МУСЛИМ ИБН АЛ-ҲАЖЖОЖ РОҲИМАҲУЛЛОҲ НИНГ ШАХСИЯТИ
Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг суврати ва сийрати ҳақида манбаларда кам маълумот келтирилган. Уларда у зот “қадди қомати мукаммал, соч ва соқоли оқ, салласининг учи икки кифти орасида осилиб турар эди” дейилса, баъзилар тушида уни “сочи-ю соқоли оппоқ, юзи нурли, устидаги яктаги, кийимлари ўзига ярашган, салласининг учи икки кифти орасига тушиб турган шайх» сифатида кўрганлар. Мана шу васфлар Муслим ибн ал-Ҳажжож ҳақидаги тарихий маълумотлардир.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ тақво, илм, диёнат уйида ўсиб камол топдилар. У зотнинг оталари илмга муҳаббат қўйган кишилардан ва уламолар ҳалқаларига ошиқ зотлардан эдилар. Имом Муслимдек зот эса шундай гўзал иймоний муҳитда тарбия топиб, униб ўсдилар. Илм талаб қилиш сафарини жуда эрта бошладилар. Ҳадис эшитишни бошлаган вақтларида, ҳали ўн икки ёшдан ошмаган эдилар. Имом Заҳабий айтадилар: “Имом Муслим дастлаб ҳадис эшитишни Яҳё ибн Яҳёдан ўн икки ёшларида бошлаганлар, сақоллари сабза урмасдан йигирма ёшларида ҳаж қилдилар”
Имом Муслимнинг шайхлари 220 кишига етганлиги ривоятлари мавжуд.
Имом Муслим инсоларнинг энг олим кишиси, илмни қалбига жо қиладиган ҳофизлардан эди. Бу зот илм аҳлини, устозларини ўта қаттиқ ҳурмат қилар, жуда қаттиқ севар эдилар. Хусусан, у зот Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга “ мега руҳсат беринг, оёқларизни ўпай, эй, устозлар устози, муҳаддислар саййиди, иллатли ҳадислар табиби!”-деган сўзлари гапимизни тасдиқлайди.
Муслим ибн ал-Ҳажжож ғоятда обрў-эътиборли, муҳтарам, ўта ҳақиқатгўй, илм аҳли ва уламонинг энг буюк пешволаридан бири эди. Алломанинг бир қанча замондошлари ва шогирдлари бу хусусда ишонарли маълумотлар қолдирганлар. Кўпчилик олимлар Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг илм-у ирфонда, хусусан, ҳадис ва фиқҳ илмларида энг юқори даражага етишганини якдиллик билан таъкидлаганлар. Ҳадисларни чуқур билишда энг машҳурлардан, унинг арконларидан бири ҳисобланиб, ҳатто баъзилар саҳиҳ ҳадисларни билишда бирор кимсани ундан илгари қўймаган. Бу ҳақда “Саҳиҳ Муслим”га шарҳ ёзган машҳур олим ан-Нававий “Муслимдан кейин ўтган уламодан биронтаси ҳам унинг даражасига етиша олмадилар, унинг даврида яшаган замондошларидан камдан-камларигина унга баробар келмасдан, фақат бир қадар яқинлашишга муваффақ бўлганлар”, деб таъкидлаган. Ҳадисларни ёд билишда унга ҳамма бир овоздан тан бериб, ҳатто унга “ҳофиз” лақабини ҳам берганлар. Дарҳақиқат, Муслим ибн ал-Ҳажжож дунёга машҳур тўрт ҳофиз (яъни Абу Заръа, Абдуллоҳ ад-Дорамий, имом Исмоил ал- Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож)дан бири ҳисобланарди. Ҳадисларни ёд билганларидан “ҳофиз” лақабини олганлар. Комил илм олишга Муслим ибн ал-Ҳажжож астойдил ихлос билан киришган, бу хайрли йўлда бутун вужудини бағишлаган, бор иқтидорию умрини сарфляган эди.
Кунлардан бир кун унга умрида эшитмаган бир ҳадис ҳақида айтиб қолдилар. Шу заҳоти у уйига бориб, дафтар-дафтар қайдлари, ёзувлари ичидан ўша ҳадисни қидира бошлаган. Шу пайт кимдир у зотга бир сават хурмо келтириб қолади. У хурмодан битта-битта олиб ер, ўзларии эса, бутун вужуди билан ўша ҳадисни қидирардилар. Ниҳоят, саватдаги хурмоларни еб, тугатаёзгандагина ўша ҳадисни топади. Тарихчи ал-Шофиъий у ҳақда “ҳадис илмининг аркон (устун)ларидан бири, саҳиҳ ва бошқа кўп китобларнинг муаллифи бўлиб, унинг фазилатлари машҳур, сийратлари ҳар қандай ҳурмат-эътиборга лойиқ зот эди”, деб ёзади.
4-курс талабаси
Раймбердиев Аҳад