islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хурмонинг фойдали хусусиятлари

Арабистон хурмоси ёки тамр ўлкамизда асосан рамазон ойида ейиладиган мева ҳисобланади. Ушбу муборак мева юртимизда балки, бутун дунёда рамазон ойининг ўзига хос рамзига айланган.

Хурмо тамр ҳолига келгунча уч хил босқичдан ўтади. Биринчи, хом ва ғўра босқичида балаҳ деб аталади. Бунда меванинг ранги сарғиш, устки қавати эса қаттиқ ва қарсилдоқ бўлиб, мазаси бироз тахир ва оғизни қамаштириб қўядиган бўлади. Кейин сарҳил ва сувли бўлиб пишган ҳолати рутоб дейилади. Ундан кейин қуритилган ва экспорт қилинадиган шакли тамр деб аталади.

Айнан қуритилган ҳолатдаги хурмо ўз фойдали хусусиятларини кўпроқ сақлаб қолади.

Хурмо меваси инсон соғлиғи учун муҳим бўлган витаминлар, маъданлар, аминокислоталар ва озуқавий толаларни ўз ичига олади.

Унинг таркибида беш хил туз ва минерал жумладан, бор (кимёвий элемент), магний, калий, фосфор, цинк, темир шунингдек, А, Б ва С гуруҳ витаминлари ҳамда 23 хил турдаги аминокислоталар мавжуд.

Инсон бир ой давомида фақат хурмо ва сув билан бемалол озиқланиши ва айни чоғда организми хурмонинг ўзидан барча керакли моддаларни олиши мумкинлиги илмий исботланган.

Қуритилган хурмонинг гликемик индекси юқори (103 дан 165 бирликкача) бўлганлиги учун ҳам ейилгандан сўнг тезда глюкозага айланиб, танага қувват бағишлайди. Бу жиҳатдан ҳам рўзадорлар учун айни муддао бўлган мевадир. Чунки, рўзадор инсон кун давомида оч юриб, албатта ҳолсизланади. Хурмо билан оғиз очганда организм ортиқча қувват сарфламаган ҳола уни парчалайди ва ундаги барча керакли витаминлар ҳамда шакар моддаси тез ва осонлик билан қонга ўтади. Ва тез орада организмга тетиклик ҳиссини бағишлайди.

Ҳатто бир дона хурмо ейилгач 30 дақиқа ичида инсоннинг ақлий қобилиятини ошириши ва организм қайта кучга тўлиши олимлар томонидан тасдиқланган.

Хурмо ниҳоятда мазали, ширин ва фойдали мевадир. Унда озуқавий толалар миқдори юқорилиги учун ҳам қоринни тўқ тутади. Шу боис ҳам диетологлар хурмо диетасини тавсия қиладилар. Мазкур диета асосан хурмо ва сув билан озиқланишни кўзда тутади.

Ҳар куни умумий миқдорда беш-олтита хурмо еб юриш инсон жисмига кўплаб фойдали таъсир кўрсатади. Жумладан, ошқозон-ичак тракти яхшиланади. Қабзият ва исҳолдан азият чекувчиларга ҳам мазкур мева тавсия қилинади. Қабзиятда ичак перистальтикасини яхшилайди. Исҳолда эса аксинча таъсир кўрсатиб, ичак микрофлорасини меъёрга келтиради.

Хурмода кўп миқдорда карбонсув ҳамда глюкоза, сахароза ва фруктоза мавжудлиги туфайли жисмни қувват билан таъминлайди. Шунингдек, камқонликни ҳам бартараф қилади.

Хурмо таркибида мавжуд бўлган А, Б, С гуруҳ витаминлари юрак-қон томир, асаб ва иммун тизими учун ҳам ғоят фойдалидир. Улар кишининг эмоционал мувозанати, стрессларни енгиш қобилияти ва ақлий лаёқатни ҳам оширишга хизмат қилади.

Тиб олимларининг қайд этишларича, доимий ва мўътадил равишда хурмо истеъмол қилиш юрак-қон томир хасталиклари ҳамда альцгеймер хасталигига чалиниш хавфини камайтиради. Жинсий қувватни оширади.

Олимларнинг таъкидлашларига кўра, Хурмо дарахти жануби шарқий осиё ва шимолий африкада 6 минг йилдан зиёд вақтдан бери культивация қилинади.

Хурмо юқори калорияли маҳсулот бўлганлиги туфайли озғинликдан азият чекувчилар учун тўлишишга ёрдам беради.

Айни чоғда ортиқча вазндан қутула олмаётганлар учун вазн ташлашга ҳам ёрдам беради. Чунки, унда озуқавий тола ва оддий шакарлар юқори миқдорда бўлганлиги учун озгина хурмо инсонни узоқ вақт тўқлик ҳисси билан таъминлайди. Натижада хурмо билан қорни тўйиб, иштаҳаси бўғилган инсон ҳадеганда овқатга талпинавермайди. Шу боис ҳам диетологлар хурмо диетасини ишлаб чиққанлар.

Қандли диабетга чалинганлар хурмони меъёрда тановул қилишлари ва ундан аввал доктор маслаҳатини олишлари тавсия этилади.

Шунингдек, хурмони меъёрдан ортиқ ейиш ва шу билан бирга оғиз гигиенасига риоя қилмаслик кариесга сабаб бўлиши мумкин.

Арабистон хурмоларининг энг олий навлиси ажва хурмоси, ундан сўнг анбара хурмоси, ундан сўнг хузрий хурмоси, ундан сўнг сақъий нави, сўнг суккарий хурмоси, ундан сўнг сафовий, сўнг халос хурмоси, сўнг мужадвал, сўнг заҳдий сўнгги ўринда эса барҳий хурмоси ҳисобланади.

Албатта, ажва хурмоларнинг энг олий навлиси. Ахир, ҳадиси шарифда ҳам айнан ажванинг зикри келган. Фойдали хусусиятлари ҳам талайгина. Бир вақтда ҳам юмшоқ, ҳам қуруқ ва қаттиқ жисмга эга бўлган хурмо.

Анбара хурмо навлари узунчоқ, сергўшт, устки қавати юмшоқ ҳамда ширин ва тўйимлилиги билан ажралиб туради.

Хузрий ҳам ҳажми катта ва ширин хурмолар туркумига киради. Унинг яна бир хусусияти таркибидаги шакар моддаси нисбатан камроқ.

Сақъий хурмосининг хусусияти шундаки, унинг таркибида глюкоза умуман йўқ. Балки, унда фруктоза мавжуд. Шу жиҳатидан ҳам қанд касаллари томонидан истеъмол қилинади.

Суккарий ҳам кўп истеъмол қилинадиган хурмо навларидан ҳисобланади. Унинг бундай номланишига сабаб барча босқичида мазаси ширин бўлади. ُУстки вақати мўрт, қарсилдоқ бўлиб, ичи бўш бўлади ва оғизда эриб кетади.

Суккарий хурмосининг уч хили мавжуд. Суккарий аҳмар (қизил суккарий), суккарий асфар (сариқ суккарий) ҳамда суккарий лаҳмий.

Алишер Султонхўжаев

225980cookie-checkХурмонинг фойдали хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: