islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ижтимоий тармоқлар: фойдалими, зарарлими?!

Интернет пайдо бўлиши ва ривожланиши билан инсоният Ер сайёраси ва коинотни идрок этишда сезиларли ютуқларга эришди ва Интернетнинг кўплаб имкониятларини ҳаёти ва фаолиятида қадам сифатида танлади. Гарчи Интернетнинг инсоният учун ўрни ва аҳамияти шубҳасиз бўлса-да, у билан боғлиқ бўлган салбий элементларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши бизни Интернетдан тўғри ва мақсадли фойдаланишни тарғиб қилишга мажбур қилади.

Компютерлари ва мобил телефонлар ривожланиши билан бир қаторда Интернет хизматларига обуна бўлганлар, айниқса, ижтимоий тармоқлар иштирокчилари сони ҳам ошди. Ижтимоий тармоқлар Интернетнинг ривожланган таркибий қисмларидан биридир. Айнан ижтимоий тармоқларда замонавий таҳдид ва хатарлар яширинган. Аксарият фойдаланувчилари ёшлар бўлган интернетдан фойдаланиш маданиятининг йўқлиги ушбу хатарларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини янада оширади.

Ҳар бир ижтимоий тармоқда минглаб алоҳида гуруҳлар ташкил этилади, уларнинг аксарияти тахаллус ва ёлғон маълумотлар остида рўйхатдан ўтган. Ижтимоий тармоқлар маъмурияти ҳам тижорат манфаатлари учун гуруҳ суҳбатларининг мазмунига унчалик аҳамият бермайди ва уни деярли назорат қилмайди.

Тўғри, дастлаб баъзи бир ички саҳифалар ва ижтимоий тармоқлар гуруҳлари тил ўрганишни тарғиб қилиш, маданий ва сайёҳлик қадриятларини тарғиб қилиш, синфдошлар, ҳамкасблар, ватандошлар диалоглари ва бошқаларни тарғиб қилиш учун яратилган, аммо аъзолари ва иштирокчилари сони ортгани сайин гуруҳнинг мақсадлар ўзгаради. Манфаатдор гуруҳлар ўзларининг ғаразли ғояларини тарғиб қилиш учун ушбу имкониятдан фойдаланадилар. Айнан шу босқичда ижтимоий тармоқлар хавфли бўлиб қолади.

Айрим ижтимоий тармоқларнинг саҳифалари ва гуруҳларининг асосий хавф-хатарларидан бири бу инсоннинг ижтимоий келиб чиқишидан узоқлашишидир. Инсон жамият ичида ижтимоий мавжудот сифатида ривожланади. Жамиятдан ташқарида ва оддий одамлар муносабатларисиз у ўзининг келиб чиқишига бегоналашади. Танишлар, суҳбатлар, ўйинлар, виртуал алоқалар ва бошқалар каби виртуал ва ноанъанавий муносабатлар асосида ишлайдиган ижтимоий тармоқларга уланиш орқали одам аста-секин одатдаги муносабатларидан воз кечади. Шахснинг ижтимоий келиб чиқишидан узоқлашиши унинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва диний муносабатларида зиддиятларга олиб келади. Бундай одам жамиятдаги ҳодисаларга нисбатан мутлоқ бефарқ бўлиб қолади.

Ижтимоий тармоқларнинг яна бир хавфи – чет эл маданияти ва урф-одатларини тарғиб қилиш. Шу фонда кўплаб материаллар ва видеолар ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда, бу инсоннинг мулоқотига, муносабатига, ички ва ташқи қиёфаси ва қадриятларига таъсир қилиши мумкин. Ёки қилган ишлари туфайли одамларни ҳақорат қилиш. Буларнинг барчаси инсон ахлоқига таъсир қилади ва ўз-ўзини билиш, қариндошлик ва тарихий анъаналарда зиддиятларга олиб келади.

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган материаллар ва маълумотлар унинг иштирокчилари орқали тарқатилади. Ижтимоий тармоқлар одатда иштирокчига эълон қилинган материал остида фикр ёзиш, “лайк” тугмасини босиш ёки ўз номидан материални гуруҳдаги дўстларига ёки бошқа ижтимоий тармоқларга юбориш имконини беради. Табиийки турли даражадаги билим ва дунёқарашга эга инсонлар маълумотни ўзларига хос тарзда тушунишади ва жавоб беришади.

Албатта, ижтимоий тармоқларнинг таҳдидлари ва хавфлилиги масалалари соатлаб муҳокама қилиниши мумкин ва бизнинг мақсадимиз инсоният учун Интернетнинг аҳамиятини инкор этиш эмас. Фақатгина Интернет, ижтимоий тармоқлардан тўғри, мақсадли фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш ва уларнинг салбий оқибатлардан огоҳлантиришимиз зарур.
“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди” (Раъд, 11).

4-курс талабаси Муҳаммадиев Муҳаммадсолеҳ

227370cookie-checkИжтимоий тармоқлар: фойдалими, зарарлими?!
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!