islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ер юзида 50 миллиондан зиёд инсон ўзбек тилида сўзлашади

Энасой ёдгорликларидан, кейинроқ X-XI асрларда яшаган тилшунос олим Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асаридан, туркий шоир, мутафакир, давлат арбоби Юсуф Хос Хожибниг “Қутадғи билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асаридан, шеърият султони Алишер Навоий ва бошқа машҳур ёзувчилар, шоирлар, тилшунослар асарларидан туркий тилимиз ҳақида биз учун муҳим маълумотларни ўқиб, ўрганиб, ундан фахрланамиз. Таҳлил қилинганда, ўзбек тили дунёдаги гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса, она тилимизга хос маданиятнинг узвий қисмидир.

21 октябр 1989 йилда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Ўзбек она тилимизни бу мақомга эршишиши аждодларимизнинг кўп асрлик армони эди. Бу йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбек тили байрам кунини белгилаш тўғрисида”ги тарихий қонуннинг имзолангани она тилимизни янада ривожлантириш ҳамда уни нафақат ўз мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам тарғиб қилишга кенг имкониятларни, йўлларни очиб берди. Зеро, “Давлат тилининг обрў-эътибори бутун халқ, жамиятнинг обрў- эътиборидир”.

2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда тарихда биринчи маротаба Ўзбекистон Президентининг ўзбек тилида нутқ сўзлаши эса давлатимиз расмий тилининг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини яна бир карра намоён этди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг такомиллаштирилиши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратяпти. Бу борадаги қонунчиликнинг мустаҳкамланиши давлат тилимизда тўлақонли амал қилинишини таъминлаш билан бирга, уни чуқур ўрганиш ва ҳаётнинг барча жабҳаларида татбиқ этиш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Маълумки, ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиганлар 50 миллиондан зиёд бўлиб, ҳозирги кунда 70 га яқин хорижий олий таълим муассасаларида она тилимиз ўрганиб келинмоқда. 30 га яқин хорижий мамлакатларда “Ўзбек тили дўстлари” клублари ташкил қилинган ёки норасмий тузилма фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилган. Хусусан, Афғонистон, Покистон, Туркия, Қозоғистон, Бельгия, Буюк Британия, Россия, Германия, Португалия, Франция, Жанубий Корея, Хитой ва Японияда “Ўзбек тили дўстлари” клублари ўз фаолиятини бошлаган ва турли шаклда мулоқот ( онлайн суҳбатлар ва тадбирлар) йўлга қўйилган.

Чет элларда ўзбек тилининг нуфузини ошириш йўлидаги муҳим йўналишлардан яна  бири хорижий фуқаролар ва ватандошларимиз учун “Ўзбек тили”, “Лисоний маданиятшунослик”, “Ўзбек миллий қадриятлари”, “Ўзбек тилини ўрганамиз” каби оммабоп  рисолалар яратилаётганидир.

Чунончи, Анқара шаҳридаги элчихона ёрдамида Муғла Ситки Кочман университети туркий тиллар ва адабиётлар факультети филология фанлари  доктори Кенан Коч Туркияда яшаётган ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган турк фуқоролар учун мўлжалланган “Ўзбек тилини ўрганамиз” дарслигини нашрга тайёрлади. Бу китоб Европа тилшунослик стандартларига кўра тайёрланган бўлиб, мавзулар турли иллюстрация ёрдамида қизиқарли услубда тушунтирилган. Китобдан ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва урф-одатларига хос маълумотлар ҳам жой олган.

Ўз набатида, Ўзбекистон дунё цивилизацияси ва ислом олами  равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар яшаб ўтган юрт эканлиги чет элда она тилимизга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Яқинда Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳамда атоқли адиб ва шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг инглиз тилида чоп этилган шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтгани бунга яққол мисол бўлади. Бўлиб ўтган тақдимот маросимида машҳур инглиз шоири Эндрю Станиленд ўзбек мумтоз шеъриятининг ўзига хос гўзаллиги ва нафислигини қайд этиб,ушбу омиллар уни ўзбек шеъриятини инглиз китобхонларига таништиришга даъват этганини эътироф этди.

Ҳозирги кунда хорижий давлатларда миллий тилимизга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг кучайиши жаҳонда бизнинг давлатимизнинг обрўси ва нуфузи ортиб бораётганидан дарак беради.

Бизнинг юртимиз Ўзбекистон нафақат кўп миллатли давлат, балки чет эл фуқаролари таълим оладиган масканга айланиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда 4730 нафар хорижлик талабалар турли йўналишда таълим оляпти. Улар ўртасида ўзбек тилида сўзлашишга қизиқиши ортиб,забонимиздан мулоқот воситаси сифатида  кенг фойдаланаётганларнинг ортиб бораётгани жуда қувонарли.

ТИИ Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси

Ерназаров Фахриддин

249300cookie-checkЕр юзида 50 миллиондан зиёд инсон ўзбек тилида сўзлашади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: