islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримда келган Набий ва Расулларнинг шукри: Мусо алайҳиссалом

Қуръони карим Мусо алайҳиссаломнинг Раббисига бўлган шукрини ҳикоя қилади. Бу Аллоҳ таолонинг Набийси ва Расулига берган нубувват, рисолат, юксак топшириғи каби буюк неъматларига шукр қилишни буюрганида кўринади. Аллоҳ таоло: “Эй, Мусо! Мен сени одамлар узра рисолаларим (Таврот битиклари) ва гаплашганим билан мумтоз (имтиёзли) этдим. Бас, сенга берганимни (қабул этиб) ол ва шукр қилувчилардан бўлгин!” – деди (Аллоҳ)”, (Аъроф сураси, 144-оят мазмуни) деди.

Бу Мусо алайҳиссаломга Аллоҳни кўриш талабига рухсатни йўқлигидан унга тасалли бериш учун гўёки: “Агар сени (Ўзимни) кўришдан ман қилган бўлсам, дарҳақиқат сенга оламларда бирор кишига берилмаган буюк неъматлардан бердим. Шундай экан, сенга берган нарсамни ғанимат қилиб олгин ва унинг шукрида доим бўлгин”, дейилган (Абус Сауд Имодий. Иршодул ақлис салим).

Тафсирда келган Мусо алайҳиссаломнинг шукри ҳақида бундай дейилган: “Сенга Қандай шукр қиламан, менинг қилган ҳар бир амалим сен берган неъматларингдан энг кичик неъматнинг ўрнини тўлдира олмас?! Шунда Аллоҳ унга: “Эй Мусо, ҳозир сен Менга шукр қилдинг”, деб ваҳий қилди” (Қуртубий. Ал-Жомиъ ли аҳкомил Қуръон). Ушбу кўрсатмада, неъматларга шукр қилишда нуқсон қилаётганини эътироф этиб тан олиш кўрсатилган. Чунки банда ўзини ожиз деб билиши, Аллоҳнинг комиллигига иқрор бўлишини билдиради.

Шукр қилиш ибодатига қизиқтирадган Қуръоний гувоҳликлардан Мусо алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилди: “Дарҳақиқат, Биз Мусони (Бани Исроил қавмига) мўъжизаларимиз билан юбориб (унга дедик): “Қавмингни зулматлар (куфр)дан нур (имон)га олиб чиққин ва уларга Аллоҳнинг кунларини (ўтмиш воқеаларини ёки неъматларини) эслатгин! Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи киши учун аломатлар бордир” (Иброҳим сураси, 5-оят мазмуни.). Маъноси: “Уларга (яъни Мусо қавмига) неъматларим ўтган кунларда “аломатлар бордир”, яъни ибрат ва насиҳат бордир, “сабрли ва шукр қилувчи киши учун” Аллоҳнинг итотида ҳар ҳар сабр эгаси ва унга берган неъматларига шукр қилувчи учун” деб айтади” (Табарий. Жомиъул баён ан таъвил ойил Қуръон).

Яна Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётида улкан бўлган шукрига мисол нажот неъмати ва душманнинг ҳалокатга учрагани учун ашуро кунларида Аллоҳ таолога шукрона қилиб рўза тутганидир. Дарҳақиқат, яҳудийлар: “Мусо шукр қилиб рўза тутган. Биз ҳам тутамиз”, деган (Муслим ривояти). Шукр қилувчилар имоми Муҳаммад алайҳиссалом биродари Мусо алайҳиссаломнинг бир қанча асрлар олдин нажот топганига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога шукр қилиб: “Биз сизлардан кўра Мусога ҳақли ва авлороқмиз” деб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кунларда рўзадор бўлдилар ва у кунларда рўза тутишни буюрдилар (Муслим ривояти).

Одамлар ушбу улуғ ибодат билан мулоҳаза қилса, бундан яхшисини топа олмайди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам неъматларга шукр қилиш сифатида пайғамбарларга эргашиш аҳамиятига ишора қилдилар. Чунки шукроналик лозим бўлган заруриятлардандир.

Тошкент ислом институти

Махсус сиртқи 3-курс талабаси,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Қ. Маҳмудов

218670cookie-checkҚуръони каримда келган Набий ва Расулларнинг шукри: Мусо алайҳиссалом

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: