islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бемазҳабларнинг раддиясига илмий раддия! | 1-қисм

Мазҳабга эргашиш ҳақидаги мақоламга Аҳмад Қодир деган биродаримиз эътирозларини жамлаб жавоб ёзган эканлар. Жавобларини ўзлари саҳифамда улашдилар ва уларга ҳамфикр бўлган бошқа биродарлар ўша мақолага муносабатимни билмоқчи эканларига ишора қилдилар. 

Мақола муаллифи у киши билан ҳамфикр бўлган бошқа кўплаб биродарлар каби Аллоҳ ҳаром қилган ҳақорат ва бўҳтонларга тўла нарсалар ёзишдан тақво қилганлар. Бу учун Аллоҳ уларни мукофотласин.

Энди уларнинг эътирозларига келсак.

Фикрлар аралашиб кетмаслиги учун уларнинг гапларини алоҳида белгилаб кетаман.

1-иқтибос: Мақолаларингизда “салафийлар”, “бемазҳаблар” деган сўзни кўп ишлатдингиз.” 

Мен салафий сўзини ишлатганман, сабаби, бундай номни бу фикрдаги уламолар ўзлари ишлатганлар ва ишлатадилар. Сиз ҳам ишлатибсиз.  Бемазҳаб сўзини мен ишлатмаганман. Сиз ҳам ишлатмабсиз. Мен бир мазҳаб ушламайдиган, дейишим, жуда камдан – кам ҳолда мазҳабсиз биродарлар дейишим мумкин. “Бемазҳаб” деган сўз эса лақабга ўхшагани учун мен ишлатмайман одатда.

2-иқтибос: Мазҳабга эргашганлар ҳам адашиши мумкин. Мазҳабларда ҳам шоз – кам учрайдиган фатволар бор.  

Мен бундай эътироз бўлиши мумкинлигини билганим учун ўша мақолада бу эътирозга жавоб бериб ўтдим: 4 мазҳаб имомларидан келган бундай фатволарни мазҳабдаги кейинги фуқаҳолар тўғрилаганлар. Қолаверса, бундай масалалар мазҳабларда нисбатан анча кам. Мен “Бидаят ул-мужтаҳид” ва “Истизкор”дан биргина Ҳасан ал Басрий роҳимаҳуллоҳга нисбат бериладиган шу каби нодир фатволардан 30 га яқинини тўплагандим. Сабабини, ўша мақолада баён қилганман.

3-иқтибос: “Аввалдан масалаларни илмий тақрир қилмагансиз” 

Бундай гаплардан фойда йўқ. Мен ҳам Аҳмад Қодир жуда паст саъвияда нарса ёзган десам бўлади, масалан. Одатда бу каби гапларни жоҳил ҳамфикрларини қониқтириш учун ишлатадилар.

4-иқтибос: “Уламоларнинг барчаси иттифоқ қиладиган қоида шуки: Тўла-мутлоқ итоат фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бўлади… 

Қолган одамларнинг сўзлари олинади ҳам, ташланади ҳам.”

Бу масалада кимга раддия беряпсиз? Ўзингиз қандайдир қавлни зикр қилиб, ўзингизга раддия беряпсизми? Мен қаерда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасининг барча сўзига эргашиш лозим, дедим?

5-иқтибос: “Уламолар одамларни умумий даражада бир неча қисмга бўлишган: Мужтаҳид мутлоқ, бир масалада мужтаҳид, илмли муқаллид, илмсиз муқаллид”

Ким шундай тақсимга бўлган?

Уламолар деганингизга қараганда ҳеч бўлмаса 3 та. Илмий омонат ўлароқ айнан шундай бўлган 3 та олимга ишора қилиб юборарсиз, раҳмат.

Бу тақсимга бир неча эътирозлар келтириш мумкин: 

1. Ким бўлганини зикр қилмагансиз. 

2. Ижтиҳод тажазъу қилиш қилмасигида хилоф борлиги, 3 қавл борлигини инобатга олмагансиз. 

3. Мазҳабда мужтаҳид деган даражани зикр қилмагансиз. Бу эса муҳим. Сабаби, ижтиҳоди мазҳаб билан қайдланган уламолар мужтаҳидларнинг аксарини ташкил қилади. Мазҳабни инкор қилмоқчи бўлган киши учун бу даражани зикр қилмаслик “қулай”.

Қолаверса, бу тақсимингизни келтиришдан мақсангизни зикр қиламагансиз. Унинг умумий ёзганингизга нима алоқаси борлиги тушунарсиз.

Шу жойгача мақолангизда мен аниқ бир аниқ эътироз кўрмадим.

Сўнгра 4 имомнинг китобидан иқтибос келтиргансиз:

1. Ибн Солаҳ, «Адаб ул муфтий вал мустафтий»

2. Ибн Обидийн, «Ҳошия»

3. Ибн Амир ал Ҳаж, «Таҳрирнинг шарҳи»

4. Нававий. «Ровзатуттолибийн».

Мен ушбу имомлардан иқтибос келтирганингиздан хурсанд бўлдим. Сабаби, бу (ўртамизда хилофли нуқтани аниқлаб олсак) сизнинг  ўша имомларнинг сўзларини қабул қилишингизга далолат қилади, шундай эмасми?

Энди, 2-3-4-иқтибосларни келтиришингиз менга эмас, ўзингиз тасаввур қилган бир қавлга раддия бўлибди. Учаласида ҳам бу уламолар оми одам қайси мазҳабдаги фатво беришга лаёқатли кишидан сўраса  ҳам бўлаверади, деган. Мен эса бу қавлни ҳеч бир пайт инкор қилмадим. Сиз ўша мен ёзган мақолаларни кўринг-чи. Қаерда мен фақат бир мазҳаб олимидан сўрасин, омий бир мазҳабдан чиқиши ҳаром ёки чиқмаслиги вожиб дедим?

Кейин, бу масалада бир эмас, икки қавл бор. Oми одам ўзини бир мазҳабга нисбат берса, ўшанда фатво сўраши керак деган уламолар ҳам бор: 

 

أدب المفتي والمستفتي (ص: 161)

“الثالثة”: هل يجوز للعامي

يتخير ويقلد أي مذهب شاء؟ لينظر، إن كان منتسبًا إلى مذهب معين بنينا ذلك على وجهين، حكاهما القاضي حسين: في أن العامي هل له مذهب أولا؟

“أحدهما”: أنه لا مذهب له، لأن المذهب إنما يكون لمن يعرف الأدلة، فعلى هذا له أن يستفتي من شاء من شافعي، أو حنفي, أو غيرهما

“والثاني”: وهو الأصح عند القفال المروزي، أن “له مذهبًا” لأنه اعتقد أن المذهب الذي انتسب إليه هو الحق، ورجحه على غيره فعليه الوفاء بموجب اعتقاده ذلك.

فإن كان شافعيًّا لم يكن له أن يستفتي حنفيًّا، ولا يخالف إمامه، فقد ذكرنا في المفتي المنتسب ما يجوز له أن يخالف إمامه فيه، وإن لم يكن قد انتسب إلى مذهب معين فينبني ذلك فيه على وجهين

Бироқ мен бу қавлни ҳам, унисини ҳам айтмадим. Агар мен демаган бўлсам, унда сиз кимга раддия ёзгансиз бу иқтибослар билан? Бировга эътироз билдиришдан олдин у билан ўзининг хилофли нуқтасини аниқлаб олиши керак одам, биродарим. Бўлмаса, ўзингиз билан ўзингиз мунозара қилаётгандек бўлиб қоласиз.

Бироқ менинг эътиборимни тортган иқтибосингиз шайхулислом Ибн Солаҳнинг китобларидан олган матнингиз бўлди. Мана ўша матн ва сизнинг унга таржимангиз:

 

قال الإمام ابن الصلاح الشافعي رحمه الله: [فمَنْ وَجَدَ من الشافعيين حديثًا يُخالِف مذهبه نظر: 

– فإنْ كمُلَتْ آلات الاجتهاد فيه، إما مُطلقًا، وإما في ذلك الباب، أو فى تلك المسألة؛ كان له الاستقلال بالعمل بذلك الحديث. 

– وإن لمْ تكْمُل إليه، ووجَدَ في قلبه حزازةً من مُخالفة الحديث بعد أن بحَثَ فلَمْ يَجِد لمُخالفته عنه جوابًا شافيًا، فلينْظُر هل عَمِل بذلك الحديثِ إمامٌ مُستقلٌّ؟ 

– فإنْ وجَدَ فله أنْ يتمَذْهبَ بمذهَبِه في العمل بذلك الحديث عُذرًا في ترك مَذهَب إمامه في ذلك]. 

أدب المفتي والمستفتي 1/58

 

“Шофеий мазҳабида (яъни: ўзларининг мазҳабларида мисол келтириб айтяптилар) бўлган инсон ўзининг мазҳабига мухолиф бўлган бир ҳадисни эшитса, унинг ҳолати қуйидагича бўлади: 

“Агар мужтаҳид мутлоқ бўлса ёки ўша (ҳадис келган) бобда ёки ўша (ҳадис келган) масалада мужтаҳид бўлса, ўзи мустақил ўша ҳадисга амал қилиши мумкин. 

Агар мужтаҳид бўлмаса, лекин қалбида ҳадисга қарши чиқаётгандай ғашлик топса-ю, лекин ўша ғашликни кетказадиган қониқарли жавоб топа олмаса, қарайди: Агар бу ҳадисга бирор эътиборли мужтаҳид олим амал қилганини топса, ўша олимнинг мазҳабига ўтиб, ўша ҳадисга амал қилиши жоиз. Бу нарса имомининг мазҳабини ташлашликка узр бўлади”, дедилар.  

Кейин эса бу матнни хато тушунишингизга биноан қуйидаги саволларни сўрагансиз:

“Салафийлар ёки бемазҳаблар ким? Мужтаҳид мутлоқми ёки баъзи масалаларда мужтаҳид бўлган олимми? Далилларни ажрата олгани учун мазҳабдан чиқиб, бошқа қавлга эргашадиган муқаллид олимми? 

Ёки қалби қониққан олимга эргашаётган авом одамми?

Бир мазҳабга амал қилган одам бир саҳиҳ далил учун мазҳабидан чиқса ва бошқа бир (мустақил) имомга эргашса салафий (бемазҳаб) бўладими? 

Ундай бўлса Ибн Солаҳ ва Имом Нававий роҳимаҳуллоҳлар салафий бўлганми ёки салафийликка чақирганми?” 

Таржимангиз, ортидан берган саволингиз ва умуман бу матнни келтиришингиздан кўриниб турибдики, сиз шайхулислом Ибн Солаҳнинг ушбу асарини ўқимагансиз.  Шунинг учун бу матндан, ҳар қандай инсон бир ҳадис топса, унга эргашаверар экан – омими, бошқачими – деб тушуниб олгансиз.

Мен буни ўзингиздан сўраб аниқламоқчиман. Айтинг-чи, биродар, сиз ўзингиз иқтибос келтирган мана шу китобни – шайхулислом Ибн Солаҳнинг “Адаб ул муфтий вал мустафтий” китобларини менга мана шу раддиянгизни ёзишингиз ва у китобдан нақл қилишингиз пайтида тўлиқ ўқиганмидингиз? Шу саволга жавобингизни кутаман.

Китоб 175 бет атрофида (нашр қилганнинг узундан узун қўшимчаларини ҳисобга олмаса).

Китоб қуйидаги 3 қисмга бўлинади:

  1. Фатвонинг шарафи…. баёни.

  2. Муфтийнинг шартлари, сифати, ҳукми, одоби.

  3. Фатво сўровчининг шартлари, сифати, ҳукми, одоби.

( Сиз келтирган иқтибос 2-қисмдан)

Шайхулислом ушбу муборак китобларини фатво беришнинг нақадар хатарли иш эканини таъкидлаш билан бошлайдилар. Фатво  хатари ҳақида 30 га яқин уламолар сўзларини келтириб, бу ишдан қаттиқ эҳтиёт бўлишга чақиради, мен мақолам чўзилмаслиги учун уларни келтириб ўтирмайман.

Шундан сўнг иккинчи қисм – Муфтийлар ҳукмлари ва шартлари қисмини бошлайди.

У қисмда муфтийларни 5 даражага бўлади:

Аввало, Мустақил мужтаҳид муфтийлар.

هد المستقل: هو الذي يستقل بإدراك الأحكام الشرعية من الأدلة الشرعية من غير تقليد وتقيد بمذهب أحد. 

Мустақил мужтаҳид – шаръий далиллардан шаръий аҳкомларни олишда (уларга етиб боришда) ҳеч кимга тақлид қилмайдиган ва ҳеч бир мазҳаб билан чегараланмайдигандир.

Сўнра имом мустақил мужтаҳиднинг ҳолати ҳақида ёзиб, охирида бундай дейди:

ومنذ دهر طويل طوي بساط المفتي المستقل المطلق، والمجتهد المستقل وأفضى أمر الفتوى إلى الفقهاء المنتسبين إلى أئمة المذاهب المتبوعة، وللمفتي المنتسب أحوال أربع:

“Кў-ўп замонлардан бери мустақил мужтаҳид (мужтаҳид мутлоқ) қолмади. Ва фатво бериш иши мазҳаблар имомларига ўзини нисбат берувчи фуқаҳоларга қолди. Мазҳабга нисбат берилувчи фуқаҳолар эса 4 ҳолат (даражада)лар:

الأولى: أن لا يكون مقلدًا “لإمامه”، لا في المذهب ولا في دليله لكونه قد جمع الأوصاف والعلوم المشترطة في المستقل، وإنما ينتسب إليه لكونه سلك طريقه في الاجتهاد، ودعا إلى سبيله.

Биринчи ҳолат: имомига на мазҳабда ва на далилида муқаллид бўлмайди, сабаби мужтаҳид учун шарт қилинган васфлар ва билимларни ўзида жамлаган бўлади. ўша имомининг ижтиҳоддаги йўлини танлагани учунгина унга ўзини нисбат беради.

Сўнгра баъзи кибор шофеий имомлари мана шундай даражани даъво қилганларини зикр қилиб, “бу жуда катта даъво, уларнинг ҳолати бу даражага муносиб эмас” дейди:

أدب المفتي والمستفتي (ص: 93)

قلت: دعوى انتفاء التقليد عنهم مطلقًا من كل وجه لا يستقيم إلا أن يكون قد أحاطوا بعلوم الاجتهاد المطلق، وفازوا برتبة المجتهدين المستقلين، وذلك لا يلائم المعلوم من أحوالهم, أو أحوال أكثرهم، وقد ذكر بعض الأصوليين منا: أنه لم يوجد بعد عصر الشافعي مجتهد مستقل

Ўша буюк имомлар учун бу катта даъво бўлса, ҳозирги одамлар учун нима дейилар экан?!

(давоми бор)

Маҳмуд Усмон,
Мадина

215950cookie-checkБемазҳабларнинг раддиясига илмий раддия! | 1-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: