islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 1-мақола

Ўхшаши йўқ бўлган Зот Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин.

Олий қадар Зотни танишда бизларга ўрнак бўлган ҳабибимиз Муҳаммадга саловату дурудлар бўлсин.

Далилларни тушунишда бизларга тўғри йўлни кўрсатиб кетган барча уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин.

Бугун замон шиддат билан тезлашиб, фан теҳника ривожланиб бормоқда. Кундан кунга янги ихтиролар қилиниб, борган сари  ҳаёт енгиллашмоқда. Инсон дунёнинг бир четида туриб бутун жаҳондаги маълумотлардан қисқа вақт ичида хабардор бўлиши, ушбу енгилликларни бир кўринишидир. Бу янгиликлар диний соҳага ҳам кириб келди. Бу қулайликлардан диний соҳада ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда. Аммо, бу ўзгаришларни ўзига яраша қулайликлари бўлиши билан бирга, баъзи салбий жиҳатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Хоссатан, Ислом динимизни оладиган бўлсак, айрим мусулмонлар баъзан олаётган маълумотларини таҳлил қила олмасдан, тўғрисидан хатосини ажрата олмаяптилар. Бунинг натижасида у ўзи билмаган холда тўғри йўлдан адашиб қолмоқда. Адашгани етмаганидек, ўзини энг тўғри йўлдалигини даъво қилади. Бошқаларни эса “Мен билган нарсани булар билмайди, улар бу нарсадан беҳабар, бир қобиққа ўралиб қолган, раҳбарлари нима деса шуни айтадилар, агар далил келтирилса ҳам тан олмайдилар, кўр кўрона тақлид қиладилар”, деб, танқид ҳам қилмоқда. Бундай холатга асосан ёшлар тушадилар. Чунки ёши катталар замонавий техникаларни яхши тушунмаганларидан ёшлар каби кўп ахборотлардан воқиф бўлолмайдилар. Баҳсли масъалаларга уларнинг тоқатлари ҳам йўқ. Ёшлар эса ёш, қизиққон бўлгани учун, бу каби хабарлар уларни ўзига жалб қилади. Маълумотлар олиш борасида ҳам уларнинг имкониятлар кенг. Хохлаган маълумотини қисқа вақт ичида қўлга киритиши мумкин. Бундай имкониятлардан тўғри фойдалана олмаслик баъзи салбий жиҳатларни келтириб чиқармоқда.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Агар ёшлар ўзлари олиб турган маълумотларни тушунмаганлиги сабабидан мутахассисдан бу ҳақда сўраса, у эса: “Бу мантиқ, бу калом, бу фалсафа ва бу бидъат савол, бундан сўраб бўлмайди”, деб, саволига жавоб бермаса, бунга ёшларнинг ақли қаноатланмайди, қалби таскин топмайди. Нафақат ёшлар балки ҳар қандай жамиятда ҳам жамият аъзоларининг саволларига жавоб берилмаса бу холатга бир йил, икки йил, беш, ўн йил сабр қиладилар. Натижа бўлмагач, охири бориб сабрлари тугайди. Чунки, инсонлар ўз динларини ўрганар эканлар уларда саволлар пайдо бўлади, лекин баъзан бу саволларига жавоб топа олмайдилар. Сўнгра диний соҳа вакилларидан бу саволларига жавоб истаб боради. Шунда улар “Бу ақл юритиш мумкин бўлмаган иш, бундай савол бериш бидъат, бу масъалада фикр юритиш залолат аҳлини ишларидан”, деган жавобни олади. Ваҳоланки инсон фикр юритадиган, ақлли жонзот ҳисобланади. Бу холатга маълум бир муддат сабр қилиши мумкин. Сўнгра нафси портлаб, ҳатто буткул қарши тарафга ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бу эса динсизликка олиб келади. Одамлар саволларига ақли қаноат қиладиган жавобни олишни хохлайди. Агар у ўзига керакли жавобни ололмаса нима бўлишини ғарбнинг тажрибасидан ҳам билсак бўлади. Ғарбда черковлар билан худди шундай холат юз берган. Черковларда илм бўлмаган. Инсонлар тушунмаган нарсаларига сабр қилиб, сабр қилиб ва охири бориб “дин бизга керак эмас, дин билан яшамаймиз, балки илм билан яшаймиз”, деганлар. Динга фақат черковларда, малум кунларда эътибор қилинадиган бўлиб қолган.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонларда дин ва илм орасида бундай салбий муносабат йўқ, лекин бундай муносабат дин ва ақл орасида пайдо бўла бошлади. Бунинг сабаби “ақидада, диний ишларда ақлингни ишлатма”, каби жавоблар бўлди. Ваҳоланки ақл таъаббудий[1] масъалаларда ишлатилмайди. Ақида масъаласида эса Қуръоннинг барча ўринларида тафаккур, тадаббур қилишга тарғиб қилинган. Шунинг учун ҳам саволларга ўз ўрнида жавоб бериш лозим. Албатта, гапирилинаётган тарафнинг эътиборини қилган холда. Чунки, “жавоб беришим керак экан”, деб эшитувчини савиясига мос бўлмаган гапларни гапиришни ҳам фойдали деб бўлмайди. Баъзан бу бошқа бир муаммони келтириб чиқаради. Шунинг учун савол берувчини ақли қаноатланадиган жавобни бериш керак. Ками ҳам ортиқчаси ҳам зиён қилади.

Бугунги кунда ўз жавобини кутиб турган масъалалардан бири “Нима учун Аллоҳни осмонда демаймиз. Ахир очиқ ойдин оятлар бунга далолат қилиб турибдику. Оятларни инкор қиламизми”? деган саволлар бўлмоқда. Аслида бу масълалларга киришиш оддий халқ учун ҳеч ҳам зарур эмас эди, лекин хохлаймизми йўқми бу саволлар майдонга чиқиб бўлди. Энди уларга тўлақонли, ақлни қаноатлантирадиган ҳамда қалб таскин топадиган жавобларни ўз вақтида бермасак, бизнинг ҳолатимиз черковлар билан ўхшаш бўлиб, бу масъалада бизнинг йўлимиз кимлар учундир далил ҳужжати йўқ, заиф йўл бўлиб кўринади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Агар инсоф билан Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг китобларини варақлаб кўрсак, бу саволларга аллақачон жавобларни битиб кетганига гувоҳ бўламиз. Ботил аҳли ҳар сафар масъала эскиргач, қайтадан шу масъалани яна майдонга олиб чиқишга уринишади. Нима қилиб бўлса ҳам жамият орасига тафриқа солиб, бирдамликни йўқотишга ҳаракат қиладилар.  Майли агар улар бу масъалани қайта кўтарган эканлар, биз ҳам уларнинг даъволарига жавоб бўлиши учун уламоларимиз тарафларидан берилган жавобларни тақдим қилиб қоламиз. Бунда биз замонамиз Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг забардаст вакилларидан бўлган Доктор Ҳамза Бакрий ҳафизаҳуллоҳнинг Имом Ламиший[2] роҳматуллоҳи алайҳининг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид[3]” (Тавҳид қоидаларига тайёрлов китоби) асарига айтган видео шарҳларидан фойдаланамиз. Ушбу дарсликни танлашимиз бежиз эмас. Чунки бу шарҳни ўқиб чиққанингиздан кейин сизда бу масъала юзасидан ҳеч қандай муаммо қолмайди. Бутун шубҳа-гумонларингиз тарқайди. Аҳли сунна вал жамоъанинг йўли қай даражада мустаҳкамлиги, қандай далилларга эга экани ва далилларга қандай нозик муносабатда бўлишига гувоҳ бўласиз. Аҳли суннанинг олдида бошқа тоифаларнинг бу масъалада қанлай хатога йўл қўйганларини билиб оласиз. Кўп куттирмай мавзуга киришамиз:

(Аллоҳдан) Макон ва жиҳатни нафий (инкор) қилиш

“Сўнгра (оламни) Яратувчи буюк ва олий зот макон билан сифатланмайди. Юқорида “Аллоҳ Таоло ва оламнинг жузларидан бирор нарса орасида ўхшашлик йўқ” лиги ўтганлиги учун. Агар Аллоҳ Таоло бирор маконга жойлашган бўлганида эди миқдор жиҳатидан Аллоҳ Таоло ва макон орасида ўхшашлик бўлиб қолар эди. Чунки ҳар бир макон эгаллаб турувчининг ўрни у эгаллаб турган жойнинг миқдоричадир. Аллоҳ Таоло ва оламнинг жузларидан бирор нарса орасида ўхшашлик самъий(нақлий) ва ақлий далиллардан иборат биз зикр қилиб ўтганларимиз сабабидан ўхшашлик нафий қилинган”[4].

Шарҳ: Аҳли сунна вал жамоа: “Аллоҳ Таоло макондан беҳожат Зот, бирор маконда ҳам, бирор тарафда ҳам эмас”, деб билади. Китоб матнида ушбу ақидага ақлий далиллар келтирилмоқда.

Бу биринчи далил. Аллоҳ Таоло ва унинг махлуқотлари орасида бирор жиҳатдан  ўхшашлик йўқ. Агар Аллоҳ Таоло бир маконга ўрнашган бўлганида эди, Аллоҳ Таоло ва макон орасида миқдорда ўхшашлик бўлиб қолар эди. Қайсидир бир маконни эгаллаб турган нарса ўзи эгаллаб турган макон миқдорига тенг бўлади. Чунки у ўша макондан ўз ҳажми миқдоричасини тўлдириб, банд қилиб туради. Банд қилинган ўша макон ва банд қилиб турувчи орасида миқдорда ўхшашлик бўлади. Бу далил хусусида баъзи муноқашалар бўлса ҳам, бошланғич тушунча ўлароқ далилликка дуруст бўлади.

“Ва яна макон (исботи борасида) гапиришликда маконни қадим дейишлик ёки Борий зотни ҳодис дейишлик лозим келиб қолади. Бунинг барчаси муҳолдир(бўлиши мумкин бўлмаган иш)[5].

Шарҳ: Бу иккинчи далил бўлиб аввалгисидан кучли ҳисобланади. Чунки бунда ёки маконни қадим (аввали йўқ) дейиш ёки Аллоҳ Таолони ҳодис (пайдо бўлган) дейиш лозим келиб қолади. Макон оламнинг бир қисми бўлиб яратилинган нарсалардан ҳисобланади. Аллоҳ Таоло эса Қадим зот. Аллоҳ Таолони макондан ўрин олган десак, Аллоҳ Таолони махлуқ (яратилган) бўлган маконга кечиктириб, ходис дейишимиз керак. Ёки ҳодис бўлган маконни азалга муқаддам қилиб, Аллоҳга боғлашимиз лозим. Бунинг натижасида Қадим бўлган Аллоҳнинг вужудини ҳодис бўлган макон вужудига боғлаш керак. Ёки ҳодис маконнинг вужудини Қадим бўлган Аллоҳнинг вужудига боғлаш лозим. Буларнинг барчаси, яъни Аллоҳ Таолони вужудини ҳодисга кечиктириш ёки маконни вужудини азалга муқаддам қилиш муҳол ҳисобланади.  Макон аршми, осмонми нима деб номласак ҳам натижа бир хил бўлади.

“Чунки доим маконда бўлган десак маконнинг азалий ва қадимлиги лозим келиб қолади. Агар Аллоҳ Таоло бўлгану макон бўлмаган,  сўнгра маконни яратиб ундан жой олган бўлса, ўз ҳолатини ўзгартирганлиги ва  жой олиш сифати бўлмасидан туриб, кейин пайдо бўлгани учун (муҳол ҳисобланади). Ҳаводисларни қабул қилиш ҳодислик ишларидан бўлиб, бу нарса Қодир Зотга нисбатан муҳолдир”[6].

Шарҳ: Аллоҳ Таоло илм ва қудрат билан доимий сифатланганда илм ва қудрат азалий сифатлардан экани собит бўлгани каби, макон билан ҳам сифатланганда маконнинг азалийлиги лозим келиб қолади.

Ёки маконни қадим эмас, сўнгра уни яратиб ундан жой олди десак, бу тағойюр бўлади. Тағойюр деб бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга ўзгаришга айтилади. Бу эса ҳудуслик (яратилганлик) белгиларидан ҳисобланади. Аллоҳда ўзгариш бор дейиш, унга нуқсонни нисбат қилиш бўлиб қолади.   Тағойюр бор нарсалар илоҳ бўла олмаслиги билан Иброҳим алайҳиссалом ҳам далилланганлар.

فَلَمَّا جَنَّ عَلَيْهِ اللَّيْلُ رَأَى كَوْكَبًا قَالَ هَذَا رَبِّي فَلَمَّا أَفَلَ قَالَ لا أُحِبُّ الآفِلِينَ

“Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: “Мана шу Роббимдир”,- деди. У ботиб кетганида эса “Ботувчиларни ёқтирмасман”,- деди”[7].

Иброҳим алайҳиссалом қавмига илоҳнинг бошқа махлуқотларга ўхшамаган буюк Зотлигини оддий мисоллар билан исбот қилмоқдалар. Бу ерда юлдуз ботиб, кўздан ғойиб бўлишини далил қиляптилар. Лекин кўздан ғойиб бўлишнинг ўзи илоҳ бўла олмасликка далил бўла олмайди. Демак бу ерда бошқа бир нарса бор бўлишдан кейинги йўқ бўлиш, яъни тағойюр билан далилланмоқдалар. Чунки, тағойюр илоҳнинг эмас ҳодиснинг белгиларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам агар Аллоҳ Таоло азалда маконсиз бўлиб, сўнгра маконни яратгач унга ўрнашган бўлса, бу тағойюр ҳисобланади. Бу эса ҳудуснинг белгиларидан ҳисобланиб. Қадим Зотга бу нарса тўғри келмайди.

Бугунги кунимизда Аллоҳ Таолога макон нисбатини берувчилардан баъзилари юқоридаги Аллоҳга нолойиқ бўлиб қолган ҳолатдан қочиш учун биз келтирган далилларга жавобан: “Аллоҳ Таоло азалда маконсиз бор эди. Сўнгра оламни яратишни ирода қилди ва уни остида яратди. Тағойюр Аллоҳ Таолода эмас балки оламда бўляпти дейдилар.

Ушбу жавобга диққат билан назар қаратсак, унда худди юқоридагидек, балки унданда ёмонроқ ботил ва қабиҳликлар борлиги аён бўлади. Агар “Аллоҳ оламни ўз остида яратган”, десангиз, демак Аллоҳга чегара исбот қиляпсиз. Бу эса жисмларнинг аломати.

Бундан ташқари паст, баланд, ўнг, чап, олд ва орқа томонлар жисмлар орасидаги алоқа бўлиб, бу ўрин эгаллаб туришга тобеъ бўлади. Чунки бирор нарсага юқори нисбатини бериш учун, у нарса бир ўринни эгаллаган бўлиши керак. Шу билан бирга бошқа нарса ҳам ўрин эгаллаб туриши керак. Шунда икки ўрин эгаллаб турган нарса орасида биринчиси иккинчисига нисбатан юқори бўлиши мумкин. Ўрин эгаллаб турмайдиган нарсаларда бундай бўлмайди. Масалан: Ҳаракат. Ҳаракат жисм эмас. Шу билан бирга ўрин ҳам эгаллаб турмайди. Ўрин эгаллаб турган китоб билан унинг ҳаракати орасидан “Қайси бири юқорида турибди”, дея олмаймиз. Бундай дейишимиз учун ҳаракатнинг ўрнига бошқа бир жисмни қўйишимиз керак. Шундагина савол мантиқан тўғри бўлади.

Бундан ташқари, Аллоҳ Таоло оламни остида яратди десангиз, қуйидаги қабих маъно келиб чиқади: “Бир бўшлиқни борлиги фараз қилинади. Бу бўшлиқ аввало Аллоҳнинг Зотини қамраб олади, сўнгра унда олам яратиладиган миқдордаги бўш жой қолади”. Хўш, Аллоҳга нисбатан шундай гап гапирилишига сиз рози бўласизми?

“Биз зикр қилганларимиздан У Зот оламдан бирор тарафда эмаслиги очиқ-равшан бўлади. Чунки (бирор тарафда бўлса) жиҳатнинг қадимлиги ёки Аллоҳ Таолони ҳаводисларга маҳал (ўрин) бўлганлиги лозим келиб қолади. Буларнинг барчаси залолатдир. Бу омма аҳли ҳақ (Аҳли сунна вал жамоъа)нинг мазҳабидир”[8].

Шарҳ: Агар маконни нафий қилсак жиҳатни ҳам заруртан нафий қилишимиз лозим бўлади. Чунки жиҳат масъаласи макон масъаласига тобе ҳисобланади. Маконни исбот қилсак жиҳатни ҳам исбот қиламиз. Маконни нафий қилсак жиҳатни ҳам нафий қиламиз.

Бу хам юқоридаги далил билан ботил бўлади. Яни Аллоҳ Таоло бир жиҳатда бўлса ўша жиҳат қадим бўлиши, ёки жиҳат ҳодис бўлиб Аллоҳ Таоло ҳодисга маҳал бўлиши лозим келади. Бу эса олдин бўлмаган ҳолат, яъни тағойюрни келтириб чиқаради. Ҳар икки кўриниш ҳам мумкин эмас. Макон ва жиҳатдан Аллоҳ Таолони пок деб билиш Аҳли сунна вал жамоъанинг мазҳабидир. Ўзини Аҳли суннадан эканини даъво қилган мусулмон “Аллоҳ Таоло макон ва жиҳатдан пок, маконга муҳтож эмас”, деган эътиқодда бўлади. Агар Аллоҳ Таолога макон ёки жиҳат нисбатини бериб, ўзини Аҳли суннаданман деса, унинг бу гапи қуруқ даъводан бошқа нарса эмас.

Давоми бор…

Таҳфизул Қуръон кафедраси 4-босқич

талабаси Қамбаров Иқболжон

[1] Инсон ақлини ишлатиб сабабини топа олмайдиган ишлар. Масалан: Намоздаги ракатларнинг адади.

[2] Тўлиқ исмлари Шайх, Улуғ Имом Абус Сано Маҳмуд ибн Зайд Ал-Ламиший. У киши ҳақида маълумотлар кўп эмас. Шунинг учун қачон вафот этганлари аниқ маълум эмас. Бизга етиб келган маълумотлар қараганда у киши Мовороуннаҳрда 5 аср охирлари ва 6 аср бошларида яшаб ўтган. Вафоти таҳминан 540-550-йилларга тўғри келади. Нажмиддин Умар насафий билан замондош бўлганлар.

[3] Бу китоб Ҳанафий, Мотуридий ақидасига кўра тавҳид қоидаларини баҳс қилиш мавзусида жуда муҳим манба ҳисобланади. Мотуридийя мазҳабидаги иккинчи даражада ўқиладиган китоблардан ҳисобланади.

[4] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 62-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

[5] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 62-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

[6] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 62-63-саҳифалар. Дорул ғарб исломий 1995.

[7] Анъом сураси, 76-оят. Оятларнинг маъно таржималари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси”дан олинди.

[8] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 63-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.

224990cookie-checkАллоҳни осмонда десак нима бўлади? | 1-мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: