Бугун, 2021 йил 31 март куни Тошкент ислом институтида “Март ойи – ақоид фани ойлиги” муносабати билан “Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг эътиқодий қарашлари” мавзусида институт устоз ва талабалари учун семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ривожлантириш ICESCO” кафедрасида фаолият олиб бораётган исломшунос олим, тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим Рамил Адигамов ўз маърузаси билан иштирок этди.
Адигамов Рамил Камилович 1975 йил 2 апрель куни Қозоғистон республикаси Олмаота шаҳрида таваллуд топган. 1993 йилда Олмаота енгил саноат ва маиший хизмат кўрсатиш техникумини, 1999 йилда Қозон “Муҳаммадия” олий мадрасасини, 2001 йилда Қозондаги Татар-Америка минтақавий институтини тамомлаган. Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида фаолият юритади.
Олим бугунги кунга қадар “Аниқлик марваридлари”, “Татаристон ва татар халқи тарихидан”, “Ислом дунёси”, “Мусулмон мутафаккирлари асарларидаги миллатлараро ва динлараро никоҳларнинг илоҳий жиҳатлари”, “Ислом ҳуқуқининг даврийлаштириш муаммолари: тарих ва замонавийлик”, “I асрда ижтиҳод ва ҳадис ҳамда райъ мактабларининг вужудга келиши”, “XVIII аср охири ва XX аср бошларида татар диншунослари асарида тунги ибодат муаммоси” ва бундан бошқа кўплаб китобларни нашр қилган.
Суҳбат давомида доктор Набавий мерос, уни сақлашга бўлган эътибор, Мусҳафнинг жамланиш тарихи, унинг омиллари ва босқичлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, ислом динининг дунё бўйлаб кенг ёйилиши ва босқичлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Мужтаҳид уламолар фаолиятлари, дарс ҳалқалари, шогирдлари, ислом уммати учун қилган хизматлари ҳақида сўзланди. Шундан кейин икки буюк ақидавий мактаб – мотуридийлик ва ашъарийлик мактабларининг вужудга келиши, улар ўртасидаги фарқлар ҳақида маълумот берилди. Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Ақоид ва фиқҳий фанлар
кафедраси ўқитувчиси А.Қосим