Тўлиқ исми: Абон ибн Саид ибн Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абуманоф ибн Қусой ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай Қурайший Умавий.
Отаси: Саид ибн Ос, куняси Абу Уҳайҳа эди. Уҳайҳа исмли ўғлига нисбат берилиб шундай куняланган. Онаси: Ҳинд бинти Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум.
Саид ибн Оснинг 8 нафар ўғли бўлиб, улардан 3 таси кофир ҳолида вафот этган. Қолган 5 таси мусулмон бўлишган.
Уҳайҳа фижор урушида ўлган. Ос ва Убайда исмли ўғиллари Бадр жангида ўлишган. Осни Алий розияллоҳу анҳу, Убайдани эса Зубайр розияллоҳу анҳу ўлдирган. Қолган 5 ўғли исломни қабул қилишган. Улар: Холид, Амр, Саид, Абон, Ҳакамлар. Булар ичидан фақат Ҳакамнинг исмини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ деб ўзгартирганлар.
Абон ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари Абдуманофда туташади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Саид ибн Осдан ривоят қилинган ривоятда Бадр куни Абу Уҳайҳанинг ўғиллари Ос ва Убайд мушрик ҳолда ўлганлиги, Абоннинг эса қутулиб қолганлиги келтирилган. Абоннинг мусулмон бўлган акалари Холид ва Амр унга шундай деб хат ёзишди: “Сенга Аллоҳ таоло отанг ва акаларинг жонини олганидек, сенинг ҳам жонингни олиши мумкинлигини эслатамиз”. Абон мактубни ўқиб ғазаби келиб: “Мен ҳеч қачон ота бобомнинг динидан воз кечмайман”, деб, ўзининг ширк динида Маккада қолади. Абон ижод қилар, яъни шеър ёзар эди.
Ҳудайбия куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Маккага элчи қилиб юбордилар. Усмон розияллоҳу анҳуни Абон ибн Саид кутиб олиб, мактубни етказгунларича уларни ҳимоясига олган эди. Натижада Ҳудайбия сулҳи тузилди.
Бу воқеадан сўнг ҳижрий 7 йил Абоннинг акалари Холид ва Амр икки кемада Ҳабаш ўлкасидан қайтиб келишди. Абон Шуайбадалик пайтида акалари яна унга мактуб юборишди. Мактубда уни Аллоҳ таоло бирлигига ва ислом динига киришга чақиришган эди. Бу сафар Абон мусулмон бўлди ва жавоб ўлароқ уларнинг изидан чиқди ва Мадинада мусулмон ҳолида улар билан учрашди. Сўнг ҳаммалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига Хайбарга кетдилар.
Абон ислом динига ва мусулмонларга жуда қаттиқ адоватда бўлган. Уни мусулмон бўлиши сабаби эса, у Шом тарафга тижорат учун сафарга чиқади ва йўлда бир роҳиб билан учрашиб ундан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрайди. Ва айтадики: “Мен қурайшликман. Бизнинг қабиламиздан бир киши чиқиб ўзини пайғамбарман деб даъво қиляпти, унга ҳам худди Ийсо ва Мусо алайҳиссаломларга тушган нарсадек нарса тушаётган эмиш”, деди Абон. Роҳиб: “Унинг исми нима?”, деди. У: “Муҳаммад”, деди. Роҳиб: “Мен сенга уни сифатлаб бераман, деди ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, ёшлари ва насабларини айтиб берди. Абон: “Худди ўша”, деди. Роҳиб: “Аллоҳга қасамки, у араблар устидан ғалаба қозонади ва у бутун ер юзи устидан ғалаба қозонади”, деди. Абонга ўша Солиҳ кишига салом айтишини тайинлади. Абон Маккага қайтиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. Лекин Росулуллоҳ, роҳиб ҳақида ва у айтган гаплари ҳақида гапирмади. Бу воқеа Ҳудайбиядан салгина олдин бўлган эди. Сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияга юриш қилдилар, Абон уларни ортларидан бориб ислом динига кирди. Исломи чиройли бўлди.
Ҳайсам ибн Адий айтади: “Менга Саид ибн Ос айтади: Отам бадрда ўлдирилганида мен амаким Абон ибн Саид ибн Оснинг қарамоғида эдим. У ростгўй киши эди. Шомга тижорат учун кетди. “Яко” исмли роҳиб билан учрашгани, роҳиб унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатларини айтиб, уларни набий эканларини эътироф этган узун қиссани айтиб берди. Унга ўша роҳиб : Солиҳ кишига салом айт”, дебди. Абон қайтиб келган қавмини тўплаб ушбу ўша суҳбатларни айтиб берди. Сўнг Мадинага кетиб исломни қабул қилди.
Уларни вафот этган саналари ҳақида ихтилоф бор. Мусо ибн Уқба: Абон ибн Саид Ижнодийн кунида ўлдирилган дейди.
Аксар уламолар: Абон ибн Саид Маржиссуффар кунида ўлдирилган дейдилар.
Ижнодийн воқеаси Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида 14-йилнинг жумодул аввал ойида бўлган. Маржиссуффар эса Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг бошида содир бўлган.
9-йил одамлар ҳаждан келганларида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абонни Баҳрайнга амир қилиб юбордилар. Абон Росулуллоҳ дан Абдулқайс уруғи билан иттифоқ тузишликни сўради. Улар изн бердилар. Ва: Эй Аллоҳнинг Росули менга уларнинг тижорат молларидан садақа ва жизяларини олишда шартнома(аҳд) беринг, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мусулмонларнинг тижорат молларидан ўндан тўрт қисмини, яҳудий ёки насроний ёки мажусийларнинг ҳар бир балоғатга етган эркагу аёлидан бир дийнордан олишини буюрдилар. Ва унга мажусийларга ислом динига киришни таклиф қилиб мактуб юбордилар. Агар диндан юз ўгирсалар уларга жизя таклиф қилиниши ва шу билан бирга уларнинг аёлларига уйланмаслик ва улар сўйган ҳайвон гўштидан емасликни айтдилар. Ва Абонга туя, сигир, қорамол ва қўйлардан олинадиган закотни фарз ва суннатга кўра ёзиб, мактубни мухрлаб бердилар.
Абон Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келганда у зот: “Эй Абон қавмингни қандай тарк этдинг?”, дедилар. У: “Уларни машаққат чекаётганларида тарк этдим – яъни ёмғирда ва изхирларни мева берганда, меваларни улуш ажратилганда тарк этдим”, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ёшланди ва “Мен сизларнинг энг ростгўй (самимий) кишингизман. Мендан кейин Абон шундай”, дедилар.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов