2021 йил 10 март куни “Март ойи – ақоид фани ойлиги” муносабати билан Тошкент ислом институти устозлари ва талабалари билан Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида “Мотуридия ва ашаърий таълимотлари ўртасидаги фарқлар” мавзуида илмий семинар бўлиб ўтди. Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ҳозирги вақтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабаларга таълим бериб келмоқда. Мазкур илмий семинарда доктор Даманҳурий мотуридия ва ашъария таълимоти услублари ва манҳажлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Устоз ва талабалар томонидан берилган турли саволларга илмий ва асосли жавоблар берилди.
Мазкур илмий семинар сўнгида Мисрлик машҳур олим Даманҳурийга Тошкент ислом институти тарихи, бугунги фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берилди. Даманҳурий ҳазратлари Тошкент ислом институти талабаларининг илм савияси ва уларнинг илм олишга бўлган рағбатларини кўриб хурсанд бўлганини айтиб ўтди. Бугунги кунда Тошкент ислом институтига кирмоқчи бўлган талабгорлар фиқҳ, ақоид ва араб тили каби мутахассислик фанларидан имтиҳон топшириб киришини ҳам юқори баҳолади. Институтга кирган 1-курс талабаси араб тилини тўлиқ билади ва энди унга мутахассислик фанларини ўзлаштириш қийин бўлмайди. Бугунги кундаги Тошкент ислом институтининг ўқув режаси, мутахассислик фанларига ажратилган дарс соатлари миқдори, ўтиладиган фанлар ва дарсликлар ҳақида маълумотларни эшитиб янада хурсанд бўлди.
Тошкент ислом институти талабаларига ақоид фанидан Имом Тафтазонийнинг “Шарҳул ақоидин насафия”, Мулла Али Қорининг “Шарҳул фиқҳил акбар”, фиқҳ фанидан Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асарининг тўртала жузи, ҳадис фанидан Имом Таҳовийнинг “Шарҳу маонил осор”, Имом Термизийнинг “Сунанут Термизий”, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий”, тафсир фанидан Имом Насафийнинг “Тафсирун Насафий” каби ҳанафий мазҳабида ва мотуридия таълимотида мўътабар ва машҳур дарслик китоблари ўқитилишини юқори баҳолади. Шу каби асарларни тўлиқ ўқиб чиққан талабалар албатта етук олим бўлишига умид қилиш мумкин эканини зикр қилди.
Доктор Даманҳурий диний таълим тизимида ҳам бошқа таълимда бўлгани каби тадрижий кетма-кетлик бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Ҳозирги вақтда Тошкент ислом институтига кирувчи талабалар аввал ўрта махсус ислом билим юртини тугатиб, бошланғич илмларни эгаллагандан сўнг Тошкент ислом институтига кириб олган илмларини тўлдириб, давом эттиришларини тўғри танланган услуб деб баҳолади ва мана шунда етук мутахассис бўлиб етишиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Доктор Даманҳурийга Тошкент ислом институти очилгандан буён таълим олган талабалар ҳозирги кунда собиқ иттифоқ мамлакатларига муфтийлик қилаётганлиги, бошқа юқори диний лавозимларда фаолият юритаётганлиги ва бу таълим даргоҳининг шўролар даврида ҳам ислом динининг ривожида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Суҳбат сўнгида хорижлик олим Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини Ўрта Осиёнинг “Ал-Азҳари” эканини таъкидлади ва уни Мисрдаги бутун дунёга машҳур бўлган “Ал-Азҳар” университетига ташбеҳ қилди. Даманҳурийнинг айтишича Ўрта Осиё мамлакатларидаги талабалар етук олим бўлиб етишиши учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олиш керак эканини айтиб ўтди.
Кежалакда Тошкент ислом институтида магистратура ва докторантура боқичлари таълим тизимини очиш зурур экани ва институтни тамомлаган талабалар шу ернинг ўзида олий таълимни давом эттиришса, янада самарали ва фойдали бўлишини таъкидлади. Тошкент ислом институтининг келажакдаги яхши режалари тез фурсатларда амалга ошишига хайрихоҳ эканлигини билдирди.
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
мудири Соатмурод Примов