Ислом дини ниҳоятда бағрикенг бўлиб, дўстлик ва биродарлик динидир. Бу динда миллатчилик йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёдаги ҳамма миллатларни бир ота – бир онадан яратганлигини билдириб, “Ҳужурот” сурасининг 13-оятида: “Эй одамлар, биз сизларни бир эркак ва бир хотиндан яратдик, ҳамда бир-бирингиз билан танишиб, дўст –биродар бўлишларинг учун сизларни турли-туман халқ ва қабила элатлари қилиб қўйдик. Батаҳқиҳ сизларни Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз-тақводорингиз. Албатта, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчи ва хабардор Зотдир”, деб марҳамат қилган. Ислом дини мазкур масалада фақат ақида масаласидаги бағрикенглик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди.
Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб, мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар суйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилади.
Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръон каримда (маъноси): “Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминлар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)” (Моида сураси 5-оят). Ушбу ояти карима ҳукмига биноан мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса бўлади. Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар” деган ва “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” деган ҳадисларнинг ўзи кифоя қилади. Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеъликдаги ҳужжут –далил ва мисолларга назар солайлик. Пайғамбар алайҳисалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаламнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.
Халқимизга азалдан хос бўлган хислат-бағрикенглик биз учун анъанавийдир. IХ асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунна йўналишининг ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳаби қарор топди. Бу ҳам бежиз бўлмаса керак, зеро Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомулга етказган ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул Муъин Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг «аҳли сунна ва жамоа» йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. Нафақат буюк алломалар, балки Ўрта Осиё ҳукмдорлари ҳам бу йўлда курашдилар. Буюк бобомиз Амир Темур «аҳли сунна ва жамоа»га доим содиқ, диний ақидапарастликка қатъий қарши бўлган.
2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.
“Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, — деди Ўзбекистон президенти.
Мирзиёевга кўра, ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.
Мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани эътиборга молик. Бу халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидан далолатдир.
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади.
БМТ Бош Ассамблеяси мазкур резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Президентимизнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.
Наманган шаҳар
“Исмоил Махдум”
жомеъ масжиди имом-хатиби: М.Ибрагимов