islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Вақтнинг хусусиятлари

Вақтнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, биз уни яхшилаб билиб олишимиз ва шунга кўра вақтни тўғри тақсим қилишимиз лозим. Ана шу хусусиятлардан:

  1. Вақтнинг тез ўтиши:

Вақт хурсандчилик ва фаровонлик пайтими ёки қийинчилик ва ғамгинлик оними – булутлар сузиши ва шамоллар эсиши каби тез ўтади. Агар хурсандчилик кунлари бўлса, вақт тезроқ, қийинчилик кунлари бўлса, секинроқ ўтгандай бўлади. Аслида бундай эмас, балки вақтни ўтказаётган кишининг ҳисларида содир бўлади.

Инсон бу дунёда қанча яшамасин, ўлим бор. Шоир айтганидек:

Агар умрнинг охири ўлим бўлса, унинг узунлигию қисқалиги баробардир”.

Жон бериш вақтида вақт тўхтайди. Ҳатто, ана шу йиллар кўз ўнгидан гўёки чақмоқ урганидек бир неча лаҳзаларда ўтади.

Расулларнинг отаси Нуҳ алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилинади: «У киши тўфондан олдин ва кейин яшаган. Минг йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин  ўлим фариштаси у кишининг олдига жонини олиш учун келиб, деди: “Эй энг кўп умр кўрган пайғамбар, дунё қандай экан?” У киши айтди: “Уни икки эшиги бор уй каби деб билдим. Гўёки мен биринчисидан кирдим ва иккинчисидан чиқиб кетдим”».

Бу қиссани саҳиҳ ё носаҳиҳлигига тўхталмоқчи эмасмиз. Унда бир ҳақиқат мавжуд – бадандан руҳ чиқиш пайтида умрнинг қисқалиги. Мана шунга ўхшаш ҳолат қиёмат кунида ҳам содир бўлади. У кунда инсонга яшаган умрининг қисқалиги кўрсатилади. Аллоҳ таоло айтади:

كَأَنَّهُمْ يَوْمَ يَرَوْنَهَا لَمْ يَلْبَثُوا إِلَّا عَشِيَّةً أَوْ ضُحَاهَا

Яъни, “Уни кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар”.

  1. Вақт қайтмайди.

Бу ҳам вақтнинг хусусиятларидан биридир. Ўтиб бораётган ҳар бир кунни, тугаётган ҳар бир соатни ва ўтаётган ҳар бир лаҳзани қайтаришнинг ҳам, унинг ўрнини босувчи нарсани топишнинг ҳам имкони йўқ. Ҳасан Басрий бундай деган: «Ҳар бир кун ёришганда шундай нидо қилади: “Эй одам боласи, мен янги махлуқотман ва сенинг амалларингга шоҳидман, мени ғанимат билгин. Чунки мен кетсам, асло қайтиб келмайман”». Бу баъзилар ўйлаганидек марфуъ ҳадис эмас, балки Ҳасан Басрийнинг гапларидан биридир. Бу тўғрида Имом Али Зайнул Обидин: “Ҳасан Басрийниг бу гапи набийларнинг гапларига ўхшаб кетади”, деган.

Инсон қариликка етганида ёшликка қайтишни орзу қилади. Бу ушалмас орзудир. Шоирлардан бири айтади:

Қанийди ёшликка бир кун бўлса ҳам қайтсам,

Унга қарилик нима қилишини айтиб берардим”.

Бошқа бир шоир умрини қандай ўтказгани ва кечаю кундузлар қайтмас бўлиб кетганини тасвирлаб бундай деган:

“Киши умрини кунлаб, ойлаб тугатаётган сафарга чиққан мусофирдир. У ҳар кеча-кундуз дунёдан узоқлашиб ва қабрга яқинлашиб тонг оттиради ва кечга киради”.

  1. Вақт инсон эга бўлган энг қадрли нарсадир.                                                                                                                           

Вақт ҳеч қайтиб келмагани учун инсон эга бўлган энг қиммат нарсадир. Яна у ҳар бир ишнинг ва ҳар бир натижанинг асосий омили ҳисобланади. У воқеликда инсоннинг ҳақиқий молини жамловчи ягона асосдир.

Вақт, машҳур бир масалда айтилганидек,  ҳақиқатда олтин, маржон, олмос ва барча қийматли ва нафис тошлардан-да қиммат ва бебаҳодир. Вақт Ҳасан Бино айтганидек, ҳаётдир. Чунки инсоннинг ҳаёти туғилишидан то ўлгунига қадар вақтдан иборат.

Бу тўғрида Ҳасан Басрий бундай деган: “Эй одам боласи, сен кунларнинг жамланмасидан иборатсан. Ҳар бир ўтган кун билан сенинг бир қисминг ҳам кетади”.

Инсонлар вақтнинг қадрига етмай, уни бекорчи нарсаларга совурадилар. Қачонки қадрини, баҳосини ва қийматини билишгандан кейин вақтга эътибор қаратишади. Лекин бу, афсуски, бир қанча вақт зое бўлганидан кейин содир бўляпти. Бу борада Қуръони каримда надомат қиладиган икки ўринни эслатади ва бу икки ўринда надомат фойда бермайди.

  • “…ўлим ҳозир бўлганда”. Ўлим ҳозир бўлиб, инсон бу дунёдан охират томон юзланаётган пайтда нотўғри амалга оширган нарсаларини тўғрилаш ва ўтказиб юборган нарсаларига етишиши учун унга муҳлат берилишини ҳамда ажалини ортга сурилишини истайди. Бу борада Қуръонда бундай дейилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُلْهِكُمْ أَمْوَالُكُمْ وَلَا أَوْلَادُكُمْ عَن ذِكْرِ اللَّهِ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُون {٩} وَأَنفِقُوا مِن مَّا رَزَقْنَاكُم مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُن مِّنَ الصَّالِحِينَ

Яъни: «Эй имон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир. Ва бирингизга ўлим келиб: Эй Раббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам, демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг».

Мана шу қуруқ орзуни амалга ошишига Қуръони каримда раддия бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلَن يُؤَخِّرَ اللَّهُ نَفْساً إِذَا جَاء أَجَلُهَا وَاللَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

Яъни: “Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Зеро, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”.

  • Қиёмат кунида”. Ҳар бир жон қилган амалига яраша жазо ёки мукофот олади. Жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга киради. Ана ўша пайтда жаҳаннам аҳли дунё ҳаётига қайтиб, солиҳ амалларни қилиб олишни орзу қилишади. Улар хоҳлаётган нарса ҳақиқатдан йироқ! Чунки амал қилиш замони ниҳоясига етди, энди жазонинг пайти келди. Аллоҳ таоло айтади:

وَالَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَ لَا يُقْضَى عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُم مِّنْ عَذَابِهَا كَذَلِكَ نَجْزِي كُلَّ كَفُورٍ {٣٦} وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحاً غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِن نَّصِيرٍ {٣٧}

  Яъни: «Куфр келтирганларга жаҳаннам оташи бордир. Уларга на ўлишлари учун ҳукм қилинмас ва на улардан у (жаҳаннам)нинг азобидан енгиллатилмас. Ҳар бир кофирни шундоқ жазолармиз. Улар у ерда: Эй Раббимиз! Бизларни чиқар! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қилурмиз! деб додфарёд солурлар. Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотийверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”, дейилур» (Фотир сураси, 3637-оятлар).

Уларни баҳоналари мана бу ҳақоратомуз шаклдаги савол билан ҳал бўлди:

أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءكُمُ النَّذِيرُ

Яъни, “Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?!” Бунга улар жавоб бера олмадилар.

Бу пайтда Аллоҳ узрларни қабул қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир мукаллаф киши, хусусан, 60 йил яшаган кишига ўзига юкланган амалларни бажариш учун етарли вақт бериб қўйди ва ғофил қолган пайтида эслатиб турди. Мана шу берилган вақт ғофилнинг ҳушёр тортишига, дайдининг қайтиб келишига ва гуноҳкорнинг тавба қилишига етарлидир. Саҳиҳ ҳадисда келадики: “Аллоҳ таоло кишини кечириб, унга то 60 ёшга етгунгача муҳлат беради”.

Лутпиллаев Шамсиддин

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси

238740cookie-checkВақтнинг хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: