Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салоту саломларимиз бўлсин.
Билингки, ғийбат кишиларда тарқалган энг хунук хислатлардандир. Бу хислатдан кишиларнинг озгинасигина омонда қолади, холос. Агар Аллоҳ бу ёмон хислатдан асрамаса ва ёки Пайғамбари ўзи гувоҳ бўлган кишиларни бу ёмон иллатдан огоҳ этиб қайтармаса ва ёки замонасининг марди ҳақ кишилари таъсирли сўзлари ила ўз қўли остиларидаги кишиларни қайтармаса бундан тийилиш анча қийин ва мушкулдир. Шу сабабдан Аллоҳ таоло бу иллатдан холос этиш ва огоҳ этиш учун барча уммати Муҳаммадиййанинг бошига огоҳлантирувчи мақталган Пайғамбари Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Бу сўзимизга далил сифатида қўйидагиларни келтириб ўтамиз.
Аллоҳ таоло буюрган: “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин!..”(Ҳужурот,12); “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза, 1); (Ё Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қасамхўрга (Валид ибн Муғирага) итоат этманг! (У) ғийбатчи, гап ташувчи….” (Қалам, 10-11).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламга “Сафийянинг ундай ё бундайлиги (баъзи ривоятларда айтилишича, паканалиги) мисол сифатида етарлидир”, десам, у зоти шариф: “Сен шундай (бир ёмон) калима айтдингки, агар у денгиз сувига аралаштирилиб юборилса, тами ёки ҳиди ўзгариб кетар эди”, дедилар. Ва яна у зотга бир инсонни ҳикоя қилдим. Шунда у зоти шариф: “Менда у ёки бу нарса бўлатуриб, бошқа бировни ҳикоя қилмоқни яхши кўрмайман”, дедилар”. Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Бу ғийбатчиларга энг катта зажр берувчи ҳадисдир. Ғийбатни ёмонлашда мана шу даражада етук бўлган бошқа бирор ҳадисни билмайман. “(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм, 3-4).
Ғийбат барча яхшиликларни кул қилиб барбод қилади. Унга қўйидаги ҳадис далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Оловнинг қуруқ нарсага нисбатан бўлган таъсири ғийбатнинг банда яхшиликларига бўладиган таъсиричалик тез эмас”. Иҳёу улумид-дин китобидан.
Қуруқ хас-хашакка ўт қўйилса, унинг тезда куйиб битиши ҳаммага маълум. Яхшиликларни ўчириб юборишда эса ғийбат ундан ҳам тезроқ таъсир қилар экан. Ғийбат қилиш билан кишининг яхшиликларига путур етади, яъни ибодатлари қабул бўлиш мақомига етиб бормай, барбод бўлиб кетаверади.
Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Аллоҳга қасамки, ғийбат қилиш мўмин кишининг динига бадандаги жароҳатнинг (атрофдаги соғлом аъзоларга) таъсиридан кўра тезроқ таъсир қилади”. (Иҳёу улумид-дин китобидан).
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир куни Суфёнис Саврийга: “Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳанифа ғийбат қилишдан мунча ҳам ўзоқ бўлмаса. У киши ўз душманини ғийбат қилганини ҳам эшитмаганман”, дедим. Шунда Суфёнис Саврий: “У киши (Абу Ҳанифа)яхшиликларни барбод қилувчи нарсага ўз яхшиликларини топшириб қўйишдан кўра ақллироқдир”, дедилар. (Вафоёт ул-аъён)
Яъни ақлли киши бировни ғийбат қилиб қўйса, яхшиликлари унинг ҳисобига ўтиб кетишини жуда яхши билади.
Аҳмад ибн Яҳё ибн Вазир айтадилар: “Бир куни Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ чироқ бозорига чиқдилар, биз ҳам у киши билан бирга чиқдик. Бир пайт (бозорда) кимдир бир илмли кишини сўка бошлади. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ шунда бизларга бурилиб: “Тилларингизни фаҳш сўзлашдан сақлаганингиз каби, қулоқларингизни ҳам фаҳшни эшитишдан сақлангизлар. Зеро, фаҳшни эшитиб турувчи одам (гуноҳда) сўзловчи билан шерикдир, дедилар”.
Бинобарин, ақлсиз киши ўзининг идишидаги (яъни, қалбидаги) энг жирканч нарсани сизларнинг идишингизга ҳам ағдаришга ҳаракат қилади. Агар ақлсизнинг сўзи рад этилса, ёмон сўзни сўзловчи бадбахт бўлгани каби, уни рад этувчи бахтиёр бўлади.
Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир донишманд бошқа донишмандга мактуб ёзиб, шундай дебди: “Сенга илм берилди. Энди сен илмингни гуноҳлар зулмати билан кир қилма. Агар кир қилсанг, аҳли илм ўз илмлари нури билан сайр қиладиган кунда сен зулматда қолиб кетасан”.
Каҳмас ибн Ҳасан ибн Бишр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен бир гуноҳ қилганман. Ўша гуноҳим учун қирқ йилдан бери йиғлайман”, деди. Одамлар: “Эй Абдуллоҳ, у қандай гуноҳ эди?” – деб сўрадилар. У киши: “Бир дўстим мени зиёрат қилгани келган эди, уни меҳмон қилиш учун балиқ сотиб олдим. Меҳмон ундан тановул қилди. Сўнгра мен бориб қўшнимнинг деворидан тупроқ олиб, қўлимни ювдим”, деди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: “Кимки бу дунёда биродарининг гўштини еса, охиратда егани унга яқин келтирилиб: “Тиригида қандай еган бўлсанг, ол, энди ўлигида ҳам е!”- дейилади унга…”.
Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ дейди: “Аллоҳга қасамки, ғийбат мўмин кишининг динига таом жасадга етганидан ҳам кўра тезроқ таъсир қилади(ва уни бўзиб хароб қилади)”.
Улуғлардан бири шундай дейди: “Ўтганлар ҳаётини идрок этиб билдикки, улар одамларнинг шаънига тегиб қўйишдан сақланишни ўзлари учун муҳимроқ ибодат деб санаганлар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Қачон дўстингнинг айбларини эсламоқчи бўлсанг, шу заҳоти ўз айбларингни эсга ол!(шундагина сен бу дарддан холос бўласан)”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Биродарингизнинг кўзига тушган заррани кўрасиз- у, жонингизга тутушаётган оловни кўрмайсиз”.
Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ дейди: “Эй Одам фарзанди! Токи ўзингда бор айб билан одамларни ғийбат қилмагунингча ва шу йўл билан ўзингни ислоҳ қилмагунингча иймон ҳақиқатига етаолмайсан. Қачонки шундай йўл тутсанг, ўзинг билан ўзинг жиддий банд бўласан. Бандаларнинг Аллоҳга энг суюклиси мана шу кишидир”.
Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг зикрини маҳкам тутинг, чунки у шифодир. Одамларни гапиришдан сақланинг, чунки у (бедаво, тузалмамайдиган)дарддир”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в): “Мен осмонга кўтарилаётганимда (яъни, Меърож кечасида) бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен: “Ё Жаброил, анавилар ким?” десам, у зот “Улар шундай одамларки кишилар гўштини еб (яъни, ғийбат қилиб) обрўларига бўҳтон қилишарди, дедилар”, деб айтдилар. Имом Абу Довуд ривояти.
Саид ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг обрўсида ноҳақ тилни узун қилиш риболарнинг буюгидир”, дедилар. Имом Абу Довуд ривояти.
Абу Ҳурайрадан( розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в): “мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, ёлғон сўзламайди ва уни хўрламайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа обрўси моли ва конига (тажовуз қилмоғи) ҳаромдир. Тақво бу ерда (яъни, қалбдадир). Киши мусулмон биродарларини паст санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади”, дедилар. Имом Термизий ривояти.
Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади. бир киши у зотга: “Сиз мени ғийбат қилибсиз”, деганида, бу зот: “Яхшиликларимга ҳукм қилмоққа сендек кишиларнинг кучи етмайди”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бирор кишини ғийбат қилганимда ота-онамни ғийбат қилган бўлар эдим. Чунки улар икковлари менинг ҳасанотларимга улардан кўра кўпроқ ҳақлироқдирлар”, деб айтдилар. (Бу зотларнинг ақллари шунчалик тезки, ҳар қандай масалада ҳозиржавоб бўлиб турганлар. Олов ҳашакни тез кул қилгани каби, ғийбат ҳам яхшиликларни шу каби кул қилади. Ғийбат яхшиликларни оловданда тезроқ кул қилади).
Жобир ва Абу Саиддан ривоят қилинади: “Ғийбатдан сақланинг! Чунки ғийбат зинодан ҳам оғирроқ. Киши зино қилиб қўйсаю, тавба этса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбат қилган кишини эса то ғийбат қилинган киши кечирмагунча, Аллоҳ кечирмайди (бу сўзлар эсдан чиқарилмайдиган сўзлардир. Доим ўзимизга хушёр бўлишимиз керак. Динимиз ўзини ислоҳ қилишга чақиради. То сиз Аллоҳ қайтарган нарсалардан тўлиқ қайтмагунингизча ўзгалар билан ҳеч ишингиз бўлмасин)”. Ибн Абу Дунё ривояти.
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Расули Акрам (с.а.в.) бизга шундай хитоб қилдиларки, ҳатто хутбаларини уйида ўтирган аёлларга ҳам баланд авозда эшиттирдилар: “Эй тилида иймон келтириб, қалбида иймон келтирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни (асло мажбурлансангиз ҳам) ғийбат қилманглар ва уларнинг айбини очманглар. Ким(диндаги ёки динда бўлмаган) биродарининг айбини очса, уйининг ичида бўлса ҳам Аллоҳ таоло уни шарманда қилади”(Абу Довуд ривояти).
Айтилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай ваҳий қилди: “Жаннатга охирда кирувчи киши ўлимидан олдин ғийбатдан тавба қилишга улгуриб қолган одамдир. Сўзлаб қўйган ғийбатидан тавба қилолмасдан ўтган одам эса дўзоҳга кирувчиларнинг аввалгисидир”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: “Расули Акрам (с.а.в.)бизга хутба ўқидилар,кейин рибонинг оғир гуноҳ эканини эслатдилар: “Кишига рибодан бир дирҳам етиши ўттиз олти зония билан зино қилишидан етадиган гуноҳдан ҳам оғирроқдир. Рибодан ҳам оғирроғи мусулмоннинг обрўсини тўкишдир”. (Ибн Абу Довуд ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом Моизни зино қилгани учун тошбўрон қилдирди. шунда бир киши бошқасига: “Итдек ўлдирилди-я!” – деди. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом эшак жасади ёнидан ўтаётиб уларга: “Сиз иккалангиз мана шундан ҳам бадбўйроқсиз” – дедилар.
- Ё Расулаллоҳ, биз эшак жасадидан ҳам бадбўймизми? – дейишди улар.
- Биродарингизга нисбатан сиз икковингиз айтган гаплар мана шу (Сассиқ жасад)дан ҳам бадбўйроқдир, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”(Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ рози бўлсин саҳобалар бир бирига очиқ чеҳра билан рўбарў бўлишар, бири йўғида бошқаси уни ғийбат қилмас ва буни амалларнинг энг афзали деб билишар, аксини эса мунофиқлар одати деб ҳисоблашар эди.
Аллоҳ таолодан Ўзининг таотига чиройли тавфиқ ато этишини сўраймиз.
Аллоҳим барчаларимизни бу маълумотларга амал қиладиган муҳсинлардан қилсин.
Соллаллоҳу ъала сайидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам.
Юнусобод Оқтепа жоме масжиди имом ноиби
Урол Назар Мустофо тайёрлади