islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бадриддин Айний: олим ва омил

Қози Айний бўлмаганида Исломимиз гўзал бўлмас эди[1]

Султон Бийбарс

Икки оғиз сўз билан…

Абу Муҳаммад Бадриддин Айний ал-ҳанафий Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ҳижрий  IX аср уламоларидан. Ул зот бир вақтнинг ўзида ҳам муҳаддис, ҳам муаррих (тарихчи), ҳам фақиҳ аллома бўлганлар. Боз устига, бутун мамлакатни оёқда тутиб турган давлат тизимларининг тизгинларини ҳам қўлларида ушлаб турганлари, алоҳида таҳсинга сазовор.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, алломанинг ҳузурида шахсан Султон чўкка тушган ҳолида ўтириб давомли дарс олгани тарихдан маълум ва машҳур. Айниқса, Султон бу ҳоли билан бир умр фахрланиб юрган… Олим ва омил (амалиётчи) Айнийнинг фазилат қирралари булар билан ҳам чекланиб қолмаган. Кўпжилдли китобларга сиғмайдиган ҳаётини танитиш учун ҳаракат қилинган ушбу ожизона мақоламизни “хамир учидан патир” ўрнида қабул қилишингизни умид қиламиз.

Дунёга келиши

Тўлиқ исмлари: Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуд ал-Айнтабий ал-ҳанафий бўлиб, Бадриддин ал-Айний номи билан машҳурдир. Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ҳижрий 762 йил рамазон ойининг 26 куни, Айнтаб шаҳрида туғилди.[2] Ал-Айнтабий деб туғилган жойига нисбат берилган, сўнг бу сўз енгиллаштирилиб “ал-Айний” бўлган. (Айнтаб – Антаб Туркиянинг жануби, Суриянинг шимолида жойлаган шаҳар. Араблар, Салжуқийлар ва Усмонийлар ҳукмронлиги даврида шу ном билан аталган. Кейинчалик 1921 йил 8 февралда бу шаҳарга “Ғози, гази” сўзи қўшилиб, “Ғозиантаб, Газиантеб” деб номланадиган бўлди[3]).

Илм талабида

Маҳмуд илмли, зиёли оилада дунёга келди. Отаси ва бобоси қози, боболаридан бири Ҳусайн ибн Юсуф Қуръондан таълим берувчи устоз бўлган[4]. Отаси Аҳмад ибн Мусо ўғлининг илм олиши учун бор имкониятини ишга солди. Маҳмуд болалигидан Қуръони каримни тўлиқ ёд олди, ўқиш-ёзишни ўзлаштирди. Қуръоннинг етти қироатини таълим олди. Отаси ва бошқа шайхлардан ҳанафий фиқҳини ўрганди. Шаҳрининг бир неча уламоларидан мантиқ, араб тили, тафсир  илмларини таълим олди. Бу илмларни пухта ўргангач, қозиликда отасининг ўринбосари бўлди[5].

Бадриддин Айний бу илмлар билан кифояланиб қолмади. Ҳижрий 783 йил, 21 ёшида Суриянинг катта шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳалабга (Алеппо) билимини ошириш учун йўлга отланди. У ерда Жамолиддин Юсуф ибн Мусо ал-Малатий каби етук олимлардан дарс олди, ундан ҳанафий фиқҳи китобларидан баъзиларини ўрганди. Оталари вафот этгани туфайли ҳижрий 784 йил яна юртига қайтди.[6] Сўнг Баҳсан шаҳрига бориб, Валийюддин Баҳастонийдан, Каҳт шаҳрига сафар қилиб Алоуддин Каҳтавийдан, ундан сўнг Малатийя шаҳрига йўл олиб у ерда Бадриддин Кашшофийдан таълим олди[7].

Бадриддин Айний ватанига қайтиб, ҳаж фарзини адо этиш учун Маккаи Мукаррамага йўл олади. Макка ва Мадина шаҳарларида турган пайтида ҳам у ернинг олимлари билан учрашади, илм олади. Сўнг яна юртига қайтиб, ўзи ҳам дарс беришни бошлайди. Қўшни ўлкалардан кўплаб талабалар ундан таҳсил олиш учун келишади.

Ҳижрий 788 йили Маҳмуд ибн Аҳмад Фаластиндаги Байтул Мақдисга сафар қилади. У ерда асрининг етук олимларидан шайх Алоуддин ас-Сайромийни учратиб, унга шогирд тушади[8]. Бу ҳақда Айнийнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Шайх Алоуддин Қуддусга келганларида мен ҳам зиёрат учун борган эдим. Бу инсон ҳақида эшитиб юрардим, аммо ҳали кўрмаган эдим. У зот билан учрашдим ва илмда, ҳилмда инсонларнинг энг афзалини, энг яхшисини топдим. Шайх ҳазратларининг суҳбати мени Миср диёрларига бориб, у зотнинг хизматини қилишга, илм олишга ундади. Аслида ниятим зиёрат тугагач, шаҳримга қайтиш эди. Аммо бу инсонни кўргач фикримдан қайтдим. Қуддусда ўн кун туриб у зот билан Миср диёри томон йўлга тушдим ”[9].

Қоҳирада

Шайх Сайромий Қоҳирага келганда, Миср султони Зоҳир Сайфиддин Барқуқ уни чиройли кутиб олади, унга иззат икром кўрсатади. Султон шайх Сайромийни ўзи янги барпо қилган, катта “Зоҳирия” мадрасасига устоз этиб тайинлайди. Алоуддин Сайромий ақлли, илмли шогирди Айнийни  дарс беришда  ўзига ёрдамчи қилиб олади.

  Айний Қоҳирада қулай фурсатдан фойдаланиб, машҳур шайхлардан ҳадис илмини ўрганишга жидду-жаҳд билан киришади. Сирожиддин Балқиний, Зайнул Ироқий, Тақийюддин ад-Дажавий ва бошқа йирик устозлар қўлида имом Аҳмаднинг “Муснад”и,  имом Дориқутний,  имом Доримийларнинг “Сунан”лари, имом Бағовийнинг “Масобийҳус сунна”, имом Насаийнинг “Сунанул Кубро” ва бошқа асарларни таълим олади. Шу муддат асносида ҳижрий 794 йилнинг рабиъул аввал ойида Дамашқ шаҳрига бориб, у ердаги “Нурия”[10] мадрасасида Нажм ибн Кашшоф ал-Ҳанафийдан Саҳиҳул Бухорийни таҳсил олади[11].

Ҳижрий 790 йил шайх Сайромий вафот этади. Устози ўрнига Айний Зоҳирия мадрасасида дарс бера бошлайди. Аммо икки ойдан сўнг  мадрасадан кетади[12]. Ватанига қайтиб у ерда ёзаётган асарлари устида ишлайди. Унинг илм таҳсил олиши ва таълим беришидаги шижоати, куч-ғайрати атрофга ёйилади.

Бироз муддатдан сўнг Айний яна Қоҳирага сафар қилади. Шаҳар аҳли ҳам, маъмурияти ҳам уни хурсандчилик билан кутиб олишади[13].

Ҳам масъулиятли ҳам қалтис вазифалар ёхуд яна Қоҳирада

Бадриддин Айний Қоҳирада бир неча лавозимларга тайинланган… Ҳижрий 801 йилда ал-Мақризийнинг ўрнига бош назоратчи этиб тайинланади[14]. Бош назоратчи вазифасини ўташ даврида Айний шариат қонунларининг амалда қўлланилиши, бозорларнинг ҳолати, бозордаги молларнинг тўлиқлигини қаттиқ назоратга олар эди. Бозорлар тартибсиз ҳолга келиб, савдо молларида етишмовчилик кузатилганда, нархлар кўтарилиб кетган пайтларда султонларнинг ўзлари Айнийга бу вазифани ўзи бошқаришини сўраб мурожаат қилишган. Чунки унинг ҳалоллиги, холислиги ва  бу ишга лаёқати борлигини билишар эди. Шунинг учун бу вазифага бир неча бор қайта тайинланар эди. Охирги тайинланиши ҳижрий 846 йилда бўлиб, 847 йилда бу вазифадан бутунлай кетади.[15]

Ҳижрий 819 йилда унга вақф нозири вазифаси топширилади (бу ҳозирги пайтда вақф вазирлигининг раиси вазифасига тўғри келади). Бу вазифада ҳижрий 853 йилгача, 34 йил хизмат қилади.[16]

Ҳижрий 829 йилга келиб, Султон Бийбарс даврида ҳанафий қозиларининг каттаси этиб тайинланади.[17] Қозилик вазифаси фақатгина шахсий ҳаётий масалалар билан чекланиб қолмаган. Балки уларга мурожаат қилинадиган ҳар қандай масала, у ҳоҳ жиноий иш бўлсин, ёки (маъмурий) фуқаролик иши бўлсин, юзага келган муаммони қози ҳал  этиши керак эди. Шу билан бирга мусулмонларга намозларида имомлик қилиш, танга босиб чиқариладиган зарбхоналарда тангалар бутунлиги ва уларнинг вазнларини назорат қилиш ҳам қозининг вазифаси сирасига кирган.

Аждодларга хос серқирралик: Илм асло қолиб кетмас эди!

Бадриддин Айний бу вазифаларнинг машаққати, қийинчилигига қарамасдан, таълим беришдан асло тўхтамади. Ҳижрий 818 йилда очилган “Муаййидийя”[18] мадрасасида ҳадис илмидан, “Маҳмудийя”[19] мадрасасида фиқҳ илмидан таълим беради. Шу билан бирга тарих, наҳв фанларидан ҳам дарс ўргатади[20]. Натижада, унинг қўлида бир қанча илмли шогирдлар етишиб чиқди. Ҳанафийларнинг етук фақиҳ олимларидан бири Камол ибн Ҳумом, Шамсиддин Саховий, абу Фазл Асқалоний, Юсуф ибн Тағрий Бердий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Султонлар устози

Бадриддин Айний Миср султонларидан кўпи билан асрдош бўлган. Баъзилари билан ўрталарини мустаҳкам алоқа боғлаб турган. Айниқса, султон Бийбарснинг Айнийга нисбатан ҳурмати кучли бўлиб, ораларида муносабатлар мустаҳкам эди. Айний турк тилини яхши билиши бу алоқаларнинг ортишига ёрдам берди. Чунки Султон араб тилини яхши билмас эди. Айний кечалари бир неча соат Султонга шариат, фиқҳнинг нозик, тушуниш қийин бўлган ўринларини батафсил тушунтириб берар, диннинг кўплаб амрларини таълим берар, турк тилига таржима қилган тарих борасидаги асарини ўқиб берар эди[21]. Султон Бийбарс устози Айнийнинг ҳузурида илм ўрганаётган ўқувчи бўлиб ўтиришидан асло уялмаган, балки доим бу билан фахрланган. Атрофидаги кишиларга ҳам: “Қози Айний бўлмаганида Исломимиз гўзал бўлмас эди”, деб очиқ-ойдин айтар эди[22].

Султон Бийбарс ўзига келадиган элчиларни кутиб олиш, қўшни ўлкалардан келадиган мактубларни таржима қилиш каби масъулиятли вазифаларни ҳам устози Айнийга топширади.

Жаҳон илмий хазинасига қўшган ҳиссалари

Бадриддин Айний фиқҳ, ҳадис, тарих, араб тили каби турли хил мавзуларда бир қанча асарлар таълиф қилган. Бу асарларнинг баъзилари бир неча жилдлардан ташкил топган. Улардан машҳурлари:

  • “Умдатул қорий фи шарҳи саҳиҳил Бухорий”. Бу ҳадис илмида “Саҳиҳул Бухорий” асарига ёзилган шарҳларнинг энг каттаси. Бу шарҳни олим 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида ёзган, 11 жилддан иборат
  • “Ал-баная фи шарҳил ҳидая”. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобларига ёзган шарҳлари бўлиб, ҳанафий фиқҳида йирик китоблардан бири. Бу асар 13 йил давомида битилган, 10 жилддан иборат
  • “Минҳатус сулук фи шарҳи туҳфатил мулук”
  • “Рамзул ҳақоиқ фи шарҳи канзид дақоиқ”. Бу ҳам ҳанафий фиқҳида бўлиб, 2 жилддан иборат
  • “Ақдул жумман фи тарихи аҳлиз заман”. Бу тарихга оид асар бўлиб, инсоннинг яралишидан то ҳижрий 850, милодий 1447 йилгача бўлган тарихий ҳодисаларни ўз ичига олган
  • “Ас сайфу ал муҳаннад фи сийротил маликил муайяд”
  • “Фароидул қалоид фи мухтасар шарҳиш шаваҳид”
  • “Ар ровзуз заҳир фи сийротил маликиз зоҳир тотар”

Сўнгги кунлар…

Бадриддин Айний ҳижрий 814, Рамазон ойида мадраса ташкил этади[23]. Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрганиш истагидаги талабаларини шу ерга жамлайди. Аксар китобларини толиби илмларга вақф қилади. Китобларидан қолганлари Миср дорул кутуб (кутубхонаси)га ўтказилади[24]. Бу мадраса кўп йиллар толиби илмлар учун бошпана бўлди. Азҳар университетининг баъзи уламолари шу ерда таҳсил олишди[25]. Ҳозирда ушбу жой масжидга айланган.

Бадриддин Айний 93 йил умр кўради ва ҳижрий 855 йил Зулҳижжа ойида оламдан кўз юмади. Эртаси куни Азҳар жомеъасида улкан жамоат билан жанозаси ўқилади ва ўз мадрасаларига дафн қилинади[26].

Бизга оид…

Одатда ўтган инсонлар ҳаёти жорий ва келажак авлод учун ибрат, сабоқ олиш илинжида ўрганилади. Битта одамнинг елкасида бунчалик оғир ва машаққатли вазифалари бўла туриб, яна илм билан шуғулланиши, бебаҳо асарлар битиб, инсоният маданий ҳаётига бемисл ва бетакрор мерос қолдириши жуда ибратомуз, албатта. Ҳозирги пайтда бу инсонларнинг бажарган ишларини бир нечта киши ҳам адо эта олмаслиги, ажабланарли ҳол.

Тарихни ўқир эканмиз, ислом оламида бу каби улуғвор шахслар саноқли бўлмаганининг гувоҳи бўламиз. Ўрганган сари бугунги тараққий этган дунёнинг ушбу аждодлар олдида нақадар қарздор эканлигини сал бўлса ҳам ҳис қилишимизга имкон пайдо бўлади. Тараққиёт буюкларнинг фақат илмини олиб, маънавиятини, одобини, инсонийлигини, ғайрату шижоатини олмаслиги эса афсуслантиради, мижжаларни намлантиради.

Аллоҳим аллома Бадриддин Айнийни ўз раҳматига олган бўлсин!

Аллоҳим бизга ҳам шу инсонлар каби сермаҳсул ва сермазмун умр берсин!

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Зойирова ҲАФИЗА

[1] Жамолиддин Абул маҳасин Юсуф ибн Тағрий Бардий, Ан-нужумуз заҳиро фи мулуки миср вал қоҳиро. 14 жуз. 289

[2] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 5

[3] Ал-Мавсуъатул ъаробийятул муяссаро. 2320.

[4] Бадриддин Айний. Ақдул жумман фи тарихи аҳлиз заман. 26 жуз. 287

[5] Ас Саховий. Аз-зуъул ламиъ. 10 жуз. 131.

[6] Бадриддин Айний. Ақдул жумман фи тарихи аҳлиз заман. 60

[7] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис . 60-61.  Ас Саховий. Аз-зуъул ламиъ. 10 жуз. 131.

[8] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 61

[9] Бадриддин Айний. Ақдул жумман фи тарихи аҳлиз заман. 26 жуз. 310-311

[10] Дамашқ шаҳрида ҳадис илмига асосланган, биринчи барпо қилинган мадраса бўлиб Нуриддин Занкий қурдирган. Ҳозирда бу мадраса жомеъ масжиди бўлиб, унда Нуриддин Занкийнинг қабри бор.  Ан-Наъйимий. Тарихул мадаарис. 1 жилд. 99-114

[11] Ас-Саховий. Аз-зуъул ламиъ. 10 жуз. 132.

[12] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 64.

[13] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 66.

[14] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 70.

[15] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 70.

[16] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 70.

[17] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 70.

[18] Ҳижрий 819 йилда Подшоҳ Муайяд шайх қурдирган мадраса. Унинг исмига  нисбат берилиб шу номни олган. Ҳозирда Мисрнинг машҳур ва катта масжидларидан бири.

[19] Ҳижрий 797 йилда Амир Маҳмуд ибн Али қурдирган мадраса. Унинг исмига нисбат берилиб шу ном билан аталган. Ҳозирда масжид  бўлиб “Жамиъул Кардий” номи билан танилган.

[20] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 67.

[21] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 78.

[22] Жамолиддин Абул маҳасин Юсуф ибн Тағрий Бардий, Ан-нужумуз заҳиро фи мулуки миср вал қоҳиро. 14 жуз. 289.   Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 78.

[23] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 81.

[24] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 81.

[25] Саъадат Али  Пошо Муборак. Ал-Хутотут тавқифия ал-жадида ли мисрил қоҳиро. 2 жилд. 260

[26] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин ал-Айний ва асаруҳу фи ъилмил ҳадис. 82.

216560cookie-checkБадриддин Айний: олим ва омил

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: