчаси бўлган боласини йўқотди! Шунга айтса керакда “Ажалнинг тиғи ўткир, лекин кўзи сўқирдир. На ёшу қарини билади ва на яхши – ёмонни” деб. Ҳаммамиз биламизки, оналар бундай ҳолатда ўзларини йўқотади, дод-фарёд қилади ва ёқаларини йиртадилар.
Умму Сулайм бу ўринда ҳам бутун дунё муслима аёлларининг ичидаги мумтоз ва буюклардан бири эканлигини кўрсатди. Аввал болани ювди. Кейин кафанлаб, ўғлининг кафанига хушбўйликлар сепар экан, гўдагининг гулдек юзларига боқиб, энди ҳеч қачон бу юзлар унга табассум қилмаслигини билиб, ич-ичидан вилқондек отилиб келаётган фарёдни сўндириш учун лабларини тишлаб кўзларидан айрилиқнинг аччиқ ёшларини тўкди. Фарзандини оналик меҳри ила бағрига босиб, айрилиқ аламини ичига ютди ва ўғлининг ҳали совимаган, иссиққина юзларидан ҳидлаб, тўйиб-тўйиб ўпдида юзларини ёпиб қўйди.
Кейин ўрнидан туриб, ўғлини ҳеч кимга ишонмайдиган меҳрибон отаси Абу Талҳага билдирмаслик учун болани устига одатдагидек ёпинчиғини ёпиб, худди ухлаётгандек қилиб ётқизди. Сўнгра ўғли Анас розиёллоҳу анҳуга укасининг вафоти ҳақида ҳеч нарса демаслигини тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиши учун юборди.
Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Умму Сулайм: “Ухлади. Ҳозирги ҳолати аввалгисидан кўра яхшироқ” деб, намга ва ғамга тўлган кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан: “Болам соғайиб қолибдида” деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Ифторлик қилди. Тун кирди. Шунда ҳам Умму Сулайм қалбидаги маҳзунликни билдирмади. Хушбўйланиб, зийнатланиб, эрининг ёнида бўлди ва тунни бирга ўтказишди.
Тонг отди. Эри масжидга отланар экан, Умму Сулайм секин гап бошлади:
- Эй Абу Талҳа! Агар бир кишидан омонат олинса, сўнг эгаси у нарсани сўраса, олганлар уни қайтармасликка ҳақлари борми? – деди.
- Йўқ! омонат эгасига қайтариладида. Бермаймиз дейишларига ҳақлари йўқ – деди Абу Талҳа.
Шунда Умму Сулайм мақсадга кўчди: “Аллоҳ таоло сизга омонатга ўғил берган эди. Энди ўша омонатини қайтариб олди. Ўғлимиз вафот этди” деди.
Абу Талҳа: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деди ва бошқа сўз айта олмади. Чиқиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, намоз ўқиди. Сўнг кеча шом вақтида ўғли вафот этганини, бундан бехабар тунни хотини билан ўтказганини баён қилди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шунда:
بارك الله لكما في ليلتكما
Яъни: “Аллоҳ сизларнинг бу кечангизга барака берсин” деб дуо қилдилар.
Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига осмон эшиклари очилди. Суюкли фарзандларини йўқотган бу оилага Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани берди. Абдуллоҳ катта бўлганида, Аллоҳ уни 9 та фарзанд билан сийлади. Ҳаммалари ҳофизу Қуръон бўлишди. Айниқса, тўнғич ўғиллари Исҳоқ ибн Абдуллоҳ йирик фақиҳ даражасига кўтарилди.
Тошкент ислом институти
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Абдурасул Тошпўлатов