islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Китоб жаллодлари…

Собиқ Иттифоқ даврида ҳам китобларни диний мавзу экан деб маълум бобларни умуман олиб ташлаш, фалончига ёқмайди деб айрим мавзуларни қирқиб ташлаш авж олган. Энг қизиғи, академик таржималарда ҳам диний ёки «партия эътиқодига тўғри келмайдиган» мавзулар аёвсиз болталанган. Ваҳоланки, худди ўша асарнинг Москва нашрида ҳеч нарса қисқартирилмаган.

Алишер Навоий асарларини ўрганишга тақиқ бўлмаса-да, унинг асарларидаги ҳамд ва наът қисмлари нашрдан олиб ташланган. Насрий баёнда эса талқинлар давр муҳитига мослаштирилган. Унинг «Арбаъин» асари эса ўтган аср 90-йилларигача чиқарилмаган.

Наманганлик таниқли шарқшунос, манбашунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Исматулла Абдуллаев «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил, 5 май сонида шундай ёзади:

«Шарқда машҳур «Қобуснома» китоби 1968 йили «Ўқитувчи» нашриётида ўзбек тилида қисқартириб нашр этилди. Унинг 1—4, 15—23 боблари, яъни олти боби тушириб қолдирилган. Ваҳоланки, шу асар 1958 йили Москвада «Восточная литература» нашриётида тўла нашр этилган эди.

Ибн Сино, Беруний асарларининг дин билан боғлиқ саҳифалари ҳам тушириб кетилган. Устозим В. И. Беляевга Берунийнинг «Қонуни Маъсудий» китобини олиб бориб берганимда, «Бу — муаллифни таҳқирлаш, ким сизларга манбани бузиб нашр этишга рухсат берди?» — дегани ёдимдан чиқмайди.

Шарқ адабиётининг яна бир машҳур дурдонаси «Ҳотамнома» китоби ҳам (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988) кўп жойлари олиб ташлаб нашр этилди.

Мен ўзим машҳур олим Саолибийнинг (961 — 1038) 124 Ўрта Осиё ва хуросонлик шоирларни ўз ичига олган «Йатимат ад-даҳр» («Замона дурдонаси»), номли нодир асарини 10 йил мобайнида ўзбек тилига таржима қилиб, қийинчилик билан планга киритиб, «Фан» нашриётига олиб келдим. Аввал ярмини қисқартирасиз, деган тўсиқ, кейин «ана у ери, мана бу ерини олиб ташлайсиз, бўлмаса босмаймиз», деган таҳлика. Шулардан биттаси Бухоронинг ўша даврдаги қаровсизлиги, ифлослигини танқид қилиб ёзилган ҳажвий шеърлар эди. «Ахир, бу асар бундан минг йил аввал ёзилган, шоирлар Бухоронинг ўша даврдаги ифлосликларини ҳажв қилаяпти», — десам, «Йўқ, Бухоро обкоми секретари бизнинг олдимизга шикоят қилиб келиши мумкин», — деб ўша шеърларни чиқариб ташлашди ва асар 1976 йил нашр этилди.

Саолибийнинг иккинчи бир муҳим асари «Латоиф ал-маориф» («Ажойиб маълумотлар») китобини чоп этиш ундан ҳам машаққатлироқ бўлди. Асарнинг биринчи бобида дунёда у ёки бу нарсани биринчи ким яратган, деган диний маълумотлар, бошқа бир бобида айрим араб халифаларининг бузуқликлари ҳақида жуда камёб маълумотлар берилганди. «Фан» нашриётининг ўша вақтдаги бош муҳаррири А. Қосимхўжаев тиш-тирноғи билан бу нодир асарни нашр қилишдан бош тортди, мен бир йил овора бўлдим, нашриёт директори Ҳ. Бектемиров ҳам уни қўллаб-қувватлади ва ниҳоят, китоб нашриёт планидан чиқариб ташланди.

Асар 1987 йили академия вице-президенти Э. Ю. Юсупов ташаббуси билан чоп этилди. Афсуски, асар думи юлинган товуқ ҳолига келтирилган эди».

Давронбек Тожиалиев

222190cookie-checkКитоб жаллодлари…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: