Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш одоблари
Ҳожилар Ҳаж амалларини тугатгач (мамлакатимиз зиёратчилари одатда умра ва ҳаж амалларидан олдин), Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида Масжидул Ҳаромдан Мадинаи мунаввара сари йўл олишлари одат тусига кирган. Чунки бу мандуб ва мустаҳаб амалларнинг энг афзали, балки вожибга яқин амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтаринглар” (Моида сураси, 35-оят). Васийлаларнинг энг яхшиси Пайғамбаримиз алайҳиссаломни васийла қилишдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишга алоҳида эътибор берилади. У зот алайҳиссалом: “Ким вақт топса-ю, мени зиёрат қилмаса, батаҳқиқ, ўзига жафо қилибди”. “Ким менинг қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, “Ўтганимдан кейин ким мени зиёрат қилса, гўё у мени ҳаётлигимда зиёрат қилган бўлади” деганлар. Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мавсилий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Ихтиёр литаълил Мухтор” китобида “Кўп инсонларни зиёрат одоблари ва мустаҳабларига бепарволикларига ва унинг айрим жиҳатларини билмасликларига гувоҳ бўлдим. Мен бу китобда ҳаж амалларининг ҳукмларини баён қилгандан сўнг, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш асносида эътибор берилмайдиган одобларни эслатиб, алоҳида боб ёзишни маъқул кўрдим” – деб ёзадилар.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зиёратларига йўл олган киши сафар давомида кўп саловат ва саломлар айтиши лозим. Мадинани кўрган онда саловот айтади ва шундай деб дуо қилади: “Аллоҳим, бу Сенинг Набийингнинг ҳарами, уни менга дўзахдан тўсувчи, қаттиқ ҳисоб ва азобдан омонлик берувчи қилгин”. Мадинага етиб боргандан сўнг, (шаҳарга киришдан олдин, имкони бўлмаса, Масжидун Набавийга киришдан олдин) ғусл қилади. Таҳорат қилса ҳам бўлади, лекин ғусл яхшироқ. Сўнг энг покиза кийимларини кияди ва хушбўйланади. Мушк билан хушбўйланиш ва оқ ёки янги кийим кийиш афзал саналади. Албатта бундай ишлар улуғ ҳурмат ва эҳтиромдир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ яратган барча мавжудотлар ичида Ўзига энг маҳбуби ва энг эҳтиромлисидирлар. Шубҳа йўқки, ул зоти шарифнинг ётган жойлари ҳам энг шарафли ва энг муқаддас макондир. Мадинаи Мунавварага кириб келганда тавозеъ, салобат ва виқор билан “Бисмиллаҳ ва аъла миллати росулиллаҳи” – дейди, ва “Эй Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато этгин” (Исро сураси, 80-оят)ни ўқиб дуо қилади. Мадинаи Мунавварага киргандан сўнг, биринчи бўлиб (жойлашиб ғусл қилгандан сўнг) Масжидун Набавийга йўл олади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар Мадинага келсалар, биринчи бўлиб масжидга кирар эдилар. Масжидга албатта ўнг оёқ билан, юксак эҳтиром ва хушу-хузуъ билан оҳиста кириб боради. Кириш чоғида ушбу дуони ўқийди: “Аллоҳим! Муҳаммад алайҳиссаломга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўзингнинг зиёда раҳматингни нозил қилгин. Аллоҳим! Менга фазилат ва раҳмат эшигингни очгин”.
Зиёратчи Масжидун Набавийга “Жаброил” эшигидан кириб, равза томон йўл олади. Юксак эҳтиром ва тавозеъ билан, ҳар томонга кўз ташламасдан, ушбу муқаддас маконнинг ҳурматини сақлаган ҳолда равза томон яқинлашиб боради. (Шу ўринда устозимиз ўгитларини келтиришни лозим кўрдим: одамлар телефон билан машғул бўлиб, видеога олиш, суратга олиш каби ишлар билан овора бўладилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан одобсизликдир) Равзага кирганда таҳийятул масжид намози ўқийди. Иложи бўлса, намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари олдида, ўнг елкасини минбар устунларига тўғрилаб ўқийди. Бу жой Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган ўрин бўлиб, у қабрлари ва минбарлари ўртасидадир. У жой хусусида Набий алайҳиссалом: “Қабрим ва минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир ва минбарим ҳавзим устидадир (яъни қиёмат кунида минбар ҳавз устига кўчирилади)” – деб марҳамат қиладилар. Намоз ўқигувчи биринчи ракатга “Кафирун” сурасини, иккинчи ракатга “Ихлос” сурасини ўқийди. Намоздан сўнг зиёрат қилишга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукр қилиб сажда қилади, ушбу неъматни тамомига етказишини сўрайди ва ҳамду сано айтади.
Сўнг, зиёратчи хушуъ ва хузуъ билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларининг рўпарасида, кўзни тийиб, тана аъзоларини ҳаракатлантирмасдан, қалбини фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг файз-у марҳаматлари учун фориғ этган ҳолда, юзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларига қаратиб, қиблага орқаси билан туради (чунки ҳолат шуни тақозо қилади). Қабри шарифдан тўрт зироъ (1 зироъ = 46,2 см) узоқликда, ерга ёки қабри шарифнинг девори остига қараб, турли зийнатларга эътибор бермайди. Хаёлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суратларини тасаввур қилиб, у зот зиёратчининг ҳозир бўлгани ва саломини билиб турганларини ҳис қилган ҳолда туради.
Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким менинг қабрим олдида менга саловат айтса, уни эшитаман” – дедилар, яна бир ривоятда: “У Зотнинг қабрларига вакил қилинган фаришта бўлиб, умматларидан салом йўллаган кишининг саломини етказади” – дейилади.
Сўнгра, у ўртача овоз билан, ҳаё ва ҳузури қалб билан: “Ассаламу алайка йаа Росулаллоҳ, Ассаламу алайка йаа Набияллоҳ, Ассаламу алайка йаа Ҳабибаллоҳ, Ассаламу алайка йаа Саййидал Мурсалин, Ассаламу алайка йаа Хотаман Набиййиин, Аллоҳнинг саломи сизга, Аллоҳ қабоҳатни кеткизган ва пок қилган мунис аҳли байтингизга бўлсин!”, деб у зотга саломларни айтади. Кейин шундай деб нидо қилади: “Аллоҳ сизни Пайғамбарларга бериладиган мукофотларнинг энг афзали ва энг мукаммали билан мукофотласин! Сизга энг олий ва бебаҳо саловат ва саломларини юборсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман! Ва сиз Аллоҳнинг бандаси, Расули ва танлаганлари ичида энг афзали эканингизга гувоҳлик бераман! Ҳамда, гувоҳлик бераманки, Сиз албатта рисолатни етказдингиз! Омонатни адо қилдингиз! Умматга рўй-рост насиҳат қилдингиз! Ҳужжатни изҳор қилиб, Аллоҳ йўлида рисоладагидек курашдингиз! То ўлим келгунига қадар Роббингизга қуллик қилдингиз! Сизга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва ер юзидаги ва бутун борлиқдаги барча махлуқотларнинг саловати бўлсин! Ё Расулаллоҳ! Эй, Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг элчиларингиз ва қабрингиз зиёратчиларимиз. Биз сизнинг ҳузурингизга узоқ-узоқлардан ҳаққингизни бажариш, изларингизни кўриш, зиёратингиз билан саодатга эришиш мақсадида келдик ва сиз туфайли Роббимиздан шафоатни умид қилиб келдик. Чунки хатоларимиз бизларнинг белимизни букди ва гуноҳларимиз елкамизда оғир юк бўлди. Сиз шафоат ва “Мақоми Маҳмуд” ваъда қилинган шафоатчисиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳимли Зот эканини топган бўлур эдилар” (Нисо сураси 64-оят).
Биз ўзимизга зулм қилиб, гуноҳларимизга тавба қилиб келдик. Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ бизларни сизнинг суннатингизга мувофиқ ўлдиришини, қиёматда байроғингиз остида тирилтириши, ҳавзингиздан ғам-ғуссасиз, надоматсиз ичишликни насиб этиши учун сизни васила қилиб келдик. Роббингиз ҳузурида бизни шафоат қилинг. Сиз бизнинг шафоатчимизсиз, ё Расулаллоҳ”. Кейин “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафоатли ва меҳрибонсан” (Ҳашр сураси, 10-оят)ни 3 марта ўқиб дуолар қилади ва Пайғамбаримизга салом йўллаган кишиларнинг саломини етказади. Масалан: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи ўғли фалончи сизга салом айтди. Сиз орқали Аллоҳдан шафоат умид қилади, уни ва барча мусулмонларни шафоат қилинг” − дейди.
Ундан сўнгра, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қабрлари олдига яқинлашиб шундай дейди: “Эй, Расулуллоҳнинг халифаси, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Эй, Расулуллоҳнинг ғордаги соҳиби, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Эй, У Зотнинг сафардаги йўлдоши, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Аллоҳ сизни гўзал мукофотлар билан мукофотласин. Сиз у зот алайҳиссаломга муносиб ўринбосар бўлдингиз. Муртад ва бидъатчиларни йўқ қилдингиз ва исломни сақладингиз, сизга ўлим келмагунча ҳақни сўзлашда ва ҳақ аҳлига ёрдам беришда тўхтамадингиз. Сизга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин”.
Сўнг, Умар розияллоҳу анҳунинг қабрлари олдига ўтиб шундай дейди: “Эй, мўминлар амири, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Эй, исломга ғалаба келтирувчи зот, сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Аллоҳ сизни энг афзал мукофотлар билан мукофотласин ва сизни халифа қилган зотдан рози бўлсин. Исломга ва мусулмонларнинг ўлигига ҳам, тиригига ҳам ёрдам бердингиз. Қариндошлик ришталарини боғладингиз, ислом сиз туфайли кучли бўлди. Сиз мусулмонларга муносиб имом ва ҳидоятчи бўлдингиз. Мусулмонларни бирлаштирдингиз, фақирларни муҳтожликдан қутқардингиз, синиқ кўнгилларга ёрдам бердингиз. Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин”.
Сўнг, ярим зироъ ортга қайтади ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ётган ва у зотга ҳамроҳ, вазир ва маслаҳатчи сиз иккингизга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Динни мустаҳкамлашда у зотга ёрдамчи ва у зотдан кейин мусулмонларни ислоҳ қилишда қоим бўлган сиздек улуғ зотларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Аллоҳ сиз иккингизни чиройли мукофот билан мукофотласин. Бизларни шафоат қилишлари учун сизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васила қилиб келдик. Эй Роббимиз, бизнинг ҳаракатимизни қабул қилишингни, бизни у зотнинг миллатида тирилтиришингни ва шу миллатда жонимизни олишингни, қиёмат кунида у зотнинг жамоасида жамлашингни сўраймиз”, – дейди. Кейин ўзи, ота-онаси, дуо сўраган инсонлар ва барча мусулмонлар ҳаққига дуо қилади.
Сўнг аввалгидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муқаддас қабрлари олдида туриб, шундай дейди: “Аллоҳим Сен “Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳимли Зот эканини топган бўлур эдилар” (Нисо сураси, 64-оят) – деб айтдинг ва Сенинг сўзинг ҳақ. Биз Сенинг сўзингга қулоқ тутиб, амрингга бўйсуниб, Набиййинг шафоатини умид қилиб келдик. Эй Роббимиз, бизни ва ота-оналаримизни мағфират қилгин. “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафоатли ва меҳрибонсан” (Ҳашр сураси, 10-оят), “Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах оловидан сақлагин” (Бақара сураси, 201-оят) “Сенинг Роббинг, иззат Робби улар қилган васфдан покдир. Ва юборилган Пайғамбарларга салом бўлсин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” (Соффат сураси, 181,182,183-оятлар). Кейин “Аллоҳим, бизларни у зотнинг муҳаббати билан ўлдиргин ва эй, Карим Зот, марҳаматинг ила у зотнинг зиёратидаги ҳаракатимизни зоеъ қилмагин” – деб дуо қилади.
