islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тарихдаги илмга ҳиммати баланд аёллар

Барчамизга маълумки, ислом динида илм олиш эркак кишига ҳам, аёл кишига ҳам бирдек фарздир. Ислом дини илмга катта эҳтимом ва эътибор кўрсатган ҳақ диндир. Шу динни бизгача етиб келишида эркаклар билан биргаликда аёлларнинг ҳам ҳиссаси таҳсинга сазовордир. Битта мисол қилиб шуни айтишимиз мумкинки, «Саҳиҳул Бухорий» асарида ўнлаб аёл ровийлар ҳадислар ривоят қилганлар. Бундай мисоллардан яна кўплаб келтиришимиз мумкин.  Бу аёллар диннинг бизгача етиб келишида бевосита ҳисса қўшган аёллардир.

Тарихга назар соладиган бўлсак, ислом динига билвосита хизмат қилган аёллар ҳам талайгина. Бунга мисол қилиб, хонликлар давридаги аёллар бошчилигидаги вақф жамғармалари ва аёллар барпо этган мадрасаларни айтишимиз мумкин.

Х асрнинг 20 йилларида шайбоний Темур Султоннинг хотини Меҳр Султон хоним таъсис қилган вақфни минтақада аёллар томонидан амалга оширилган энг йирик вақф хайрияси дейиш мумкин. Бу саховатпеша аёл қайнотаси Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандда қуришни бошлаган Мадрасаи Олияи Хония номли мадраса мажмуасининг донатори сифатида тарихда қолди. Чунки Мадрасаи Жанубия ва Мадрасаи Шимолия каби икки қисмдан иборат бўлган бу мажмуа қурилиши Муҳаммад Шайбонийхон ҳамда унинг ўғли Темур Султоннинг ҳарбий юришлари даврида тугалланмай қолганди. Меҳр Султон хоним вақфи билан мажмуадаги Мадрасаи Шимолия биноси, ўттиздан ортиқ Шайбонийлар хонадони вакиллари дафн этилган суфа қурилиши ҳамда бошқа ободончилик ишларини ҳам амалга оширган эди. Бу мажмуа учун Меҳр Султон хоним тарафидан Самарқанд ва Қашқадарёда ўнга яқин мавзелар, боғлар ҳамда 40 га яқин савдо-ҳунармандчилик объектлари (дўкон, тимча, корхонаи коғазгари), кўчмас мулклар (ҳаммом, тегирмон) вақф қилинган. Вақф даромадлари икки мадраса, уларнинг таркибидаги кутубхона, масжид ва мажмуадаги бошқа объектлар эҳтиёжи учун сарфланган.

Аёллар бошчилигидаги вақф жамғармаларини яна ўнлаб келтиришимиз мумкин. Аёллар яна мадрасалар қурилишида ҳам фаол бўлганлар. Айрим мадрасалар  аёллар томонидан ҳам қурдирилган.

1700 – йилда қурилган Биби Халифа мадрасасининг вақф ҳужжатида шундай жумла мавжуд: «Иффатпаноҳ, исматдастгоҳ, занй ул – машварат, аёллар шарафлиси, афифа, солиҳа, сожида, ҳарамайн ул-шарафайнни ҳаж қилишга муяссар бўлган Ҳожи Биби Халифа бинти марҳуми мағфури ғариқ ур-раҳмат ва ризвон Мулла Муҳаммад Саид Бухорода ҳазрат қутб ул-ақтоб (мир Таҳур девон) масжид ва хонақоҳи гузарида мадраса қуришга киришди». Мадраса тош, пишиқ ғишт ва ёғочдан қурилиб, унинг 30 та ҳужраси, 4 та гумбази, дарсхона, ички ва ташқи ҳовлиси бор эди. Айрим манбаларда айтилишича, ушбу мадрасада фақат қизлар ўқитилган.

Болойи Ҳовуз мадрасасини ҳам аёл киши қурдирган. Ушбу мадрасани Бухоро хони Субҳонқулихоннинг Подшоҳбиби исмли хотини 1703-1704 – йилда қурдирган. Подшоҳбибининг иккинчи номи Ситорайи Моҳи хоним бўлган. Мадрасанинг вақф ҳужжатига айнан «Ситорайи Моҳи Хосса мадрасаси вақфи» деб ёзилган. Тарихдан маълумки, амир Саид Олимхон ҳам 1911-1915 йилларда худди шундай ном билан шаҳарнинг четроғида сарой қурдирган. Шу сабабли Соторайи Моҳи Хосса деганда амир Олимхон қурдирган сарой ҳам англашилади.

Тарихга назар соладиган бўлсак, мана шундай илмга ҳиммати баланд бўлган аёлларни кўриб инсоннинг шижоати янада ошади. Ҳозирги кунимизнинг ачинарли нуқтаси, аёл – қизларимизнинг илмдан кўра, бошқа ўткинчи бўлган ҳою ҳавасларга, зеб – зийнат, ёш қизларнинг ўйин кулгуга берилгани, китоб ўқишдан узоқлашганлигидир. Тарих биз учун катта устоздир. Ундан ибрат олиб яшамоғимиз лозим.

Бу буюк миллат бир бор Бухорий –у, Термизийларни тарбиялаб берди, бундай шахсларни яна бир бор тарбиялашга қодирдир. Бунинг учун эса аёл – қизларимизни илмга муҳаббатли, ҳарис қилиб тарбиялашимиз керак. Чунки агар аёл салоҳиятли, илмли, маърифатли бўлса жамият ҳам шунча салоҳиятли бўлади.

4-курс талабаси Козимий Мухлиса

235090cookie-checkТарихдаги илмга ҳиммати баланд аёллар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: