islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ХХ аср бошида Туркистонда публицистик чиқишлар ва муштарийлар саволларининг мавзу доираси

ХХ  аср бошида Туркистондаги зиёлилар онгида сезиларли равишда ўзгаришлар вужудга келиб, улар халқ орасида турли ташвиқот ишларини амалга ошира бошладилар. Уларнинг бу каби фаолиятлариога газета ва журналларнинг ўрни беқиёс бўлди. Хусусан, диний муҳит, халқ маорифининг ҳолати миллий маърифатпарварлар томонидан кескин танқид остига олинди ва матбуот орқали турли публисистик чиқишлар қилиб турдилар. Чунки улар матбуотга элни ғафлат уйқусидан уйғотувчи буюк куч, маданият ва маърифатга чорловчи восита, ҳақиқат кўзгуси деб қарадилар. Юракларида йиғилиб қолган армонларини, таклиф ва мулоҳазаларини оммага ёйишда матбуотдан унумли фойдаландилар.

Буюк маърифатпарвар адиб Мунаввар кори Абдурашидхонов ўша даврдаги дин арбоблари фаолиятини кескин танқид қилиб қуйидагиларни ёзади:

«Имомларимизнинг вазифалари қавмларига ваъз насиҳат бирла аҳкоми шариатни билдириб ғайри машруъ ишлардан қайтармоқ бўлган ҳолда ўз  қилмоққа тўй ва маърака ахтармоқдан қўллари бўшамас. Агар қавмлари олдига тушуб, тўй маъракаларда юрмасалар, ўшал куни имоматдан маъзул бўлур эмишлар. Чунки авомуннос эътиқодида имомлик қавм олига тушиб тўй ва маъракалар ахтармоқдан иборатдир ва аъёни қавмга хушомад қилиб, гирдин экмакдан киноятдур»[1]. Шу каби фикрлар орқали адиб ХХ аср бошидаги Туркистондаги инқирознинг сабабларини очишга ҳаракат қилади. Туркистондаги диний муҳитни тартибга солишда жадидлар турли ташвиқот ишларини олиб бордилар. Улар дин арбобларини қилаётган баъзи бир ножоиз ишларини қаттиқ танқид остига олиб, хатоларни, кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар.

ХХ аср бошида Тошкент шаҳрида диний муҳит олдини қараганда анчагина ўзгарганлигини «Изҳор ул-ҳақ» журналида эълон қилинган публицистик мақолалардан билиб олиш мумкин. Журналнинг 1919-йил март ойида чиққан 5-сонида «Тошкент фуқаҳолари» жамиятига Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмидан бўлган Эшонхўжа мударрис томонидан қуйидагича савол берилади:

«Ҳурматли Фуқаҳолар жамиятиға бир масалаи муаммо юзасиндан мурожаат қилмоқликни лозим деб топдик. Маълунгизким бугунги кунимизда Шайх Зайниддин мозори ўлкадаги гавжум мозорлардандур. У ерда ҳозирги кунларда баъзи бир хотунлар эрларининг рухсати ёки рухсатисиз йиғилиб олиб турли марсиялар айтиб, номаҳрам кишилар олдида юзларини очиб уввоз солишиб йиғларлар ушбу ва шунга ўхшаш амаллар шариати исломда жоизму йўқму?»[2]

Ушбу саволга «Фуқаҳолар жамияти» хотинларнинг қилаётган ишларини ислом шариатига умуман тўғри келмаслигини оят, ҳадислар орқали жавоб беришган.

Ўлкадаги диний муаммлар ХХ аср бошларидан бошланганлигини мақолалар орқали билиш мумкин. Бунга ўша давр тарихий муҳити сабаб бўлган. Чунки, ХХ аср бошларидан турли мусулмон ўлкаларида инглиз ва француз мустамлакачиларига қарши ҳаракатлар авж ола бошлаган бир давр эди. Аср бошидан илк ислом партиялари, турли озодлик ҳаракати гуруҳлари фаолияти кўзга ташлана бошлади. Улар ўз фаолиятларига бошқа мусулмонларни ҳам жалб этиш мақсадида фаолиятларини ислом шариатига қанчалик тўғри эканлигини исботлашга ҳаракат қила бошладилар. Бу борада мусулмонлар  арасида турли гуруҳларга фирқаларга бўлиниш келиб чиқди ва бу холатнинг Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатганлигини газета журналларда эълон қилинган мақолалар орқали билиб олиш мумкин. Хусусан, «Изҳор ул-ҳақ» журналининг 1918 йил март ойидаги 3 сонида эълон қилинга Миён Бўзўрг Миёнзоданинг

اتفق المسلمون على أنلا يتفقوا  яъни «Мусулмонлар иттифоқ қилмасликка иттифоқ қилдилар» номи билан мақоласи босилган. Ушбу мақолада мусулмонларнинг бир ёқадан бош чиқармай турли масалалар юзасидан бир-бирларини қоралашлари қаттиқ танқид остига олинган. Мақолада қуйидагилар келтирилади:

«Аср бошининг баъзи ҳаққоний ва раббоний олимлари мусулмонлар орасидаги манфур ва ҳазарий иттифоқсизликни мулоҳаза қилиб ғоятда дилгир ва ғамгинликдан бу жумла латифани иншо этмишлар «Мусулмонлар иттифоқ қилмасликка иттифоқ қилдилар»[3].

Шунингдек, мақола давомида мусулмонлар орасида тарқалган турли бузуқ фикрлар, гуруҳларга бўлиниб бир-бирлари билан қаттиқ тортишишлари қораланади ва бу ислом шариатига умуман ёт эканлиги уқтирилади ва қуйидаги Оли Имрон сураси 103 оятни далил қилиб  келтирилади.

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ

Ушбу оятни қуйидагича тафсир қилинади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг танобига чанг уринг бир-бирингиздин айрилманг»[4].

Ушбу оятнинг изоҳи маъно жиҳатдан шайх Абдулазиз Мансурнинг маънолар таржимаси билан ҳамоҳангдир. Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятни қуйидагича изоҳлайдилар:

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!»[5].

Шунингдек, яна қуйидаги Оли Имрон сураси 105 оятни далил сифатида келтирилади:

ولا تَكُونُواْ كَالَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَاخْتَلَفُواْ مِن بَعْدِ مَا جَاءتهُمُ الْبَيِّنَاتُ

وَأُوْلَـئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

Ушбу оят қуйидагича изоҳланади: «Сизларға Қуръони карим етишгандин сўнг бир-биридан ажраган ва мухталиф ўлган яҳуд ва насоролардек ўлманг»[6].

Ушбу оятнинг ҳам тафсири маъно жиҳатдан шайх Абдулазиз Мансурнинг маънолар таржимаси билан ҳамоҳангдир. Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятни қуйидагича изоҳлайдилар:

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир»[7].

Мазкур  мақолада мусулмонларни бугунги кунда илм фандан йироқ кетиб турли ихтилофлар билан овора бўлиб қолганликлари, Туркистондан тортиб Макка ва Мадинагача бўлган мусулмонлар яшайдиган ҳудуд бугунги кунга келиб тараққиётдан йироқ, ихтилофлар майдонига айланиб қолганлиги афсус надомат билан тилга олинади. Ислом дини  фақат ўзаро тенг ҳуқуқлиликка чақириши уқтирилади ва шундай дейилади: «Ким арабдур, ким форсдур, ким ҳинддур, кимдур туркийдур, буларнинг бари калимаи тоййиба айтгандин сўнг тенг мусулмондур. Нега бир-биримизнинг орамизда адоват кўтаруб миллат, элат ажратурмиз»[8].

Мақолада бугунги кунимизда турли диний ақидапарастлик ғояларининг дастлабки учқунлари чиқа бошланган давр ёритилган. Тарихий жиҳатдан эътибор берсак, бу даврга келиб араб-мусулмон ўлкаларида мустамлакачиликка қарши,  кураш мустақиллик учун ҳаракатлар бошланган бир давр бўлган. Ҳаракат иштурокчилари ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида бир қанча фирқаларга булиниб кетдилар. Улар ўз ғояларини бошқа бир ёш, энди ўсиб келаётган юртнинг зиёлилари орасида тарқата бошладилар. Бунинг оқибатида мусулмонлар яшайдиган диёрларда турли ихтилофлар бўлинишлар пайдо бўлди. Мақолада муаллиф: «Шариати исломда бирор одамни кофир демоқлик ёки мушрик ва мажусий демоқлик меъёрликдур. Не учун бирлари бирлариға диндан чиқди, кофир ўлди, муртад ўлди дея асоссиз ҳукм берурлар? Иккинчилари эса «Бу сўзинг бекор хато қилурсан», дея айтар ва ҳар иккиси бир-бирига турли бўҳтонлар қилиб жанжал қилурлар»[9] – деб ёзади

Мақола охирида муаллиф: «Агар ҳақиқий иттифоқда бўлганимизда ихтилофга бормай ҳақ йўлида юрганимизда барчамиз бир юртимизда ҳозирги оғир хароб ҳолатларға тушмасдик. Бугунги кунимиздаги барча фалокатлар ва ваҳшатларга йўлуқмасдик»[10]. Мақола қуйидаги форс тилидаги байт билан тугатилади:

Ислом би зоти ҳуру пок аст з айб,

Ҳар айбки ҳаст мусулмоний ҳаст.

Маъноси:

Ислом покдур барча айбу нуқсондан,

Аслида айбу хато барчаси мусулмондан.

        ТИИ Махсус сиртқи бўлим

талабаси Норимов Валижон

[1] Каримов Ш., Шамсуддинов Р. Туркистон Русиё босқини даврида. –Андижон: Мерос, 1995. – Б. 126-127.

[2] Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918.  – № 5.

[3] Оли Имрон. 103-оят

[4] Миён Бўзўрг Миёнзода. Мусулмонлар иттифоқ қилмасликка иттифоқ қилдилар // Изҳор ул-ҳақ, – Тошкент, 1918. – №.3

[5] Мансуров А. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. – Т.: Тошкент ислом университети, 2009. – Б. 74.

[6] Миён Бўзўрг Миёнзода. Мусулмонлар иттифоқ қилмасликка иттифоқ қилдилар // Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918. – №.3.

[7] Мансуров А. Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. – Т.: Тошкент ислом университети, 2009. – Б. 74.

[8] Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918. – № 5.

[9] Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918. – № 5.

[10] Ўша манба.

[11] Изҳор ул-ҳақ. –Тошкент, 1918 – № 7.

[12] Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918. – № 7.

[13] Изҳор ул-ҳақ. – Тошкент, 1918 – № 7.

[14] Ўша манба.

230510cookie-checkХХ аср бошида Туркистонда публицистик чиқишлар ва муштарийлар саволларининг мавзу доираси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: