Ушбу буюк саҳобия аёлнинг тўлиқ исми Умму Ҳоний бинту Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф бўлиб, Ҳошимийлар сулоласидан ҳисобланадилар.
Бу аёлнинг асл исми ҳақида Фахита ёки Ҳинд, Атиқа ёки Фотима деган ривоятлар бизгача етиб келган. Бу исмлар орaсида Фахита дегани машҳур. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг қизлари, Али розияллоҳу анҳунинг опаларидир. Онаси Фотима бинту Асад бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ёш кичик бўлганлар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо Маккада 576 йилда туғилганлар. Умму Ҳоний у кишининг лақабидир. Турмуш ўртоғи Ҳубайро ибн Абу Ваҳб Махзумийдир. У қавмидаги кўзга кўринган кишилардан бўлган ва Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога икром ва эҳтиром кўрсатган.
Уларнинг 7 нафар фарзанди бўлган. Улар: Амра; Жаъда; Ҳоний; Юсуф; Толиб; Ақийл; Жамона.
Нубувватнинг Макка даври эди. Набий алайҳиссалом Тоифдан маҳзун ҳолда қайтиб келдилар. Тоиф аҳли Аллоҳнинг динидан юз ўгиргани маҳзунликларининг сабаби эди. Шу куни Умму Ҳонийнинг зиёратига келиб, унинг уйида тунаб қолдилар. Шу кеча Исро ва Меърож ҳодисаси рўй берди. Шу сабаб қайсики Исро ва Меърож ҳақидаги ҳадис бўлса, барчасида Умму Ҳонийнинг исми зикр қилинмай қолмайди. Умму Ҳоний айтади: “Амакимнинг ўғли Муҳаммад алайҳиссалом зиёратимга келиб, уйимда тунаб қолган кечада Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Ўша кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдодга яқин бизни уйғотиб: “Эй Умму Ҳоний, мен сизлар билан хуфтон намозини ўқидим, сўнг Байтул Мақдисга бориб у ерда ҳам хуфтон ўқидим. Сўнг ҳозир мана сизлар билан бомдод ўқидим”, дедилар. У зот ўринларидан туриб ташқарига чиқмоқчи бўлдилар, мен эса уларнинг ридоларининг бир четидан тортиб: “Агар бу ҳақида одамларга айтсангиз, сизни ёлғончига чиқарадилар”, дедим. У зот: “Аллоҳга қасамки, буни уларга айтиб бераман”, дедилар. Шундан сўнг мен хизматчим Ҳабашийяга: “Бор, Расулуллоҳнинг ортларидан бор. Одамларга нима деганларини ва одамлар у зотга нима деб жавоб берганларини эшитгин”, дедим. У зот чиқиб, одамларга бу воқеани айтиб берганларида, барчалари ажабландилар ва: “Бунга исбот-далилинг борми, Эй Муҳаммад, биз бунга ўхшаш гапни аввал ҳеч эшитмаганмиз”, дейишди. У зот: “Бунга далил, мен фалон-фалон карвоннинг ёнидан фалон водийда ўтдим. Улар бир ҳайвоннинг овозидан қўрқиб туришганди. Бирдан ёнларидан бир туя чиқди. Мен шомга кетаётган ҳолимда уларни у туяга далолат қилдим. Дожанан деган жойгача юриб бордим. У ерда бир қавм ухлаётган экан. Уларни идишлари бўлиб, ичида сув бор эди. Идишларнинг устини ёпиб қўйишган экан. Мен ўша идишдан сув олиб ичдим. Яна бир далил: уларнинг карвонлари Танъим деган жойдан ўтди. Карвон олдида бошчилик қилиб келаётган бир туяга 2 та қоп ортилган, ранги кулранг, ортда эса икки қора, қолгани эса ола-була ранглидир”.
Одамлар ўша карвонни кутиб олишга чиқдилар, уларнинг ҳолати у зот сифатлаб бергандек эди… Карвондагилардан идишдаги сувлар ҳақида сўрашганда, идишларни усти очилиб, ичидаги сув йўқ бўлиб қолганини ва улар ҳақида айтиб бераётган инсон рост сўзлаганини айтдилар”.
Бу аёл Макка фатҳи куни мусулмон бўлганлар. Фатҳ кунида эри Маккадан қочиб кетади ва Исломни қабул қилмайди. Эри исломга кирмагани сабаб уларнинг ораси ажралади.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга совчи юбордилар. Мен уларга: “Эй Аллоҳнинг расули, менда сизга нисбатан рағбат бор, лекин мен кичкина болаларим бўла туриб турмуш қуришни хоҳламайман”, дедим. У зот: “Энг яхши туя минган аёл Қурайш аёлидир. У фарзандларига раҳм-шафқат қилади”, дедилар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турмуш ўртоқлари бўлишни, “Мўминлар онаси” бўлишдек шарафга эришишни жуда хоҳлардилар. Аммо турмуш ўртоқлари сабабли фарзандлари ҳақларини адо эта олмасликдан, ёки фарзандлари сабаб турмуш ўртоқларининг ҳақларини адо эта олмасликдан қўрқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турмуш қуриш таклифларини рад этдилар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан 46 та ҳадис ривоят қилганлар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо бошқа аёллардан гўзал хулқи, тақвоси билан ажралиб турарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у аёл учун ҳам алоҳида жой бор эди. У зот унинг уйида тунаб ҳам қолардилар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, мен қаридим, заифлашдим. Мени бир амалга далолат қилинг”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта такбир айт, сўнг яна юз марта ҳамд айт, юз марта тасбеҳ айт. Бу нарса Аллоҳ йўлида чопувчи юз отдан, юзта туядан, юзта қулдан яхшироқдир”, дедилар.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо 50 ҳижрий йилда Маккада вафот этдилар.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов