Бешикдан то қабргача илм излаш фарзлигини яхши англаган буюк аждодларимиз даврида илм-фан тараққий этиб, нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё цивилизацияси ривожига ўз таъсирини ўтказган.
Таъкидлаш жоизки, илмларни таснифлашда диний-дунёвий деб ажратмай, аксинча, инсон камолоти йўлида барча манфаатли билимларни тўлиқ ўзлаштиришга хизмат қилган “мадрасаи олия”лар ўз даврининг етук университетлари, илмий-тадқиқот институтлари вазифасини бажарган. Ўзбекистоннинг қадим шаҳарлари бўлмиш Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива, Тошкент мадрасалари, илмий мактабларида етишиб чиққан алломалар Қуръон, ҳадис, ақида (калом), тафсир, фиқҳ илмларининг тамал тошини қўйган, математика, физика, кимё, география, астрономия, тиббиёт, фармацевтика каби фанларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган.
Ҳозирга қадар фаолият юритиб келаётган дунёнинг энг қадимги учтаолий таълим муассасаси — Тунисдаги “Зайтуна” университети (732 йилда таъсис этилган), Марокашдаги “Қаравийюн” университети (859 йилда таъсис этилган), Мисрдаги “ал-Азҳар” университети (972 йилда таъсис этилган) мусулмон мамлакатларида жойлашгани бежиз эмас.
Мовароуннаҳрдаги мадрасалар ҳақидаги илк маълумотлар IХ—Х асрларга оид бўлиб, уларнинг баъзиларига кўра, Термиздан Абу Исо Термизий ва Муҳаммад Ҳаким Термизий каби буюк алломалар етишиб чиқишида IХ аср бошларида Балхда 1848 та масжид, 900 та мактаб ва 400 та мадраса бўлгани муҳим роль ўйнаган. Тарихчи Абу Бакр Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” китобида Бухородаги Форжак мадрасасининг 937 йилда ёнғин туфайли вайрон бўлгани ҳақидаги маълумотни келтирган.
Олим К.Каттаевнинг фикрича, Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимий бўлиб, унда Имом Мотуридий, Абулқосим Ҳаким каби алломалар Муҳаммад ибн Фазл Балхийдан (вафоти 931 й.) таҳсил олган.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Абул Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан диний соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, буюк алломаларнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, юксак инсоний ғояларни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, ислом таълимининг қадим анъаналарини тиклаш бўйича қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Соф исломни асраш, улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш зарурати ҳақида давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясидаги нутқида қуйидаги фикрларни билдирган эди:
“Янги таҳдидлар, жумладан, “оммавий маданият” хавфи ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида бу ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу сабабли, менинг фикримча, инсон маънавий олами, халқлар маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом — ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзодни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади.
Биз Ислом динидан зўравонлик ва хунрезлик мақсадларида фойдаланишга уринаётган кимсаларни кескин қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Муқаддас динимизни доимо ҳимоя қиламиз”.
Сўнгги йиллар хронологиясига назар солар эканмиз, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илмий-тадқиқот марказлари, диний таълим муассасалари ва илмий мактаблардан иборат янги яхлит тизим вужудга келаётганини кўришимиз мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусидаги анжуманда берган таклифиасосида Самарқандда — Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада — Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи, Бухорода — Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф илмий мактаби, Қашқадарёда — Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактаблари ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарори билан Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолият бошлади.
Буюк алломалар илмий меросини чуқур илмий тадқиқ этиш орқали ҳозирги куннинг долзарб масалаларига муносиб жавоб бериш мақсадида босқичма-босқич ривожланиб бораётган мазкур тизим Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус таълим муассасалари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари ўртасида узвийлик ва узлуксизликни таъминламоқда.
Диний таълим муассасалари мударрис устозлари ва етакчи имом-хатибларимиз Ўзбекистон халқаро ислом академиясида магистратура, докторантура босқичларида таҳсил олмоқда ҳамда долзарб мавзуларда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилмоқда.
Диний ходимларга қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, диний ва дунёвий фанларни чуқур ўзлаштирган, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, турли оқимларнинг ёт ғояларига раддия бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим сифати ва савияси оширилди.
Олий ислом таълим муассасаларига фақат мадрасани тамомлаган битирувчиларни қабул қилиш орқали ҳар иккала таълим босқичи ўқув режа ва фан дастурлари узвий боғлиқ ҳолда қайта ишлаб чиқилди ҳамда мутахассислик фанларни янада чуқурроқ ўзлаштириш имкониятлари кенгайтирилди.
Мутахассислик фанларини анъанавий ҳанафий мазҳаби ва мотуридий таълимотига мувофиқ, асрлар давомида юртимиз мадрасаларида шаклланган диний таълим услуби (“манҳажи”) бўйича, буюк алломаларимизнинг мўътабар асарлари, уларга ёзилган шарҳлар ва ҳошиялар асосида ўқитиш, “Хатмул кутуб”, “Ижоза бериш” анъаналари тикланди.
Сўнгги 4 йил давомида “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Термизий”, “Ҳидоя”, “Тафсири Насафий” каби 44 номдаги мўътабар асарлар Тошкент ислом институти талабалари томонидан тўлиқ ўқилиб, 3195 маротаба “хатми кутуб” қилинди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда ёшларни умумбашарий анъана ва қадриятларимизга садоқат, бой миллий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида изчил ва тизимли шаклда тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, дунё ва минтақада юз бераётган туб ижтимоий-сиёсий ва дин билан боғлиқ мураккаб жараёнлар моҳиятини теран идрок этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бугунги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс йўлидаги муҳим қадамлари сифатида намоён бўлади.
Уйғун ҒАФУРОВ,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти ректори
“Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси, № 144 (400), 2021 йил 16 июль