“Саҳиҳ ибн Хузайма” китоби ҳақида
“Саҳиҳ ибн Хузайма”китоби ҳадис китоблари орасида юқори ўринни эгаллайди ва бу китобнинг аҳамияти ундаги ҳадислари асослилиги ва муаллифнинг илмий ва улуғвор даражаси, Ислом оламида тутган ўрни орқали билинади. “Саҳиҳ ибн Хузайма” асари Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳайн”, яъни “Икки Саҳиҳ” китобидан кейинги олти саҳиҳнинг энг саҳиҳи ҳисобланади.
Ал-Манавий Ал-Ҳазмийдан иқтибос келтирган ҳолда шундай деганлар: «Саҳиҳ ибн Хузайма мартабаси жиҳатидан Саҳиҳ ибн Ҳиббондан юқори, чунки унинг тадқиқи кучлидир. Саҳиҳ ҳадислар борасида ёзилган китоблар орасида “Шайхайн”дан сўнг, “Саҳиҳ ибн Хузайма”, сўнг “ ибн Хиббон”, сўнг “Ҳоким”.
Ас-Суютий шундай деган: “Саҳиҳ ибн Хузайма” ибн Хузайманинг тадқиқоти қаттиқ бўлгани туфайли даражалари жиҳатидан Саҳиҳи ибн Ҳиббондан юқоридир. Чунки, у ҳадисларни саҳиҳга ажратишда исноддаги озгина гапга ҳам таваққуф қилиб, яъни тўхтаб ўша ҳадисни олмаганлар”. Албатта, илмларнинг энг афзали, аввало, Аллоҳ таолонинг китобини ўрганмоқлик бўлса, ундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини билмоқликдир. Чунки ҳадис Аллоҳ таолонинг китобини баён қилувчи, очиб берувчидир.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси муборакларини ёдлашликка ва кейинги умматга етказишга қизиқтирганлар. Салафи солиҳларимиз розияллоҳу анҳумлар бунга бўйсундилар, умрларини ва молу дунёларини ҳадиси шариф хизматига сарф этдилар. Ҳадис шарифларни ёдлаб, тўлиқ ўрганиб, ривоят қилиб ва ёзиб қолдириб ҳадиснинг ҳақларини тўла адо этдилар. Ва бизларга асрлар оша тенгсиз илмий бойлик қолдирдилар. Ким бу бойликларга назар солса, унда улуғларимизнинг қанчалар катта машаққатлари, меҳнатлари ётканини кўради.
Шу жиҳатдан олиб қараладиган бўлса, маънавий-диний меросларимизни, аввало ўзимиз ўрганиб, сўнг уларни бугунги кунда тарбия топаётган баркамол авлодга тўғри талқин қилинган ҳолатда етказиш, саҳиҳ йўналишида таълиф қилинган асарларни ўрганиб, уларни қиёслаш, даражасини кўрсатиб бериш ҳам мусулмонлик, умматлик бурчимиз ҳисобланади.
Ҳадис борасида таълиф этилган китоблар “кутубул жавомиъ” деб аталади. Кутубул жавомиълар икки навъга бўлинади.
Биринчи навъ жавомиълар ҳадиснинг барча қисмларини ўз ичига олади. Улар ичида ақида, аҳком, одоб, тафсир, тарих, сийрат, фазилат ва фитна мавзусидаги ҳадислар келади. Иккинчи навъ ҳадис китоблари Мусанниф роҳимаҳуллоҳлар набавий ҳадислардан катта ададда жамлашни ирода этган ёки махсус ҳадис китобларни жамлаган ёки муаййан мавзудаги турли ҳадисларни жамлашни ирода этиб ёзилган бўлади.
Биринчи навъда айтилган шаклда ёзилган ҳадис китоблари аҳли сунна вал жамоа наздида энг муҳимлари ҳисобланади.
Улар:
1) “Саҳиҳ ал Бухорий” муалифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Бардазбеҳ ал Жуъфий ал Бухорий. (194-256ҳ)
2) “Саҳиҳ Муслим “ муаллифи Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ибн Каршон ибн ал Қоширий ал Омирий ан Нисобурий ( 206- 261ҳ).
3) “Муватто” муаллифи Молик ибн Анас ибн Молик ибн Омир ал Асбаҳий ал Маданий. ( 90-179 ҳ)
4) “Муснад Аҳмад” муаллифи Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад аш Шайбоний. ( 164-241 ҳ)
5) “Сунан Насоий” муаллифи Абу Абдурроҳман Аҳмад ибн Шуайб ибн Али ал Хуросоний ан Насоий. ( 303 ҳ)
6) “Сунан Абу Довуд” муаллифи Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ал Аздий ас Сижистоний ( В э. 275 ҳ)
7) “Сунани Термизий” муалифи Аҳмад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Мусо ибн Заҳҳак ат Термизий, Абу Исо ( В э 279 ҳ)
8) “Сунан ибн Можа” муалифи ибн Можа Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал Қазвийний ( В э 273ҳ)
9) “Сунан Доримий” муалифи Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссомад Доримий Тамиймий Самарқандий. ( В э 255ҳ)
10) “Саҳиҳи ибн Ҳузайма” муалифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳақ ибн Хузайма ибн Муғира ибн Солиҳ ибн Бакр ас Суламий ан Нисобурий ( В э 311ҳ)
11) “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” муалифи Ҳамд ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ибн Ҳиббон ибн Маоз ибн Маъбад ат Тамиймий Абу Ҳотам ад Доримий ал Бустий ( В э 354)
Мана шулар ичида “Саҳиҳ ибн Ҳузайма” китоби бошқа саҳиҳ ҳадис китоблар қаторида ўзига яраша бир мартабада туради. Бу китоб аслида имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳнинг томонидан ёзилган.
“Мухтасарул мухтасар минал муснадис саҳиҳ аънин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам” номи остидаги китоб бўлиб, лекин олимлар орасида “Саҳиҳ ибн Хузайма” номи билан машҳур бўлган мўтабар китобдир. Ҳадис китоблари ичида шарафлиларидан ҳисобланади. Бу китобнинг муҳимлиги, ўрин, мақоми илмда мутахассисларга махфий эмас. Китобнинг маконати унинг даражасига китобнинг “Саҳиҳ ҳадис” деган номи ва муаллифининг “Имамул аиммаҳ” деб лақаб олиши далил бўла олади.
Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим
талабаси Турдиев Қобилжон