Каъба неча марта қайта қурилган?
Мусулмонларнинг қибласи, ҳидоят ўчоғи, ернинг маркази бўлмиш “Аллоҳнинг байти” ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз? Уни маънан зиёрат қилишни истайсизми? Унда келинг шу ҳақида қисқача суҳбат қиламиз! Аллоҳнинг байти, Қуръонда икки марта “Каъба” деган ном билан зикр қилинган. “Моида” сураси 95-97-оятларда. Аммо бошқа номлар билан кўп маротаба зикр қилинган. масалан: “Ал-байт”, “Байтул атийқ”, “Масжидул Ҳаром”, “Байтул Ҳаром”, “Аввалу байт” ва бошқалар.
Биласизми? Аллоҳнинг байти нега “Каъба” деб номланган? Унда билиб олинг – “Каъба” деб номланишига сабаб, унинг шакли “Кубик”га ўхшаш бўлганлиги учун шундай номланган. Чунки араб тилида “Каъба” “Куб” деган маънони билдиради. Каъба мўминларнинг иккинчи ва асосий қибласи бўлиб, биринчи қибласи “Масжидул Ақсо” бўлган. Мусулмонларга намоз фарз бўлганида дастлаб 16 ой Масжидул Ақсога қараб намоз ўқишган. Кейин қибла Каъбага қараш билан ўзгарган. Каъбани дастлаб, Иброҳим алайҳис салом, ўғли Исмоил алайҳис салом билан биргаликда тоғдан тош олиб келиб қуришган.
Каъба ҳозирга қадар неча марта бузилиб, қайта қурилган? Деган саволга тарихчилар ҳар хил маълумотни айтадилар. Баъзилар тўрт марта бузиб, қайта қурилган десалар, бошқалар 5 марта деганлар.
Тарихчиларнинг ривоятига кўра Каъба Одам алайҳис саломдан то ҳозирга қадар 8 марта қурилган
- Дастлаб Одам алайҳис салом замонида Фаришталар қурган. Одам алайҳис салом, Момо Ҳавво билан бирга жаннатдан ерга туширилганда, Одам алайҳис салом Ҳиндистондаги тоққа тушган бўлса, Момо Ҳавво онамиз Маккадаги “Абу Қубайс” тоғига тушган. Улар 300 йил Аллоҳга йиғлаб тавба қилганларидан кейин Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди. Кейин иккаласи, Маккага яқин бўлган “Арафа” тоғида бир бирлари билан топишган. Унда бу Аллоҳнинг байти “Байтул Маъмур” деб номланган. Аммо “Байтул Маъмур”ни Нуҳ алайҳис саломнинг тўфони вақтида, дунё осмонига Аллоҳнинг изни ила Фаришталар кўтарган.
- Нуҳ тўфонида осмонга кўтарилган уйнинг ўрнидан Иброҳим алайҳис салом ўғли Исмоил алайҳис салом билан бирга бино қуриб, уни “Каъба” деб номлаган. Байтнинг бир бурчагига, тавоф қилувчилар, тавоф ибодатининг бошланиш ва тугаш ўрнини билишлари учун белги қўйилиш лозим эди. Шунда Иброҳим алайҳис салом ўғли Исмоил алайҳис саломга тоғдан олиб келаётган тошларидан, ранги фарқ қиладиган битта алоҳида тош келтиришга буюрди. Исмоил алайҳис салом тош ахтариб тоққа чиқиб кетган вақтида, Жаброил алайҳис салом жаннатдан “Ҳажарул Асвад”ни олиб келди. У пайтда Ҳажарул асвад шундай ялтирар эдики, унга қараган кишининг кўзини қамаштирадиган даражада нурли эди. Аммо кейинчалик одамлар Аллоҳга ширк келтириб, Каъба атрофида эркагу аёл ёлонғоч ҳолда ибодат қилишлари натижасида, Ҳажарул асвад жуда ҳам қорайиб кетди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажарул Асвад оқликда, қордан оппоқ бўлиб, жаннатдан тушгандир. (Аммо) аҳли ширкнинг гуноҳлари уни қорайтириб юборди” деган.
Иброҳим алайҳис салом билан Исмоил алайҳис саломлар Каъбани қураётганида тошларнинг ораларига лой қўймасдан, тошларнинг ўзини устма-уст қалаб қўйишган эди. Замонлар ўтиб, сел келиши оқибатида деворлари қулади.
- Журҳум қабиласи қурган. Бу Журҳум қабиласи Амолиқлардан қолган авлодлар бўлиб, Исмоил алайҳис салом ва онаси Хожарнинг изни билан уларга қўшни бўлиб яшаш учун араб саҳросига кўчиб келишган эди. буларнинг даврида ҳам сел келиб Каъбани вайрон қилгандан сўнг, улар қайта қуришган.
- “Фил воқеаси” дан тахминан 30 йиллар ўтиб, Қусай ибн Килоб бошчилигида қайта қурилди. Чунки ўша пайтда Қурайш аёллари Каъбанинг ичини хўшбўй қилиш учун олов ёқиб, хушбўй тутун ҳосил қиламиз деганларида Каъбада ёнғин содир бўлиб, ичидаги барча нарсалар ёниб кетди. Қурайшликлар Каъбани қуриш учун рибо аралашмаган, ҳалол пул йиғишади. Бу пул етмай қолиб, “Ҳатийм” (Каъбанинг ёнидаги ярим ой шаклидаги девор) ажратиб қўйилди. Иброҳим алайҳис салом қурганда Каъбанинг эшиги иккита эди, Қусай ибн Килоб бу қурилишда битта эшик қўйди ва эшикнинг астонасини ердан зина билан чиқадиган қилиб, 2 метр кўтариб қўйди. Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар Каъбанинг баландлигини 4 метр қилган эди, Маккаликлар 8,5 метр қилиб кўтаришди.
Давоми бор…
Тошкент ислом институти
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси
Расулжон Тошпулатов