Шу тарзда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратларини тамомлагандан сўнг минбар олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракотларига етишлик учун у зот хутба қилганларида қўлларини қўйган минбар тутқичига қўлини қўяди. Бу ерда ҳам Аллоҳни улуғлаб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловат айтади ва у зоти шарифнинг шафоатларидан сўраб, қўлларини очиб ўзи, яқинлари ва барча мусулмонлар учун Аллоҳга дуо қилади.
Сўнг, Абу Лубоба устуни (Абу Лубоба розияллоҳу анҳу Аллоҳ тавбасини қабул қилмагунча ўзини боғлаган устун. Ҳозирда Тавба устуни деб ҳам аталади) олдига боради. У ҳам қабр ва минбар ўртасида жойлашган. У ерда икки ракат намоз ўқийди ва Аллоҳга тавба-тазарруъ қилиб дуо қилади. Яна шу каби фазилатли устунлар олдига бориб дуо қилиш ҳам яхши саналади. Сўнг яна Равзага келади, у тўртбурчак ҳовузга ўхшайди. Бугунги кунда унда намоз ўқилади.
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратидан сўнг “Бақиъ” қабристонига бориш мустаҳаб ҳисобланади. Мадинаи мунавваранинг ўзида ўн минг атрофидаги саҳобаи киромлар вафот этганлиги айтилади. Жумладан, у ерда, шаҳидлар саййиди Ҳамза розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим, қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд, (бу зот энг буюк ва энг фақиҳ саҳобалардан) Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, (бу иккилари жаннатийлиги башорат қилинган саҳобалардан), Хунайс ибн Ҳузоқа, Асъад ибн Зурора каби улуғ саҳобалар, яна Аббос розияллоҳу анҳу мақбараси ва у киши билан биргаликда Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо, Зайнул Обидин, фарзанди Муҳаммад Боқир ва унинг фарзанди Жаъфар Содиқ, Набий алайҳиссаломнинг аёллари (Ҳадича ва Маймуна розяллоҳу анҳумолардан бошқа), аммалари София розияллоҳу анҳо ва бошқа саҳоба ва тобеин(барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин)ларнинг қабрлари мавжуд. Ҳафтанинг барча кунларида қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб ва жума бошқа кунлардан афзал ҳисобланади. Қабристонга кирганда: “Сабр билан охират саодатига эришганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин ва мўминларнинг ҳовлисидагиларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Биз иншааллоҳ, сизлар билан учрашурмиз” – деб дуо қилади. Оятал Курсий ва Ихлос сурасини ўқийди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ворид бўлганидек, шанба куни Масжидул Қубога бориш ҳам мустаҳаб саналади.
Мадинаи мунавварада турган онларини ғоятда ғанимат билиб, имкон қадар вақтни масжидда ўтказишга ҳаракат қилиши лозим. У ерда эътикоф ўтириб, бир бор бўлсада Қуръонни хатм қилиш фазилатли амал ҳисобланади. Чунки Қуръони каримнинг бир қисми айнан шу диёрда нозил бўлган. Кечаларни бедор ўтказишга бел боғласа яна ҳам яхши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи шарифаларига ва гумбазга назар солиб ўтириш ҳам ибодат ҳисобланади. Такрор-такрор зиёрат қилиш ҳам жоиз. Зиёрат чоғида деворларни ушлаш ёки уни ўпиш мумкин эмас. Чунки бу ишлар Каъбага хос ишлардир. Имкон қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақбараларига орқа ўгирилмайди. Бу одобдан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақбаралари олдидан ҳар ўтганда, гарчи масжиднинг ташқарисидан бўлса-да, тўхтаб салом бериб ўтилади.
“Ал-Маслакул мутақассит фи маносики мутавассит”
ва “Ал-Ихтиёр литаълил мухтор” китоблари асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Мухторов Мавлонбек тайёрлади