Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида сура ва оятлар тарзида элчи фаришта – Жаброил алайҳиссалом орқали илоҳий ваҳий сифатида, араб тилида, оғзаки нозил қилинган. Ислом динининг асосий манбалари (Қуръон, суннат, ижмоъ, Қиёс) нинг биринчиси саналмиш бу Калом шарифнинг тил ва баён жиҳатидан илоҳий мўжиза эканлиги ҳам уни араб тилида ўқиб, фикр юритгандагина намоён бўлади. Бошқа ҳар қандай тилга ўгириганда, маъноларини шарҳлаганда, тафсирини баён қилганда Қурҳон тилига хос хусусиятлар, назмий услуб, мафтункор оҳанг ва руий таъсир ўз кучини йўқотади.
Қуръони карим оятлари маъноларини нозик нуқталаригача фаҳмлаш ва уни ўта синчковлик ва маҳорат билан тафсир қилиб, ўзгаларга оятлар мазмун-моҳиятини тушунтириб бериш шу қадар буюк фазилат-ки, бу фазилат Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган бахтли бандаларгагина насиб қилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръони карим таржимони, уни нозик жиҳатларигача теран англаб юксал маҳорат билан тафсир қилган, умматнинг денгизи ва буюк дин олими деган шарафли номга сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Қуръони каримни тафсир ва таъвил[1] қилишда ўз даврининг ҳар қандай вакилидан олдинлаб кетиб, пешқадам бўлган ва Қуръон таржимони деган ном билан шуҳрат қозонганлар.
Бу улуғ саҳобий ёшлик пайтидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак назарларига тушиб, у зотнинг дуо-ю таважжуҳларидан баҳраманд бўлганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ҳаққиларига “эй Аллоҳ, уни динни тушунадиган қилиб қўй ва унга таъвилни ўргат!”, – деб дуо қилган эдилар. Имом Бухорий ва имом Термизий ривоят қилган.
Мазкур дуонинг ижобати ўлароқ келажакда Аллоҳ таоло ёш саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббосни Ўз каломининг сир-асрорларини тушунадиган қилиб қўйди ва бу зот юқорида айтилганидек, Қуръоннинг таржимони деган улуғ унвонга ноил бўлди.
Агар дунёда тафсир илмидек шарафли бир илм йўқ, десак, ҳеч ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, тафсир илми орқали оламлар Раббисининг каломи тушунилади, шу илм орқали Парвардигор билан суҳбат қурилади. Бу илм Аллоҳнинг сўзларини тадаббур қилишга ёрдам беради. Тафсир илмининг энг буюк муфассири Имом Табарий[2] раҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар: “Қуръони Каримни ўқиб, қори бўлиб, лекин Унинг таъвилини билмайдиган инсондан ажабланаман. Бу аҳволда у қандай қилиб ўқиётган нарсасидан лаззат оларкин?!”. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг каломини маъно, мазмунини теран англаб, унда яширинган хазинаю дафиналаридан баҳраманд бўлишлик нақадар олий саодатдир, аммо Қуръон хофизи бўла туриб ундаги мазмун ва моҳиятни англамаслик эса нақадар ачинарли холатдир.
Шу сабабдан ҳам тафсир фани диний илмлар орасида энг биринчи аҳамият қаратилиши лозим бўлган илмлардан биридир. Зеро, ҳар қандай илмнинг шарафи, улуғворлиги, аҳамияти ўша илм орқали билинадиган ва ўрганиладиган нарсанинг шарафига, улуғворлигига, аҳамиятига боғлиқдир. Шу эътибордан, тафсир илми ҳамма илмлардан муқаддам ва ҳаммасидан устун эканлигига амин бўламиз. Зеро, Ислом динидаги барча илмлар, барча фиқҳий ва шаръий билимлар, ботинию зоҳирий илмлар, латоифу фавоидлар, нафс тарбияси, одобу ахлоқ, ижтимоий хулқлар, муомалоту муносабатлар, ақоиду тавҳид билимлари, барча-барчаси аслида мана шу Қуръони Каримдан чиқиб келади, унга қайтади ва ундан таралади.
Кимки, тафсир илмини ўрганиш ва Қуръони каримни маъно ва мазмунини ўрганишга, тафсир қилишга киришган экан, бу илм уни диндаги барча илмларни пухта ва енгил ўзлаштиришига сабаб бўлади.
Зеро, бир муфассир то Қуръони каримни тўлиқ тафсир қилиб якунлагунича, бошқа ўнлаб китобларга мурожаат қилишига, ўрганишига, илмда собит қадам бўлишига, қатъиятлик бўлишига тўғри келади, бунинг натижада эса бу жараён сўнгида унинг ўзи ҳам ўзи билмаган ҳолида илмда етуклик мартабасига етади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасида илм хосил қилишликда собит қадам бўлган илм эгаларини қуйидагича васф қилиб:
هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ
“ У сизга китоб нозил қилган зотдирки, у (китобдан) шу китобнинг асли-моҳияти бўлган муҳкам – аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа муташобеҳ – тушиниш қийин бўлган, фақат муҳкам – равшан оятлар ёрдамидагина ҳақиқий маъносини биладиган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Бас, дилларда (ҳақ йўлдан) оғиш бўлган кимсалар (одамларни) алдаб, фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун унинг муташобеҳ оятларига эргашишадилар. Ҳолбуки – бундай оятларнинг таъвилини (ҳақиқий маъносини) ёлғиз Аллоҳгина билур – илмда собитқадам бўлган кишилар эса «У китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,- дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар.”[3], – дея сифатлаган.
Дарҳақиқат, тафсир илми инсонни том маънода олим қиладиган ва диндаги бошқа барча илмларни ҳам эгаллашига туртки бўладиган илмдир. Имом Ибн Абдул Барр[4] раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир. У киши шундай дейдилар: “Илмнинг аввали Аллоҳнинг каломини ҳифз қилиб, Унинг маъноларини тушунмоқдир. Аллоҳнинг китобини фаҳмлашга ёрдам берадиган бошқа барча нарсалар ҳам шу илм қаторида вожибдир”.
Бунинг исботини ўлароқ, тарихга ва ҳозирги кунимизга назар солсак, Қуръони каримни тафсир қилган олимлар бошқа илмларда ҳам пешқадам бўлганликларининг гувоҳи бўламиз. Мисол тариқасида, тафсир илмида биринчилардан бўлиб мукаммал китоб тасниф этган зот, муфассирлар пешвоси бўлмиш Имом Табарий раҳимаҳуллоҳни оладиган бўлсак, муаррихлар у кишини ўз асрининг бирор кишиси тенг кела олмайдиган илм соҳиби бўлганлигини қайд этадилар. Зеро, у зот шаръий билимлар, жумладан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Ва ҳам ҳофизи Каломуллоҳ эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ, нозик жойларигача тушунган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг суннатларини яхши билувчи, унинг соғлом ва заифи, носих ва мансухини қийинчиликсиз ажратувчи олим эдилар. Қолаверса, саҳобалар ва тобеинлардан ва улардан кейинги салаф уламолардан эшитилган ривоятларни ва улар ўртасидаги ҳукмлардаги мухолифларни ҳам билувчи киши эдилар. Мана шу меҳнатлари сабаб Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида Тафсир илмининг отаси деган номга сазовор бўлганлар.
Шунингдек, бошқа муфассир уламолар ҳам шундай етук олимлар бўлишган. Масалан, Жассос номи билан машҳур бўлган Абу Бакр Розий[5] бу зот ўзлари катта фақиҳ олим бўлишлик билан бир қаторда тафсир илми билимдони эдилар. У киши тафсир илмига доир “Аҳкому-л-Қуръон” деган машҳур бир тафсир ёзганлар.
Яна буюк ватандошимиз калом илми билимдони Имом Абул-Баракот Насафий[6]ни олайлик. Бу зот фиқҳ, ақоид ва бошқа бир қанча шаръий билим пешвоси ва бу билимлар ривожи учун китоблар тасниф қилиш билан бир қаторда тафсир илми билимдони эдилар. У киши тафсир фани ривожига катта ҳисса қўшган “Мадорику-т-танзил[7] ва “Ал-Лаолий ал фахироҳ фи улумил ахироҳ”[8] китобларини муаллифидирлар.
Қуръони Каримни тафсир этишдек буюк неъмат насиб қилган кўплаб уламолар бу ишларини ўз илмий ҳаётларида қолдираётган асарларининг энг сараси ва гултожиси сифатида эътибор қилганлар ва бундан беҳад бахтиёр эканликларини яширолмаганлар.
Қуръони Каримни тафсир қилиш шу қадар бахт экан, ва бу неъмат кўплаб билимларни ўзида мужассам қилган зотларга насиб бўлган экан айтиш жоизки, бундай бахтни Аллоҳ таоло бир неча замондош ва ватандош уламоларимизга ҳам насиб этган. Жумладан, уларнинг аввалида биринчилардан бўлиб мустақиллик даврида тафсир фанига доир китоблар ёзган муфассирлардан шайх Абдулазиз Мансур, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини тилга олишимиз мумкин.
Ўзбекистон халқи истиқлол неъматига мушарраф бўлган бир пайтда бу зотлар пешқадамлардан бўлиб, Қуръони каримни тафсир қилишга бел боғладилар.
Сўзимизнинг якунида, хулоса ўрнида Ибн Атийя[9] раҳимаҳуллоҳнинг тафсир илмининг аҳамияти ҳақидаги қуйидаги сўзларини келтиришга ижозат берасиз. У зот: “Ўзим учун ҳаётимда асқотадиган бирор илмни танлаб олиб, унинг нурини қабримнинг зулматини ёритиш учун тайёрлаб қўяжагим нарса ҳақида бош қотирдим. Барча фанларни турларга ажратиб, бирма-бир тақсимлаб чиқдим. Уларга теран назар солдим, тафаккур қилдим. Ва билдимки, илмнинг шарафи ўша илм орқали билинадиган нарса шарафининг миқдор-у кўламига боғлиқ экан.
Шунда уларнинг арқони энг пишиғи, тоғлари энг мустаҳками, асарлари энг гўзали ва нурлари энг порлоғи Аллоҳ таоло китобининг илми эканлигини англаб етдим, қайсики, Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил яқин йўлолмас, У Ҳикмат соҳиби ва мақтов соҳиби бўлган Зот томонидан нозил қилинган. У суннатни ҳам, фарзни ҳам ўз ичига олган илмдир. Ва уни самонинг амини-омонатдори ернинг аминига олиб тушгандир. У шундай илмки, Аллоҳ уни шариатнинг асоси, тиргаги ва моҳияти қилиб қўйди, бошқа барча билимларни эса унга хизмат қилувчи ходимлар қилиб берди”, – деб айтадилар.
4-курс талабаси К.Мансурова
[1] Таъвил сўзи луғатда қайтиш маъносини англатади. Истилоҳда эса калом қайтадиган ҳақиқат таъвил дейилади. Яъни, сўздан кўзланган ҳақиқат.
[2] Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий, Имом Табарий ҳозирги Эрон ҳудудидаги Табаристон вилоятида 224/839 йилда таваллуд топиб, 308/923 йил Бағдодда вафот этганлар. Ислом илмлари билимдони. Фақиҳ, мутакаллим, муфассир ва тарихшунос олим
[3] “Қуръони карим маъноларинмнг таржима ва тафсири”. Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент 2018. ТИУ нашриёти. –бет.
[4] Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳ ан-Намари, Ибн Абдул Барр номи билан машҳур исломшунос, фақиҳ, мутакаллим. 978 йил Кордоба, андалусия, испанияда таваллуд топиб, 1070 йил Хативада вафот этган.
[5] Абу Бакр Муҳаммад ибн Закария ар-Розий, таҳминан 865 Эроннинг Рей шаҳрида таваллуд топиб, шу шаҳарда 925 йил вафот қилган. Тасаввуф илми билимдони.
[6] Абул Баракот Насафий ҳижрий VII/VIII (XIII/XIV) асрларда яшаб ўтган Ислом оламидаги машҳур олимлардан бўлган. У зотнинг тафсир, усулул фиқҳ, фиқҳ ва ақоид фанларига оид кўплаб асарлари бизгача етиб келган. Ушбу асарлардан айримлари илм даргоҳларида ҳозиргача дарслик сифатида ўқитилиб келинмоқда.
[7] “Тафсири Насафий” деб танилган ушбу тафсирлари муаллифнинг энг машҳур китобларидан бўлиб, уни “Кашшоф” ва “Тафсири Байзовий”дан мухтасар қилиб олганлар.
[8] Бу асар ҳақида баъзи китобларда ишоралар борлиги маълум холос.
[9] Ибн Атийя ал-Андалуси 1088 йи Андалусия, Испанияда таваллуд топган. Исломшунос, Андалусиялик мусулмонлар орасидаги биринчи Қуръони карим таржимони. 1146 йилда вафот этган.