islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридийлик таълимоти асоси

9 сентябр куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр эттирилган 30-жузи тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли уламолар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар, жумладан Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари ҳам иштирок этди.

Тақдимотнинг очилишида сўзга чиққанлар Имом Мотурудий меросини ўрганишнинг аҳамияти, аллома асарларининг бугунги кундаги илмий аҳамияти, уларни тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталдилар.

Маросимнинг асосий маърузачилари буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан фақиҳ ва калом илми алломаларининг ислом ҳуқуқшунослиги, тафсир ва ақида илми борасида тўплаган илмий-амалий тажрибаси юртимизда Қуръон ва фиқҳ илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этдилар.

Дарҳақиқат, бу борада қатор шарафли номлар билан эъзозланган Имом Мотуридий илмий мероси алоҳида эътиборга молик. Алломанинг юксак қадр ва қийматга эга асарлари замонлар оша Исломга эътиқод қилгувчиларни тўғри йўлдан оғишмасдан динни асл моҳиятини англашига хизмат қиладиган муҳим дастуриламал вазифасини ўтаб келмоқда.

Буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридийнинг бугунги кунгача етиб келган асарларидан энг машҳури ва илмий қиммати билан энг аҳамиятли саналгани, шубҳасиз, “Таъвилот ал-Қуръон”дир.

“Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридийлик таълимоти асосидир. Унда ҳанафийлик, аҳли сунна вал жамоанинг бутун ақидаси таълиф қилинган. Асарда мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг, мунажжим, фолбин ва шулар сингари инсонни соғлом фикрдан чалғитувчиларнинг қарашлари, ғоялари, иддаолари, ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда, демагогияси муноқаша қилинган ва барчасига илмий асосда раддия берилган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур асар ҳозирги даврга қадар Ўзбекистонда жиддий ўрганилмаган эди. Турли фитналар урчиб бораётган ва бузғунчи кучлар ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга уринаётган бугунги вазиятда дину диёнатимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган бу асарни ўзбек тилига таржима қилиб нашр эттириш ўта зарур ва ғоят долзарб ишлардан бирига айланди.

Шу сабаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси асарнинг 30-порасини таржима қилишга киришиб, бу борада Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратишди. Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилди. Хориждаги мотуридийшунос олимлар билан мулоқотлар ўтказилди, улардан маслаҳатлар олинди. Жумладан, Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос Аҳмад Саъд Даманҳурий, Туркиянинг Мармара университети профессори, доктор Умар Челик, таниқли мотуридийшунос олим, профессор Юсуф Шавқий Явуз каби олимлар билан фикр алмашилди. Шу билан бирга Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ҳам асар ҳақида ўз фикрини билдириб нутқ сўзлади.

Тақдимот иштирокчилари марказ ходимларининг мазкур меҳнатини йирик илмий натижа сифатида баҳолаб, давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлганини қайд этишди.

Энг улуғ, Энг азиз айём арафасида имон-эътиқодли халқимизга ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур асардаги Қуръони карим сураларининг тафсири Қуръон оятлари маъносини янада яхшироқ англашга, буюк Имом Мотуридий бобомиз таълимотини тушунишга асос бўлиб хизмат қилади.

245190cookie-check“Таъвилот ал-Қуръон” асари – мотуридийлик таълимоти асоси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: