Ўхшаши йўқ бўлган Зот Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин.
Олий қадар Зотни танишда бизларга ўрнак бўлган ҳабибимиз Муҳаммадга саловату дурудлар бўлсин.
Далилларни тушунишда бизларга тўғри йўлни кўрсатиб кетган барча уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин.
“Яҳудийлар, Мужассималар[1], Карромийлар[2] ва Рофизаларнинг[3] ғулувга кетганлари каби инсонлардан кўплари: “Албатта, Аллоҳ Таоло аршга ўрнашган”, дедилар. Улар (Карромий, Мужассима ва Рофизалар)дан баъзи мутааххирлари (кейингилари): “Бирор маконга ўрнашган эмас, лекин олий жаҳатда”, дедилар[4]”.
Шарҳ: Ҳақиқатдан, бугунги кунимизда баъзилар худди шундай гапни айтадилар. Маконда демайдилар, лекин аршдан, осмондан ва оламдан юқорида деган иддаоларни қилишади. Лекин ниҳояда ҳар иккала тоифа ҳам Аллоҳ Таолога жиҳат нисбатини берадилар.
“Аввалги фирқа (Аллоҳга маконни исбот қилувчилар ўз даъволарига) Аллоҳ Таолонинг:
الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى
- У – Роҳман аршни эгаллади[5].
وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ
- Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор[6].
أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الأرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ
- Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми[7]?
وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ
- У бандалари устидан ғолибдир[8].
)إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ
- Унга хуш каломлар юксалур.)
оятларини ва дуода қўлларни осмонга кўтариш билан далилланишади.
Аллоҳ Таолога жиҳатни исбот қилувчилар эса юқоридаги оятларнинг баъзилари (أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳга макон исбот қилувчиларга далил. Бу маънода жиҳат исбот қилувчиларга далил бўлмайди. Лекин бир нав таъвил қилиш билан яъни, осмондан олийлик ирода қилиниши эътиборидан уларга ҳам далил ҳисобланади. وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ бу оят ҳам шу каби) ва ақлий далилдан бир нави билан – “Нарсадан олти тарафни нафий қилиш уни йўқ дейишдир. (Шунинг учун нарса) мавжуд бўлиши учун жиҳат бўлиши лозим. Юқори тараф (Аллоҳга) тайин қилишга авлороқдир” – далилланишади[9].
Шарҳ: Улар айтмоқчиларки: “Агар менинг китобим бўлсаю лекин ўша китоб менга нисбатан олдимда, орқамда, юқоримда, остимда, ўнг ва чап тарафимда бўлмаса, бу нимани англатади? Бу шу китобнинг асли йўқ эканини англатади. Яъни, менга нисбатан олти тарафдан бирортасида бўлмаган китоб асли йўқ ҳисобланади. Шундай экан бирор нарса мавжуд бўлиши учун бошқасига нисбатан бир жиҳатда бўлиши керак. Аллоҳ ҳам мавжуд, олам ҳам мавжуд. Демак иккиси орасида жиҳат алоқаси бўлиши лозим. Модомики жиҳат бўлиши лозим эканми, жиҳатларнинг энг шарафлиси юқоридир. Шунинг учун юқори жиҳатни ихтиёр қиламиз. Чунки шарафли бўлгани афзали бўлади ва оятлар ҳам буни тасдиқлайди”, дейдилар.
Албатта, юқоридаги ояти карималар Қуръони Каримда мавжуд ва биз бу оятларнинг барчасига иймон келтирамиз. Бирор бир мусулмон ушбу оятларнинг бирортасини инкор қилмайди, инкор қилиши мумкин ҳам эмас. Лекин ушбу оятларнинг тафсилотига киришишдан олдин Қуръонга назар солсак, баъзи бир оятларни топамиз. Ўша оятларнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ Таоло осмонда эмаслигига ёки фақатгина осмонда эмаслигига далолат қилади.
Юқоридаги икки тоифа вакилларига сизлар оятларнинг зоҳирий маъноларини олдилар. Лекин Қуръонда яна шундай оятлар борки уларнинг зоҳирий маънолари сизлар келтирган оятлар зоҳирига зид келади.
وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الأرْضِ إِلَهٌ
- У Зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир[10].
وَهُوَ اللَّهُ فِي السَّمَاوَاتِ وَفِي الأرْضِ يَعْلَمُ سِرَّكُمْ وَجَهْرَكُمْ
- У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир[11].
وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ
- Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз[12].
وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْكُمْ وَلَكِنْ لا تُبْصِرُونَ
- Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар[13].
وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنْتُمْ
- У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга[14].
مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلاثَةٍ إِلا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلا خَمْسَةٍ إِلا هُوَ سَادِسُهُمْ وَلا أَدْنَى مِنْ ذَلِكَ وَلا أَكْثَرَ إِلا هُوَ مَعَهُمْ أَيْنَ مَا كَانُوا
- Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бештаники бўлса, У зот олтинчидир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир[15].
Ушбу келтирилган оятларни сизлар каби зоҳирига эътибор қаратамиз. Сизлар келтирган юқоридаги бешта оятнинг зоҳирий маънолари бўлгани каби биз келтирган олтита оятнинг ҳам зоҳирий маънолари бор.
Агар “Ақида оятларида мажоз мумкин эмас”, десаларингиз, булар ҳам ақида оятлари ҳисобланади, буларда ҳам мажоз мумкин бўлмайди.
Агар биз келтирган оятларда “мажоз жоиз”, десаларингиз, ваҳоланки, биз ҳам “жоиз деймиз”. Унда “Нега сизлар келтирган оятларда мажоз жоиз эмас”, деган ҳақли савол туғилади. Сизлар келтирган оятлар ва биз келтирган оятлар орасида нима фарқ бор. Нега биз келтирган оятларда мажоз мумкин бўладию, сизлар келтирган оятларда мажоз жоиз бўлмайди. Қани бу ерда мантиқ?
- У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир.
Ушбу оятда осмонлару ерда Аллоҳнинг зоти эмас, балки илми қасд қилинганини оятнинг давомидан билиб оламиз. Оятнинг давоми бизга оятнинг аввалида нима қасд қилинганини очиқлаб беради. Осмонда бўласизми ерда бўласизми У зот ўз илми билан сизларни билиб туради. Бугунги кундаги Аллоҳни осмонда ёки юқорида дейдиганлар ҳам шундай тафсир қилиб, “Бу оят Аллоҳнинг илми борасида келган”, дейдилар.
Биз ҳам шу гапни айтамиз. Аллоҳни барча маконлардан поклаймиз.
Нимага сизлар ушбу оятни давоми билан далилланганилар каби ўзилар келтирган оятларнинг ҳам қолган қисмлари билан далилланмайсизлар. Масалан: 1. “У – Роҳман аршни эгаллади”, Қуръоннинг аксар ўринларида ушбу оят давомида يُدَبِّرُ الأمْرَ “У ишнинг тадбирини қиладир”[16], жумласи келади. Нимага истивони тадбир, ҳукм маъноларини бериб, ҳукми билан, тадбири билан эгаллади деб айтмайсизлар. Агар биз келтирган оятларда қандай маъно ирода қилинганини англаш учун, оятнинг қолган қисми билан тушуниш лозим бўлса, ушбу ўринда ҳам худди шу каби оятнинг давоми билан тушуниш керак бўлади.
III. “Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз”.
Аллоҳ Таоло ўз зотини улуғлаб биз унга жон томиридан, яни ўзидан ҳам яқинмиз демоқда.
- “Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар”. Бу оят руҳ чиқиш ҳолатини баён қилмоқда. Ўлим фариштаси келиб, инсон руҳини чиқариб олмоқда. Шу ҳолатда биз унинг атрофида турган яқинларидан кўра унга яқинмиз, лекин сизлар кўрмайсизлар. Ушбу оятни муфассирлар икки хил таъвил қилганлар. Биринчиси: Руҳ чиқар вақтда маййитга унинг аҳлларидан кўра яқинроқмиз. Лекин бу яқинлик Зоти билан эмас, балки амри билан. Яни, агарчи у ерда юзта табиб бўлса ҳам Аллоҳнинг амри тез фурсатда амалга ошиб, жасаддан руҳ, албатта, чиқади. Иккинчи тафсирда “Биз”дан фаришталар ирода қилинган.
Бу икки тафсирни қабул қилсангизлар, худди шу маъно
أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الأرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ
- Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми[17]?
оятида ҳам мавжуд. Яъни унинг амри ёки азоб фаришталари осмонда бўлган Зот. Оятни давоми билан тушунадиган бўлсак: “Унинг амри осмонда бўлган Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”? Ёки “Осмондаги азоб фаришталари сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”?
Юқоридаги иккила оят ҳам шу икки хил тафсирни олган. Лекин ажабланарлиси шундаки ушбу тафсирни биз келтирган оятларга нисбатан қўлласак, бу тафсир қилиш, илмий изланиш бўлади. Ҳеч қандай бидъат, залолат эмас. Улар келтирган оятларга қўлласак, бизни залолат ва бидъатда айблаб, ҳатто Жаҳмийлар[18] тоифасига қўшиб қўйишади. Бу энг яхши гумон билан айтилган гап. Бўлмаса бунданда юқори даражадаги ҳақоратлар қилинади. Шунинг ўзи ҳавойи нафсга эргашиш эмасми. Бу икки оят ҳар томонлама бир хил бўлганидан кейин, иккаласига ҳам бир хил ҳукм берилмайдими.
Кейинги оят ҳам худди шу кўринишда.
مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلاثَةٍ إِلا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلا خَمْسَةٍ إِلا هُوَ سَادِسُهُمْ وَلا أَدْنَى مِنْ ذَلِكَ وَلا أَكْثَرَ إِلا هُوَ مَعَهُمْ أَيْنَ مَا كَانُوا
- Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бештаники бўлса, У зот олтинчидир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир[19].
Яни Аллоҳ илми билан бирга, зоти билан эмас. Улар ҳам биз ҳам шу тафсирни айтамиз. Лекин нимага қуйидаги:
وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ
- “У бандалари устидан ғолибдир”, оятини “қаҳри билан ғолибдир”, демайсизлар. Ахир бу оятлар орасида фарқ йўқку.
У сизлар билан бирга – илми билан.
У бандалари устидан ғолиб – қаҳри билан.
У Зот – У Зот.
Сизлар билан – бандалари устида.
Илми билан – қаҳри билан.
Гапнинг йўналиши ҳам, грамматик кўриниши ҳам бир хил. Аммо маъно айтишда фарқлайсизлар. Бу ерда ҳам сизлар айтган гапни айтган инсонга яхши гумонда бўласизларда, сизлар айтмаган гапни айтган инсон сизларнинг назарингизда адашган, залолатда бўлади. Жаҳмийларни гапини айтган хисобланади. Ахир бу адолатсизлик эмасми?
Агар фаразан иш аксинча бўлганида яхши бўлар эди. Яъни қуйидаги гапни аслида ҳеч ким айтмаган, балки бу оятларнинг барчаси тавил қилинган. Фақат, ушбу ўринда тушунишга қулай бўлиши учун улар келтирган оятларда таъвил қилиб, биз келтирганларда таъвил қилинмаса олдинги қилинган тафсирдан яхшироқ бўлар эди. Яни қуйидагича:
Агар улар келтирган оятларга назар солсак, уларда таъвил қилишга ишора бор. Биз келтирган оятларда эса таъвил қилишга очиқ ишоралар йўқ. 4. “У бандалари устидан Қоҳир Зотдир”. Қаҳри билан эканига оятдаги الْقَاهِرُ “қоҳир” сўзи ишора қилади. Лекин V. “У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга” оятида бундай ишора йўқ. Оятнинг аввали ёки давомидан ишораларни чиқариб олиш мумкин. Лекин айнан аввалги оят каби ўша жумланинг ўзида очиқ ишора йўқ. Нимага таъвил қилишга очиқ ишора бўла туриб таъвилни тарк қиляпсизлару, бошқа оятларда очиқ ишора бўлмаса ҳам таъвилни қабул қиляпсизлар. Бизнинг мазҳабда эса бу бобдаги барча оятларда қоидамиз бир хил. Аллоҳ Таолони макондан покламоқ учун шу маънодаги барча оятларни таъвил қиламиз. Таъвил қилганда ҳам зоҳирий маъносидан луғат эҳтимол қилган маъносига таъвил қиламиз. Буткул бошқа бир маънога эмас. Аллоҳ Таоло барча бандалари устидан қаҳри, қудрати, султонлиги билан ғолибдир деймиз, зоти билан эмас.
Яна бир ажабланарли томони шундаки
وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ
- У бандалари устидан ғолибдир, оятини айнан ўхшаши биз айтган таъвилга кўра, Қуръони Каримда Фиръавн ва Мусо алайҳиссалом қиссаларида учрайди:
وَقَالَ الْمَلأ مِنْ قَوْمِ فِرْعَوْنَ أَتَذَرُ مُوسَى وَقَوْمَهُ لِيُفْسِدُوا فِي الأرْضِ وَيَذَرَكَ وَآلِهَتَكَ قَالَ سَنُقَتِّلُ أَبْنَاءَهُمْ وَنَسْتَحْيِي نِسَاءَهُمْ وَإِنَّا فَوْقَهُمْ قَاهِرُونَ
Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: “сени ва ҳудоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?”-дедилар. У: “Ўғилларини ўлдирурмиз ва аёлларини тирик қолдирурмиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз”,-деди[20].
Ушбу оятда Фиръавн: “Баний Исроил устидан қаҳр ўтказувчимиз”, деганда “Фиръавн ва унинг аскарлари Бани Исроил қавмининг устида зоти билан турибди”, деб бирор ақли бор одам айтмайди. Балки биз улар устидан ҳукм қилувчимиз, улар эса бизнинг хизматкорларимиз, қулларимиз деган маънода тушунади. Хўш энди бу оятга нима дейсизлар. Сизлар келтирган оят билан сўзма-сўз бир хилда келяпти, лекин маъно биз таъвил қилганимиздек бўляпти.
Бу холатни бошқа бир оятда ҳам кўришимиз мумкин.
إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ
- “Унга хуш каломлар юксалур”. Ушбу оятга ҳадисларда келган маънолар (фаришталар осмонга олиб чиқишлари)ни қўшиб, Аллоҳга кўтарилур, демак Аллоҳ осмонда ёки юқорида деб далилланасизлар.
Худди ушбу оятга ўхшаш оят Иброҳим алайҳиссалом қиссаларида ҳам келади. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми у кишини ёндирмоқчи бўлганларида, Аллоҳ нажот беради. Иброҳим алайҳиссалом қавмидан ҳижрат қилиб кетаётганларида қуйидаги оятдаги гапни айтадилар.
وَقَالَ إِنِّي ذَاهِبٌ إِلَى رَبِّي سَيَهْدِينِ
У: “Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур”, деди[21].
“Роббимга боргувчиман”, деб, Муқаддас ер Фаластинга ҳижрат қилиб бордилар. Бу ерда ҳам бирор ақлли инсон: “Аллоҳ Муқаддас ерда эди”, деб айтмайди.
Олдинги оят ва бу оят бир хил, яни
Аллоҳга кўтарилур – Аллоҳга боргувчиман.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ буюрган маконга бордилар, ҳақийқий маънодаги Аллоҳнинг олдига эмас. Худди шунингдек хуш каломлар ҳам Аллоҳ кўтарилишга буюрган маконга юксалур, ҳақийқий маънода Аллоҳнинг ўзига эмас.
Юқоридагилардан келиб чиқиб оятга қайси маънони берсак афзал бўлишини ўзингиз хулоса қилаверинг.
Давоми бор…
Таҳфизул Қуръон кафедраси 4-босқич
талабаси Қамбаров Иқболжон
[1] Аллоҳ Таолога жисм нисбатини берган нобакорлар.
[2] 9-13 асрларда Бағдодда тарқалган илоҳиёт оқими. Асосчиси – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карром (806-869).
[3] Шиалар ва уларга тобеълар.
[4] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 63-саҳифа, Дорул ғарб исломий 1995.
[5] Тоҳа сураси, 5-оят.
[6] Юсуф сураси, 76-оят.
[7] Мулк сураси, 16-оят.
[8] Анъом сураси, 18-оят.
[9] Имом Ламишийнинг “Китобут тамҳид лиқоваъидит тавҳид” асари, 63-64-саҳифалар. Дорул ғарб исломий 1995.
[10] Зухруф сураси, 84-оят.
[11] Анъом сураси, 3-оят.
[12] Қоф сураси, 16-оят.
[13] Воқиъа сураси, 85-оят.
[14] Ҳадид сураси, 4-оят.
[15] Мужодала сураси, 7-оят.
[16] Юнус сураси, 3-оят.
[17] Мулк сураси, 16-оят.
[18] Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга эргашганлар. Улар Аллоҳнинг сифатларини инкор қиладилар.
[19] Мужодала сураси, 7-оят.
[20] Аъроф сураси, 127-оят.
[21] Соффаат сураси, 99-оят.