islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзанднинг одобли бўлиши ислом билан бўлади

Ислом дини одоб-ахлоқ динидир. Исломнинг энг катта дарси ҳам ахлоқ дарсидир десак,янглишмаган бўламиз. Шу маънода Абдуллоҳ ибн Муборак р.а.: “Диннинг деярли учдан икки қисми одобдир” деганлар. Ҳаким зотлардан бири: “Ким сиздан ахлоқ жиҳатидан устун бўлса, демак у дин жиҳатидан ҳам сиздан устундир. Чунки дин ахлоқдир!” дея таъкидлаган. Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўзининг ҳабиби Муҳаммад с.а.в ни васф қилганида у зотнинг насаби ёки мол-мулки ёки шаклини васф қилмаган. Балки: “Албатта сиз буюк хулқ узрадурсиз!” деб у зотнинг ахлоқларини ва одобларини васф қилган.
Шу маънода уламолар: “Хатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди” деганлар. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади. Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтиришади. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган,аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.
Одобнинг нақадар муҳим экани беодобларнинг ҳолини кўрганда янада намоён бўлади. Халқимизда “Одобни беодобдан ўрган” деган ҳикматли гапи бежизга айтилмаган. Бу гап “Одобсиз кимсанинг йўлиққан кўргулик”ларини тафаккур қилиб кўрсак, одобли бўлиш қанчалар муҳимлигини англаб етамиз деган маънони англатади. Ҳа,инсон одобсизлиги туфайли дунёда турли муаммоларга дуч келиши, охиратда афсус-надомат чекиши тайиндир. Чунки одобсизлик инсоннинг сўзи ва амалидаги зийнатни барбод қилади. Натижада бундай кимса то мазкур иллатдан ҳалос бўлмагунича турли ноқулай ҳолатлар ва кўнгилсизликларга дучор бўлиши табий ҳолга айланади. Хўш, бундай иллатдан халос бўлиш ҳамда одобли инсонга айланишнинг қандай йўллари бор?
Демак, дастлаб ҳақиқий одоб нима экани илмий равишда ўрганилади,сўнгра ўрганилган одоблар тақозосига кўра ҳаёт кечирилади.Аслида мўминлар зиммасига юклатилган фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб амалларни адо этишдан яратган зотга итоат этиш ҳамда у зот юборга элчига эҳтиром кўрсатиш назарда тутилган. Бир сўз билан айтганда, кимки кунини, кечасини, уйқусини, уйғонишини, бетоблигини, соғломлигини, қўйингки бутун ҳаётини Расулуллоҳ с.а.в.га эргашиб ўтказаётган бўлса,у Ислом дини одобларига риоя қилиб яшаётган бўлади. Зеро, Қуръони Каримда мўминлар Расулуллоҳ с.а.в ни намуна қилиб олишлари лозимлиги ҳақида шундай дейилган:
“Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Ислом одоблари энциклопедияси).
Демак болага одоб илмини ўргатилса,бола уни ҳаётга татбиқ қилади ва биз мақсад қилган иш: боланинг ҳаёти исломда ўтади. Боланинг ёши ва фикрлашишига қараб ўргатилади.
Одатда 2 ёш атрофида болалар қисса ва ҳикояларга қизиқадилар, бундан фойдаланган ҳолда пайғамбарлар тарихи, ислом тарихи қизиқ қилиб айтиб берилса,бола уни мароқ билан эшитади,уни ёқтириб қолади ва яхши эсида қолади. Бундан ташқари унда исломга нисбатан қизиқиш ва кўникма шаклланиб боради. Шу билаан бирга она боласига Қуръонга муҳаббат уйғотиш учун Қуръони Карим ҳақида гўзал қиссалардан айтиб берса, уни Қуръонни ёдлатишга ҳам тайёрлаб боради. Натижада унда Қуръонни ўқиш ва ёдлашга иштиёқ, ғайрат, шижоат етарли бўлади, бола келажакда уни ўзи ҳоҳлаб тушуниб, осон ўзлаштиради.
Боланинг ёшига мос китоблар билан она қизиқтириб бориши керак.Ҳозирги кунда 1ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган китоблар мавжуд. Бола китобни яхши кўриши учун аввало она у билан бирга ўқиши керак. Камида кунига 20минут вақт ажратиши лозим. Ўқиш пайтида болани қизиқтирадиган саволлар бериш,уни шижоатлантириб туриш, ўзаро фикр алмашиш, маълумотларни баҳс қилиш уни янада қизиқтиради.
Бола билан бирга исломий кинолар кўришнинг ҳам кўп фойдалари бор. Биринчидан у қизиқарли ҳамда эсда қоларли. Болага уларни кўрсатиб,тушунтириб,хулоса қилиб бериш йўли билан ҳам уни Ислом динига қизиқтририш мумкин. Боланинг эътиқоди кучли бўлиши билан бирга уни соғлом этиб ҳам тарбиялаш лозим бўлади. Имом Муслим ривоятида Набий с.а.в: “Кучли мўмин Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан маҳбуброқдир” деганлар.
Масару Ибука айтадики бола мийясининг ҳужайралари 3 ёшига қадар фаол ривожланиб бўлар экан. Демак болага 2 ёшидан таълим берилса у қабул қила олади. Қанча эрта ўргатилса шунчалик боланинг қабул қилиши ва зеҳнида қолиши осон бўлади. “3 ёшдан кейин кеч” китобида ёзилишича болада “қила олмайман” деган тушунча бўлмайди, фақат ота-она шундай фикрда бўлгани учун бу билан болада тўсқинликларни келтириб чиқади.
Булардан маълум бўладики, инсон фақатгина илм билан саодатга эришади,иймонининг нури зиёдалашади, Аллоҳнинг розилигига эришади.Шунинг учун ота-онанинг асосий вазифаларидан бири унга илм олиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришдир. Оналар уларга бу йўлда тўғри ёл кўрсатиб,ҳамроҳ бўлишлари талаб этилади. Фарзандга илм шунчалар зарур экан, демак унга илм-тарбия берувчи она ҳам илмли бўлиши талаб этилади. Агар буни ҳар бир инсон чуқур аглаб етса ва илмли бўлса,авлодлардан яна Бухорийлар етишиб чиқади Ин шаа Аллоҳ
7 ёшгача болада “гўдаклик” даври ҳукм суради. Бу даврда ота-она боланинг саломатлиги учун масъулдир. Уни кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа барча зарурий нарсалар билан таъминлайди.
Болага асл тарбия 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган “болалик” босқичида берилади. Ота-онанинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши, айниқса, ушбу даврда катта аҳамиятга эгадир. Чунки одоб-ахлоққа пойдевор шу даврда ҳозирланади. Бола бу босқичда тақлидчи бўлади, ота-онасидан, атрофдагилардан ўрнак олишга интилади, уларга тақлид қилади. Бу давр боланинг балоғатга қадам қўйиш даври бўлгани учун улар билан муомалада эҳтиёткорлик зарур.
14 ёшдан сўнг болада “ёшлик” босқичи бошланади. Бу даврда фарзанднинг вужуди камол топади, тани куч-қувватга тўлади. Агар олдинги босқичларда бола қалбига Аллоҳга юксак ишонч, севги, Унинг қаҳрига қолишдан қўрқув ҳисси чуқур сингдирилган бўлса, ушбу босқичда фарзанд етук иймон эгаси бўлиб этишади.
Сўнгра “навқиронлик” даври бошланади. Илк икки даврда ҳозирланган иймон қуввати, Ҳақ ва ҳақиқат хусусидаги билимлар ва “ёшлик” босқичида олинган гўзал ҳис-туйғулар бу даврга етук инсон бўлиб этишиши омилидир.
Пайғамбаримиз с.а.в (биринчидан) “Авлодларингизни Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланг” деганлар. Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор қилиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди ва уларнинг қалбига фарзандларининг муҳаббатини солди.Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукр келтирмоғи лозим. (иккинчидан) “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло у зотни бутун оламларга раҳмат этиб юборди. Зеро Набий с.а.в инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот бўладилар. (Учинчидан) “Аллоҳнинг китобини севадиган қилиб тарбияланг”, чунки бу китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.
Бола кўрган,эшитган билган нарсасини тўғри деб тушунади. Демак унга Аллоҳ ва унинг ҳабиби Расулуллоҳ с.а.в танитилса, болада уларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади ва қалбида шаклланади. Ота-оналар йўл қўядиган ҳатолардан яна бири болани ёшлигида ўйнаб олсин деб, бирданига катта ҳаётни кўрсатиб қўяди, бола эса буни тушунмайди. Мисол учун болага велосипедни яхши кўр дейилса бола уни яхши кўради,сабаби у уни билади, коръади, минади. Худди шунингдек болага ёшлигидан Аллоҳ ва унинг Расули танитилса бола секин асталик билан муҳаббат қила бошлайди,катта бўлганида уни шакллантиради.
Агар бола Аллоҳни таниса,унинг руҳияти бутунлай ўзгача бўлади.Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис қилса у номаъқул ишларга боришдан тойилади. Ҳоҳласа Аллоҳдан умид қилади ва ундан сўрайди.
Бола Расулуллоҳ с.а.в ни таниса, у зотга муҳаббат қўйса ва у зотнинг суннатлари ўргатилса суннатга мувофиқ ҳаёт кечиради,охиратда Расулуллоҳ с.а.в шафоатларига эришади иншаааллоҳ. Болага ёшлигидан ўзига муносиб тарзда суннатларга эргашишни ўргатилса,шундагина улар унинг одатий тарзига айланади. .
Мисол учун ётишдан олдин тишларни ювиш билан биргаликда таҳорат олишни ўргатиш, сўнг ётишдан олдин ўқиладиган дуони ўргатиш,ётишдан олдин ётоқни қоқиб,ўнг томонга ётиш, ётгач сураи Ихлос, Фалақ, Нас сураларни ўқишни ўргатилса шунинг ўзида 5 та суннатни ўргатган бўлади.
Аллоҳ ва унинг Расули танитилгач, Аллоҳнинг каломи ҳақида гўзал қиссалар билан унда Қуръонга бўлган муҳаббат шакллантирилса, бола уни тиловат қилиши, унга амал қилиши осон кечади. Ҳаёти Аллоҳ таоло амри, Набий с.а.в суннатлари ва Қуръони Карим ҳукмларига кўра ўтади ва 2 дунёда саодатга эришади.

Арипджанова Муҳсина,
Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институте 4-курс талабаси

226990cookie-checkФарзанднинг одобли бўлиши ислом билан бўлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: