Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳусан Ҳасанов Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими томонидан ўтказилган давра суҳабатида Ҳ.Ҳасанов “Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки гуруҳи фаолияти ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида 4-курс талабалари учун маъруза қилди. Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров, ўқитувчи И.Бердиёров ҳам тадбирда иштирок этдилар.
Маърузачи Ислом тараққиёт банки тўғрисида ҳамда Ўзбекистон билан бўлаётган ҳамкорликлари ҳақида талабаларга маълумот берди:
– Исломий молиялаштиришнинг анъанавий молиялаштиришдан асосий фарқи шундан иборатки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади. Бошқача қилиб айтганда, исломий молиялаштириш шерикчиликка, ҳамкорликка асосланган. Бунда исломий банклар мижоз талаби бўйича объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, ҳомашёлар сотиб олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Пул муомала воситаси сифатида кўрилади, яъни пулни ўзини фоизга ёки бирон-бир наф/фойда эвазига қарз сифатида бериш тақиқланади. Ижара ёки исломий лизингни унга муқобил бўлган анъанавий лизингга автомобиль сотиб олишни солиштирадиган бўлсак, анъанавий банк аввал сиз билан лизинг шартномасини тузади, кейин 25 фоиз ёки банкни ихтиёрига қараб бошқа миқдорда олдиндан тўлов олади, кейин мижоз салон билан автомобиль олди-сотди шартномасига асосан тўловни амалга оширади. Кейин йиллик 25 фоиз (мисол тариқасида) миқдорида устама ҳақини ҳисоблаб, сизга 3 йилга бир хил тўловда ойма-ой тўлаш жадвалини тақдим этади. Тўлов кечикадиган бўлса, унга нисбатан жарима сифатида комиссия ундирилади ва у фойдага киритилади.
Исломий банк эса сизнинг талабингизга асосан салон билан автомобиль олди-сотди шартномасини имзолайди, тўловларни амалга оширади, кейин уни сизга устига фойдасини қўйган ҳолда маълум бир муддатга эгалик ҳуқуқини охирида ўтказиб бериш шарти билан ижарага беради. Тўлов кечиккан ҳолда жарима олиш тақиқланади, лекин бу ҳолатни суиистеъмол қилмаслик учун интизомий чора сифатида шартномага қўшишга рухсат этилган. Бироқ, анъанавий банк тизимидан фарқли ўлароқ бу жарима қўлланилган ҳолатда у фойдага олинмайди ва хайр-эҳсонга ишлатиб юборилади. Кўриниб турганидек, биринчи ҳолатда анъанавий банк сизга пулни фоизга беряпти, иккинчи ҳолатда эса банк сизга ўз мулкини ижарага бериш орқали фойда қиляпти.
– Керакли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда ислом банкчилигининг ривожланишида яна қандай муаммолар мавжуд?
– Ислом банкчилиги Ўзбекистонда жорий қилинишининг асосий мезонларидан бири бу Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, банклар ва банклар фоалияти тўғрисидаги Қонунларга, солиқ ва фуқаролик кодексларига ва бошқа қонуности ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга мазкур соҳада кадрлар етишмаслиги ҳам мавжуд. Айниқса Шариъат кенгашларига муносиб номзодлар жуда кам ёки умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Шунингдек, бу борада аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим саналади, чунки исломий молиялаштириш бўйича етарли билимга эга бўлмаган аҳоли, уни анъанавий молиялаштиришдан фарқини тушуниб етмаслиги ёки нотўғри талқин қилинишига олиб келади.
Ислом тараққиёт банки (ИТБ)
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) халқаро молия ташкилоти бўлиб, 1973 йилнинг 18 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра таъсис этилган ва 1975 йил октябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган (2014 йилнинг июнида ИТБ бошқарувчиларининг йиллик йиғилишида Банк фаолият бошлаганининг 40 йиллиги (ҳижрий ҳисоб бўйича) нишонланди).
ИҲТ аъзоси бўлган ҳар бир мамлакат ИТБ аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга. Банк ташкил этилаётган вақтда унинг аъзолари 22 та мусулмон давлатидан иборат бўлган бўлса, ҳозирги вақтга келиб ИТБга иштирокчи аъзо давлатлар сони 57 тага етган. Ўзбекистон 2003 йилдан бери ИТБнинг аъзосидир.
Банкнинг асосий ҳиссадорлари: Саудия Арабистони, Ливия, Эрон, Нигерия, БАА, Қатар, Миср, Қувайт ва Туркия.
ИТБнинг бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ИТБнинг ҳудудий ваколатхоналари 1994 йили Работ шаҳрида (Марокаш), ҳудди ўша йили Куала-Лумпур шаҳрида (Малайзия), 1997 йили Олма-Ота шаҳрида (Қозоғистон), ҳамда 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилган. Шунингдек, ИТБнинг Миср, Туркия, Индонезия, Бангладеш ва Нигерияда ҳам ваколатхоналари бор.
Йиллик 15-20 фоиз ўсиш суръатига эга Исломий банк дунё бўйлаб ўзининг уфқларини кенгайтирди ва 75 дан ортиқ мамлакатда ўз муассасаларига эга.
ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда ислом дини талабларига мувофиқ бўлган ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдир.
Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига куйидаги ташкилотлар киради:
- Ислом тараққиёт банки – IsDB
- Хусусий тармоқни ривожлантириш буйича ислом корпорацияси – ICD;
- Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси – ICIЕС;
- Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси – ITFC;
- Тадқиқотлар ва тренинглар ислом институти – IRTI.
ИТБ гуруҳи кенг миқёсдаги фаолиятга жалб этилган, шу жумладан:
- аъзо-мамлакатларда қашшоқлик даражасини пасайтиришга кўмаклашиш;
- аъзо-мамлакатлар савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш;
- аъзо-мамлакатлар меҳнатга яроқли аҳолиси учун таълим дастурлари ва тадқиқотларни ташкил этиш;
- аъзо-мамлакатларга фавқулодда ҳолатларда ёрдам кўрсатиш;
- аьзо-мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бошқа турли дастурларни амалга ошириш.
ИТБ аъзо-мамлакатларда давлат ва хусусий тармоққа қарашли йўллар, каналлар, тўғонлар, мактаблар, касалхоналар, уй-жойлар, қишлоқ туманларини ривожлантириш ва бошқа шу каби қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиради.
Ушбу лойиҳалар аъзо-мамлакатлар ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида, ИТБ гуруҳи соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, мактаб ва коллежларни жиҳозлаш, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, давлат молия тизимида ислоҳотлар ўтказиш каби соҳалардаги лойиҳаларни (жаъми 86 лойиҳа) молиялаштириш учун 2 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилган ва шундан 1,1 млрд. АҚШ долларидан зиёд қисми бугунги кунгача молиялаштирилган.
Бугунги кунда ИТБ томонидан Ўзбекистонга короновирус COVID-19 билан боғлиқ пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш учун техник кўмак ажратиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Тошкентда Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши
2021 йил 1-4 сентябр кунлари Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (IsDB) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этиш учун ИТБ гуруҳига кирувчи 57 мамлакатдан вазирлар ва расмийлар, шунингдек, 2000 дан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар ва ОАВ ходимлари Ўзбекистонга ташриф буюришди.
Учрашувнинг асосий мавзуси — ИТБга аъзо мамлакатларнинг пандемиядан кейин ижтимоий ва иқтисодий тикланиши. Aсосий тадбирлардан ташқари, иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, ислом молияси мавзуларида қўшимча учрашувлар ўтказилади.
2016 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарияти кўп векторли сиёсатга содиқ қолган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда. Банк Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши айнан Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам ушбу ҳамкорликнинг самарасидир. Шу кунгача ИТБ Ўзбекистонда турли соҳаларда 100 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. “Бугунги кунга қадар Ислом тараққиёт Банки Ўзбекистонда жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаларини маъқуллаган”, деди Ш.Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳозирда ИТБ бошқарувчилар кенгашининг раиси ҳисобланади.
ТИИ Матбуот хизмати