Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўъжизакорлиги кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва бошқа диний манбаларни ўрганмоқчи бўлган киши луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим.
Барчамизга маълумки, динимизнинг биринчи манбаси бу Қуръони карим ҳисобланади. Қуръони карим оятлари очиқ-равшан бўлишига қарамасдан, унинг лафзлари ва ибораларини тушунишда ҳамма инсонлар баробар бўла олмайдилар. Шу боис, Қуръони карим тафсирига эҳтиёж сезилади.
Тафсир илми шариат илмлари ичида қадр жиҳатидан энг улуғи, мавзу ва мақсад жиҳатидан энг шарафлиси саналади. Чунки, унинг мавзуси барча ҳикматлар чашмаси, ҳамма фазилатлар маъдани бўлмиш Қуръони каримдир. Унинг мақсади мустаҳкам арқон (ислом)ни маҳкам тутиш ва ҳақиқий саодатга эришишдир. Бу илмга эҳтиёжнинг кучлилигига сабаб шуки, ҳар бир диний ва дунёвий камолотнинг шариатга мувофиқ бўлмоқлиги шартдир. Унинг мувофиқлиги Аллоҳнинг Китобини билишга бориб тақалади.
Тафсир илмини ўрганишда араб тилига оид илмлар, хусусан балоғат илми муҳим аҳамият касб этади. Буни атрофлича тушунишимиз учун «тафсир»нинг уламолар истилоҳидаги маъноси билан танишишимиз керак.
Абу Ҳайён тафсирни қуйидагича таърифлаган:
هو علم يبحث عن كيفية النطق بالفاظ القران و مدلولاتها و احكامها الأفرادية و التركيبية
و معانيها التى تحمل عليها حالة التركيب و تتمات لذلك
«У Қуръон лафзларини нутқ қилиш кайфияти, уларнинг (Қуръон лафзларининг) маънолари, ёлғиз ва таркибий ҳолатдаги ҳукмлари, таркибнинг ҳолати унга йўйиладиган маʼнолар ва буларни тўлдирувчи жиҳатлар ҳақида баҳс қиладиган илмдир».
Сўнг бу таърифни шарҳлаб айтади:
«علم» деган сўзимиз жинс бўлиб, барча илмларни ўз ичига олади. (Кейинги қайдлар ҳадис, фиқҳ, ақоид каби бошқа илмларни таърифдан чиқариб юборади).
«يبحث عن كيفية النطق بالفاظ القران» – …Қуръон лафзларини нутқ қилиш
кайфияти ҳақида баҳс қиладиган…, деган сўзимиздан қироат илми ирода қилинди.
«و مدلولاتها»- …уларнинг (Қуръон лафзларининг) маʼнолари (ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз билан бу илмда (тафсир илмида) муҳтож бўлинадиган луғат илми кўзда тутилди.
« و احكامها الأفرادية و التركيبية» -…(ўша лафзларнинг) ёлғиз ва таркибий
ҳолатдаги ҳукмлари (ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз сарф, эъроб (наҳв) ҳамда балоғат таркибига кирувчи баён ва бадиʼ илмларини ўз ичига олади.
«و معانيها التى تحمل عليها حالة التركيب»- …таркибнинг ҳолати унга йўйиладиган маʼнолар(ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз мажозни ўз ичига олади.
«و تتمات لذلك» ….ва буларни тўлдирувчи жиҳатлар(ҳақида баҳс қиладиган)…, деган сўзимиз носих-мансух, сабаби нузул ва бошқаларни билишни назарда тутади.
Тафсир илмининг таърифидан маълум бўлдики, у Қуръони каримнинг қироат важҳлари (турлари), лафзларининг луғавий маънолари ҳамда сарф, наҳв, балоғат жиҳатлари ва бошқа тўлдирувчи томонларини ўрганар экан, демак, у балоғат илми билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун уламолар муфассирда топилиши лозим бўлган бир нечта шартларни баён қилганлар ва ана шу шартлар ичида араб тилига оид илмлар (луғат, сарф, наҳв ва балоғат илмлари) ни билишни алоҳида зикр қилганлар.
Улуғ тобеъинлардан Мужоҳид айтади: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор киши учун, агар у араб тилига оид илмларни билмаса, Аллоҳнинг китоби ҳақида сўзламоқлиги ҳалол бўлмайди».
Буюк ватандошимиз муфассирлар устози Жоруллоҳ Маҳмуд Замахшарий «Кашшоф» номли тафсирининг муқаддимасида шундай дейди: «Кимки тафсирга киришса, унинг ҳақиқатларидан ҳеч бир нарсага ета олмайди, фақат Қуръонга хос бўлган икки илм – илми маъоний ва илми баёнда билимдон, иккисини ўрганишда бироз шошилмаган, тафтиш қилишда бир муддат машаққат чеккан кишигина унинг ҳақиқатларига ета олади».
Бундан хулоса қилиш мумкинки, балоғат илми муфассирнннг энг катта таянчларидан бири экан.
Шаръий далиллар (Қуръон, суннат, ижмў ва қиёс)дан шаръий ҳукмларни истинбот қилиш (чикариб олиш) йўл-йўриклари ҳакида баҳс қилувчи усулул-фиқҳ илми қонун-қоидаларининг ишлаб чиқилишида ҳам араб тилига оид илмлар (луғат, сарф, наҳв, балоғат илмлари) асос ва пойдевор вазифасини бажаради.
Чунки, шариатнинг мақсадларини, мужтаҳидларнинг ҳақиқат ва мажозни билиш имкониятларини, очиқ ва киноя иборалар орасини ажратишни, умум ва хос ибораларни, муштарак лафзларни, мутлақ ва муқайяд орасидаги фарқни мана шу тил орқали билинади. Буларнинг барчаси араб тилига оид илмларнинг баҳслари ҳисобланади.
Шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни истинбот қилувчи киши мужтаҳид дейилади. Шариатнинг учинчи далили ҳисобланган ижмў айнан мужтаҳидларнинг бирор шаръий ҳукм устида иттифоқ қилишлари билан амалга ошади. Инсон мужтаҳид бўлиши учун қуйидаги олти илмни жамлаган бўлиши шарт қилинади:
1)Аллоҳ таолонинг китоби илми .
2)Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари илми.
3)Усулул-фиқҳ илми.
4)Ижмў масалалари илми.
5)Луғат илми.
6)Қиёс илми.
Бешинчи шартда айтилган луғат илмидан араб тилига оид илмлар (луғат, сарф, наҳв, балоғат илмлари) назарда тутилади. Чунки мужтаҳид араб тилини, унинг хусусиятларини, маънони ифода қилиш йўлларини етарли даражада яхши билиши керак. Зеро, мужтаҳиднинг қиладиган иши араб тилида ворид бўлган шаръий матнларга, яъни Қуръон оятлари ва набавий суннатдаги матнларга назар солишдир. Бу тилни яхши билмаган одам ўзича ижтиҳод қила олмайди. Бинобарин, мужтаҳид бўла олмайди.
Араб тили ҳақидаги тўлиқ илм ана шу тилда ёзилган адабиётларни, фан ва санъатга оид илмларни, уларнинг услубларини яхши билган одамларга, шеърий бўлсин, насрий бўлсин, хутбалари бўлсин – барчасини яхши ўзлаштирган одамгагина нисбат берилади. Бундай одам ўзидаги жамланган илмлар билан бирга араб тилини ҳис қилиш, ундан завқланиш, ҳузурланиш даражасига етади. Бу худди инсон ўз табиати, сулоласи билан араб тилини тушуниб, ундан завқланиб, нозик жойларини ҳис этиш даражасига етгани каби бўлади.
Қуръони карим оятларидан шаръий ҳукмларни истинбот қилишда балоғат илмининг ўрни ва аҳамияти ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун Қуръони каримнинг ҳукмларни баён қилишдаги услублари билан танишиб чиқсак. Агар бирор ишни қилиш ёки қилмаслик талаб қилинадиган бўлса, ўзига яраша балоғат ишга солинади. Шу йўл билан, мазкур ишга шавқни оширилади, уни бемалол қабул қилишга чақирилади.
1. Бирор ишни амалга ошириш ҳақидаги талаб гоҳо амр (буйруқ) билан бўлади.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-эҳсон қилишга буюриб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَنْفِقُوا مِمَّا رَزَقْنَاكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ يَوْمٌ لَا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خُلَّةٌ وَلَا شَفَاعَةٌ
«Эй, иймон келтирганлар! На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиб ўртага тушиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз!» («Бақара» сураси, 254-оят).
Аллоҳ таоло мўминларни намозга буюриб, шундай марҳамат килади:
أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ
«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни баркамол адо этинг» («Исро» сураси, 78-оят).
2. Баъзида талаб қилиш маъноси «фарз» ёки «ёзилиш» сўзлари билан келади.
Аллоҳ таоло беҳуда қасам ичиб қўйган бандаларига енгиллик яратгани ҳақида бундай деб марҳамат қилади:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
«Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – жарима тўлаб) қасамларингизни ҳалоллаб олишингизни фарз қилган. Аллоҳ ҳожаларингизднр. У (барча нарсани) билувчи ва (етук) ҳикмат сохибидир» («Тахрим» сураси, 2-оят).
Мўмин-мусулмонларга рўзанинг фарз қилиниши хақида Аллоҳ таоло бундай деб мархамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
«Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга ёзилганидек, сизларга ҳам рўза ёзилди. Шоядки, такводор бўлсаларингиз» («Бакара» сураси, 183-оят).
3. Талаб маъноси гоҳида яхшилик ва гўзаллик сифатларини айтиш билан келади:
يَا بَنِي آَدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآَتِكُمْ وَرِيشًا وَلِبَاسُ التَّقْوَى ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آَيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ
«Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва знйнат либосини туширдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки, эсласалар». («Аъроф» сураси, 26- оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ таоло инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Демак, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо, энг асосий либос – тақво либоси. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло оятда: «Тақво либоси, ана ўша яхшидир», демоқда.
Агар оддий либос бадан авратларини тўсиб, жисмини зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон калбини зийнатлайди. Бу оятда тақво либосини лозим тутишни талаб қилиш маъноси бор.
Аллоҳ таоло жаннат эгалари бўлмиш солиҳ бандаларининг энг афзал ибодатлари уларнинг эзгу амаллари экани ҳақида бундай деб мархамат қилади:
لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ وَلَا يَرْهَقُ وُجُوهَهُمْ قَتَرٌ وَلَا ذِلَّةٌ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
«Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар. Улар у ерда мангудирлар» («Юнус» сураси, 26-оят).
Ушбу ояти каримада эзгу амал қилиш талаби бор.
4. Қуръони каримдаги талаб маъноси баъзан луғатда қилиниши шартлигини ифодаловчи лафз билан келади.
Масалан, ҳажнинг мусулмонларга фарз қилиниши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا
«Одамлардан йўлини топганлари зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» («Оли Имрон» сураси, 97-оят).
Ушбу ояти карима билан ҳаж ибодати фарз бўлган. Оятнинг арабча матнида биз таржимада келтирган «зиммасида» ва «бурч» сўзлари йўқ. Бу маʼнолар араб тилидаги ушбу маʼноларни ифода этувчи «على» ҳарфидан келиб чиққан.
Бирор ишни ман қилиш ёки ундан сақланишни талаб қилиш ҳам турли услублар билан йўлга қўйилади.
1. Баъзида бу маъно наҳй қилиш (қайтариш) билан ифода қилинади.
Аллоҳ таоло мўминларни ҳар қандай шубҳали, нопок луқмадан, бир-бирларининг ҳақларига хиёнат қилишдан кайтариб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
«Эй. иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада нохақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек ўзларингизни (бир-бирингизии ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир». («Нисо» сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло мўминларни қўйидаги оятда баён қилинган ҳаром ишлардан ҳам қайтаради:
قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلَّا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ مِنْ إِمْلَاقٍ نَحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلَا تَقْرَبُوا الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
“Айтинг: «Келингиз Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик килмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшокликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига хам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ таъқиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир». («Аном» сураси, 151-оят).
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳаром ишлардан қайтарибгина қолмайди. Балки, ундай ишларнинг яқинига ҳам йўламасликка буюради:
وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا
«Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир»
(«Исро» сураси, 32-оят).
Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани «зино қилманглар» дегандан кўра, қаттиқрокдир.
Демак мўмин одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, унга олиб борувчи нарсалардан хам узоқда бўлиши лозим экан.
2. Гохида бирор ишдан қайтариш учун ана шу нарсанинг яхшилик эмас, балки ёмонлик экани таъкидланади.
Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
وَلَا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُوا بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
«Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар) Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қуйилади»
(«Оли Имрон» сураси. 180-оят).
Бу оятда бандаларни бахиллиқдан қайтариш бу сифатни ёмонлаш ва унинг аянчли оқибатларининг хабарини бериш билан амалга оширилмоқда.
Ҳомид Авний ўзининг «Минҳож ал-возиҳ» номли китобининг муқаддимасида балоғат илмини ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг учта муҳим сабабини келтиради:
1. Бу илмни эгаллаган ва унинг малакасини ҳосил қилган киши Қуръони каримнинг мўъжизакорлигига ҳеч бир тараддуд ва иккиланишсиз ишонч ҳосил қилади. Бу билан, у ақидада муқаллид (бировга тақлид қилиб иймон келтирувчи) эмас, балки далил ва ҳужжат орқали иймон келтирувчи бўлади. Бу эса улкан шарафдир.
2. Бу илмни пухта ўзлаштирган киши араб тилининг нозикликларини ўзи ҳис қила олади, гапнинг мартаба ва ўринларини, унинг шеър ва наср жиҳатидан хусусиятларини идрок қила олади. Натижада тўғри танқидий таҳлил майдонига йўл топиб, гапнинг сарасини маъносизидан ажрата олади.
3. Агар бу илмни ўрганган, унинг қонун-қоидаларидан хабардор киши бирор мақсадда шеър ёки наср айтмоқчи бўлса, ҳолатга мос келадиган лафзлар ва ибораларни келтириб ўз мақсадига етади. Чунки, унинг қўлида йўлини ёритиб борувчи машъаласи бор.
Биз яна шуни қўшимча қилишимиз мумкинки, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилади. Шундай экан, буюк аждодларимиздан қолган бой маънавий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб, бошқаларга етказишимизда ҳам балоғат илми катта аҳамият касб этади.
ИмомБухорий номидаги Тошкнт ислом институти
4-курс талабаси Равшанов Муҳаммадали.