islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уммат муфассирлари: Ваҳба аз-Зуҳайлий

Бисмиллаҳи Роҳманир Роҳийм

Оламлар Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин.  Саййидимиз, икки олам Сарвари Муҳаммад Мустафо салоллоҳу алайҳи васалламга дуруду-саловотлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُون

Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз.(Ҳижр сураси 9-оят)

 Аллоҳ таоло ушбу оят билан Ўзини каломни қиёматгача сақлашини айтябди, муфассирлар  ушбу оят тафсирида бу ҳолнинг  кайфиятини динни динда фақиҳ бўлган уламоларни чиқиши билан дейишади. Ислом шариатига буюк хизмат қилган шундай уламолардан замондош муфассир уламоларимиз кўолаб ўтишган ва ҳозир ҳам хизматда бардавомлар  Аллоҳ улардан рози бўлсин. Уммат хизматида ўтган шундай буюк муфассир уламолардан бирлари  Ваҳба аз-Зуҳайлий ва яна бирлари Муҳаммад Али Собуний роҳимаҳумаллоҳлардир.

Ваҳба аз-Зуҳайлий 1932-мелодий йили Дамашқнинг Дияри Атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар.

Ваҳба аз-Зуҳайлий бошланғич мактабни туғилган маконларида тамомладилар. Академик лицейни Дамашқдаги шаръий факултет қошида олти йил давомида 1952 – йили аъло баҳога битирдилар.

Сўнгра илмий таҳсилни Азҳари шарифнинг шариат факултетида давом эттирдилар. 1956-йили аъло баҳо билан дипломни қўлга киритиб, сўнгра Азҳари шарифнинг араб тили факултетидан дарс бериш мутухассислигини қўлга киритдилар. Мана шундан кейин дипломлари бутун дунё тан оладиган дипломга айланди. Ана шу аснода ҳуқуқ илми мутухассислиги бўйича ўқишни давом эттириб, 1957 йили “Айнуш шамс” университетидан ҳуқуқ бўйича лиценциат (илмий унвон)ни қўлга киритдилар.

1959-йили Қоҳира университетининг ҳуқуқ факултетида магистерлик дипломини қўлга киритганлар.

1963-йили ажнабий университетлари билан рисола алмашуви ўтказиб, Ислом шариати бўйича докторлик дипломини қўлга киритдилар. Ундаги мавзу “Исломий фиқҳдаги уруш асоратлари” бўлиб, унда саккиз мазҳаб (тўртта сунний, тўртта шийъа) ва умумий давлатлараро қонунчилиги орасини қиёслаш хусусида эди.

1963-йили Дамашқ шаҳрида мударрис бўлиб, 1969-йили ёрдамчи устоз, 1975-йили умумий устоз бўлиб тайинландилар. Мана шу йилдан бери дарс, таълиф, кўрсатма бериш, умумий ва хос лекциялар билан машғуллар. Устоз бир кунда 16 соат ишлардилар, деб эслашади у кишининг шогирдлари.

 Ваҳба аз-Зуҳайлий ислом шариатига хизматлари давомида кўплаб ишларда, лавозимларда фаолят юритганлар. Масалан қуйидаги кабиларда:

– Дамашқ университетининг шариат факултетида Исломий фиқҳ ва мазҳаблари бўлимининг раиси.

– Дамашқ университетининг шариат факултетида вакил сўнгра ваколат билан тўрт йилга декан (1967–1970).

– Араб муассасаларидаги Исломий банкларидаги шаръий кузатув ҳайъати, Исломий банклардаги муассасалар шаръий ўқув ҳайъати раиси, Исломий банклар шаръий мажлиси аъзоси.

–Исломий фиқҳ ва мазҳаблар қисми раиси.

– Макка, Жидда, Ҳиндистон, Америка ва Судандаги фиқҳ академияси аъзоси.

– Араб амирлигидаги университет қошидаги шариат ва қонун факултети, Исломий шариат бўлими раиси сўнгра тўрт йил муддатга декани.

– Иорданиядаги “Оли байт муассасаси” қошидаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академияси аъзоси.

– Етмишдан ортиқ магистр ва докторлик рисолаларига Дамашқ, Байрут ва Хуртум шаҳарларидаги раҳбарлик.

– Сурия ва Араб амирлиги давлатларидаги дарслик дастурларини ишлаб чиқишда раҳбарлик.

– 1988-йили Қувайт университетида шариат ва Исломий билимлар журнали ташкилотчиси.

– Сурия радиосида Қуръон тафсири асосида “Қуръондаги қиссалар” “Қуръон ва ҳаёт” номли эшиттиришлар муаллифи.

– Дамашқ, Амирлик, Қувайт, Саудия ва бундан бошқа давлатларнинг фазовий каналларидаги чиқиш. Бундан ташқари мазкур давлатлар газета ва журналларидаги интервюлар.

– Араб амирлиги университетида шариат ва қонун журнали асосчиси.

– Амирликдаги университет қўлёзмалар ҳайъати ва олий маданият ҳайъати раиси.

– Дамашқдаги “Ислом дастури” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси.

– Дияр атийя шаҳридаги шайх Абдулқодир мактаби идорасининг ҳайъат раиси.

– Дамашқдаги Усмон жомеъ масжиди ва ёз фаслида Дияри атийядаги иймон масжиди имом хатиби.

– Покистон, Судан ва бундан бошқа кўпгина давлатларда ўзлари таълиф этган машҳур “Ислом фиқҳи ва унинг далиллари” номли китобидан ўтадиган дарслари. Ушбу хизматлари давомида  шижоат ва ғайрат билан сидқидилдан хизмат қилганлари учун ислом уммати ушбу хизматларни унутмайди.

Ваҳба аз-Зуҳайлий  роҳимаҳуллоҳ ўз даврининг  энг кўзга кўринган устозларидан дарс олганлар, улар:

  1. Шайх Маҳмуд Ёсин – Ҳадиси набавийдан
  2. Шайх Маҳмуд Ранкусий – Ақидадан
  3. Шайх Ҳасан Шаттий – мерос илмидан
  4. Шайх Ҳошим Хатиб – Шофеъий фиқҳидан
  5. Шайх Лутфий ал-Файйумий – Усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадисдан
  6. Шайх Аҳмад ас-Симақ – Тажвиддан
  7. Шайх Ҳамдий Жувайжотий – Тиловат илмидан
  8. Шайх Абулҳасан Қассоб – Наҳв ва сарф фанидан
  9. Шайх Ҳасан Ҳаббанакка ва шайх Содиқ Ҳаббанакка ал-Майдоний – Тафсирдан
  10. Шайх Солиҳ Солиҳ Фарфур – балоғат араб адабиётидан
  11. Жавдат Мординий эса – Хатобадан
  12. Устоз Рашид Сатий ва Ҳикмат Сатийлар – Тарих ва ахлоқдан
  13. Доктор Нозим Маҳмуд ва Маҳир Ҳамадалар – Шариат тарихидан

Бошқалар эса химия, физика ва инглиз тилидан дарс беришган.

Мисрдаги таҳсиллари давомида эса қуйидаги устозлардан таҳсилни давом эттирганлар:

  1. Азҳар шайхи имом Маҳмуд Шалтут
  2. Имом Абдураҳмон Тож
  3. Шайх Ийсо Мунавван – қиёсий фиқҳ
  4. Шайх Жодуррабб Рамазон – шофеъий фиқҳи
  5. Шайх Маҳмуд Абдуддайим – шофеъий фиқҳида
  6. Шайх Мустафо Абдулхолиқ ва у кишини укалари шайх Абдулғани Абдулхолиқлар – усулул фиқҳдан
  7. Шайх Муҳаммад Али Заъбий – Ибодат фиқҳидан
  8. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, шайх Али Хафиф, шайх Муҳаммад Баннолар – қиёсий фиқҳдан.

Таълим жараёнида эса жуда кўплаб уламоларни тарбия қилганлар, улардан :

  1. Инилари доктор Муҳаммад Зуҳайлий
  2. Доктор Муҳаммад Форуқ Ҳамада
  3. Доктор Муҳаммад Наим Ёсин
  4. Доктор Абдусаттор Абу Ғудда
  5. Доктор Абдулатиф Фарфур
  6. Доктор Муҳаммад Абу Лайл
  7. Доктор Абдуссалом Ибадий
  8. Доктор Муҳаммад Шурбачий
  9. Доктор Можид Абу Рухайя
  10. Доктор Ҳамза Ҳамза ва бундан бошқа шариат факултети ҳамда диний тарбия вазирлигидаги юзлаб устозлар.

Сурияда 40 дан ортиқ авлод у кишини қўлларида таҳсил кўрди. Бундан ташқари Ливия, Судан, Араб амирлиги, Америка, Малайзия, Афғонистон, Индонезия ва дунёнинг машриқи ва мағрибида минглаб одамлар фиқҳ, усул ва тафсирларидан таҳсил олишди.

Ваҳба аз-Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ уч энциклопедия муаллифидирлар.

  1. “Исломий фиқҳ ва унинг далиллари” 8 мужаллад. Уни турк, малайзия, инглизча, урдуча ва бундан бошқа тилларга таржима қилинган.
  2. “Мунир тафсири” 16 мужаллад. Уни қисқартириб “Тафсиру важийз” бир мужаллад, “Тафсиру васийт” деб уч мужалладда чоп этилган.

У турк тилига таржима қилинган.

  1. “Исломий фиқҳ усуллари” Икки мужаллад. Турк тилига ҳам таржима қилинган.

У кишини бундан ташқари

  1. “Ақидадаги Ислом низоми”
  2. “Ҳукм низоми, давлатлар аро алоқалар ва Ислом олами муаммолари”
  3. “Саъид ибн Мусаййаб, Убода ибн Сомит ва Умар ибн Абдулазиз” каби улуғларнинг шахсий ҳаётлари таҳлили”

каби китоблари ҳам бор.

Ваҳба аз-Зуҳайлий роҳамтуллоҳи алайҳи  ва  юртимиз фахри, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ билан ҳам ҳаммаслак, ҳамфикр дўст бўлганлар.

Уммат муфассирларидан бир бўлган бу зот ҳижрий 1436-йил шаввол ойида  (милодий 2015-йил 8-августда) Дамашқда вафот қилганлар. Ваҳба аз-Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳнинг уммати ислом учун қилган хизматларини Аллоҳ қабул қилсин.

Давоми бор…

Тошкент ислом институти

4 курс талабаси Олимов Зуҳробиддин

226830cookie-checkУммат муфассирлари: Ваҳба аз-Зуҳайлий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: