islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

ҚУРЪОН ШИФОДИР

Қуръонни дастурул амал ҳисоблар эканмиз, унинг оятларидан ҳар қандай қийин ҳолатларимизга ечим қидирамиз. Мўмин инсон бу дунёга келишидан бошлаб то вафот этгунча, ҳаттоки вафот этганда ҳам Қуръон оятларига эҳтиёжи тушади, унга мурожаат қилади. Тирик мавжудот борки, хар ҳил ҳолатга тушади, бемор бўлади, тушкунликка тушади, юраги сиқилади, давоси бор бўлган касалликларга, давоси йўқ бўлган касалликларга йўлиқади.

Ҳадисларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бетоб бўлганларида муввизатайн нозил бўлгани, у билан дам солганлари, бошқа ҳадисда бир жориянинг юзига ноодатий нарсалар тошиб кетганда ҳам муаввизатайн билан дам солишга буюрганлари келган. Саҳобалар хам бир қавмнинг олдидан ўтганларида ўша қавмдан бўлган чаён чаққан кимсага қавм улуғларининг мурожаати билан Фотиҳа билан дам солганлари ва унинг тузалиб кетгани ривоят қилинган.

Шу ва шу маънодаги ҳадислар Қуръон оятларининг тиловати билан даволаниш нафақат жоиз, балки лозим эканлигини билдиради. Шу билан бир қаторда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин айнан шифо калималари иштирок этган оятлар билан дам солишлик тажрибада қўлланилган ва яхши натижа бергани учун айнан шу оятлар билан ҳам дам солишлик урфга айланган. Қуйида шифо оятлари деб номланадиган олти оятни келирамиз:

1.

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُّؤْمِنِين

“(Аллоҳ) мўъминлар жамоасининг кўнгилларига шифо (ҳузур-ҳаловат) бергай” (Тавба сураси, 14-оят).

“Яъни, муҳими сизлар жанг қилаверинглар, бу ёғини Аллоҳнинг

Ўзи билади. Аллоҳ сизларни қудратига парда қила туриб, қўлларингиз билан мушрикларни азоблайди, хорлайди. Мўминларга нусрат, мушрикларга мағлубият бериш билан аввалда мушриклар озорлаган мўминларнинг кўнгилларини даволайди. Исломга ёрдам бериб, уни куфрдан устун қилиш билан мўминларнинг қалбида йиғилиб қолган аччиқларни кетказади.

Мўминларнинг ғолиб, кофирларнинг мағлуб бўлиши, Исломнинг устун келиб, куфрнинг қулаши баъзи мушрикларнинг кўзини очиб, иймонга чорлаши мумкин. Шундай бўлса, қандай яхши. Мўминларнинг жиҳоддан мақсадлари ҳам — шу. Одамлар иймонга келсин, Худодан бошқага қул бўлмасин, деб жиҳод қиладилар. Агар мушриклар иймонга келсалар:

«Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшанинг тавбасини қабул қиладир».

Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради ва фақат ҳикмат билан тасарруф қилади.”

2.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءتْكُم مَّوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ

وَشِفَاء لِّمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِينَ

“Эй инсонлар! Раббингиздан сизларга бир насиҳат, диллардаги нарсаларга (ёмон туйғулар, шаҳват, ботил ақида, дард ва қийноқларга) шифо ҳамда мўъминларга (тўғри йўлни кўрсатувчи) ҳидоят ва раҳмат (бўлган Қуръон) келди” (Юнус сураси, 57-оят).

“Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг.

«Сизга ўз Роббингиздан мавъиза» келди.

У сизларга икки дунё бахтига эришишингиз учун керакли мавъизалар, панд-насиҳат ва кўрсатмалар йўллади.

Бу Қуръон оддий китоб эмас, у Роббингизнинг ҳузуридан сизнинг «кўксингиздаги нарсага шифо» бўлиб келгандир.

У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Шуларнинг қаторида сизнинг ичингиздаги «мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди».

Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.”

3.

يَخْرُجُ مِن بُطُونِهَا شَرَابٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ

شِفَاء لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан ранго-ранг бир ичимлик (асал шарбати) чиқадики, у инсонлар учун шифо (манбаъи)дир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибрат (ва Аллоҳнинг қудратига ишорат) бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

“Ушбу оятда Аллоҳнинг асаларига ваҳийси ҳамда берган илҳомининг давоми келмоқда. Аллоҳ асаларига фақат уя қуришнигина эмас, балки бошқа нарсаларни ҳам илҳом қилгандир:

«Сўнгра, ҳамма мевалардан егин».

Уяни қуриб қуйиб, мевалардан емоқ ҳам асаларига Аллоҳ томонидан илҳом қилинган. Шунинг учун, у бошқа ҳайвонларга ўхшаб турмайди, тўғридан-тўғри мера гуллари томон учиб кетади ва уни емоққа киришади.

«Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди.»

Аллоҳ асаларига ўша меваларни, уларнинг гулларини тортиш йўлларини осон қилиб қўйган. Одамзот топа олмайдиган жойда бўлса-да, асалари бир зумда уларни топиб боради. Ҳамда ўша мева ва гулларни ейди.

«Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар.»

Асаларининг қорнидан чиқадиган асалларнинг ранги турли бўлиши бежиз эмас.

«Унда одамлар учун шифо бордир.»

Уша асаларининг қорнидан чиққан турли рангли шаробда одамлар учун шифо бордир. Ушбу Қуръоний ҳақиқат тиб илми ривожланган сари янада аниқроқ ойдинлашиб бормоқда.

«Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят – белги бордир.»

Асаларининг ҳаёт тарзи, уларнинг уй қуриши, бориб мева ва гулларни еб келиб, асал қилишлари ва ўша асал одамлар учун шифо бўлиши каби ҳодисаларда катта мўъжизалар бор.

Буни асаларичилардан ёки асаларилар ҳақида ёзилган китоблардан батафсил ўрганган одам Аллоҳнинг биру борлигига, ибодатга сазовор ягона илоҳу маъбуд эканлигига кўплаб оят-белгилар топади. Фақат, бу белгиларни топиш учун тафаккур бўлиши шарт. Тафаккурсиз одамлар аввалгидек мушрик ҳолида юраверади.”

ИЗОҲ. Арининг ёшига, жинсига ва асал оладиган гул ҳамда меваларининг таъмига кўра асаларининг қорнидан оқ, сариқ, қорамтир ва бошқа рангли асал шарбати чиқади (Қози Байзовий; Жалолайн). Ояти каримада «шифоун» лафзи накра (мажҳул) бўлиб келгани учун «Асал ҳар турли касалликка шифодир», дейилган.

4.

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاء وَرَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِينَ

“Биз Қуръондан мўъминлар учун (руҳий ва баданий касалликларига) шифо ва раҳмат бўладиган нарсаларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

“Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақийдавий хасталикларни даволайди.

Қуръони Карим қалблардаги турли иллатларнинг — ҳикду ҳасад,

бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир.

Қуръони Карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошқа касалликларга шифо бўлади.

Турли дардларга даво бўлувчи бу шифони борлиққа нозил қилган Зот борлиқни Ўзи яратган ва унга қандай шифо кераклигини ҳам яхши билади. Бу дунё турли моддий ва маънавий касалликларга тўлиб-тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳаммабоп давони

Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилгандир.

Шунингдек, Қуръони Карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада – шахсий, ақийдавий, оилавий, ижтимоий, халқаро, сиёсий, иқтисодий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар тарафлама раҳматга сазовор бўладилар.

Қуръони Каримнинг мазкур шифоларидан даво олиш учун, у орқали мазкур шомил раҳматга ноил бўлиш учун мўмин бўлиш керак. Мўмин бўлмаган одам бу нарсалардан маҳрумдир.

«У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас.»

Золимлар — соф фитратга зулм қилиб, иймон ўрнига куфр келтирганлардир. Улар иймонга чақирувчи Қуръон оятларига иймон келтирмаганлари ва амал қилмаганлари учун, гуноҳлари, зиёнлари зиёда бўлиб бораверади. Ундай инсон шифодан ва раҳматдан бенасиб бўлади. У доимо зиён устига зиён кўриб бораверади.”

5.

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“Бемор бўлган вақтимда менга шифо бергувчи У (Аллоҳ)дир” (Шуъаро сураси, 80-оят).

“ИЗОҲ. Адаб юзасидан раҳмат ва яхшиликни Аллоҳга нисбат бериб, дард ва ёмонликни инсон ўзига насбат бериши – муқаддас Ислом динининг энг гўзал одобларидандир.”

“Масалан, Имом Муслим ва бошқа улуғ муҳаддислар келтирган ҳадиси шарифда «(Аллоҳим!) Хайр – яхшиликнинг ҳаммаси Сенинг қўлингдадир. Ёмонлик Сенга нисбат берилмас» дейилади.”

“Тафсир уламоларимиз шу ўринда Иброҳим алайҳиссалом улкан одоб намунасини кўрсатганларини эслатиб ўтадилар. Ул зот бемор бўлишни ўзларига, шифо беришни Аллоҳ таолога нисбат бердилар.

Зотан, банданинг беморлиги ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади.”

6.

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آمَنُوا هُدًى وَشِفَاء

“(Эй Расулим! Уларга) айтинг: «У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят (тўғри йўлни кўрсатувчи раҳнамо) ва шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).

“Қуръони Карим мўминлар учун ҳидоятдир. Қуръон мўминларни саодатли ҳидоят йўлига бошлайди. Қуръони Карим мўминлар ҳаётининг ҳар бир соҳасида уларга ҳидоят маёғи бўлади. Унинг ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.

Қуръони Карим мўминлар учун шифодир. Қуръон мўминларнинг барча дардларига шифо бўлади. Қуръон одамларнинг қалбларидаги касалларига, турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий касалларга шифодир. Унинг шифобахшлигидан баҳраманд бўлмоқ учун унга иймон келтирган бўлиш керак.”

4-курс талабаси Х.Мирахмадова

227320cookie-checkҚУРЪОН ШИФОДИР
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!