Хабарингиз бор, Тошкентнинг эски шаҳар қисмида маҳобатли бино қурилмоқда. Барчамиз, ҳар гал Ҳазрати Имом мажмуасидан ўтар эканмиз, ҳали қуриб битказилмаган бўлса-да, иморат ҳақида билишни, кириб кўришга қизиқамиз.
2017 йил давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан бунёд этилиши таклиф этилган Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши, ҳозирда бетон-асос қисми битказилиб, безак ишларига ўтиш арафасида турибди. Лекин шу давр мобайнида марказ заллари, кутубхона ва музей учун экспонатлар, нодир қўлёзмалар, тарихий осори атиқалар ва китоблар юртимиз ҳамда хорижий давлатлардан тўпланди.
Давлат раҳбари қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида ҳар гал бу ерга ташриф буюраркан, ўзининг қатор таклифларини бериб келмоқда. Охирги ташрифда, 2021 йил 29 январь куни ҳам, президент Шавкат Мирзиёев марказ билан боғлиқ муҳим таклифларни берган эди.
– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик дини эканини, маънавиятга, илмга ундашини, ота-боболаримиз бунга беқиёс ҳисса қўшганини тасдиқловчи илмий натижаларни кўриш ва янги тадқиқотларга замин яратиш. Ҳозир маҳобатли бино қуриш осон бўлиб қолди. Мана, боболаримизга муносиб бино қурдик. Энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу каби таклифлар билан танишиш, марказнинг фаолияти ва олдига қўйган мақсадларидан бохабар бўлиш ниятида Тошкент ислом институтининг профессор-ўқитувчилари, ходимлар ва талабалари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Айни пайтда институтда Февраль ойи - “Ўзбекистонда Ислом цивилизациясини ўрганиш” ойлиги ўтказилмоқда.
Дастлаб, марказ бўлим бошлиғи Абдуазим Тўраходжаев Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш концепцияси билан таништириб, қурилиш жараёнларининг бориши, марказдаги музей, кириш фоэси, Қуръон зали, конференц зали, кутубхона ва бошқа аудиторияларнинг жиҳозланиши, экспонатлар тўғрисида ва амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
А.Тўраходжаев:
“104 нафар олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган концепцияда музей катта ўринни эгаллайди. 2-3 асрдан бугунги кунгача барча соҳаларда эришилган ютуқлар махсус экспонатлар орқали намойиш этилади. Бу музейни бошқалардан фарқли жиҳати, ҳар бир элементнинг, нафақат экспонат сифатидаги кўриниши балки, унинг тарихи, келтирган фойдаси ва бугунги кундаги аҳамияти очиб берилади.
Музейнинг режа ва тарҳини маҳаллий олимлар ва франциялик мутахассислар тайёрлаган. “Саҳро Луври” деб номланган Қатардаги музейни ишлаб чиққан мутахассислар, 8 та бўлимдан иборат Ислом цивилизацияси музейи концепцияси устида ишлаган.
Музейнинг асосий ғояси “Учинчи ренесанс” тамойили билан уйғунлашган. Бу ердаги экспонатлар 3D,7D ва 8D шаклида тавирланади.
Экспонатларда, истилган ёшдаги ва савиядаги ташриф буюрувчилар учун мослаб маълумотлар тайёрланяпти.
Масалан, Ибн Сино ҳақидаги маълумотлар 6 та тилда берилади ва электрон шаклдаги маълумотга ичма-ич шаклда кириб борилади.
Амалга оширилган тадқиқотлардан бири, юртимиз тарихида бўлган ва фаолият юритган барча мадрасаларнинг номи, жойлашуви, ташкил этилиши билан боғлиқ илмий изланишдир. Шунингдек, юртимизда яшаган, ижод қилган 1725 та олим ҳақида тадқиқот қилиниб энциклопедия тайёрланяпти.
Марказга ташриф буюрувчилар, дастлаб, кириш фоэсидан ўтиб, кейин Қуръон залига кирадилар. Маҳобатли бу залнинг марказига Усмон Мусҳафи қўйилиб, юқорисига 9 метрли кристалл шишали айвон жойлаштирилади. Марказ биносининг баландлиги 65 метр бўлиб, Ҳазрати Имом масжиди минораларидан 12 метр баланд.
Музей жойлашган мазкур иккинчи қаватда халқаро конференц зали қурилмоқда. Бу ерда 2022 йили Ислом ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтказилиши режалаштирилган.
2019 йил ноябрь ойидаги ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев, Ислом академиясининг магистр ва докторантларини марказга олиб келиш таклифини берган эди. Шундан сўнг, барча режалар таклифга мослаштирилиб, бинонинг учинчи қаватида академиянинг 723 та талабалари учун махсус аудиториялар қурилиши бошланди.
Шунингдек, ушбу қаватда кутубхона жойлашади ва унинг фондидаги манбалар очиқ услубда бўлиб, расмий рухсатномаларсиз барча бирдек фойдалана олади.
Кутубхонада исломий манба ва адабиётларнинг бир неча миллионли электрон шакллари тайёрланади. Ва шу қаватда марказ администрацияси ҳам ўрин олади.
Марказ томида эса, яшил ҳудуд ва сайр қилиш имкониятини берувчи инфратузилма яратилади.
Бу ерда ишловчи ходимлар 2 та тилни билиши керак. Ва қўлёзмалар билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши керак. Шунинг учун ислом институти битирувчилари ҳам шу ерга ишга кириб, энг етук мутахассис ва олимлар бўладилар, иншааллоҳ.
Шундан сўнг, ТИИнинг катта ўқитувчиси Абдурасул Тошпўлатов сўзга чиқди:
“Ислом тарихида, 9 асрда Бағдодда Байтул Ҳикма очилган бўлиб, шунинг самараси ўлароқ Хоразмда Маъмун академияси вужудга келди. Имом Суютийнинг “Тарихи Суютий” китобида Хорун ар-Рашид даврини афзалликларини ҳақида гапириб, йилнинг 365 кунининг ҳаммаси, ийд ва тўйдек ўтган, деб таъриф берган. Сабаби илм рифожланган, аҳли илм қадрланган. Ҳудди шунингдек, ушбу марказ ҳам илм йўлидаги тўй ва байрамга ўхшаш тимсолни пайдо қилмоқда”.
Таништирув тадбири сўнгида ТИИ ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқди:
“Институтда фан ойлиги қилишдан мақсад, цивилизация ва тамаддун билан талабаларни таништириш. Бу бино битади, лекин унинг ичини муносиб манба ва экспонатлар билан тўлдиришни Президент ҳам таъкидлади. Мисол учун, Венециядаги музейларни 3 соатсиз айланиб чиқиб кетиб бўлмайди, сабаби битта эшикдан кириб, барча экспонатларни кўриб чиқиб кетадиган қилиб қурилган. Ҳудди шундай ушбу марказнинг ҳам биринчи заллари қоронғулик ичра бўлиб, бинони тўлиқ айланиб чиқиб кетаётгандаги заллар ёруғлик билан якунланиши ҳам эътиборли. Тошкентга бир кунга меҳмонга келган одамда, марказга келиб, кейинги сафар бир ҳафта келиб ҳамма манбалар билан танишишим керак экан, деган ният пайдо бўлиши керак.
Биз бу марказ билан доимий ҳамкорликда ишлаймиз ва битирувчиларимиз ҳам шу ерга ишга кириб мутахассис бўлишади. Бунинг учун улар етарли даражада синовларда ўтади. Шу билан бирга ўқитувчилар ҳам бу ерга келиб тадқиқот қилиши, илмий ишларга ёрдамчи бўлиши мумкин”.
Шундан сўнг, ўқитувчи ва талабалар бино билан танишиш мақсадида қурилиши давом этаётган комплексга кирдилар.
ТИИ Матбуот хизмати