Шоҳизинда (тирик шоҳ) номи билан машхур бўлган меъморий ёдгорликлар мажмуаси Муҳаммад Қусам ибн Аббос разияллоҳу анҳу мозори (мақбараси) атрофида вужудга келган 25 та мақбаралар тизимини ўз ичига олади. Муҳаммад Қусам ҳақидаги афсоналарни ҳар бир Самарқандлик сизга фахр билан батафсил сўзлаб бериши мумкин.
Муҳаммад Қусам – тарихий реал шахс бўлиб, у ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд. Яъни у киши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси ва саҳобаси ҳисобланади. Ҳалифа Али ибн Абу Толиб хукмронлиги даври (665-661 йиллари да) Макка шаҳрининг ҳокими вазифасини бажарган. Араблар Ўрта Осиёни босиб олиш жараёнида у фаол иштирок этган. 677 йилда араблар Самарқандни босиб олишда турклар томонидан у қатл этилган.
Кўпгина тарихчилар, археологлар Шоҳизинда мақбарасининг илк тарихий илдизларини исломгача бўлган диний қадриятлар билан боғлаб тушунтиришга интиладилар. Ислом кириб келганидан сўнг, Шоҳизинда меъморий ансамбли тарихий даврни бошидан кечиради. VIII аср бошларидан то мўғул истидоди бошлаган (1220 йил) давргача бошланган вақтини ўз ичига олувчи биринчи даврни алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим. Бу даврда тикланган мақбаралар мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Бу даврга оид “археологлар томонидан фақат Шоҳизинда мажмуасига кирувчи илк мақбараларга тегишли асослар топилган”. (И.Можейко.7 и 37 чудес света от Эллада до Китая. Москва.2005 г.122с. ).
Шоҳизинда мажмуасининг ҳозирги кўриниши асосан Амир Темур ва темурийлар даври билан боғлиқдир. Бу ерда Амир Темурнинг яқин қариндошлари, сафдошлари ёки обрўли диний раҳнамолар учун мақбаралар қурилган. Ҳар бир мақбара ислом маданиятига хос ноёб асар дурдонаси ҳисобланади. Лекин қурилган ҳар бир мақбара Муҳаммад Қусам ибн Аббос (Шоҳизинда) мақбарасидан баланд бўлмаслиги шарт қилиб белгиланган. Ҳар бир мақбаранинг эгаллаган майдони ҳам қатъий чекланган. Бу эса ўз навбатида меъмор ва қурувчилар зиммасига янада оғир маъсулиятни юклаган. Яъни такомиллашув жараёни мақбаранинг ҳажмига эмас, балки шакли ва мақбарага афсонавий тус берувчи нафис безаклар ва нақшларга жило бериш йўлидан кетишга ундаган.
Умумуман мажмуадан ўрин олган мақбараларнинг аксарият қисми квадрат шаклида бўлиб, гумбаз, равоқ ва устунлар уларнинг ҳар бирига хосдир. Шунингдек мақбаранинг сирти ҳам, ичкари томони ҳам ранг-баранг сирланган плиталар билан ишлов берилган.
Албатта бу мақбаралар тизимида Муҳаммад Қусам ибн Аббос разияллоҳу анҳу (Шоҳизинда ) мақбараси ўзининг кўркамлиги, салобати билан ажралиб туради. Бу ҳақда машҳур араб сайёҳи ибн Батута XIV асрнинг 30 йилларида Самарқандда бўлиб, мазкур мақбара тўғрисида анчагина кенгроқ маълумотлар бериб ўтган. У ҳали соҳибқирон Амир Темур таваллуд топмаган пайтларда ҳам Муҳаммад Қусам мозори устида “… гумбазли тўрт бурчакли иморат бунёд қилиган бўлиб, унинг ҳар бир бурчагида иккитадан устунлар тикланган. Бу устунлар яшил, қора, оқ ва қизил рангли мармар тошлардан таркиб топган ғиштлардан териб қад кўтарган. Иморатнинг деворлари ҳам турли рангдаги олтин суви берилган нақшлар билан безатилган”.
Темур ва темурийлар даврида ҳам ўзларининг чин мусулмонлигини исботлашга қаратилган ишлар давом эттирилибгина қолмасдан, балки у янада кучайтирилади. У пайтларда Шоҳизинда кенгайтирилиб қайтадан янги қиёфада қад кўтара бошлади. Қусам ибн Аббос разияллоҳу анҳу Афросиёб қадимий девори жанубий сарҳадларигача бўлган йўлакнинг юқори қисми Соҳибқирон сафдошлари, аёнлар ва уларнинг оила аъзоларига мўлжалланган мақбаралар мажмуаси вужудга келди.
Тиллар кафедраси катта
ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин