islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шаръий руқя (дам солиш) ҳукми

«Дам солиш» деганда Аллоҳ таолонинг Китоби бўлмиш Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, паноҳ тилаш кўзда тутилади. Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор.

Ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган баъзи бир томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, «Тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса», дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида муболағага кетадилар.

Бошқа бир тоифалар эса «Ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади», дейдилар. Улар ҳам муболағага йўл қўядилар.

Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби ила таъвил қиладилар ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳлайдилар.

Аслини олганда, бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, иш ўртача эканлиги аён бўлади.

Тибга хос хасталикларни тиб орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни дам солиш билан даволаш ҳамда дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш лозим.

Кези келганда, замонавий тиб ҳам дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юрганидан сўнг ҳозирга келиб, эътироф қилганлигини, уни «дам солиш» деб атамаса ҳам, «руҳий даволаш» деб номлаётганини

Илмий изланишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажанинг таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Ҳозирда психолог номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи, уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинглаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш, одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишламоқдалар.

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хаста кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва «Албатта, У Зот менга шифо беради», деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Аллоҳ таолонинг Китобидан ўқиб, ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг устаси бўлиб кетган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Шунинг учун ҳам «Дам солиш бор, лекин фақатгина шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак», деймиз.

Уламоларимиз дам солишнинг ҳақ эканлигигa қyйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:

«Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз» [1]

Уламоларимиз «Ушбу каримада келган «шифо» сўзи ҳам маънавий, ҳам моддий шифони ўзида мужассам қилган», дейдилар.

Имом Ибн Можа Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар.[2]

Ундан кейин дам солиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «Тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтирганлар. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир.

Энди Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда дам солишга оид ҳадиси шарифларни ўрганишга киришамиз.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жоҳилият даврида дам солар эдик. Бас: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу ҳақида нима дейсиз?» дедик. Шунда у зот: «Менга дам солишингизни кўрсатингчи? Модомики, унда ширк бўлмаса, дам солишнинг ҳечқиси йўқ», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг «Жоҳилият даврида дам солар эдик», дейишларидан Ислом келгунгача бўлган даврда дам солиш ривожланганини тушуниб олиш мумкин. У вақтларда солиқ борасидаги деярли ҳамма нарса дам солишга боғлиқ бўлиб қолган эди. Тиб деярли ўз мавқеъини йўқотган, дам солиш эса асосан бутхона ходимлари томонидан амалга оширилиб, Аллоҳ таолога ширк  келтиришнинг ривож топган бир турига айланиб қолган эди.

Шунинг учун ҳам Исломнинг дастлабки таълимотлари билан танишган одамларда ўз-ўзидан бу нарсанинг тўғри эмаслиги ҳақида тушунча пайдо бўлар эди. Ана шу тушунчадан келиб чиқиб, одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу ҳақида нима дейсиз?» дедилар. «Шунда у зот: «Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, унда ширк бўлмаса, дам солишнинг ҳечқиси йўқ», дедилар».

Демак, дам солишга рухсатнинг асосий шарти унда зинҳор ва зинҳор Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлмаслиги зарур экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, дам солайми?» деди.

«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».

Шарҳ: Бундан чаён чаққанда дам солиш жоиз эканлиги келиб чиқади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг бир тоғам бор эди. Чаён чаққанда дам солар эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, дам солишдан наҳйи қилдингиз. Мен чаён чаққанда дам солар эдим», деди у.

«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда. Хўш, заҳарли ҳайвонлар чаққанда дам солиш бор экан, нимани ўқиб, дам солинади? Бу саволга жавоб топиш учун яна ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари:

«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол, уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди.

Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлигимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар.

«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши.

Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб, дам сола бошлади. Бемор худди боғлови ечилгандек, ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб:

«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига. Баъзилар:

«Бўлишиб олинглар», дейишди. Аммо дам солган киши:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот:

«Унинг дам солиш эканлигини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».

Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур бўлиб, ҳозирги кунларда ҳам тез-тез зикр қилиб турилади. У турли нарсаларга далил қилинади, турли тортишувларга сабаб қилинади. Хусусан, дам солиш ва Қуръон ўқиш учун ҳақ олиш масаласидаги тортишувларда

Икки тараф ҳам айни шу ҳадисни зикр қилади.

Дам солиш тарафдорлари «Ушбу ҳадис шариатимизда дам солиш борлигига далилдир. Саҳобийлардан бирлари дам солди, бемор тузалди ва Набий алайҳиссалом бу ҳақдаги хабарни эшитиб, тасдиқладилар», дейдилар.

Уларга қаршилар эса «Бу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолат фавқулодда ҳолат. Саҳобалар қийин вазиятга тушиб қолганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга осонликни муҳайё қилган. Бундан бошқа ҳолатларга ҳадиси шарифни умумлаштириб бўлмайди», дейишади.

«Қуръонга ҳақ олса бўлади» дейдиганлар «Мана, Саҳобалар Қуръони Каримни ўқиб, дам солиб, ҳаққига бир неча қўйни олдилар. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъқулладилар. Шундан Қуръонга ҳақ олса жоизлиги келиб чиқади», дейдилар. Уларнинг қаршилари эса «Бу махсус замон, макон ва шахсларга хос нарса. Уни умумлаштириб бўлмайди», дейдилар.

Аммо икки тараф ҳам ўзлари тортишаётган масала бўйича фақатгина ушбу ҳадиси шариф бор эмаслиги, бошқа далиллар ҳам кўплигини унутиб қўядилар.

Мисол учун айтадиган бўлсак, ҳозиргина, ушбу бобнинг аввалида чаён чаққанда дам солишга изя берувчи ҳадисларни ўрганиб чикдик.

Уламоларимиз «Оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда беришини ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Бас, шундай

бўлганидан кейин оламларнинг Роббисининг каломи фойда бермасмиди», дейдилар.

Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири ила боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳининг таъсири ўтади. Орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади.

Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб (тажрибада кўрилган) одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни ила солган дами фойдали бўлади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар «Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?» деган эканлар.

Юқорида зикр қилинган нарсалардан «Заҳарли ҳайвонлар чаққанда фақат дам солиш керак экан», деган хулосага келиб қолмаслик керак.

Бу ҳақда Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиради:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб чаён чақиб олди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, сажда қилган эдилар, у зотнинг панжаларини қайтдилар-да, солдилар ва «Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам қўймайди», дедилар.

Сўнгра бир идишда сув билан туз келтиришга буюрдилар. Чаён чаққан жойни ўша сув ва тузга босилгунча «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан икки «Қул аъузу»ни ўқиб турдилар».

Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал чаён чаққан жойга дори-дармон қилиб туриб, кейин ўзлари Қуръони Карим сураларини ўқиганлар. Демак, ҳар бир одам ўзига-ўзи дам солиши яхшидир.

Заҳарли ҳайвонлар чаққанда уларнинг заҳарининг иссиғидан чақилган жой исий бошлайди. Шунинг учун уни совутишга совуқ сув зарур экан. Тузда эса заҳарни сўриш қобилияти бор экан. Буни Ибн Сино ҳам таъкидлаган.

Уламоларимиз «Руҳий муолажалар дардга йўлиққандан кейин уни тузатишга хизмат қилганидек, дам солиш ҳам дарднинг олдини олишга, у етганда эса зарарни камайтиришга хизмат қилади», дейдилар.

Улар ўзларининг бу гапларига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирадилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси мени бир чаён чақиб олиб, кўрадиганимни кўрдим», деди. Шунда у зот:

«Кеч кирганда «Аъузу бикалиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа холақ» деганингда, сенга зарар қилмас эди», дедилар».

Имом Бухорий ва имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ётар жойларига кирсалар, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқиб кафтларига дам солар ва юзларига, баданларининг қўл етадиган жойларига суртар эдилар».

Шифо бинту Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо айтади: «Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар-да, менга: «Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, намилага дам солишни ҳам ўргатмайсанми!» дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.

Шарҳ: «Намила» одамнинг ёнбошига чиқадиган нарса бўлиб, чумоли ўрмалаб юриб, чақаётганга ўхшаган ҳисга сабаб бўлади.

Ушбу ривоятнинг соҳибаси Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилият даврида мазкур хасталикка дам солиб юрар эканлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада байъат қилганлар. Ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага келганларида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда намилага дам солар эдим. Ҳозир уни сиздан ўтказиб олмоқчиман», деди. Сўнгра ўқий бошлади:

«Бисмиллаҳ, саъалту ҳатта яъуда мин афваҳиҳа ва лаа тазурру аҳадан. Аллоҳумма икшифил баъса, Роббан-наси».

Шунда у зот: «Шуни ўқиб, бир шохчага етти марта дам урасан, пок жойни топиб туриб, уни яхши сиркага солиб олиб, тошга ишқайсан, кейин намилага суртасан», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Эркак киши ўз уйида, хотини билан гаплашиб ўтирган аёл билан сўрашиши, гаплашиши мумкинлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамиз билан гаплашиб ўтирган Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо билган гаплашганлари каби.
  2. Аёл киши ҳам дам солиш билан шуғулланиши жоизлиги.

Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилиятда ҳам шу ишни қилар эдилар, Исломда ҳам бу ишларини шундайлигича давом эттирдилар.

  1. Дам солишни бировга ўргатиш ёки уни биладиган одамдан ўрганиш жоизлиги.
  2. Аёлларга ёзишни ўргатиш лозимлиги.
  3. Фақат бир нарсага қарши дам солишни ўзлаштириш мумкинлиги.

Бу ривоятда Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳонинг намила хасталигига дам солишни ўзлаштирганликлари ва уни адо этиб юрганлари ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ривоятларда чаён чаққанда дам соладиган эркак киши ҳақида сўз кетган эди.

Эҳтимол, Аллоҳ таоло берган руҳий ва бошқа қобилиятларга қараб, баъзи кишиларда муайян бир заҳарли ҳайвоннинг заҳарини қайтаришга истеъдод бўлар. Еки маълум бир кишилар маълум хасталикларни даволаш қобилиятига эга бўларлар. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам мулоҳаза қилинади. Келажакда мутахассис уламолар бу нарсани илмий равишда ўргансалар яхши бўлади.

Араб аёллар намила хасталигига ушбу калималар билан дам солар эдилар: «Ал-арусу таҳтафилу, тахтазибу ва тактаҳилу. Ва кулла шайъин тафтаъилу. Fойра алла таъсияр ражла». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Араб аёллар намила хасталигига учраганларга эрталаб ва кечқурун ушбу ривоятда айтилган сўзларни айтиб, дам солар эканлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кўз текканда, заҳар етганда ва намила чиққанда дам солишга рухсат бердилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: «Заҳар етганда» деганда заҳарли ҳайвонлар чаққанда, деган маъно тушунилади. Бироқ «Демак, бошқа ҳолатларда дам солиб бўлмас экан» деган хулосага келмаслик керак. Чунки бу ҳадис саволга жавоб тарзида, қайси ҳолда дам солса бўлади-ю, қачон дам солиб бўлмаслигини ҳисоб қилиш учун айтилган. Чегаралаш учун эмас.[3]

 4-курс талабаси Мираҳмадова Хуснора

[1] Исро сураси, 82-оят

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 18-жуз -Тошкент: Ҳилол Нашр, 2016- Б.178

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 18-жуз -Тошкент: Ҳилол Нашр, 2016- Б.176-186

235112cookie-checkШаръий руқя (дам солиш) ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: