islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Сизларга муборак Рамазон ойи келди…”

Ойлар султони Рамазон – Роббимизга яқинлик, тақво ҳосил қилишимиз учун бизларга берилган улкан имкондир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят, ҳидояту Фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилди” (Бақара сураси 285-оят).

Қуръони Карим буюк дастурдир, мусулмонларни гўзал хулқли бўлишга, дунё ва охиратдаги яхшиликларни қилишга чорлайди, у инсоният учун ҳидоят маёғидир. Бу муборак ойда имкон қадар Қуръон тиловат қилишга тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло Рамазонни ўзининг каломи ила безади. Муборак ҳадиши шарифларимизда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Пайғамбаримиз Набий алайҳиссалом: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди, Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди, унда осмонларнинг эшиклари очилади, унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади, унда шайтонлар кишанбанд қилинади, унда Аллоҳнинг бир кечаси бор у минг ойдан афзалдир, ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ жуда кўп нарсалардан маҳрум бўлибди” дедилар (Насоий ва Байҳақий ривояти).
Дарҳақиқат рамазон рўзасини ихлос ва самимият ила тутган ҳар бир банда улуғ неъматларга ноил бўлади. Рамазон жисмларимизга соғлик, руҳимизга қувват, нафсимизга эса улуғворлик бахш этади. Бу ойда зарра миқдоридаги яхшилик ҳам Роббимизнинг меъзонида ўлчанади, унинг учун ато қилинажак ажру – савоблар эса Аллоҳ азза ва жалланинг изнидадир.

Рўза тутган инсонда ўзига бўлган ишонч ҳисси пайдо бўлади ва Парвардигорининг фазли билан нафсининг тизгинини қўлга олади. Ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло рамазонда ҳар бир яхшиликлар ўн баробардан етти юз баробаргача зиёда бўлади, рўза эса мен учундир унинг ажрини ўзим бераман” деган (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло рўзани бандасиниг амаллари орасидан ўзи учун хос қилиб олди. Бирор банда бу дунёда зулм кўрса, қиёматда унга ҳаққи ўлароқ ўша зулм қилган бандасидан яхшиликлари олиб берилади, агар яхшиликлари тугаб қолса ҳатто мазлумнинг гуноҳи золимнинг устига юкланади, аммо рўза ундай эмас, Аллоҳ фақат ўзи учун тутилган рўзани ҳеч кимга ҳақ қилиб бермас экан. Рўзанинг хислатларидан яна бири жаҳаннамдан тўсувчилигидир. Набий алайҳиссалом шундай дейдилар: “Банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш куз (70 йил) узоқлаштиради” (Имом Бухорий ривояти).

Мулоҳаза қиладиган бўлсак Рамазон ўзига хос бир мактаб унда чидамлилик, бағрикенглик, саҳоватпешалик каби буюк инсоний фазилатлар ўрганиди. Роббимиз гўё Рамазонни бизларга тоат, ибодат, хайру – саҳоват, солиҳ ва фазилатли амаллар учун мусобақа майдони қилди.
Бугун бутун дунё шу жумладан халқимиз учун ҳам синов бўлиб турган “Каронавирус” пандемияси туфайли зоҳиран амалларимиз тўсилгандай, имкониятларимиз чеклангандай қалбимизга маҳзунлик инди. Унутмаслигимиз керакки, буларнинг барчаси Роббимизнинг изни ила рўй бермоқда, унинг иродасига осийлик эмас, итоат қилишимиз лозим ва лобуд ҳисобланади. Бу вирус масжидлар эшикларини ёпгандир, аммо жаннат эшиклари ёпилмайди, хайру – саҳоват кўрсатиш, меҳр – мурувватли бўлишга ҳеч қандай монеълик йўқ. Қанчадан қанча хонадонлар сўрашдан ҳаё қилгани учун, эшиклари ёпиқ турибди, албатта тафаккур қилишимиз керак! Аллоҳ таоло фақир, мискинларнинг ризқини ҳам бой инсонларнинг зиммасига қўйган, инфоқ, эҳсон қилишлари учун. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Жаннатда бир хона бор унинг устки томони ичидан, ички томони устидан кўриниб туради у хонани Аллоҳ таоло таом улашган, сўзида мулойим бўлган, одамлар ухлаганда намоз ўқиган бандалари учун ҳозирлаб қўйган” дедилар. (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти). Рамазонда ифторлик беришга ҳам ҳарис бўлишимиз даркор чунки, ифторлик берган инсон ҳам рўза тутганнинг савобидек ажрга эга бўлади. Аллоҳ розилигини донғи чиққан рестарану, емакхоналарда ифторлик дастурхони ёзишдан эмас, балки қорни оч фақирларнинг уйидан қидириш керак аслида.
Ҳофиз иб Ҳажар роҳимаҳуллоҳ вабо ва ўлатнинг ҳам фойдалари бор: орзуларни қисқартиради, амалларни гўзаллаштиради, ғафлатдан уйғотади, охират сафарига тайёрлайди деган эканлар. Ҳақиқатдан ҳам дунё бойликлари ризқнинг энг оддийсидир, мана шу оддий нарсаларнинг муқобилига яратган Эгамизнинг бизга атаганларини солиштириб бўлармиди? Мусулмон одамга биродари бирон нарсага муҳтож бўла туриб, ўзи фароғатда, ҳотиржамликда яшаши ҳалол саналмайди. Саҳоват ва эҳсон қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Озуқани музлатгичу, омборхоналарга эмас, охиратимизга йиғайлик. Бу кунлар барчамизга синов, ундан чиройли ҳолатда, бирдамликда ўтишга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Вакиъ ибн Жарроҳ айтадилар “Рўзадорнинг Рамазон ойида берадиган фитр садақаси намоздаги саждаи саҳвга ўхшайди, саждаи саҳв намознинг нуқсонларини тўлдирганидек, фитр садақаси ҳам Рўзанинг камчиликларини тўлдиради”. Хато, камчиликлардан эса ҳеч биримиз ҳоли эмасмиз албатта. Рамазон нафсга тавозеъ, ҳокисорликни ўргатадиган мавсумдир. Салафи солиҳлар Рамазон бу – Қуръон мадрасаси яъни уни тиловат қилиш, эшитиш ва тафаккур қилиш ойидир дедилар. Рўза ва Қуръон қиёматда соҳибини шафоат қилади инша Аллоҳ. Рамазон- иймонни янгилаш, қалбларни поклаш, ғафлатдан уйғониш, гуноҳлару – хатоларга тавба қилишимиз учун қулай фурсатдир. Бу ойни “саноқли кунлар” деган жумлаларига эътибор берайлик, дангасалик қилмайлик, Аллоҳ розилиги учун жидду жаҳд қилайлик. Зеъро Аллоҳ ихлосли ва тақводор бандаларини севади.
Хулоса ўлароқ бошлаган хар бир эзгу амалимизни нафақат Рамазонда балки, бутун умр бажаришга масъулият билан ёндошмоғимиз, ким бўлишдан нима касб қилишдан қатъий назар барчамиз Аллоҳ таолонинг ожиз бандаси эканлигимизни унутмаслигимиз зарур.

Тошкент ислом институти 3- босқич талабаси
Парпиева Маҳлиё Мақсуд Али қизи

226860cookie-check“Сизларга муборак Рамазон ойи келди…”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: